currencies image

12 837,10 UZS

24,06

usd

currencies image

13 516,18 UZS

58,64

eur

currencies image

124,62 UZS

2,02

ru



АсосийЯнгиликларБолалар омбудсмани: мазкур институт фаолиятининг ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамланди

Болалар омбудсмани: мазкур институт фаолиятининг ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамланди

Суд очерклари

calendar

07.03.2024

eye

3 610

Болалар омбудсмани: мазкур институт фаолиятининг ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамланди

Дунёда Ўзбекистончалик болажон мамлакат бўлмаса керак. Негаки давлатимиз томонидан болаларнинг барча ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланиши баробарида уларнинг ҳар жиҳатдан комил инсон бўлиб вояга етишлари учун бемисл шарт-шароитлар яратилган. Ҳамюртларимиз эса ўз фарзандлари қолиб етти ёт бегона болага ҳам худди жигарбандидек муомала қилишади, иззат-икром кўрсатишади.

Шу йилнинг 29 февраль куни “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши ҳам фаровон келажагимиз эгаларининг камолоти йўлидаги энг муҳим қадамлардан бири бўлди.

Айни қонун 45 та моддадан иборат бўлиб, Ўзбекистон Республикаси ўзнинг “Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция” бўйича мажбуриятларини нечоғлик тўлақонли бажараётганини ифодалайди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (Болалар омбудсмани) мансабдор шахс бўлиб, у давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, шунингдек корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ҳамда мансабдор шахслар томонидан бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан парламент назоратини амалга оширади. Ўз ваколатларини мустақил равишда амалга оширадиган Бола ҳуқуқлари бўйича вакил фақатгина Олий Мажлис палаталарига ҳисобдордир. Яъни давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларига тобе эмас.

Қонуннинг 9-моддасига биноан, Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга ўз ваколатларини монеликсиз ҳамда самарали амалга ошириши учун шарт-шароитлар кафолатланади, унинг ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қиммати муҳофаза қилинади. Вакилнинг шаъни ва қадр-қимматига тажовуз қилиш маъмурий, жиноий ёки бошқа тарздаги жавобгарликка сабаб бўлади. Қолаверса, унга ҳеч бир тарзда таъсир кўрсатишга йўл қўйилмайди.

Шунингдек, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил олдидаги ўз вазифаларини бажармайдиган, унинг ишига тўсқинлик қиладиган, била туриб унга ёлғон ахборот берадиган, вакил фаолиятининг кафолатларини бузадиган мансабдор шахслар қонуний жавобгарликка тортилади.

Қонуннинг 12-моддасида қайд этилишича, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ҳамда мансабдор шахслар томонидан бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилишини ўрганади. Бунда улардан ўз ваколатлари кирадиган масалалар юзасидан статистик, таҳлилий ва бошқа ахборотни ҳамда материалларни сўраб олади. Шунингдек, боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги ҳақидаги хабарлар асосида текшириш ўтказади.

Бундан ташқари, бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилиши юзасидан давлат органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг мансабдор шахсларига огоҳлантиришлар юборади ёки мазкур ҳолатларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш ҳақида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритади. Қолаверса, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлигида бола ҳуқуқлари бузилганлиги аниқланган шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида тегишли органларга илтимосномалар ҳам киритиши мумкин.

Боланинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини судларга ариза ва даъволар киритиш орқали ҳимоя қилади. Аҳоли ўртасида эса бола ҳуқуқларига оид ижтимоий сўровлар ўтказади.

Вакилнинг яна бир ҳуқуқи мавжудки, у болалар ҳақида ғамхўрлик қилиш ва уларни ҳимоя қилиш учун масъул бўлган давлат органларига ҳамда бошқа ташкилотларга, шу жумладан таълим, тарбия, тиббиёт муассасаларига, вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларига, ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларига, тергов ҳибсхоналарига ва тарбия колонияларига монеликсиз кира олади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ҳатто хорижий давлатларда ҳам мамлакатимиз болаларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиши мумкин. Бу ваколатини ўша давлатнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органларига, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларига Ўзбекистон фуқароси бўлган ва хорижий давлат ҳудудида турган боланинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақида ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги халқаро келишувларга ҳамда бошқа шартномаларга мувофиқ сўровлар юбориш, халқаро ташкилотлар билан алоқалар ўрнатиш ва уларнинг аъзолигига кириш, шунингдек хорижий давлатларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари билан ҳамкорлик қилиш, шу жумладан халқаро тадбирларда иштирок этиш орқали амалга оширади.

Шу ўринда юқоридаги қонуннинг 15-моддасига асосан, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ваколат берилган раҳбарларига киритилган тақдимнома ўн беш кундан кечиктирмай кечиктирмай кўриб чиқилишини эсдан чиқармаслик керак. Кўрилган чоралар тўғрисида эса вакил ёзма шаклда хабар қилиниши лозим.

Нодиржон КИМСАНОВ,

жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судининг судьяси

Улашиш:

Бошқалар

26-ноябр 2024, 12:47
2 289

Пробация бўлинмалари ходимларининг ваколатлари кенгайтирилади

Президент томонидан имзоланган Қонун (ЎРҚ-999-сон, 15.11.2024 й.) билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг  айрим моддаларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритилди.


18-ноябр 2024, 05:34
1 958

Юқори барқарорлик рейтингига эга бўлган тадбиркорлик субъектлари рағбатлантирилади

Қонунга кўра, юқори барқарорлик рейтингига эга бўлган тадбиркорлик субъектларига нисбатан солиқлар бўйича (бундан ҚҚС мустасно) ортиқча тўланган суммани қайтариш 3 кунлик муддатда амалга оширилади.


19-ноябр 2024, 12:35
1 955

Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб

Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.


13-ноябр 2024, 12:35
1 780

Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб

Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.