Ҳуқуқ
18.12.2024
739
– Олий маълумотлиман. Лекин бир неча йил хусусий корхонада ишладим. Яқинда давлат ташкилотига ишга ўтдим. Бюджет ходимларини рағбатлантириш тартиби ҳақида маълумот берсангиз?
Ботир Нурбеков
– Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг 2024 йил 19 сентябрдаги 176-сонли буйруғи билан Бюджет ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантириш махсус фонди тўғрисидаги Низом тасдиқланган.
Мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатга асосан моддий рағбатлантириш махсус фонди маблағларидан фойдаланиш тартиби қуйидаги тартибда амалга оширилади.
Моддий рағбатлантириш махсус фонди маблағлари бюджет ташкилотлари ходимлари иш ҳақига устамалар белгилаш ва ходимларни мукофотлашга йўналтирилади ҳамда режалаштирилган маблағлар доирасида сарфланади.
Бюджет ташкилотларида штат бирликлари тўлдирилмаганлиги ҳисобига шаклланган моддий рағбатлантириш махсус фондининг маблағлари бўшаб қолган маблағлар ҳисобланмайди.
Моддий рағбатлантириш махсус фонди маблағлари ҳисобидан устамалар белгилаш ёки мукофотлаш бюджет ташкилотлари ходимларининг тариф ставкаси ёки лавозим маошига (рағбатлантириш коэффициентини инобатга олган ҳолда) нисбатан амалга оширилади.
Бюджет ташкилотларида хизмат вазифаларини ташаббускорлик ва виждонан бажарган юқори малакали ходимларни рағбатлантириш мақсадида, қонунчиликда белгиланган тартибда ишда эришган ютуқлари учун тариф ставкаси ёки лавозим маошининг (рағбатлантириш коэффициентини инобатга олган ҳолда) 50 фоизидан ошмаган миқдорларда шахсий устамалар белгиланади. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағларидан молиялаштириладиган бюджет ташкилотларининг бошқарув ходимлари учун ушбу устамаларнинг энг юқори миқдорлари чегараланмайди.
Мазкур устамалар раҳбарга юқори турувчи ташкилот томонидан, бошқа ходимларга муассаса ёки ташкилот раҳбари томонидан белгиланади.
Бюджет ташкилотининг марказий аппарат ходимларига устамалар ушбу органнинг раҳбари томонидан белгиланади. Бюджет ташкилотлари раҳбарининг устамаси юқори турувчи орган рухсати билан белгиланади.
Иш сифати ёмонлашганда, топшириқлар ўз вақтида бажарилмаганда, меҳнат ва ижро интизоми бузилганда, устамалар бекор қилинади ёки камайтирилади.
Ходимларга мукофотлар тўлаш ҳисобот даври якуни бўйича ҳамда юбилей ва байрамларда амалга оширилади. Мукофотларнинг миқдори ишнинг умумий натижаларига ходимнинг шахсий улушига қараб белгиланади ва мукофотнинг юқори миқдорлари чегараланмайди.
Моддий рағбатлантириш махсус фонди ҳисобидан амалга оширилган тўловлар барча ҳолларда (таътил учун тўлов, пенсияни тайинлашда, вақтинчалик меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси ва бошқалар) ўртача иш ҳақини ҳисоблашда ҳисобга олинади.
Моддий рағбатлантириш махсус фонди бўйича қилинган харажатлар бюджет ташкилотларининг алоҳида бухгалтерия ҳисоби регистрларида юритилади.
Бюджет ташкилотлари харажатлар сметасининг ижроси ҳақидаги ҳисоботда Моддий рағбатлантириш фонди ҳисобидан амалга оширилган харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети харажатлари иқтисодий таснифи бўйича асосий иш ҳақи харажатлари таркибида акс эттирилади.
Моддий рағбатлантириш махсус фонди маблағларидан мақсадли фойдаланилиши устидан назоратни амалга ошириш бюджет ташкилотлари раҳбарларига юклатилади.
Бундан ташқари, ушбу қарор билан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан 1995 йил 8 сентябрда 98-сон билан тасдиқланган Бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантиришнинг махсус жамғармаси тўғрисидаги (рўйхат рақами 177, 1995 йил 20 сентябрь) низом ўз кучини йўқотди.
Саволга Фарғона шаҳар адлия бўлими
юридик хизмат кўрсатиш маркази бош юрисконсульти
Улуғбек ИСМОНОВ жавоб берди
Улашиш:
Бошқалар
Ўзбошимчалик билан иморат қуриш ва унинг оқибатлари
Ўзбошимчалик билан иморат қурган шахс унга мулк ҳуқуқини ололмайди.
Турар-жой ижараси бўйича томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 86-моддасига кўра турар-жой фуқаролар ва юридик шахсларга эгалик қилиш ва фойдаланиш учун аренда шартномаси асосида берилиши мумкин.
Крипто-активлар билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги маълумотлар қандай аниқланади?
Терговга қадар текширувни амалга ошириш ва жиноятларни тергов қилиш давомида крипто-активлар билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга оид маълумотлар ва далиллар ахборот ташувчи қурилмалар, крипто-ҳамёнлар, буюмларда қайд этилган қўлёзма ва ёзувларда аниқланиши мумкин.
«Касб эгаси» дуал таълим тизими нима ва уни ташкил этиш тартиби қандай?
«Касб эгаси» дуал таълим тизими — назарий қисми олий таълим ташкилотида, амалий қисми эса йўлланма асосида иш жойида ўтказиладиган ҳамда корхона томонидан иш ҳақи тўланадиган таълим жараёнидир.