Ҳуқуқ
01.10.2024
338
1 октябрь “Ўқитувчи ва мураббийлар куни”. Шу муносабат билан Hudud24.uz сайтиқонунчиликда ўқитувчиларга берилган асосий 15 та имтиёз ва енгилликлар тўғрисида сўз юритади.
1. Ўқитувчилар тиббий кўрикдан ўтиш учун пул тўламайди
Иш берувчи меҳнат шартномаси тузиш чоғида дастлабки тарзда ва кейинчалик вақти-вақти билан умумтаълим мактаблари, мактабгача тарбия ва бошқа муассасаларнинг бевосита болаларга таълим ёки тарбия бериш билан машғул бўлган педагог ва бошқа ходимларини тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил қилиши шарт.
Тиббий кўрикдан ўтиш муносабати билан ходимдан пул ундирилмайди, шунингдек тиббий кўрикларни ўтказиш вақтида ходимнинг иш жойи (лавозими) ва ўртача ойлик иш ҳақи сақланади.
2. Мактаб директорларига ойлик устамалар тўланиши мумкин
Мактабларнинг педагог ходимлари халқаро тадқиқотларга ўқувчиларни тайёрлаб бориш ишларига муносиб ҳисса қўшган тақдирда базавий тариф ставкасига нисбатан ҳар ойлик 100 фоиз устама қўшилади.
100 фоизлик устама олишга даъвогар педагог ходимларнинг машғулот олиб борадиган фанлари бўйича ўқувчиларининг билимлари халқаро баҳолаш дастурлари интеграция қилинган назорат материаллари асосида баҳоланади.
3. Педагог, психолог ва кутубхона ходимларига ойлик устама берилади
Педагог, психолог ва кутубхона ходимларининг базавий тариф ставкаларига ҳар ойлик устамалар тарбиявий жараённинг амалга оширилиш сифати ва самарадорлигига, синфдан ташқари ишларга ҳамда ўқувчиларни инсонпарварлик ва меҳр-оқибат руҳида тарбиялашга, тегишли синфлар ва ўқув фанлари учун тасдиқланган умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартларида назарда тутилган билимлар ва кўникмалар тўлиқ ҳажмининг ўқувчилар томонидан ўзлаштириб олиниши даражасига ва ўқув жараёнига қўшилган аниқ ҳисса, ўқитишнинг юқори самарадорлиги ва сифати учун 40 фоизгача миқдорда белгиланади.
Педагог ходимларнинг фаолиятини баҳолаш мезонлари асосида тўплаган умумий баллари бўйича уларга қуйидаги миқдорларда устама ҳақ белгиланади:
65 — 70 балл тўпласа — 10 фоиз;
71 — 75-балл тўпласа — 15 фоиз;
76 — 80 балл тўпласа — 20 фоиз;
81 — 85 балл тўпласа — 25 фоиз;
86 — 90 балл тўпласа — 30 фоиз;
91 — 95 балл тўпласа — 35 фоиз;
96 — 100 балл тўпласа — 40 фоиз.
Кутубхона ходимларининг фаолиятини баҳолаш мезонлари асосида тўпланган умумий баллари бўйича уларга қуйидаги миқдорларда устама ҳақ белгиланади:
65 — 75 балл тўпласа — 10 фоиз;
76 — 85-балл тўпласа — 15 фоиз;
86 — 100 балл тўпласа — 20 фоиз.
Психолог ходимларининг фаолиятини баҳолаш мезонлари асосида тўпланган умумий баллари бўйича уларга қуйидаги миқдорларда устама ҳақ белгиланади:
65 — 75 балл тўпласа — 10 фоиз;
76 — 85-балл тўпласа — 15 фоиз;
86 — 100 балл тўпласа — 20 фоиз.
4. Ўқитувчи бўлиб ишлаётган халқаро олимпиадалар ғолибларига ҳар ой 150 фоиз устама тўланади
Таълим муассасаларида ўқитувчи бўлиб фаолият юритаётган нуфузли халқаро олимпиадалар ғолиблари лавозим маошига ҳар ой 150 фоиз, асосий олимпиадалар республика босқичи ғолиблари лавозим маошига ҳар ой 100 фоиз миқдорида устама ҳақи тўланиши белгиланган.
