Ҳуқуқ
11.11.2025
1 492

Вазирлар Маҳкамасининг 04.11.2025 йилдаги “Давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотларида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 697-сонли қарори қабул қилинди.
Ҳужжатга кўра, Низом қуйидаги тартибларни белгилайди:
— беморларни тиббиёт ташкилотларига қабул қилиш;
— беморларни тиббиёт ташкилотларига юборишда тиббий хизмат кўрсатиш учун йўлланмани шакллантириш;
— беморларни бир тиббиёт муассасасидан бошқасига ўтказиш ва уларга тиббий ёрдам кўрсатиш.
Шу билан бирга мазкур Низом шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатишни талаб қиладиган ҳолатларга татбиқ этилмайди.
Имтиёзли тоифага мансуб шахс деб — ўзининг ижтимоий аҳволига ёки муайян касалликларга чалинганлигига кўра, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аниқланадиган шахсга нисбатан эътироф этилади.
Шунингдек, имтиёз олган беморлар электрон ахборот тизимида тасдиқланган йўлланмалар асосида тиббиёт ташкилотларига юборилади. Бунда:
— бемор йўлланма асосида тиббий хизматдан фойдаланиш учун тиббий ташкилотни эркин танлайди;
— тиббиёт ташкилоти ва Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ўртасида тузилган шартномада тиббиёт ташкилоти тиббий хизматлар кўрсатиши мумкин бўлган даража (туман, шаҳар, вилоят, республика) аниқ кўрсатилади;
— туман (шаҳар) даражасида тиббий хизмат кўрсатиладиган беморларга вилоят ва республика даражасидаги тиббиёт ташкилотларида, вилоят даражасида тиббий хизмат кўрсатиладиган беморларга эса республика даражасидаги тиббиёт ташкилотларида давлат ҳисобидан тиббий ёрдам кўрсатилишига йўл қўйилмайди.
Бемор тиббий ёрдам олиш учун тегишли йўлланмасиз тиббиёт ташкилотига бевосита мурожаат этса, тиббий ёрдам пулли асосда кўрсатилади.
Йўлланма – матрицали штрих кодли (QR-CODE) ҳужжат бўлиб, беморга ўз хоҳишига кўра давлат ёки нодавлат тиббиёт ташкилотларида муайян касаллик бўйича режали стационар даволаниш имкониятини беради.
Имтиёз тоифаси мавжуд бўлмаган беморларга ҳудуд ёки республика даражасидаги тиббиёт ташкилотларида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан даволаниш учун йўлланма берилмайди.
Стационар тиббий ёрдам кўрсатиш учун кўрсатмалар мавжуд бўлганда туман (шаҳар) даражасидаги даволаш муассасасида режали стационар тиббий ёрдамга йўлланма Соғлиқни сақлаш вазирлигининг электрон ахборот тизими орқали тор ихтисосликдаги мутахассис шифокор ёки оилавий шифокор томонидан берилади.
https://lex.uz/docs/170143
Улашиш:
Бошқалар
Банк сирига нималар киради ва қачон ошкор қилиниши мумкин? Муҳим 5 саволга жавоб
Банк, унинг мижози (вакили) ва Марказий банкидан ташқари бошқа барча шахслар учинчи шахслар ҳисобланади.
Наркожиноятлар учун жиноий жавобгарлик кескин оғирлаштирилади
Миллий дастурга кўра, Интернетдаги наркожиноятларга қарши курашишга ёшлар кенг жалб қилинади.
Давлат фуқаролик хизматчиси билиши лозим бўлган муҳим қоидалар
Давлат фуқаролик хизматчиси – бу қонунчиликка асосан давлат органларида доимий, профессионал асосда ишловчи, давлат вазифаларини амалга оширувчи шахсдир.
5 кунлик иш ҳафтаси, ярим млрд мукофот, ипотекага уй-жой: тиббиёт ходимлари учун янги рағбат ва имтиёзлар
2026 йилдан бошлаб ҳар бир давлат тиббиёт муассасаси ходими Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорида бир марталик рағбатлантириш олади.