Ҳуқуқ
11.01.2024
324
Сўнгги йилларда республикада ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, эскирган, замон талабларига мос келмайдиган тартиб-таомилларни такомиллаштириш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Мазкур йўналишларда олиб борилган ишлар лицензиялаш ва рухсат бериш тизимини либераллаштириш ҳамда институционал ислоҳ қилишнинг янги босқичини бошлаш учун мустаҳкам асос яратди.
Хусусан, сўнгги беш йилнинг ўзида 400 дан ортиқ лицензия ёки рухсатномадан 132 таси бекор қилинди, шунингдек, бу йўналишда 34 та фаолият турлари хабардор этиш тартибига ўтказилди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 августдаги фармони билан лицензиялаш соҳасида жами 52 та тартиб-таомиллар бекор қилинди ҳамда 23 та фаолиятни ваколатли органни хабардор қилган ҳолда бошлаш тартиби йўлга қўйилди.
Мазкур фармон билан лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари электрон тарзда “Лицензия” ахборот тизими ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилиши белгиланди.
“Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонун билан жами 208 та лицензиялаш (49 та), рухсат бериш (123 та) ҳамда хабардор қилиш (36 та) тартиб-таомиллари рўйхати тасдиқланди ҳамда соҳа фаолиятини тартибга солишнинг ягона механизмлари белгиланди.
Натижада тадбиркорлик соҳасида рухсат бериш тартибларини тартибга солувчи Ҳукуматнинг 250 дан ортиқ қарорлари ва 3 та қонун ўз кучини йўқотган деб топилди.
Шунингдек, лицензиялаш ва рухсат бериш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларини тизимлаштириш орқали норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сонини қисқартириш ҳамда ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтишнинг ягона тартиби қабул қилинди.
Шу билан бирга, олиб борилган таҳлиллар соҳада ортиқча бюрократик тартиботларнинг мавжудлигини, эскирган ёки ўз аҳамиятини йўқотган рухсат бериш талабларидан тадбиркорлар ўтишга мажбур бўлаётганини кўрсатмоқда.
Хусусан, айрим турдаги лицензия ёки рухсатномаларни олишда тегишли талаб ва шартларнинг юқорилиги катта сарф-харажатларга асосланган юқори таваккалчиликни келтириб чиқармоқда.
Иккинчидан, Ўзбекистон Республикасининг “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонуни билан лицензиялаш, рухсат бериш ҳамда хабардор қилиш тартиб-таомиллари рўйхати тасдиқланди ҳамда соҳа фаолиятини тартибга солишнинг ягона механизмлари белгиланди.
Бироқ, мазкур қонунни четлаб ўтиш мақсадида давлат органлари томонидан янги турдаги рухсат этиш хусусиятига эга маъмурий тартиб-таомилларни жорий этиш ҳолатлари йўқ эмас.
Жумладан, аслида мазмунан рухсат бериш ҳисобланган фаолиятлар “реестрга киритиш”, “аккредитация қилиш”, “рўйхатдан ўтказиш”, “ҳисобга қўйиш” ва “авторизациялаш” каби атамалар остида тартибга солишга ҳаракатлар кузатилмоқда.
Тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда рухсат этиш хусусиятига эга бўлган жами 100 дан ортиқ (шундан рўйхатдан ўтказиш 26 та, реестрга киритиш 33 та, ҳисобга олиш 27 та ва аккредитация қилиш 22 та бўйича) давлат хизматлари хатловдан ўтказилди.
Бундан ташқари, қонунчиликда тадбиркорларнинг бизнесга қулай кириши ёки ўз фаолиятини йўлга қўйиб олишда “кўмаклашувчи” механизмларни кўпайтиришга эҳтиёж мавжуд.
Учинчидан, тадбиркорлик субъектлари лицензия олишда бир хил бўлган тартиботлардан қайта-қайта ўтишга мажбур бўлмоқда. Масалан, талабгор экологик, ёнғин хавфсизлиги ҳамда санитария талабларининг бажарилгани ҳақида хулоса олгандан сўнг лицензия олишда ушбу органлар билан мазкур талаблар бўйича яна бир келишишга мажбур бўлишади.
Юқоридаги каби муаммолар 2023 йилнинг 18 август куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида, шунингдек жорий йилнинг 8 январь куни аҳоли бандлигини ошириш ҳамда тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талабларни қисқартиришга оид таклифлар тақдимотида давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида таъкидланди.
Шунга кўра, лицензияланадиган ва рухсат бериш тартиботларини янада такомиллаштириш бўйича бошланган ислоҳотларнинг иккинчи босқичини ўтказиш ҳамда ушбу йўналишда бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талабларни қисқартириш ҳамда лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Фармонда қуйидагилар белгиланмоқда. Хусусан, 8 турдаги ҳужжат тўлиқ бекор қилинмоқда. Масалан, божхона ташувчиларини реестрга киритиш, ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини бошқа шахсга бериш тўғрисида қарор.
6 турдаги ҳужжат бирлаштириш йўли билан бекор қилинмоқда. Хусусан, экспорт назорати объектларини олиб чиқиш учун рухсатнома ҳамда махсус товарлар экспорти ва импорти учун лицензия бирлаштирилмоқда.
3 та лицензия ва рухсатнома хабарнома тартибига ўтказилмоқда. Булар турагентлик фаолияти, I тоифадаги (якка тартибдаги уй-жойлар) объектларининг архитектура шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва юридик маслаҳатлар кўрсатиш фаолиятлари.
Тадбиркорларга 15,3 мингдан зиёд ушбу турдаги лицензия ва рухсатномалар берилган бўлиб, уларнинг бекор қилиниши натижасида тадбиркорларнинг 28 миллиард сўм харажати тежалади.
Жарималарни ўз вақтида тўлашни рағбатлантириш мақсадида тадбиркор лицензиялаш ва рухсат бериш соҳасида қонунбузилиш содир этганлик учун молиявий жариманинг 50 фоизини 15 кун, 70 фоизини 30 кун ичида тўлаганда жариманинг қолган қисмини тўлашдан озод этилмоқда.
Лицензия ёки рухсатномани бериш жараёнида видео алоқа ёрдамида талабгорларни масофадан туриб баҳолашга рухсат этилмоқда.
Тадбиркорлик соҳасида қуйидаги мажбурий талаблар бекор қилинмоқда:
– чиқиш туризмини амалга оширишда 15 минг доллар миқдоридаги маблағларни Хавфсиз туризм жамғармасига захира қилиб қўйиш.
Бунда, хавфни мажбурий суғурта қилиш тартибини жорий қилиш орқали фавқулодда ҳолатларнинг оқибатлари олди олинади. Натижада 1,6 минг нафар тадбиркор ихтиёрида 24,5 миллион доллар қолади.
– жойлаштириш воситаларини сертификатлаштириш учун аризага кадастр ҳужжатларини талаб қилиш;
– тадбиркорларнинг транспорт воситасини техник кўрикдан ўтказиш жойларини йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан белгилаш;
– кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш фаолияти фақат сайёр шаклда амалга оширилганда биноларнинг мавжуд бўлиши.
2024 йил 1 мартдан 2025 йил 1 мартгача эксперимент тариқасида 2 та фаолиятни (рентгендан фойдаланиш ва ветеринария лаборатория-диагностикаси) бошлаш учун 3 ойгача “ўтиш ва мослашиш даври”ни белгилайдиган “Бизнесга лицензиясиз кириш” махсус режими жорий этилмоқда.
Бунда лицензия ва рухсатнома олмасдан ваколатли органни хабардор қилган ҳолда 3 ой давомида фаолият амалга оширишга рухсат этилади. Тадбиркор 3 ой давомида ўз фаолиятини тегишли талабларга мувофиқлаштириб, тегишли лицензия ёки рухсатномани белгиланган тартибда олади ёки мазкур фаолиятни амалга оширишни тўхтатади.
Мазкур фармон қабул қилиниши тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш механизмларини янада оптималлаштириш, мамлакатимизда қулай ишбилармонлик муҳитини мустаҳкамлаш ҳамда аҳоли қатламларини тадбиркорликка кенг жалб қилишда муҳим аҳамият касб этади.
Фармон қабул қилиниши натижасида аҳоли ва тадбиркорларнинг 40 миллиард сўмдан ортиқ маблағлари тежалиши ҳамда тадбиркорларнинг тегишли фаолиятларини амалга оширишда мажбурий талабларга амал қилиш билан боғлиқ қарийб 320 миллиард сўм маблағларининг келгусида ўзларида қолишига эришилади.
Ўз навбатида, Адлия вазирлиги лицензиялаш ва рухсат бериш соҳасида прагматик ўзгаришларни давом эттириш мақсадида таҳлил ишларини давом эттирмоқда. Биз барча тадбиркорлик субъектларини соҳадаги мавжуд муаммолар, бюрократик тўсиқлар ёки лицензияловчи органларнинг ғайриҳуқуқий қилмишлари ҳақида маълумот бўлса, бизга маълум қилишларини сўраб қоламиз.
Х.Мелиев,
Адлия вазирлиги масъул ходими
Улашиш:
Бошқалар
Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб
Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.
Айрим фуқароларга электр энергияси ва табиий газ учун компенсация берилади
Қарорга кўра, иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ўтказиб берилади.
Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб
Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.
Меҳнат шартномасини ўзгартириш ва бошқа ишга ўтказиш тартиби қандай
Ўзбекистон Меҳнат кодексига кўра ходим меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақлидир ва бундай ариза 3 кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши шарт.
Ўзбекистонда лицензия ва рухсат бериш тартиби соддалаштирилмоқда
1 мартдан 16 та лицензия ва рухсатнома бекор қилинмоқда.
Энди хавфли юкларни транзит ташиш учун рухсатномаларни онлайн олиш мумкин
Республика ҳудудидан транзит ўтувчи хавфли тоифага киритилган юкларга онлайн рухсатнома бериш мақсадида “Хавфли юк” ахборот тизими ишлаб чиқилди.
Абитуриентларга рухсатномаларни бериш бошланди
2023-2024-o‘quv yilida oliy ta’lim muassasalarining bakalavriat ta’lim yo‘nalishlariga o‘qishga kirish uchun onlayn ro‘yxatdan o‘tgan abituriyentlarga “Abituriyent ruxsatnomasi”ni berish boshlandi.
"Тонировка"га рухсатнома муддатини узайтириш ҳақида эслатма берилди
Ўтган йилнинг 1 июлидан арзонлаштирилган «тонировка» учун расмийлаштирилган рухсатномаларнинг амал қилиш муддати якунига етмоқда.