Ҳуқуқ
29.01.2024
481
Азалдан Шарқ жамиятида ижтимоий муносабатлар Ғарбдагидан кескин фарқ қилган. Оила жамиятдаги асосий бўғин бўлиб, қадриятлар уни асрашга, шу жумладан, бола тарбиясига жиддий эътибор асосида қурилган. Шу боис, фундаментал инсон ҳуқуқларига ҳам бошқа кўз билан қаралган. Шунингдек, болаликда аксариятимизнинг шахсий хонамиз ҳам бўлмаган, шахсий дахлсизлик масаласи муҳокама мавзуси ҳам бўлмаган.
Аммо XX асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб, инсоннинг ажралмас ҳуқуқлари халқаро ҳамжамият эътибор марказига айланди. Бу борада қатор халқаро ҳужжатлар қабул қилинди. Ижтимоий муносабатлардаги кескин ўзгаришлар, шу жумладан, ижтимоий тармоқлардан кенг фойдаланилиши, рақамли ахборот маконида инсон ҳаётининг турфа қисмлари (ҳаттоки, тарқалишини улар истамаган) маълумотлар ҳажми ортиши оқибатида шахсий дахлсизлик сингари масалалар кўтарилди.
Бу эса, ўз навбатида, бола тарбиясида ҳам қатор масалаларни ўртага ташлади. Масалан, боланинг “шахсий ҳудуд”ига нималар киради? Ота-оналар фарзандларининг ёзишмаларини ўқиши мумкинми? Умуман, болалар ижтимоий тармоқлардан фойдаланиши мумкинми?
Hudud24.uz сайти колумнисти Муроджон Нажмиддинов ушбу нозик масаланинг ҳуқуқий жиҳатларига тўхталади.
Боланинг “шахсий ҳудуди”га нималар киради?
Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисидаги қонунга кўра, ҳар бир бола эркинлик, шахсий дахлсизлик, турар жойи дахлсизлиги ва хат-хабарларини сир тутиш ҳуқуқига эга.
Хўш, шахсий ҳаёт дахлсизлиги нимани англатади? Шахсий ҳаёт дахлсизлиги инсоннинг шахсий ҳуқуқий мақомини англатувчи қадрият ҳисобланади. Инсоннинг туғилишидан вафотига қадар ҳамроҳлик қиладиган ушбу ҳуқуқ бир қатор халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда ўз ифодасини топган.
Жумладан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси (1948-й.)
12-моддасида ҳеч кимнинг шахсий ва оилавий ҳаётига ўзбошимчалик билан аралашиш, уй-жойи дахлсизлигига, унинг ёзишмаларидаги сирларга ёки унинг номуси, шаънига тажовуз қилиш мумкин эмаслиги, ҳар бир инсон худди шундай аралашув ёки тажовуздан қонун орқали ҳимояланиш ҳуқуқига эгалиги таъкидланади.
Шахсий ҳаёт дахлсизлиги ҳуқуқи ўз доирасида қуйидагиларни алоҳида кўрсатиш мумкин:
Шахсий ҳаёт дахлсизлигига оид ушбу элементлар умумий бўлиб, болаларда уларнинг ёшига кўра барчаси ҳам бўлмаслиги мумкин. Шунга қарамай, боланинг шахсий ҳудудига кирувчи маълумотлар сифатида боланинг ёзишма ва хат-хабарлари, эътиқод сири, ўзини бошқаларга очиқлашни лозим топмаган маълумотларни сир тутиш ҳуқуқини кўрсатиш мумкин.
Шу ўринда айтиш керакки, ҳар бир бола ўз шаъни ва қадр-қимматига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига ғайриқонуний аралашувлардан ҳимояланиш ҳуқуқига эга.
Болалар ижтимоий тармоқлардан фойдаланиши мумкинми?
Қонунчилик болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини умуман тақиқламайди. Аммо ушбу ўринда эътибор қаратилиши лозим бўлган икки асосий жиҳат бор.
Биринчиси – ижтимоий тармоқларнинг хизмат кўрсатиш қоидалари. Масалан, Facebook, Instagram, Snapchat ва X (Twitter) фойдаланувчи энг камида 13 ёшда бўлишини талаб қилади. Telegram эса қатъий ёш чегарасини белгиламаган бўлсада, тармоқ 16 ёшни тавсиявий чегара сифатида фойдаланиш қоидаларида эслатиб ўтган.
Фото: Муроджон Нажмиддинов/Hudud24.uz
Маълумки, умум қабул қилинган нормалар ва қонунчиликка кўра, 18 ёшга тўлмаган ҳар қандай одам бола ҳисобланади.
Иккинчиси – ижтимоий тармоқларда профиль яратиш учун шахсий мобил алоқа рақами. Ижтимоий тармоқларда саҳифалар турли усуллар билан очилиши мумкин. Масалан, электрон почта, махсус юзернейм ва уяли алоқа рақами. Масаланинг моҳияти шундаки, уяли алоқа компаниялари барчага ҳам сим-карта сотмайди.
Хусусан, Телекоммуникация хизматларини кўрсатиш қоидаларига кўра мобил алоқа хизматларини кўрсатиш шартномаси фақат абонент томонидан паспортнинг асл нусхаси (ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжат) тақдим этгандагина тузилади. Шунингдек, 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган вояга етмаганлар ўз ота-оналарининг ёзма розилиги билан телекоммуникация хизматларига уланиш учун ариза бериши мумкин.
Шунга қарамай, ёш чегарасига риоя қилмаслик ҳамда бошқа кишининг номига расмийлаштирилган рақам орқали ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш ҳуқуқий жавобгарликка сабаб бўлмайди.
Ота-оналар фарзандларининг ёзишмаларини ўқиши мумкинми?
Юқорида қайд этилгандек, болалар хат-хабарларини сир тутиш ҳуқуқига эга. Бир қарашда ота-оналар болаларнинг ёзишмаларини ўқиши мумкин эмаслиги ҳақида хулосага келиш мумкин. Аммо бу номи билан айтилгандай ҳуқуқ, мажбурият ёки тақиқ эмас.
Яъни бола ўз ёзишмаларини сир сақлаш ҳуқуқига эга, бунга мажбур эмас. Шунга кўра, айтиш мумкинки, ота-оналар фарзандларининг ёзишмаларини уларнинг розилиги билан ўқиши мумкин ва бу қонуний (аммо розиликни қандай олинганлиги ва бола ўз қарори оқибатини англай оладиган лаёқатлилиги алоҳида масала).
Шу ўринда савол туғилади, агар ижтимоий тармоқ отанинг номидаги рақамга очилган бўлса, боланинг рухсатисиз ҳам унинг ёзишмаларини ўқиши мумкинми? Бундай ҳолатда отанинг ҳаракатлари ҳуқуқий жиҳатдан тўғридай туюлади, чунки рақам уники. Аммо қонунда “боланинг ёзишмалари” деганда унга йўлланган барча хат-хабарлар назарда тутилган бўлиб, айнан унинг номидаги манзил, профилда бўлиши кераклигини англатмайди.
Шу боис, боланинг иродасига қарши равишда, шунингдек, унинг хабарисиз ёзишмаларни ўқиш қонуний ҳисобланади.
Хулоса сифатида айтиш мумкинки, шахсий ҳаёт дахлсизлиги инсоннинг, шу жумладан, боланинг узвий ҳуқуқи ҳисобланиб, ҳеч ким ўзининг шахсий ва оилавий ҳаётига ўзбошимчалик ёки ноқонуний тарзда аралашишга, ўзининг уй-жойи, ёзишмалар сири дахлсизлигига ўзбошимчалик ва ноқонуний тарзда тажовуз қилинишига, унинг ор-номуси, шаънига ноқонуний тажовуз қилинишига дучор этилиши мумкин эмас. Ушбу ҳуқуқнинг бузилиши эса жиноий ва маъмурий жавобгарликни келтириб чиқаради.
Улашиш:
Бошқалар
Айрим фуқароларга электр энергияси ва табиий газ учун компенсация берилади
Қарорга кўра, иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ўтказиб берилади.
Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб
Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.
Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб
Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.
Меҳнат шартномасини ўзгартириш ва бошқа ишга ўтказиш тартиби қандай
Ўзбекистон Меҳнат кодексига кўра ходим меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақлидир ва бундай ариза 3 кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши шарт.
Соғломлаштириш оромгоҳларида дам оладиган болалар қамрови кенгайтирилади
Оромгоҳларда янги бинолар қуриш ёки мавжуд биноларни таъмирлаш бўйича тадбиркорлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилади.
Россияда қаровсиз қолган 17 нафар бола Ўзбекистонга қайтарилди
Болаларга Ватанга қайтиш учун бепул сертификатлар берилган.
Болага телефонни қачон ва қанча вақтга бериш мумкин: 5 та муҳим саволга жавоб
Ота оналардан: “Болаларга телефон бериш керакми ё йўқми?” деб сўраш бефойда, чунки жавоб қандай бўлишидан қатъи назар, барибир бир куни бола гаджетни қўлига олади ва ундан фойдаланади. Ушбу мақолада “болага қачондан телефон бериш мумкин”, “қанча вақт фойдаланса бўлади?”, “нима кўриш мумкин?” каби муҳим саволларга жавоб берилади.
Тошкентда аёл ҳайдовчи 2 нафар болани уриб юборди
Tracker ҳайдовчиси уриб юбориши оқибатида 8 ва 10 ёшли пиёдалар тан жароҳат олган.