#NoComment
24.03.2024
647
Ота оналардан: “Болаларга телефон бериш керакми ё йўқми?” деб сўраш бефойда, чунки жавоб қандай бўлишидан қатъи назар, барибир бир куни бола гаджетни қўлига олади ва ундан фойдаланади. Ушбу мақолада “болага қачондан телефон бериш мумкин”, “қанча вақт фойдаланса бўлади?”, “нима кўриш мумкин?” каби муҳим саволларга жавоб берилади.
Болага неча ёшдан телефон бериш мумкин?
Ҳар бир ота-она хархаша қилаётган фарзандининг қўлига телефон бериб тезда тинчлантириш имконидан фойдалангиси келади. Бироқ психологлар жуда кичик ёшдаги болаларга гаджет беришни тавсия этишмайди. Камида 4-5 ёшдан кейин болаларга телефон бериш мумкин. Унгача хархашаларни бошқа табиий усуллар билан тинчитиш, масалан, ўйинчоқ, чалғитувчи ўйинлар, сурат чизиш, пластилинда нимадир ясаш каби воситалар маъқулланади.
Ушбу воситалар инсон умрининг илк даврида жуда зарур бўлган майда ва йирик моторикани ривожлантиришга хизмат қилади. Ушбу базавий эҳтиёжни қондирмай туриб болага гаджетлар бериш унинг ўзига ишонмаган, атроф-муҳитни тадқиқ қилиб хулоса чиқаришга қийналадиган шахс бўлиб етишишига олиб келиши мумкин.
Бундан ташқари, мунтазам равишда яқинда турган экранда мультфильм ва видеолар кўриш энди ривожланиб келаётган периферик кўриш қобилиятига салбий таъсир қилиши мумкин. Бола фақат олдидан чиқиб келаётган тасвир орқали ахборот олишга ўрганади, бу эса келажакда, масалан, китоб ўқиб маълумот олиш қобилиятига салбий таъсир қилиши мумкин.
Болаларга гаджет бериш муаммосига ота-она жиддий қараши, буни шунчаки овунчоқ деб қабул қилмаслиги ва масъулият билан ёндашиши керак, дейишмоқда мутахассислар. Масалан, ота-она фарзандига йўлбарс ҳақида эртак ўқиб бера туриб, йўлбарснинг суратини планшетдан кўрсатиши бошқа, бироқ доимий равишда йўлбарс ҳақида Youtube’да мультфильм кўриши бошқа. Бунда бола шунчаки ола-була рангдор суратларни кўради, контекстни тушунмайди, тасаввури ривожланмайди.
Боланинг онлайнда ўтадиган вақтини қандай тартибга солиш мумкин?
Болаларга умуман телефон бермасликнинг иложи йўқ экан, ҳеч бўлмаса унинг вақтини меъёрга солиш мумкин. Бола маза қиляпти, қўяверинг дейиш нотўғри қараш, чунки бола айни вақтда кўчада ўртоқлари билан ўйнаш, фаол бўлиш ёки ота-онаси билан сайрга чиқишдан ҳам маза қилиши мумкин.
Шундай иловалар борки, болаларнинг жисмоний фаоллигини ва атроф-муҳит билан мулоқотини рағбатлантиради: масалан, ўт устидаги предметни топ, дарахтни суғор, виртуал тўпни фалон жойгача улоқтир деган вазифалар қўяди. Бола планшет билан кўчага чиқади ва ушбу ўйинларни реал майдончада ўйнайди. Бу болаларнинг барча сенсор тизимлари ривожланишига ёрдам беради. Гаджетдан ажрала олмаётган кичкинтойларга шундай иловалар ўрнатиб беринг.
Шунингдек, гаджет ва интернет ҳамроҳлигида китоб ўқиш мумкин. Масалан, бола билан эртак ё ҳикоя ўқий туриб бирор сўзнинг маъносини ёки бирор мамлакатнинг харитадаги ўрнини интернетдан топишга чорлаш мумкин. Бу гаджетлар билан маърифатли мулоқотни ташкил этишга олиб келади.
Худди шундай, бола севиб ўйнайдиган бирор онлайн ўйин қаҳрамонини чизиб кўриши мумкин. Бунда ҳам боланинг тасаввури, майда моторикаси ривожланади, ҳам гаджетдан бироз чалғийди ва реал олам билан алоқасини мустаҳкамлайди.
Телефонга боғлиқ тартибларга болаларни қандай ўргатиш мумкин?
Болалар у ёқда турсин, катталар ҳам ўз назарини смартфон экранларидан узиши қийин. Мана, 16 йилдирки ҳаммамиз умримизни ижтимоий тармоқлар, телефонлар экранларига тикилиб ўтказяпмиз. Кунига 4-6 соатлаб вақтимиз тармоқда ўтади. Болаларда ҳозир бу кўрсаткич пастроқ – кунига ўртача 1-3 соат. Аммо болалар бундан ташқари видеоўйинлар ўйнашади, телевизор кўришади.
Экранлар болаларнинг зарарига эмас, фойдасига ишлаши учун болага гаджет берилаётган илк даврдаёқ қоидаларни келишиб олиш ва жорий этиш керак. Масалан, дастурхон устида ва ётоқхонада телефон ишлатмаймиз (ўзингиз биринчи бўлиб бу қоидага риоя қилишингиз керак), ўйин фақат овқатланиб ва уй вазифаларини қилиб бўлгач ўйналади ва ҳоказо. Бола гаджетда куни бўйи ўтириш мумкин эмаслигини, бу фақат куннинг маълум бир соатларида қўлга олинадиган буюм эканини тушуниши керак. Бошиданоқ ўргатилган ушбу қоидалар болага мўлжал ва мақсадни тўғри қўйиш, ўзини назорат қилиш ва вақтини самарали тақсимлашни ўргатади.
Болани гаджет билан ёлғиз қолдирса бўладими?
Одатда, болани ёлғиз қолдирмаслик керак деган қоидани ҳамма билади. Лекин амалда кўпинча ота-оналар болага гаджет бериб ўзлари ишлари билан машғул бўладилар, дўконга кириб кетадилар, телефонда гаплашиб ўтирадилар ва ҳоказо. Доим боланинг ёнида ўтиришнинг имкони йўқ, албатта, бироқ мультфильмлар, фильмларни биргаликда томоша қилиш, экранда бўлаётган воқеаларни биргаликда муҳокама қилиш яхши натижалар беради. Чунки 3 ёшдан 7 ёшгача бола ўзини экран қаҳрамонлари билан қиёслайди, бир ўринга қўяди. Шундай пайтда ёнида бўлиб, “Сенга ким кўпроқ ёқди? Нима учун? Унинг ўрнида сен нима қилган бўлардинг?” деган саволларни бериб туриш фойдали. Шунда бола ота-онаси билан биргаликда яхшини ёмондан ажратишни, тўғри хулосалар чиқаришни ўрганади.
Қандай контентларни кўриш керак?
Гаджетларни болалар учун фойдали буюмга айлантиришда олтин қоида бор: ўйинлар орқали билим олиш. Демак, энг биринчи навбатда маърифатли ўйинларни танлаб боланинг гаджетига ўрнатиб бериш керак. Youtube каби видеоплатформаларда “ота-она назорати” функцияси бор, боланинг ёшига мос контентларни танлаб беришингиз мумкин.
14 ёшгача бўлган болаларга “қонли” ўйинлар (уруш, жанг, агрессия, ҳужум қатнашган) қатъий ман этилади. Бу боланинг атроф муҳит, қадриятлар ва хавфсизлик борасидаги билимлари ва дунёқараши тўғри шаклланиши билан боғлиқ муҳим чеклов.
Шунингдек, ижтимоий тармоқлар ва мулоқот масаласи ҳам бор. Психологлар болаларни 16 ёшгача ижтимоий тармоқларда саҳифа очиш ва мулоқотга киришишдан чеклашни тавсия қилишади. Чунки ижтимоий тармоқлар интернет ахборот оламининг ўзига хос, динамикали, назорати қийин ва кўптармоқли йўналиши бўлиб, мунтазам ривожланмоқда, трансформацияга учрамоқда, рисклар ҳам кўпаймоқда. Лайклар, қўлловчи шарҳларга ўч ўсмирлар тармоқ бандисига айланиши, бу эса уларнинг реал ҳаётдаги мулоқоти ва руҳиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Статистик маълумотларга кўра, 2011 йилдан 2020 йилгача ўсмирлар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари 175 бараварга (!) ошгани ҳам айнан ижтимоий тармоқларнинг зарарли таъсирига боғлиқ.
Мулоқот учун оддий мессенжерлар кифоя, бола руҳияти барқарор ва хулосалари бир қадар тиниқлашган ёшга етгунига қадар ижтимоий тармоқлардан фойдаланмай тургани маъқул дейилади мутахассислар тавсияларида.
Улашиш:
Бошқалар
Айрим фуқароларга электр энергияси ва табиий газ учун компенсация берилади
Қарорга кўра, иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ўтказиб берилади.
Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб
Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.
Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб
Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.
Меҳнат шартномасини ўзгартириш ва бошқа ишга ўтказиш тартиби қандай
Ўзбекистон Меҳнат кодексига кўра ходим меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақлидир ва бундай ариза 3 кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши шарт.