currencies image

12 692,42 UZS

100,85

usd

currencies image

14 511,24 UZS

34,54

eur

currencies image

158,44 UZS

4,62

ru



АсосийЯнгиликлар“Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали хорижда бепул ўқиш: муҳим 5 саволга жавоб

“Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали хорижда бепул ўқиш: муҳим 5 саволга жавоб

Ўзбекистон

calendar

30.07.2025

eye

1 095

“Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали хорижда бепул ўқиш: муҳим  5 саволга жавоб

Юртимизда билимли, юқори салоҳиятли, илмий салоҳияти кучли мутахассисларни тайёрлаш янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим устувор йўналишларидан биридир.

Айниқса, етакчи хорижий университет ва илмий муассасаларда таълим олиш орқали мамлакатимиз тараққиётига ҳисса қўшиш имкониятини берувчи “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендияси шундай имкониятлардан биридир. Қуйида жамғарма орқали хорижга ўқишга кетиш тартиби ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз.

1. Жамғарма танловларида кимлар қатнаша олади?

Ўзбекистон фуқаролари, иш ёки ўқиш жойидан қатъи назар, “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендия танловида иштирок этишлари мумкин. Бунинг учун улар қуйидаги таълим даражалари ва талабларга жавоб бериши лозим:

— бакалавриат таълим даражаси бўйича танловда иштирок этиш учун номзоднинг ёши 30 ёшдан ошмаган бўлиши керак. Бу босқичда иш стажи талаб этилмайди;

— магистратура таълим дастурига ҳужжат топширувчилар учун ёш чеклови 22 ёшдан кичик ва 40 ёшдан катта бўлмаслиги керак. Шунингдек, камида 1 йиллик меҳнат стажига эга бўлиши талаб этилади;

— докторантура даражаси бўйича эса номзоднинг ёши 25 ёшдан кичик ва 45 ёшдан катта бўлмаслиги, ҳамда камида 2 йиллик меҳнат тажрибасига эга бўлиши зарур.

Танловда аввал шу мутахассислик бўйича хорижда ўқиганлар, таълим харажатлари тўлиқ грант асосида қопланганлар, шунингдек, судланганлик ҳолати тугалланмаган шахслар иштирок эта олмайди.

2. Нималар молиялаштирилади?

“Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендияси доирасида стипендиатларнинг хорижда таълим олиш жараёнида юзага келадиган асосий харажатлари тўлиқ қоплаб берилади.

Жумладан, қуйидаги сарф-харажатлар молиялаштирилади:

— олий таълим муассасасига ўқиш тўлови (tuition fee) Стипендиат ўқийдиган хорижий университет ёки илмий муассаса томонидан белгиланган шартнома асосидаги тўловлар қопланади;

— йўлкира ва виза харажатлари Стипендиатнинг таълим олиш мамлакатига бориш ва қайтиш, шунингдек, виза олиш учун кетадиган харажатлар жамғарма ҳисобига молиялаштирилади;

— яшаш ва кунлик харажатлар турар жой (ижара), озиқ-овқат, транспорт ва бошқа кундалик эҳтиёжлар учун керакли маблағлар ажратилади;

— дарсликлар ва илмий адабиётлар хариди;

— тиббий суғурта ва бошқа қўшимча ҳолатлар.

Бундан ташқари, Жамғарма Бошқарув кенгаши қарорига мувофиқ, таълим билан боғлиқ бошқа муҳим харажатлар ҳам молиялаштирилиши мумкин.

3. Қайси университетларга қабул қилинганлар дастурда иштирок этиши мумкин?

“Эл-юрт умиди” стипендия дастурида иштирок этиш учун номзод танлаган хорижий таълим ёки илмий муассаса дунёдаги нуфузли рейтингларда биринчи 300 таликда ўрин эгаллаган бўлиши шарт. Бунинг учун қуйидаги халқаро рейтинглар асос бўлади:

— QS World University Rankings (Quacquarelli Symonds);

— THE Rankings (The Times Higher Education).

4. Саралаш босқичлари қандай амалга оширилади?

“Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендия танловида иштирок этувчи номзодлар 6 босқичда саралаб олинади. Ҳар бир босқичда муайян мезонлар асосида баҳолаш ўтказилиб, фақат энг муносиблар кейинги босқичга ўтади.

Ҳужжатларни қабул қилиш ва текшириш

Номзодлар онлайн платформа орқали белгиланган ҳужжатларни тақдим этадилар. Жамғарма томонидан ҳужжатлар текширилиб, танлов талабларига тўғри келадиганлар саралаб олинади.

Имтиҳонларсиз квота асосида саралаш

Қуйидаги рейтинглар асосида юқори натижага эришган номзодлар тест ва суҳбатсиз танлов ғолиби сифатида белгиланади:

— Top 100 университетларга тўлиқ грант билан қабул қилинганлар;

— Top 300 тўлиқ грант билан қабул қилинган, транспорт ва тураржой харажатлари учун стипендия талаб қилувчилар;

— Top 20 Президент, ижодий ёки ихтисослаштирилган мактаб битирувчилари, қисман грант билан қабул қилинганлар.

5. Тест ва суҳбат бочқичи қандай ўтказилади

Тест синови

Қолган номзодлар билим, таҳлил қобилияти ва психологик барқарорлик даражасини аниқловчи тест синовларидан ўтади. Бу босқичда қуйидаги халқаро сертификатларга эга номзодлар тестдан озод қилинади:

GMAT — 75%-дан юқори натижа;

GRE — ҳар бир қисмда 75%-дан юқори;

SAT — 1300 балл ва ундан юқори;

A-Level — фанлар бўйича “A” даража.

Тестдан камида 61 балл тўплаганлар суҳбат босқичига ўтказилади.

Суҳбат

Суҳбат орқали номзоднинг қуйидаги жиҳатлари баҳоланади:

она Ватанга ва танлаган касбига бўлган садоқати;

маънавий ва интеллектуал тафаккури;

хорижда ўқишдан кўзланган мақсад ва Ўзбекистонда фойдаланиш режалари;

мотивацион эсседаги ғояларнинг асосланганлиги.

Тест ва суҳбат натижалари асосида умумий балл тўплаган номзодлар стипендия ғолиблари сифатида танлаб олинади.

Жамғарманинг 2025 йилдаги 1-очиқ стипендия танлови ўз ниҳоясига етди. Табиийки, ҳар бир танловда ғолиблар бўлгани каби, кейинги босқичга ўта олмаганлар ҳам бўлади. Айниқса, суҳбат босқичи баҳолашнинг энг масъулиятли ва кўп қиррали жараёни ҳисобланади. Шундай экан, натижалар эълон қилингач, турли фикр ва муносабатларнинг пайдо бўлиши табиий.

Бироқ шуни унутмаслик керакки, танловдан ўта олмаслик бу имкониятлар тугагани эмас. Юртимизда иқтидорли ёшлар учун жуда кўп эшиклар очиқ: таълим соҳасида ҳам, тадбиркорликда ҳам, илмий фаолиятда ҳам, халқаро лойиҳаларда ҳам ўз ўрнингизни топиш мумкин. Энг муҳими ўз устида ишлашдан, мақсадлар сари интилишдан тўхтамаслик.

Шу боис, танлов натижаларидан сўнг бор эътиборни ижобий ҳаракатларга йўналтириш, қуруқ танқид ёки афсусланишга вақт сарфламай, навбатдаги имкониятларни излаш энг тўғри йўл бўлади.

hudud24.uz сайти колумнисти
Дилмурод Ражабоев

Улашиш: