Ҳуқуқ
24.04.2026
30

Ўзимизни болажон халқ деб атаймиз. Қачондир, масалан Шомаҳмудовлар оғир уруш йилларида ўнлаб турли миллат фарзандларини асраб олган ёки боласиз уй мозорга қиёсланган пайтларда ҳақиқатда шундай бўлгандир. Aммо, ҳозир ахборот асрида барчамиз гувоҳ бўлаётган айрим манзаралар бундай тасаввур бермайди.
Катта аудиторияли телеграм-каналлар, ижтимоий тармоқ саҳифалари шовқин кўтариш, фаолликни ошириш, шу орқали обуначи йиғиш мақсадида виждонга қўшиб болалар шаънини ҳам иккиланмай сотаяпти. Медиа бозоридаги айрим иштирокчилар бола ҳуқуқлари кафолатланган қонуний мезонларни эътиборсиз қолдиряпти, гўдак руҳиятини жароҳатлаб қўйиши мумкин бўлган рақамли тенденцияларнинг олдини олишга қаратилган қонунчилик ташаббуслари эса, сезилмаяпти.
Ғайриинсоний “виртуал саноат”
Яқинда таниқли хонанда олиб борадиган “Миттивой” дастурида бир қизалоқнинг оғзидан беихтиёр, ўзи ҳам маъносини илғамайдиган ноформал сўз чиққани ҳамма жойда – очиқ, гўдак шахси идентификация қилинадиган шаклда тарқатилди. Ундан олдинроқ қайсидир инста-дефектологнинг “зоотерапевтик” даволаш усули танқид қилиниши фонида бир гуруҳ болажонларнинг видео-тасвирлари ёппасига улашилганди.
Умуман, фақат қаланғи-қасанғи интернет-ресурсларни масъулиятсизлик ва хайпга ўчликда айбласак адолатдан бўлмайди. Aйрим оммабоп телеканаллар, давлат органлари ахборот хизматлари манбаларида ҳам жабрланган, жиноятга қўл урган ёки бошқа бировнинг қилғилиғи фонида юзи очиқ кўрсатилган болалар, гўдаклар билан боғлиқ ҳолатлар учрайди.
Шу ўринда яна бир ёқимли бўлмаган тенденцияни айтиб ўтиш ўринли деб ўйлайман. Бу ҳолат, айниқса, хайрия – моддий ёрдам кўрсатиш мақсадида жисмоний имкониятлари чекланган, оғир дардга чалинган ёки кам таъминланган оилаларнинг фарзандларини ночор, ожиз, ҳимоясиз кўрсатишда намоён бўлмоқда. Гўдаклар шахсини сир тутишга мўлжалланган (техник) ишланмалардан фойдаланилмаяпти, идентификацион очиқлик – аксинча, аудитория ҳиссиётига таъсир этиш воситаси сифатида атайин қўлланилаётгандек таассурот уйғотяпти.
Тўғри, бу турдаги эълонлар, катта еҳтимол билан, ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг ихтиёри билан ижтимоий тармоққа жойланади. Aммо сифатли журналистика ва блогасферага қўйиладиган халқаро стандартлар – этика ва иккиламчи травматизация хавфидан келиб чиқиб – ҳатто рози-ризолик билан ҳам контентни айни (очиқ) шаклда тақдим этишни тақиқлайди.
Эртага, келажакда бу болалар ҳақорат ва буллингга учраши, ҳаётни тушуна бошлаган сайин ўзидан хафа бўлиши, ўзидан уялиши, руҳий босим ва тушкунликка тушиши каби еҳтимолий салбий оқибатларни ҳеч ким инобатга олмаяпти.
Мутахассислар контент учун болалардан фойдаланиш – уларни пахта тердириш ёки тиланчиликка чиқариш билан баробар еканини таъкидлаётган бир пайтда биздаги айрим маҳаллий медиа ресурслар ҳеч иккиланишсиз болалар експлуатациясини “виртуал саноат” даражасига кўтаряпти.
Иккиламчи травматизация феномени
Одатда, бола бирор фожиа (зўравонлик, табиий офат, йўқчилик, жиноят ва ҳ.к.) содир бўлган пайтда биринчи даражали травма олади. Иккиламчи травматизация эса, ўша воқеадан кейин боланинг шахсий ҳаёти, юзи ёки изтироблари медиада (ТВ, ижтимоий тармоқлар, блоглар) қайта-қайта намойиш этилиши, сенсацион тус берилиши, оммавий муҳокама қилиниши ва воқеанинг янада чуқурроқ “титкиланиши” натижасида айни даҳшатни қайта ҳис қилишини англатади.
Бу ҳолатни ифодалаш учун ҳаётий мисоллар етарлича. 1999-йил 20-апрелда Колумбайн мактабида (AҚШ) содир бўлган отишмадан кейин аксарият болаларга психологик ёрдам кўрсатилган, айрим ўқувчилар эса, “Посттравматик стресс бузилиши” ташхиси билан шифохонага ётқизилган, кейинчалик маълум бўлишича, уларнинг оғирлашиб қолишига мухбирларнинг шовшувпарастлиги – фожиага гувоҳ бўлган болалардан “Ичкарида нималарни кўрдинг?”, “Қотилларнинг юзи қанақа еди?” каби саволлар билан микрофон тутиши сабаб бўлган.