Бунда:
устамалар нуфузли халқаро олимпиадалар ва асосий олимпиадалар ўтказиладиган фанлар бўйича айнан ғолибликни қўлга киритган фанидан дарс бераётган олимпиада ғолибига берилади;
таълим муассасаларида ўқитувчи бўлиб фаолият юритаётган нуфузли халқаро олимпиадалар ва асосий олимпиадалар республика босқичи ғолиблари томонидан ғолибликни тасдиқловчи ҳужжат ёки сертификат тақдим қилинади.
5. Пенсия ёшидаги педагоглар навбатдаги аттестацияга жалб этилмайди
Пенсия ёшидаги педагоглар навбатдаги аттестацияга жалб этилмайди.
6. Инклюзив таълим синфлари ўқитувчиларига қўшимча устама тўланади
Инклюзив таълим синфлари ўқитувчиларига меҳнатнинг алоҳида шароитлари учун ҳар ойда тўланадиган устама ҳақи синфда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган бир нафар бола учун лавозим маошининг 10 фоизи, икки нафар бола учун лавозим маошининг 20 фоизи, уч нафар бола учун лавозим маошининг 30 фоизи миқдорида, икки ва ундан ортиқ инклюзив таълим синфларида тўрт нафар ва ундан ортиқ бола учун таълим-тарбия ишларини олиб борган ўқитувчилар ва махсус педагогларга лавозим маошининг 40 фоизи миқдорида белгиланади.
Инклюзив таълим — алоҳида таълим эҳтиёжлари ва индивидуал имкониятларнинг хилма-хиллигини ҳисобга олган ҳолда барча таълим олувчилар учун таълим ташкилотларида таълим олишга бўлган тенг имкониятларни таъминлаган ҳолда бериладиган таълим.
Бошланғич таянч коррекцион синфлар ўқитувчилари ва махсус педогогларга меҳнатнинг алоҳида шароитлари учун ҳар ойда тўланадиган устама ҳақи лавозим маошининг 50 фоизи миқдорида тўланади.
Инклюзив таълим синфлари синф раҳбарига синф раҳбарлиги учун тўлиқ ҳажмда қўшимча маблағ ажратилади ва у директор жамғармасидан рағбатлантирилади.
7. Қишлоқлардаги мактабларда жисмоний тарбия ўқитувчиси бўлиб ишлаётган аёлларга устама тўланади
Қишлоқ жойлардаги умумтаълим мактабларида, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида ва спорт мактабларида жисмоний тарбия ўқитувчиси ҳамда тренер бўлиб ишлаётган аёлларнинг тариф ставкаларига ҳар ойда 15 фоиз миқдорда устама ҳақ тўланади.
8. PhD ва унга тенглаштирилган бошқа илмий даражага эга мутахассисларга устама тўланади
Давлат органлари, ташкилот ва муассасаларида фаолият кўрсатаётган нуфузли халқаро рейтинг ташкилотларининг юқори 500 талик рўйхатига киритилган хорижий олий таълим муассасаларини (бакалавриат, магистратура) тамомлаган ёки уларда илмий даража (PhD ва унга тенглаштирилган бошқа илмий даража) олган ёш мутахассисларнинг лавозим маошига Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қўшимча устамалар тўлаб борилади.
9. Спортчи-тренерларга имтиёзлар берилади
Ёшларни мунтазам спорт билан шуғулланишга жалб қилиш мақсадида Олимпия ва Паралимпия ҳамда Осиё ва Параосиё ўйинлари, жаҳон, Осиё ва республика чемпионатларида охирги 5 йилда ғолиб ва совриндор (1 — 3 ўрин) бўлган спортчи-тренерларга, шунингдек, олис ва чекка ҳудудларда фаолият юритувчи спортчи-тренерларга:
спорт тўгаракларини ташкил этиш учун туман ва шаҳарларда бўш турган давлат мулки ҳисобланган бино ва иншоотлар электрон савдолар ўтказмаган ҳолда, ушбу объектга нисбатан белгиланган энг кам ижара тўлови ставкасининг 50 фоизи миқдорида ижарага берилади;
спорт тўгаракларини ташкил этиш учун спорт инвентарлари, буюмлари ва жиҳозларини харид қилиш учун бюджет маблағлари ҳисобидан субсидиялар ажратилади;
камида 100 нафар ёшларни мунтазам спорт билан шуғулланишини ташкил этган тақдирда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан кам бўлмаган миқдорда ҳар ойлик тўлов тўлаб берилади.
