Ўзбекистон
26.11.2025
32

Сўнгги йилларда ёшлар ҳаётида катта ўзгаришлар бўлди. Давлат улар учун таълим, иш ва ўзини намоён этиш имкониятларини очди. “Ёшлар дафтари”, грантлар, янги лойиҳалар орқали минглаб йигит-қизлар ўз йўлини топди. Бироқ вақт ўтган сайин эҳтиёжлар ҳам ўзгарди. Бу табиий.
Ёшларга кўрсатилаётган ёрдам эндиликда янги босқичга кўтарилмоқда. Давлатимиз раҳбари “Ёшлар дафтари” жамғармалари орқали ижтимоий ёрдам тизимини такомиллаштиришга қаратилган Фармонни имзолади.
Унда ёшларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш, таълимга бўлган имкониятларини кенгайтириш ва ижтимоий кўмакни самарали йўлга қўйиш бўйича аниқ чоралар белгилаб берилган.
16 минг нафар йигит-қиз доимий даромад манбаига эга бўлади
Фармонга кўра, “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турган 16 минг нафар ёшнинг доимий даромад манбаига эга бўлишига кўмаклашиш белгиланган. Бунинг учун жамғармалар орқали лойиҳаларни молиялаштириш, касбга ўқитиш ва ишга жойлаштириш ишлари кучайтирилади.
Китобхон ёшлар сони 10 фоизга, тил билувчилар улуши 30 фоизга ошади
Фармон ёшларнинг фикрий ва маданий салоҳиятини оширишга ҳам қаратилган. “Мутолаа” лойиҳаси орқали илмий ва бадиий китобларни мунтазам ўқувчи ёшлар улуши 10 фоизга оширилади. Шу билан бирга, “Ибрат фарзандлари” лойиҳаси орқали хорижий тилларни пухта ўзлаштирган ёшлар сони 30 фоизга етказилиши кўзда тутилган. Бу эса меҳнат бозорида рақобатбардош авлодни шакллантиришга хизмат қилади.
Кам таъминланган ёшлар учун “бир ойлик армия” бепул бўлади
2026 йил 1 февралдан бошлаб Камбағал оилалар реестридаги ёшлар сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматни бепул ўтайди. Илгари ушбу хизмат пуллик асосда бўлган. Янги тартиб эса барча ёшлар учун тенг шарт-шароит яратиб, ижтимоий адолатни таъминлайди. Ҳар бир ёш, оилавий шароитига қарамасдан, Ватан олдидаги бурчини бажариш имкониятига эга бўлади. Шу билан бирга, субсидия ажратиш амалиёти бекор қилинади, давлат хизматни тўлиқ ўз ҳисобидан таъминлайди.
Ижтимоий ёрдам шартнома асосида кўрсатилади
Фармоннинг яна бир муҳим томони, ижтимоий ёрдам энди шартнома асосида берилади. 2026 йил 1 февралдан бошлаб Камбағал оилалар реестридаги ёшлар таълимни узлуксиз давом эттирса, ижобий натижаларга эришса, волонтёрлик билан шуғулланса ва “Беш ташаббус олимпиадаси” лойиҳаларида қатнашса, давлат қўллаб-қувватловда давом этади.
Ҳар йили энг яхши минг нафар ёшга пул мукофоти берилади
Ижтимоий шартнома шартларини камида 6 ой мобайнида юқори даражада бажарган ёшлар қўшимча имкониятларга эга бўлади. Уларга навбатдан ташқари ижтимоий ёрдам кўрсатиш ҳуқуқи берилади, яъни фаол ёшлар кўмак тизимида устувор қўллаб-қувватланади.
Бундан ташқари, ҳар йили энг яхши 1000 нафар ёш БҲМнинг уч баравари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланади. Шу билан бирга, ташаббускор ёшлар бошқа давлат ва жамоат мукофотларига тавсия этилади.
Д. Ражабоев,
ҳуқуқшунос
Улашиш:
Бошқалар
Банк сирига нималар киради ва қачон ошкор қилиниши мумкин? Муҳим 5 саволга жавоб
Банк, унинг мижози (вакили) ва Марказий банкидан ташқари бошқа барча шахслар учинчи шахслар ҳисобланади.
Никоҳ шартномаси — оиладаги ишончнинг кафолати
Никоҳ шартномаси — бу оддий қоғоз эмас.
Имтиёз олган беморларга давлат бюджети ҳисобдан тиббий хизмат қандай тартибда кўрсатилади?
Ҳужжатга кўра, Низом беморларни тиббиёт ташкилотларига қабул қилиш тартибини белгилайди.
Қандай ҳолатларда жазони нисбатан енгилроқ жазога алмаштириш мумкин?
Жиноят кодексининг 74-моддасида Озодликдан маҳрум етилган, озодлиги чекланган ёки ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган шахсларга нисбатан суд жазонинг ўталмаган қисмини енгилроқ жазо билан алмаштириши мумкин дея белгилаб қўйилган.