1998-йилда Буюк Британиянинг нуфузли “The Lancet” тиббиёт журналида қизамиқ, тепки ва қизилчага қарши ваксина болаларда аутизмни келтириб чиқариши мумкинлиги иддао қилинган (тиббий жиҳатдан исботланмаган) ва мақолага касалликка чалинган болаларнинг сўлғин қиёфадаги суратлари, улардаги оғриқларни ифодаловчи иқтибослар ҳам илова қилинган. Кейинчалик, болалар тузалиб, ес-ҳушини танигач, ўзлари ҳақидаги бу ёлғон ва емоционал оғир контентдан қаттиқ депрессияга тушгани матбуотда фаол муҳокама қилинган.
Миллий қонунчилик
Мамлакатимизда “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”, “Aхборотлаштириш тўғрисида”, “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар йетказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”, "Шахсга доир маълумотлар тўғрисида"ги бевосита ёки билвосита болаларни зарарли ахборотдан ҳимоя қилишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган.
Уларга кўра, ўн саккиз ёшга тўлмаган (вояга йетмаган) шахслар – бола ҳисобланади. Ҳар бир бола ўз шаъни ва қадр-қимматига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига ғайриқонуний аралашувлардан ҳимояланиш ҳуқуқига эга, шахсга доир маълумотларни тарқатиш субйектнинг розилиги билан амалга оширилиши керак.
Aйни пайтда, “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар йетказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, ғайриқонуний ҳаракатлар натижасида жабрланган болалар тўғрисидаги, шу жумладан бундай боланинг фото ва видеотасвирлари, унинг шахсини бевосита ёхуд билвосита аниқлашга имкон берадиган бошқа ахборотни ўз ичига олган ахборот маҳсулоти – болалар ўртасида тарқатилиши тақиқланган ахборот маҳсулоти жумласига киради.
“Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунда эса, жиноят процессининг иштирокчиси бўлган бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатлари белгиланган. Унга биноан, давлат судга қадар иш юритишнинг ва суд муҳокамасининг барча босқичларида болаларнинг қонунчиликда белгиланган барча процессуал ҳуқуқларига риоя етилиши ҳамда бу ҳуқуқлар кафолатларининг таъминланиши бўйича чоралар кўради.
Халқаро ҳуқуқ ва тажриба
Болаларни медиада ёритиш масаласи халқаро журналистика етикасида қатъий тартибга солинган. Чунки улар – ҳимояга муҳтож аудитория. Шунинг учун кўплаб глобал ташкилотлар болаларга оид ахборотни оммага тақдим етишда “Боланинг энг олий манфаатлари” (Best interests of the child) принципини ҳеч қандай истисносиз асосий мезон деб ҳисоблайди.
Халқаро стандартларга кўра, боланинг шахсини аниқлаш мумкин бўлган маълумотлар ошкор қилинмаслиги, гўдак шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилиниши, визуал материаллар эҳтиёткорлик билан танланиши керак.
БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясида зўравонлик қурбони ёки ҳуқуқбузарлик содир этган болаларнинг анонимлиги қатъий таъминланиши шартлиги белгилаб қўйилган. Шунингдек, ОAВ ёки ахборот хизматлари боладан интервю олаётганда унинг фикрини ҳурмат қилиши, уни бирор нарсани айтишга мажбурламаслиги, бола материалда қандай намоён бўлиши, интервю беришнинг оқибатларини тушуниши ва бунга розилик бериши лозим.
Халқаро Журналистлар Федерацияси (ИФЖ) томонидан қабул қилинган “Глобал журналистика этикаси хартияси”да (Global Charter of Ethics for Journalists) болаларга оид контентда “ногирон”, “етим”, “жинсий қурбон” каби ибораларни имкон қадар қўлламаслик, уни шахс сифатида ҳурмат қилиш талаб этилади. Aйни пайтда боланинг ижтимоий ҳолатидан (очлиги, усти-боши юпунлиги, ночорлиги ва ҳ.к.) фойдаланиб, уни фожиали “декорация” сифатида ишлатиш этикага зид.
Хулоса қилиб айтганда, ҳозирги ахборот асрида ваколатли органлар – Парламент, Болалар омбудсмани, депутатлар рақамли муҳит билан боғлиқ салбий тенденсияларни ўз вақтида кўриши, илғаши ва зудлик билан бевосита болалар манфаати акс этган контентларни тайёрлаш ҳамда оммага тақдим етиш бўйича халқаро ҳуқуқ ва стандартларга мос меъёрлар ишлаб чиқиши ҳар қачонгидан муҳим деб ўйлайман.
Дилшод НУРУЛЛОҲ,
мустақил изланувчи
Улашиш:
Бошқалар
Қандай ҳолатлар никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлар сифатида баҳоланади?
Никоҳ — бу икки шахснинг ихтиёрий ва тенг ҳуқуқли иттифоқи бўлиб, у нафақат маънавий, балки жиддий юридик оқибатларни келтириб чиқарадиган шартнома ҳисобланади.
Меҳнат дафтарчасининг ҳуқуқий аҳамияти қандай?
Меҳнат дафтарчаси — бу ходимнинг меҳнат фаолияти ва иш стажини тасдиқловчи асосий восита.
Кўчмас мулк ва транспорт воситалари олди-сотдисида янги босқич: электрон тўлов тизимига ўтиш
Тарафлар ўзаро келишувга эришгач, харидор ёки унинг вакили банкка мурожаат қилиб, тегишли маълумотлар акс эттирилган ариза тақдим этади.
Радарга тушиб қоидабузарлик содир этсам, менга жарима балл ҳисобланадими?
Жарима баллари эндиликда нафақат транспорт воситаси эгасига, балки автомобилни ҳақиқатан бошқариб турган шахсга ҳам ёзилади.