10. Таълим сифати паст мактабларда бошқа ҳудудлардан келиб дарс бераётган ўқитувчилар учун махсус устамалар тўлаб берилади
Таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларда дарс бериш учун бошқа ҳудудлардан жалб қилинган олий ва биринчи тоифага эга ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига махсус устамалар жорий қилинган. Бунда:
бир маъмурий-ҳудудий бирликлар доирасида бошқа туман ва шаҳарлардан келиб фаолият юритаётган ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига 50 фоиз;
бошқа маъмурий-ҳудудий бирликдан келиб фаолият юритаётган ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига 100 фоиз махсус устамалар тўланади.
11. Кимё ва биология фанлари бўйича халқаро ва республика олимпиадалари ғолибларини тайёрлаган профессор-ўқитувчиларга пул мукофоти берилади
Кимё ва биология фанлари бўйича халқаро ва республика олимпиадалари ғолибларини тайёрлаган профессор-ўқитувчиларга бир маротаба ойлик маошининг 100 фоизи миқдорида, кимё ва биология фанлари бўйича талабалар учун тўгараклар олиб бораётган профессор-ўқитувчиларга ўқув йили давомида олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ойлик маошларига 25 фоиз миқдорида устама ҳақ белгиланади.
12. Айрим жисмоний тарбия ўқитувчиларига малака тоифаси аттестациясиз берилади
Таълим муассасаларининг қуйидаги жисмоний тарбия фани ўқитувчиларига малака тоифаси (лавозим) тўғридан-тўғри (аттестациядан ўтказилмасдан) берилади:
туман (шаҳар) миқёсидаги спорт мусобақаларининг биринчи ўрин совриндорларини тайёрлаган таълим муассасалари жисмоний тарбия фани ўқитувчиларига – иккинчи малака тоифаси (катта ўқитувчи лавозими);
вилоят миқёсидаги спорт мусобақаларининг биринчи ўрин совриндорларини тайёрлаган таълим муассасалари жисмоний тарбия фани ўқитувчиларига — биринчи малака тоифаси (етакчи ўқитувчи лавозими);
халқаро ҳамда республика миқёсидаги спорт мусобақаларининг биринчи, иккинчи ва учинчи ўрин совриндорларини тайёрлаган таълим муассасалари жисмоний тарбия фани ўқитувчиларига — олий малака тоифаси (бош ўқитувчи лавозими).
13. Халқ таълими тизими педагог ходимларига истеъмол кредитлари ва автотранспорт сотиб олиш учун имтиёзли кредитлар берилади
Халқ таълими тизимидаги педагог ходимларга истеъмол кредитлари, шу жумладан, автотранспорт воситалари сотиб олиш учун махсус жамғарма ҳисобидан қуйидаги шартларда кредитлар бериш тартиби ўрнатилган:
кредитни бериш муддати — 1 йил имтиёзли давр билан 5 йил муддатга;
дастлабки бадал суммаси — сотиб олинаётган автотранспорт воситаси қийматининг 25 фоизи;
кредит учун фоиз ставкаси — Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасидан кўп бўлмаган миқдорда.
14. Тиббиёт соҳаси профессор-ўқитувчиларига даволаш-ташхис ишларини бажарганликлари учун қўшимча ҳақ тўланади
Тиббиёт олий ўқув юртлари, шифокорлар малакасини ошириш институтлари ва тиббиёт факультетларининг профессор-ўқитувчиларига соғлиқни сақлаш идораларининг клиникалари ва клиник база бўлган бошқа муассасаларида даволаш-ташхис ишларини бажарганликлари учун қуйидаги миқдорларда қўшимча ҳақ тўланади:
кафедра мудирлари, профессорлар ва доцентларга — лавозим маошининг 20 фоизи миқдорида;
ассистентларга — лавозим маошининг 25 фоизи миқдорида.
