currencies image

12 413,79 UZS

52,65

usd

currencies image

14 468,27 UZS

48,90

eur

currencies image

154,86 UZS

0,56

ru



АсосийЯнгиликларБолалар маънавий хавфсизлиги: янги қонунчиликнинг ҳуқуқий ва ижтимоий моҳияти

Болалар маънавий хавфсизлиги: янги қонунчиликнинг ҳуқуқий ва ижтимоий моҳияти

Ҳуқуқ

calendar

23.08.2025

eye

35

Болалар маънавий хавфсизлиги: янги қонунчиликнинг ҳуқуқий ва ижтимоий моҳияти

Ҳар бир жамиятнинг эртанги куни, унинг барқарорлиги ва фаровонлиги ўсиб келаётган ёш авлодга бевосита боғлиқ. Глобаллашув ва ахборот технологиялари ривожланган бугунги мураккаб даврда фарзандларимиз нафақат жисмонан, балки маънавий хатарлардан ҳам ҳимояга муҳтож. Интернет тармоқлари орқали ёшлар онгига турли ёт ғоялар, хусусан, экстремистик ва радикал диний оқимлар таъсирининг кучайиши энг долзарб муаммолардан бирига айланмоқда. Шу сабабли, болаларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар қандай хавф-хатардан асраш Ўзбекистон давлат сиёсатининг бош устувор йўналишларидан бирига айланган.

Бугунги кунда мамлакатимиз янги тараққиёт босқичига қадам қўяр экан, барча соҳаларда, жумладан, ҳуқуқий тизимни такомиллаштиришда ҳам изчил ислоҳотларни амалга оширмоқда. Бу ислоҳотларнинг бош мақсади, аввало, инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини қатъий кафолатлашдан иборатдир. Бу борада 2025 йил 8 августда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-1080-сон Қонун муҳим аҳамият касб этади. Мазкур Қонуннинг 3-моддаси 4-банди билан Жиноят кодексининг 229-2-моддаси “Махсус диний маълумоти бўлмай туриб ва диний ташкилот бошқаруви марказий органининг рухсатисиз вояга етмаган шахсга диний таълимотдан сабоқ бериш, худди шунингдек, вояга етмаган шахсга хусусий тартибда диний таълимотдан сабоқ бериш” учун жавобгарликни белгиловчи янги қисм билан тўлдирилди. Бу ўзгариш шунчаки бир ҳуқуқий янгилик эмас, балки фарзандларимиз келажагига нисбатан давлатнинг қатъий ва муросасиз позициясини акс эттиради. Зеро, болаларимизнинг келажагига таҳдид солувчи энг катта хавфлардан бири — уларнинг онгига ёт ғояларнинг сингдирилишидир. Афсуски, бундай салбий таъсирлар кўпинча ноқонуний диний дарслар орқали амалга оширилади.

Бугунги кунда юртимизда 14 та диний таълим муассасаси фаолият юритади. Улар орасида 4 та олий таълим маскани (Тошкент ислом институти, Имом-Термизий номидаги ислом институти, Мирараб олий мадрасаси, Ҳадис илмий мактаби) ва 10 та ўрта махсус билим юрти мавжуд, шундан 2 таси Хадичаи Кубро ва Жўйбори Калон аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаларидир. Бу таълим муассасаларига қабул жараёни Ўзбекистон Мусулмонлар идораси томонидан белгиланган тартибда, адолатли ва шаффоф тарзда, абитуриентларнинг билим ва қобилиятларига қараб ташкил этилади. Шу билан бирга, Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг Muslim.uz интернет платформасида барча ёш тоифалар учун мўлжалланган онлайн “Қуръони карим ва тажвид” дарслари ташкил этилган. Шунингдек, диний мазмундаги китоблар нашр этилиб, аудио ва видео қўлланмалар тайёрланмоқда. Бундан ташқари, Диний идора ҳузуридаги масжидлар қошида ташкил этилган 28 та “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курслари ҳам аҳолига қонуний диний билим олиш имкониятини яратиб берган. Уларнинг дастурлари тасдиқланган, фаолияти эса белгиланган тартибда амалга оширилади. Бундай тизим болаларимизга илмий асосланган, тўғри ва соғлом диний билимларни беришга хизмат қилади.

Шу ўринда эслатиб ўтиш жоизки, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 23-моддасига кўра, ота-оналар ўз боласини шахсий эътиқодларига мувофиқ диний ва ахлоқий жиҳатдан тарбиялаш ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб ўтилган. Бу норма ота-оналарга фарзандига диний тушунчаларни уй шароитида ўргатишни тақиқламайди. Бироқ, бу диний таълимни тизимли равишда, яъни бир гуруҳ болаларга доимий дарс бериш шаклида амалга оширишга рухсат бермайди.

