currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликлар“Биз билан борасиз, кабинетда гаплашамиз”.Қандай ҳолатларда кишилар ички ишлар органларига олиб борилади – муҳим қоидалар

“Биз билан борасиз, кабинетда гаплашамиз”.Қандай ҳолатларда кишилар ички ишлар органларига олиб борилади – муҳим қоидалар

Ҳуқуқ

calendar

19.08.2024

eye

1 021

“Биз билан борасиз, кабинетда гаплашамиз”.Қандай ҳолатларда кишилар ички ишлар органларига олиб борилади – муҳим қоидалар

Ички ишлар ходимлари қандай ҳолларда кишилардан шахсини тасдиқлатишни талаб қилиши мумкин? Бу талабга риоя этмаса, нима бўлади? Ходимлар сиз билан қандай гаплашиши керак? Қандай ҳолатларда кишилар ички ишлар органларига олиб борилади? У ерда қанча муддат ушлаб турилиши мумкин.

Hudud24.uz сайти колумнисти Муроджон Нажмиддинов мақолада шу сингари саволларга жавоб беради.

“Ҳужжатингизни кўрсатинг”

Кўпчилик фақат бирор қоида бузилсагина,улардан ҳужжат сўралиши мумкин, деб ҳисоблайди. Аслида ундай эмас – “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонунга асосан ҳар қандай навбатчи ходим сиздан шахсингизни тасдиқлашни сўраши мумкин.

Шунга қарамай, кишини тўхтатиб, ундан шахсини талаб қилиш мумкин бўлган ҳолатлар доираси чекланган. 

Ҳукуматнинг 2022 йил 22 июлдаги 399-сон қарори билан тасдиқланган Ички ишлар органлари патруль-пост хизмати саф бўлинмалари ходимлари томонидан жамоат жойларида фуқароларни электрон идентификация қилиш тартиби тўғрисида низомга асосан ходимлар қуйидаги ҳоллардакишиларни тўхтатиб, шахсни тасдиқловчи ҳужжатларини ёки “Е-патруль” тизими орқали шахсини тасдиқлашни сўраши мумкин:

1) шахс жиноят ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган ёхуд қидирувда деб гумон қилиш учун асослар мавжуд бўлганда;

2) шахсни содир этилган жиноят ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақида маълумотга эга деб ҳисоблаш мумкин бўлганда;

3) шахсни ушлаб туриш учун бошқа қонуний асослар мавжуд бўлганда.

Расман шу уч асос билан кишиларни тўхтатиш “чекланган” бўлса-да, ходимлар биринчи асоснинг ўзи билан амалда исталган кишини исталган пайтда тўхташи мумкин. Масалан, кўчада кетаётган ихтиёрий одам ходимнинг кўзига бирор жиноят ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик қилган бўлиб кўриниши мумкин.

Шундан экан, сиздан ички ишлар ходими шахсингизни тасдиқлашни сўрадими, тортишманг. Ҳужжатларингизни кўрсатинг.Бош тортиш учун ҳеч қандай қонуний асос йўқ.

“Ҳурматли фуқаро” 

Сиз билан ходимлар қандай гаплашиши керак –бунинг ҳаммасига белгиланган. Ходимлар кишини тўхтатганда унга қуйидагича муомала қилиши керак:

• суҳбатлашишдан олдин ходим ўзини таништиради ва агар сўралса, хизмат гувоҳномаси фуқарога тўлиқ танишиб бўлгунга қадар кўрсатади (аммо фуқаронинг қўлига бермайди);

• фуқаронинг шахсига аниқлик киритишда, муомала маданиятига риоя қилган ҳолда “Е-патруль” тизими орқали идентификациялаш учун планшет ёрдамида шахснинг бармоқ излари планшетнинг махсус сканери ёрдамида, агар бармоқ изи билан идентификация қилиш имкони бўлмаса, унинг юз тузилиши (юзнинг олд томони)расмга олиш орқали текширилади;

• мулоқотга киришаётганда ходим ҳушёрликни йўқотмасдан, ўзини оғир, вазмин тутиб, ҳар қандай кутилмаган ҳаракатга тайёр туриши лозим;

• суҳбат жараёнида ходим шахсга нисбатан ҳурматсизлик деб қабул қилиниши мумкин бўлган ножўя хатти-ҳаракатларни содир этиши шу жумладан уяли алоқа воситаси орқали суҳбатлашиши мумкин эмас;

• тақдим этилган ҳужжатларни эҳтиёткорлик билан кўздан кечиради, ҳужжатларни текшираётганда унинг ичида ишга тааллуқлиги бўлмаган буюмлар бўлса, уларни эгасига қайтаради (тақиқланган ёки чекланган нарсалардан ташқари).

Бундан ташқари, ходим кишидан шахсини тасдиқлашни сўраса, биринчи навбатда, уни нега тўхтатганлиги ва нима учун шахси билан қизиқаётганлигини тушунтириб бериши шарт.

“Биз билан борасиз, кабинетда гаплашамиз”

Орамизда кўпчиликнинг ички ишлар билан ўз “ҳикоя”си бор ва уларнинг аксарияти ички ишлар таянч пунктлари билан боғлиқ. Кишиларни турли сабаблар билан, масалан, кўчага сигарет чекканлиги, шовқин солганлиги ёки тунда шунчаки юрганлиги учун олиб кетишган. Хўш, аслида қанақа? Қандай ҳолатларда кишилар ички ишлар органларига олиб борилади?

Ёнида шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган кишилар қуйидаги ҳолларда шахсига аниқлик киритиш учун ички ишлар органларига олиб борилади:

• унинг шахсини планшетда аниқлаб бўлмаса;

• қидирувда ёки бедарак йўқолган шахс бўлса;

• шахсини аниқлашга қаршилик кўрсатса;

• жамоат жойида ҳуқуқбузарлик содир этиш вақтида ушланса.

Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас – ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этганлар, назоратсиз ва қаровсиз қолган вояга етмаганлар таянч пунктига  олиб борилиши мумкин.

Хўш, ғайриижтимоий хатти-ҳаракатга нималар киради? Жавоб оддий – ички ишлар ходимига ёқмаган ҳар қандай иш. Ҳеч бир қонун ҳужжатида ғайриижтимоий хатти-ҳаракатга таъриф берилмаган ва уни аниқлаш тартиби ҳам йўқ.

Шунга қарамай, кишилар бундай иш барибиручун ички ишлар органларига олиб борилади, аммобарибир жавобгарликка тортишолмайди: ғайриижтимоий хатти-ҳаракат жиноят ҳам, маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳам эмас.

Маъмурий йўл билан ушлаб туриш 3 соатдан ортиқ давом этиши мумкин эмас. Аммо киши ўзининг шахси тўғрисидаги маълумотларни яширса, бу муддат 24 соатгача узаяди.

Сўз якунида айтиш керакки, агар сиз чиндан ҳам қоидаларни бузган бўлсангиз, тақдирда тан беринг ва ички ишлар ходими билан тортишманг. Бу фақатгина ўзингизга қарши ишлайди – ходимнинг қонуний талабларини бажармаслик 15суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Айбдорнинг ўз қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлиши енгиллаштирувчи ҳолат ва у жазо миқдорини камайтиришга асос бўлади.

Тескариси бўлса – ўзингизни ҳеч қандай қонунни бузмаган ҳисобласангиз, ходим билан суҳбат тафсилотларини имкон қадар ёзиб олинг.Бу аудио/видео материалларини илова қилган ҳолда ходим устидан шикоят қолдириш ва айбсизлигингизни исботлашда асқатади.

Улашиш: