Ўзбекистон
07.10.2023
1 372
Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида жойлашган Ботаника боғини Фанлар академияси тасарруфидан чиқариб пойтахт ҳокимлигига ўтказиш тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Ботаника боғи нима учун ноёб ва бебаҳо? Уни нима сабабдан Фанлар академияси тасарруфида қолдириш керак? Одамлар ушбу боғга келар эканлар қандай нодир объектга қадам босаётганларини биладиларми? Ботаника боғини нима учун Тошкент шаҳар ҳокимлиги тасарруфига ўтказишмоқчи? Қонунчиликка кўра, масала қандай ечим топиши керак? Hudud24.uz масалани ҳуқуқий жиҳатдан ўрганди. Марказий Осиёда энг ноёб Ботаника боғи ўз фаолиятини 1920 йилда бошлаган Ўзбекистондаги энг қадимий ботаника боғларидан бири ва Марказий Осиё минтақасидаги энг катта ботаника боғи ҳисобланади, Тошкент шаҳрининг шимолий-шарқий қисмида жойлашган ва 66 гектар майдонни эгаллайди. Расмий номи – Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўсимлик ва ҳайвонот дунёси генофонди институтининг Ботаника боғи. Ушбу очиқ осмон остидаги табиий лабораториялар мажмуи таркибида жами 9 та илмий лаборатория мавжуд (Камёб ўсимлик турлари кадастри ва мониторинги лабораторияси, Геоботаника ва экология лабораторияси, Микология ва алгология лабораторияси, Молекуляр филогения ва биогеография лабораторияси, Анатомия ва цитоэмбриология лабораторияси, Дарахтлар ва ўтсимон ўсимликлар интродукцияси лабораторияси, Доривор ўсимликлар интродукцияси лабораторияси) Ботаника боғи коллекцияси дарахтлар, буталар, ярим буталар, лианалар, ўтсимон ва сув ўсимликларининг 4500 дан ортиқ турлари, шакллари, хиллари ва навларидан иборат. Боғ ташкил қилинган кундан бошлаб, турли флоралардаги ўсимликларнинг янги тупроқ-иқлим шароитларига иқлимлаштиришнинг дастлабки босқичи (интродукция) ва янги иқлимга кўниктириш (акклиматизация) натижалари умумлаштириладиган илмий-тадқиқот муассасаси сифатида фаолият юритади. Қонунлар билан муҳофаза қилинган боғ “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги Қонунга кўра ўсимлик дунёси умуммиллий бойлик бўлиб, ундан оқилона фойдаланиш лозим ва у давлат томонидан муҳофаза қилинади. Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисидаги Қонунга кўра, илмий фаолиятни самарали йўлга қўйиш учун алоҳида аҳамиятга эга, мамлакатда ягона бўлган, илмий изланишларда фойдаланилаётган, тегишли соҳаларда мукаммал изланишлар олиб бориш имконини берадиган илмий асбоб-ускуналар, нодир тўпламлар ва бошқа камёб объектлар ноёб илмий объект ҳисобланади. Ноёб илмий объектлардан фойдаланиш билан боғлиқ зарур шарт-шароитларни яратиш эса Фанлар академиясининг ваколати ҳисобланади. Ботаника боғи ноёб илмий объект сифатида қонун билан муҳофазаланган, чунки у нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиёда ягона ўзига хос илмий-биологик фонддир. Фанлар академияси билан келишилмаган, ҳуқуқий экспертиза хулосаси ижобий эмас Боғни Тошкент шаҳар ҳокимлиги тасарруфига ўтказиш тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси 4 октябрь куни жамоатчилик учун ёпиқ бўлган PROJECT.GOV.UZ порталига жойланган. Бу ҳақида жамоатчиликка журналист Наталия ШУЛEПИНА биринчи бўлиб жамоатчиликка хабар берди. Журналист ушбу лойиҳа орқали ҳокимлик шаҳарда боғларни кўпайтириш ҳақидаги