Энди эса масаланинг бошқа тарафига эътибор қаратсак. Соҳада амалга оширилган ижобий ишларга қарамасдан, баъзи ота-оналар ҳануз фарзандларини ўз қўл остида тарбиялаб, меҳр ва назорат билан етиштириш ўрнига турли сабаблар билан уларни чет элга, жумладан, Миср, Туркия ва Саудия Арабистони каби давлатларга диний таълим олиш учун юбормоқда. Ота-оналарнинг кўпчилиги фарзанди чет элда хавфсиз муҳитда бўлади, яхши таълим олиб, соғ-саломат ва тарбияли бўлиб қайтиб келади, деб ишонишади. Аммо ҳаётий тажриба ва сўнгги йиллардаги ҳолатлар шуни кўрсатмоқдаки, бундай ишонч ҳар доим ҳам ўзини оқламайди. Айниқса, ҳаёт тажрибаси ва мустақил фикрлаш қобилияти етарли бўлмаган ёшлар бегона муҳитда турли номақбул таъсирларга дуч келишлари мумкин. Айрим ҳолларда улар ноқонуний диний оқимлар ва радикал ғоя ташувчилари домига илиниб қолмоқда. Бу эса, уларнинг тақдирини бутунлай издан чиқариб, террорчи, наркоман ёки жиноятчи деган оғир тамға олишларига сабаб бўлмоқда. Бугун хорижда диний таълим бериш бизнесга айланган, вояга етмаган болалардан турли жирканч мақсадларда фойдаланиш, хусусан, уларга жинсий тажовуз, ички орган аъзоларини сотиш, ноқонуний ҳужраларда диний сабоқ бериш, диний илмий бўлмаган террорчи ва радикал шахслардан таълим олиш, шунингдек, ақидада адашиб, экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолиш каби ҳолатлар учрамоқда. Шунинг учун ҳам фарзанд тарбиясида эҳтиёткорлик ва масъулият ҳар бир ота-онанинг асосий бурчи бўлиши зарур. Хорижда фарзандингизга кимлар томонидан нималар ўргатилаётганлигини билмайсиз, мурғак фарзандингизни бағрингизда ўсиши ва камол топишига ҳамда келажакда қандай инсон бўлишига бефарқ бўлмаслигимиз даркор.

Қайд этиш керакки, Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуни (2021 йил 5 июль)нинг 3-моддасига мувофиқ, диний ташкилот сифатида рўйхатдан ўтмасдан фаолият кўрсатиш, диний ташкилот томонидан фаолиятни ўзи турган жойдан ташқарида, шу жумладан, ибодат қилинадиган бинолардан ва диний ташкилотга тегишли ҳудудлардан ташқарида амалга ошириш, шунингдек, диний таълим муассасаларидан ташқарида хусусий тартибда диний таълим фаолияти билан шуғулланиш қонунга хилоф диний фаолият тушунилади.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, амалдаги Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 241-моддаси (Диний таълимотдан сабоқ бериш тартибини бузиш)га кўра, махсус диний маълумоти бўлмай туриб ва диний ташкилот бошқаруви марказий органининг рухсатисиз диний таълимотдан сабоқ бериш, худди шунингдек, хусусий тартибда диний таълимотдан сабоқ бериш — базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Агар бундай ҳаракатлар бир йил давомида такрор содир этилса, Жиноят кодексининг 229-2-моддаси биринчи қисми бўйича жиноий жавобгарлик юзага келади. Ушбу модданинг биринчи қисмига мувофиқ, бундай қилмишлар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиш белгиланган. Айбдорнинг қилмишини таҳлил этилаётган модданинг биринчи қисми билан квалификация қилиш учун унга илгари шундай ҳаракатлари учун Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 241-моддаси (Диний таълимотдан сабоқ бериш тартибини бузиш) бўйича маъмурий жавобгарлик қўлланганини аниқлаш зарур.

Юқорида таъкидлаганимиздек, ЎРҚ-1080-сон Қонун билан Жиноят кодексининг 229-2-моддаси “Махсус диний маълумоти бўлмай туриб ва диний ташкилот бошқаруви марказий органининг рухсатисиз вояга етмаган шахсга диний таълимотдан сабоқ бериш, худди шунингдек, вояга етмаган шахсга хусусий тартибда диний таълимотдан сабоқ бериш” учун жавобгарликни белгиловчи иккинчи қисм билан тўлдирилди. Бундай қилмиш базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазолашга сабаб бўлади.

Шу ўринда қайд қилиш керакки, айбдорнинг қилмишини Жиноят кодекси 229-2-моддасининг иккинчи қисми билан квалификация қилиш учун унга илгари шундай ҳаракатлари учун маъмурий жавобгарлик қўлланилганлиги талаб қилинмайди, бундай қилмиш учун тўғридан-тўғри жиноий жавобгарлик келиб чиқади. Бинобарин, ушбу жиноят формал таркибли бўлганлиги учун махсус диний маълумоти бўлмай туриб ва диний ташкилот бошқаруви марказий органининг рухсатисиз вояга етмаган шахсга диний таълимотдан сабоқ бериш, худди шунингдек, вояга етмаган шахсга хусусий тартибда диний таълимотдан сабоқ бериш каби ҳаракатлар содир этилган вақтдан бошлаб жиноят тугалланган ҳисобланади. Субъектив томондан мазкур жиноят айбнинг қасд шаклида ифодаланади. Айбдор махсус диний маълумоти бўлмай туриб ва диний ташкилот бошқаруви марказий органининг рухсатисиз вояга етмаган шахсга диний таълимотдан сабоқ бераётганини ёки вояга етмаган шахсга хусусий тартибда диний таълимотдан сабоқ бераётганини ва бунинг ижтимоий хавфлилигини англайди ва шундай ҳаракатларни содир этишни истайди. Жиноятнинг мотив ва мақсадлари турлича бўлиши мумкин. Бироқ жиноятнинг мотив ва мақсади жиноятни квалификация қилишга таъсир этмайди. Диний таълимотдан сабоқ бериш тартибини бузиш жиноятининг субъекти 16 ёшга тўлган ҳар қандай ақли расо жисмоний шахс бўлиши мумкин.

Таъкидлаганимиздек, ноқонуний диний таълим нафақат ҳуқуқий нуқтаи назардан хавфли, балки ижтимоий-психологик оқибатлари билан ҳам жиддий муаммолар туғдиради. Бундай дарслар бола онгига ўзбошимчалик билан талқин қилинган диний тушунчаларни сингдиради. Натижада, болалар бошқа дин вакилларига, ҳатто ўз яқинларига нисбатан тоқатсизлик руҳида тарбияланиши мумкин. Бу эса боланинг жамиятдан узоқлашишига, кейинчалик радикал ғоялар таъсирига тушиб қолишига сабаб бўлади.

Шунингдек, баъзи ота-оналар фарзандларини хориждаги норасмий диний марказларга диний таълим олиш учун юбораётганлиги ҳам алоҳида ташвишга сабаб бўлади. Бундай ҳолатларда, фарзанднинг кимдан ва қандай сабоқ олаётганини назорат қилиш имконияти деярли йўқ. Бу эса унинг хорижий ёт ғоялар таъсирига тушиши, экстремистик ҳаракатларнинг қурбонига айланиши ёки уларга жалб қилиниши хавфини оширади. Бундай хавфлар нафақат уларнинг шахсий келажагини хавф остига қўяди, балки бутун жамият тинчлигига ҳам таҳдид солади.

Янги қонунчиликнинг асосий мақсади жазолашдан кўра кўпроқ огоҳлантириш, ота-оналарни ўз фарзандининг тақдирига бефарқ бўлмасликка ундашдир. Бу қонун ҳар бир ота-онага ўз фарзандининг физик ва руҳий соғломлигини ҳимоя қилиш, унинг ҳуқуқларини бузмаслик, жумладан, уларни радикал ғоялардан асраш бурчини янада кучайтиради. Қонуннинг самарали ижросини таъминлашда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, имом-хатиблар ва ҳар бир маҳалла фаоллари ҳамкорликда ҳаракат қилиши зарур. Бу борада кенг тушунтириш ишларини олиб бориш, ноқонуний таълимнинг хавфли оқибатларини аниқ ва асосли мисоллар орқали тушунтириш муҳим аҳамиятга эга.

Хулоса қилиб айтганда, ушбу қонуний янгилик болаларимизнинг соғлом ривожланишини, уларнинг етук шахс сифатида вояга етишини, жамиятнинг фаол ва ватанпарвар аъзоси бўлиб шаклланишини таъминлашга қаратилган, чунки болалар бизнинг энг катта бойлигимиз ва эртанги кунимизнинг ишончли пойдеворидир. Уларнинг бахтли ва тинч келажаги учун ҳар биримиз масъулмиз.

Аброржон Отажонов,
Тошкент давлат юридик университети кафедра мудири, юридик фанлар доктори, профессор

Улашиш:

Бошқалар

30-июл 2025, 12:27
1 469

“Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали хорижда бепул ўқиш: муҳим 5 саволга жавоб

Жамғарма томонидан ҳужжатлар текширилиб, танлов талабларига тўғри келадиганлар саралаб олинади.


8-август 2025, 06:28
1 134

Сув кодекси қандай жиҳатларни ўз ичига олган. Муҳим 6 жиҳат

Кодекс сув, сув объектлари, сув хўжалиги объектлари ва сув фонди ерларидан оқилона фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солади.


5-август 2025, 05:52
1 118

Кимга неччи соат – умумтаълим муассасаларида дарс соатлари қандай тақсимланади?

Қонунчиликка кўра, умумтаълим муассасалари умумий ўрта таълимнинг таянч ўқув режаси асосида ҳар йили 10 сентябрга қадар умумтаълим муассасасининг дарс соатлари сеткасини шакллантиради.


28-июл 2025, 07:45
689

Харид чеки – оддий қоғоз парчаси эмас

Қонунчилигимизда харид чеки сотувчи ва харидор ўртасидаги ҳисоб-китоб муносабатларининг расмий белгиси сифатида мажбурий ҳисобланади.