Life Style
28.07.2025
47
Истеъмолчининг ҳуқуқи қаердан бошланади? Дўкондаги харидимиздан сўнг сотувчидан «Чек керакми?» деган саволни эшитишимиз одатий ҳол. Баъзида шошилганимиздан, баъзида эса ўзимизни хайрихоҳ кўрсатмоқ бўлиб, харидимизнингш чекини талаб қилмасдан чиқиб кетамиз. Айнан шу оддий, эътиборсиз ҳаракат баъзан жиддий ҳуқуқий муаммоларга олиб келиши мумкин.
Ҳаётий мисол: бир танишим дўкондан маиший техника харид қилади. Қисқа муддатда маҳсулот носозлик чиқаради. Алмаштириш ёки қайтариш мақсадида дўкон сотувчисига мурожаат қилганида QR-кодли харид чеки йўқлиги сабабли унга рад жавоби берилган. Бундай ҳолда чек муомала фактларини исботловчи ягона ҳужжат бўлгани учун, унинг йўқлиги истеъмолчини ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоясиз қолдиради.
Қонунчилигимизда харид чеки сотувчи ва харидор ўртасидаги ҳисоб-китоб муносабатларининг расмий белгиси сифатида мажбурий ҳисобланади. 2019 йил 6 сентябрдаги “Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳисоб-китоблар тизимига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш ҳамда ушбу соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонига асосан, 2022 йил 1 январдан бошлаб, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида тўлиқ онлайн назорат касса машиналаридан (НКМ) фойдаланиш тизимига ўтилди.
Бу тизим орқали ҳар бир операция тўғрисидаги маълумотлар давлат солиқ органларига автоматик равишда узатилади. Демак, чек тақдим этмаслик нафақат истеъмолчи ҳуқуқини бузиш, балки солиқ қонунчилигини ҳам қўпол равишда бузиш ҳисобланади.
Баъзи тадбиркорлар чек тақдим этмасликни “терминал ишламаётгани” ёки “касса бузилгани” билан изоҳлашади. Аслида назорат-касса техникаси ишламаса, тадбиркор фаолиятини вақтинча тўхтатиши шарт. Яъни, ҳар қандай ҳолатда ҳам чек тақдим этилиши шарт, акс ҳолда тадбиркорлик фаолияти қонуний эмас деб баҳоланади.
Харид чекини бермаслик бир қатор ҳуқуқий оқибатларга олиб келади:
Маъмурий жавобгарлик – Солиқ кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда чек бермаслик солиқдан бўйин товлаш, яъни даромадни яшириш деб баҳоланади. Биринчи марта аниқланганда – огоҳлантириш ёки жарима; Такрорий ёки қасддан содир этилганда – катта жарима, фаолиятни тўхтатиш ёки рухсатномани бекор қилиш; НКМдан фойдаланмасдан савдо қилиш учун 5 млн сўмгача жарима белгиланган.
Солиқ назорати кучайтирилиши – агар тадбиркор НКМ ва ҳисоб-китоб терминалларидан фойдаланмасдан фаолият юритса, бу ҳолат лицензия ёки рухсатномаларни бекор қилиш, режадан ташқари текширувларга сабаб бўлиши мумкин.
Жиноий жавобгарлик – агар чек бермаслик орқали катта миқдорда солиқ яширилгани аниқланса, бундай ҳолат Жиноят кодексига асосан жиноий иш қўзғатилишига олиб келади.
Жамиятда юзага келадиган ҳар қандай муаммони жамоатчилик назоратисиз самарали ҳал этиш қийин. Айниқса, чек тақдим этмаслик каби ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда фуқароларнинг фаол иштироки алоҳида аҳамият касб этади. Шуни инобатга олган ҳолда, бундай ҳолатлар ҳақида хабар берган фуқароларни моддий рағбатлантириш тизими жорий этилган.
Агар истеъмолчи тадбиркор томонидан чек тақдим этилмагани, онлайн назорат-касса машинаси қўлланилмагани ёки ноқонуний фаолият амалга оширилаётгани ҳақида тегишли давлат органларига хабар берса, тадбиркорга қўлланиладиган жариманинг 20 фоизи миқдоридаги пул мукофоти ушбу истеъмолчини рағбатлантириш мақсадида тўлаб берилади. Бунга, аввало, фаол фуқаролик позициясини шакллантириш, халқимизда харид чекини талаб қилиш маданиятини шакллантиришга қаратилган восита сифатида кўрилмоқда.
Харид чеки, биз ўйлаганимиздек оддий қоғоз парчаси эмас. У истеъмолчининг ҳуқуқий ҳимоясини кафолатлайдиган асосий ҳужжат ҳисобланади. Чек орқали харид факти исботланади, мижоз ўз ҳуқуқини суд ва бошқа органлар олдида ҳимоя қилиш имкониятига эга бўлади.
Улашиш:
Бошқалар
Автомобилда газ баллонларидан фойдаланиш юзасидан тавсиялар
Автомобилларга ўрнатилган газ баллонларининг хавфсиз ва ишончли ишлашини таъминлашда, унинг фойдаланиш муддати асосий мезонларидан бири ҳисобланади.
Жиноят ишларда ярашув амалиётини қўллаш тартиби
Ярашув тўғрисидаги ишлар бўйича суд муҳокамаси жиноят иши судга келган пайтдан эътиборан ўн суткадан кечиктирмай ўтказилади.
“Жасорат мактаблари”га ўқувчилар танлаб олинади
Белгиланган квотага асосан кириш имтиҳонлари натижалари бўйича энг юқори балл тўплаган ўқувчилар ўқишга қабул қилинади.
Никоҳланувчилардан бири носоғлом бўлса, никоҳ тузиладими?
Оила кодексининг 14-моддасига кўра, никоҳ фақат тарафларнинг ўзаро розилиги асосида тузилади.