Президент томонидан қўйилган вазифаларни бажариш учун статистика рақамларини бирданига ва осон кўтариб юбориш мақсади кўзланганини тахмин қилади. “Бу билан пойтахтдаги боғлар умумий майдони бирданига 65 гектарга кўпаяди. Давлат раҳбари қўйган топшириқ бажарилгани ҳақида бемалол маълумот бериш мумкин. Бу тахминлардан бири” дейди журналист Наталия Шулепина. Бироқ жамоатчиликда бошқа тахминлар ҳам бор. Хусусан, Отабек Бакиров истироҳат боғларини ҳокимиятлар қошидаги дирекцияларга ўтказилишини хато қарор деб, бу нафақат Ботаника боғига нисбатан, Ўзбекистондаги барча боғларга нисбатан тааллуқли эканини ёзди. “Ҳеч ким сайламаган, ерсотар ҳокимларга заррача ишонч йўқ. Пул топиш баҳонасида истироҳат боғлари аттракционларга айланиши бошланиши бўлади, холос. Асл мақсад — боғлар ҳудудларини турли йўллар билан сотиб юбориш”. Ўзбекистон Экологик партияси ушбу можаро фонида Ботаника боғига Миллий боғ мақомини бериш орқали унинг нуфузини ва муҳофазасини кучайтириш керак деди. Шунингдек, мазкур масала бўйича партия Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракция номидан Ҳукуматга депутатлик сўрови юборганини маълум қилди. Олий Мажлис Сенатининг Оролбўйини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитасининг муносабатида эса Ботаника боғининг ҳокимликка ўтказилиши “таҳдид” деб баҳоланган. “Боғнинг мақомини ўзгартириш ва тижорат, ўзини-ўзи таъминловчи истироҳат боғини ташкил этиш бу боғнинг алоҳида илмий аҳамиятга эга бўлган узоқ йиллик коллекцияларининг йўқотилишига олиб келади... Боғ ҳудудида ушбу боғларни ташкил этиш мақсадларига мувофиқ бўлмаган ва ўсимлик дунёсининг сақланиб қолишига таҳдид солувчи фаолият тақиқланади”, дейилади муносабатда. Вазиятга боғнинг ҳозирги эгаси – Фанлар академияси ҳам ўз муносабатини билдириб, вазиятга ойдинлик киритди. Муносабатдан англашилишича, ФА лойиҳага рози эмас, яъни лойиҳа камида ушбу ташкилот билан келишилмаган. “Қарор лойиҳаси келиб тушган куннинг ўзидаёқ Фанлар академияси қарор лойиҳаси юзасидан Давлат активларини бошқариш агентлигининг масъул ижрочиси билан боғланди ва Ботаника боғини рўйхатдан чиқариб ташлаш лозимлигини таъкидлади. Шундан сўнг, юқори турувчи органлар оғзаки тарзда хабардор қилинди. Фанлар академиясининг мутахассислари томонидан асоснома тайёрланиб, ўрнатилган тартибга биноан белгиланган муддатдан чиқиб кетмаган ҳолда, project.gov.uz тизими орқали Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасининг 1-иловаси 193-тартиб рақам билан келган “Ботаника боғи”ни рўйхатдан чиқариб ташлаш қатъий талаб қилинди. Фанлар академиясининг эътирозларини инобатга олиб, Давлат активларини бошқариш агентлиги Қарор лойиҳасидан Ботаника боғини чиқариб ташлашига академия умид боғлади”дейилади ташкилот муносабатида. Ташаббус кимдан чиқди? Ўз навбатида, Тошкент шаҳар ҳокимлиги баёнот бериб Ботаника боғи ҳокимлик балансига ўтказилмаслигини маълум қилди. Баёнотда айтилишича, бу таклиф ҳокимликдан чиқмаган, балки Давлат активларини бошқариш агентлигининг ташаббуси бўлган. Мақолани нашрга тайёрлаш пайтида Агентлик матбуот хизмати билан боғланганимизда, масала юзасидан аниқ маълумот берилмади, кейинроқ ўзимиз боғланамиз деган жавоб берилди. Агентлик ҳануз ушбу масала юзасидан жамоатчиликка расмий изоҳ бермади. Қонунчиликка кўра, масала қандай якун топиши керак? Юқоридагилардан маълум бўлишича, лойиҳа томонлар билан келишилмаган, жамоатчилик эътирози ҳам талайгина. Hudud.24.uz га маълум бўлишича, ушбу лойиҳа Адлия вазирлиги томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилганда ҳам ижобий хулоса берилмаган. Қонунчиликка кўра, муҳим иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари, қоида тариқасида, лойиҳани ишлаб чиқувчи ташкилотлар томонидан Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига (regulation.gov.uz) жамоатчилик муҳокамаси ўтказилиши учун жойлаштирилиши лозим. Ушбу лойиҳа ишлаб чиқарувчи томонидан “муҳим иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга” эмас деб ҳисобланган кўринадики, regulation.gov.uz га жойланмаган. Яхшики, у барибир жамоатчилик муҳокамасига ижтимоий тармоқлар орқали сизиб чиқди. Project.gov.uz да лойиҳа келишилмаса, яъни эътирозлар билдирилса, нима бўлади? Норматив ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисидаги қонун ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли Регламентига кўра, лойиҳани келишиш ишлаб чиқарувчи зиммасига юклатилган. Ушбу жараёнда келишмовчиликлар мавжуд бўлган тақдирда ҳужжат лойиҳаси эътирозлар бўйича асослантирилган келишмовчиликлар жадвали билан Ҳукуматга киритилиши мумкин. Бунда Ҳукумат охирги қарорни айтади. Яна бир жиҳат борки, қонунчилик ҳужжатларида белгиланишича, ҳар қандай ишлаб чиқарилаётган лойиҳа фақат қонунчиликка эмас, балки амалга оширилаётган ислоҳотларга ҳам мос бўлиши керак. Бугунги кунда экология ва сувни асраш ислоҳотларнинг муҳим жиҳатларидан бири сифатида белгиланган экан, ушбу лойиҳа нафақат қонунчилик тартибларига, балки ислоҳотларга ҳам зидлиги эътиборга олиниши лозим.
Улашиш:
Бошқалар
Кўп қаватли уйларда иситиш мавсуми қачондан бошланади?
Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги 194-сонли қарори билан тасдиқланган “Кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш қоидалари”га кўра, иситиш даври ташқи ҳавонинг ўртача суткалик ҳарорати 8°Сдан паст бўлган 5 кунлик давр тамом бўлган кундан кейинги кундан бошланиши, 8°Сдан юқори бўлганда эса тамомланиши керак.
Нуқсонли товар алмаштириб бериладими?
Истеъмолчи товарнинг ишлаб чиқарилишига доир камчиликларни аниқлаган тақдирда сотувчи (ишлаб чиқарувчи) уни айни шундай маркали товарга етти кунлик муддатда, товар сифатини сотувчи томонидан қўшимча равишда текшириш зарур бўлганида эса, истеъмолчи талаб қўйган пайтдан эътиборан йигирма кун ичида алмаштириб бериши шарт.
Йўл харакати қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди
Йўналишли транспорт воситалари учун алоҳида ажратилган, тасмаси бор йўлда ҳаракатланиши тақиқланган транспорт воситалари ушбу йўлдан фақат ёндош ҳудудга кириш ёки чиқиш мақсадида ёндош худуднинг кириш ёки чиқиш жойидан 50 метр масофада узуқ-узуқ чизиқли жойгача ёхуд яқин масофадаги узуқ-узуқ чизиқли жойгача ҳаракатланиши мумкин.
Ишончнома тушунчаси, шакли ва уни расмийлаштириш тартиби
Ишончнома — бир шахс (ишонч билдирувчи) томонидан иккинчи шахсга (ишончли вакилга) учинчи шахслар олдида вакиллик қилиш учун берилган ёзма ваколат ишончнома ҳисобланади. Ишончли вакил ўзига ишончнома билан берилган ваколатлар доирасида иш олиб боради.