Шу тоифадаги ходимларга — беморларни операция қилувчи жарроҳларга, оператив фаолиятни, реанимация тадбирларини ва жадал терапия усулларини қўлловчи анестезиолог ва реаниматологларга, даволаш тадбирларини амалга оширувчи эндоскопчиларга қўшимча тўловлар уларнинг лавозим маошининг 25 ва 30 фоизи миқдорида белгиланади.
15. Таълим муассасаларининг чет тиллар фанлари ўқитувчиларига ойлик устамалар берилади
Таълим муассасаларининг чет тиллар, хорижий филология, чет тили ва таржима йўналишларининг касбий ва махсус фанлари профессор-ўқитувчилари ва ўқитувчиларига қишлоқ жойларда жойлашган таълим муассасаларида — лавозим маошларига базавий лавозим маошининг (тариф ставкасининг) 30 фоизи миқдорида, қолган таълим муассасаларида — базавий лавозим маошининг (тариф ставкасининг) 15 фоизи миқдорида ойлик устамалар белгиланади, бунда қуйидагилар мажбурийдир:
асосий ишидан ажралган ҳолда камида 144 соат давом этадиган дастур бўйича белгиланган тартибда малака ошириш;
тегишли таълим муассасасида педагогик фаолият олиб бориш учун зарур малака ва чет тилини билишни аниқлаш бўйича Билимларни баҳолаш агентлиги томонидан ўтказиладиган тест синовларидан ўтиш. Тест синовларини ўтказиш тартиби Давлат тест маркази томонидан белгиланади;
малака ошириш тўғрисидаги давлат намунасидаги сертификат мавжудлиги.
Давлат бюджети маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган олий таълим муассасаларида профессор-ўқитувчилар таркибига (чет тиллар, хорижий филология, чет тили ва таржима йўналишларининг касбий ва махсус фанлари ўқитувчилари бундан мустасно), шу жумладан меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш шартларида ўқув машғулотлари олиб борувчи профессор-ўқитувчилар таркибига чет тилида айрим махсус ўқув фанларини ўқитганлик учун фанни ўқитиш курсининг давомийлигига ва чет тилини ўқитиш касб маҳоратига қараб бюджет маблағлари ҳисобига уларнинг лавозим маошларига базавий лавозим маошининг (меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш миқдорининг) 25 фоизидан 40 фоизигача бўлган миқдорда ойлик устамалар белгиланади.
Штатдаги профессор-ўқитувчилар таркиби учун чет тилида ўқув фанини ўқитиш курсининг давомийлиги бир семестрда камида 36 соатни ташкил этиши керак.
Профессор-ўқитувчилар таркибининг лавозим маошларига юқорида кўрсатиб ўтилган устамалар тегишли факультетларнинг деканлари тақдимномалари бўйича олий таълим муассасасининг ректори (директори) томонидан белгиланади.
М.Нажмиддинов
Улашиш:
Бошқалар
Уй-жой учун субсидия олиш тартиби: муҳим 7 саволга жавоб
23 сентябрдан субсидия учун аризалар қабул қилиш бошланади. Ариза берувчи ўзининг даромади етмаса, унинг хоҳишига кўра, даромадлари ҳисоб-китобига яқин қариндошларининг ҳам даромадларини киритиши мумкин.
Иш вақти ҳақида муҳим 8 саволга жавоб
Ходимга қисқартирилган иш вақти қўлланилганда унинг иш ҳақи камайтирилмайди.
«Самосуд» учун қандай жавобгарлик бор?
Ҳар бир жамиятда барқарорлик ва ривожланиш тартиб-интизом, ҳуқуқлар ва эркинликларнинг таъминланганлиги, умуман олганда ҳуқуқлиликнинг қарор топгани билан баҳоланади. Азалий қонуният шу.
Меҳнат шартномаси бўйича нималарни билиш керак? Муҳим қоидалар
Мазмунан меҳнатга оид муносабатларни тартибга соладиган фуқаролик шартномаларини тузиш тақиқланади. Яъни фуқаролик шартномасида меҳнат муносабатларига оид шартлар кўзда тутилмаслиги лозим.