currencies image

12 780,14 UZS

11,84

usd

currencies image

13 980,20 UZS

19,34

eur

currencies image

133,11 UZS

1,96

ru



АсосийЯнгиликларБуюк Британия суди Facebook орқали одамларни тартибсизликка чорлаган фуқароларни қамоққа ҳукм этди

Буюк Британия суди Facebook орқали одамларни тартибсизликка чорлаган фуқароларни қамоққа ҳукм этди

#NoComment

calendar

22.08.2024

eye

194

Буюк Британия суди Facebook орқали одамларни тартибсизликка чорлаган фуқароларни қамоққа ҳукм этди

Шимоли-ғарбий Англиялик 53 ёшли аёл Facebook да эълон қилган пости учун 15 ойга қамалди. 45 ёшли эркак эса обуначиларини қочоқлар жойлашган меҳмонхонага ўт қўйишга ундагани учун 20 ойга қамоққа ҳукм қилинди. 55 ёшли аёл болалар рақс синфига пичоқ билан ҳужум қилганликда гумон қилинаётган шахснинг исмини нотўғри кўрсатиб пост қўйгани учун сўроқ қилинди.

Буюк Британияда иммиграцияга қарши тартибсизликларда иштирок этган юзлаб одамлар суд қилинмоқда. Айни пайтда бир неча киши интернетдаги чиқишлар орқали тартибсизликларни юзага келтиришда айбланмоқда, бу эса жамоатчиликни сўз эркинлиги чегараларини қайта кўриб чиқишга ундамоқда.

Намойишчилар томонидан уюштирилган ёнғин тутуни. Тартибсизликларга қарши кураш полицияси Англиянинг шимоли-ғарбидаги Саутпорт ислом жамияти масжиди яқинида тартибсизликлардан кейин соқчиликда турибди, 30 июль. Кредит...Роланд Ллойд Перри/Agence France-Presse — Getty Images

«Клавиатура жангчилари»

Шимоли-ғарбий Англиядан бўлган 53 ёшли аёл Facebook да эълон қилган «масжидни ичкарида ибодат қилувчилар билан биргаликда» портлатиш кераклиги ҳақидаги пости учун 15 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. 45 ёшли эркак эса обуначиларини қочоқлар жойлашган меҳмонхонага ўт қўйишга ундагани учун 20 ойга қамалди. 55 ёшли аёл болалар рақс синфига пичоқ билан ҳужум қилганликда гумонланган одамнинг шахсини нотўғри кўрсатиб пост қўйгани учун полиция томонидан сўроқ қилинди.

Бу ва бошқа шахслар Саутпорт шаҳридаги рақс дарсида уч нафар ёш қизга пичоқ билан жароҳат етказганликда гумон қилинаётган шахс ҳибсга олингандан сўнг содир бўлган иммиграцияга қарши тартибсизликларни қўзғатишда, хусусан, ижтимоий тармоқлардан фойдаланиб одамларда асоссиз нафрат ва ирқчилик кайфиятини уйғотишда айбланмоқда. Британиялик судьянинг сўзларига кўра, улар «клавиатура жангчилари».

Ушбу ишлар Британияда сўз эркинлиги чегаралари ҳақидаги сиёсий мунозараларда мисол сифатида келтирила бошлади. Сўз эркинлиги мутлақ қадриятми ё инсон ҳаёти устунроқми деган дилеммани пайдо қилди.

Қонунлар ва қадриятлар зиддияти

Судлар шафқатсиз тартибсизликларнинг юзлаб иштирокчиларига нисбатан қатъий ҳукм чиқарди, шунингдек, ҳукуматни онлайн контентни тартибга солишни кучайтиришга чақирмоқда. Баъзилар ҳокимият бу чақириққа жавоб бериш баҳонасида жуда узоққа бориш хавфи мавжудлигини таъкидламоқда. Танқидчиларнинг сўзларига кўра, судьялар нафақат ўнг қанот исёнчиларни қамоққа ташламоқда, балки сўз эркинлигини янада кенгроқ миқёсда чеклашга чорламоқда.

Энг шов-шувли танқид қачонлардир Тwitter номи билан машҳур бўлган Х тармоғи соҳиби, миллиардер Илон Маск томонидан айтилди. Ўта ўнг гуруҳлар ҳужум ҳақида ёлғон маълумотларни тарқатиш ва ундан кейин содир бўлган шафқатсиз тартибсизликларни авж олдиришда айнан Х платформасидан фойдаланишди. Бу ҳақидаги танқидларга жавоб берар экан Илон Маск ўз навбатида Буюк Британияда фуқаролар уруши барибир содир бўлишини айтиб, бош вазир Кир Стармерга ҳужум қилди.

«Буюк Британия полиция давлатига айланмоқда», деб ёзди жаноб Маск сурункали равишда тўлиб-тошган қамоқхоналарга босимни камайтириш учун ҳукумат томонидан бошланган фавқулодда режани назарда тутиб. Унга кўра айбланувчилар қамоқхоналарда жой бўшамагунча полиция камераларида узоқроқ сақланиши мумкин.

Илон Маскнинг кескин фикрлари америкаликлар ва британияликлар маданиятида сўз эркинлиги ҳамда қонун устуворлиги ҳақидаги қарашларнинг жиддий фарқ қилишини яққол кўрсатади.

«Илон Маск ҳақиқатан ҳам жуда америкача бўлган фалсафий оқимни ифодалайди», – деди Лондондаги British Future тадқиқот институти директори Сандер Катвала. «Менимча, Америка Қўшма Штатлари ва Буюк Британия ўртасида сўз эркинлигига нисбатан қабул қилинган сиёсий қарашларда анча катта фарқ мавжуд».

Унинг сўзларига кўра, Британия маъмурлари одамларни гижгижловчи материал эълон қилганликлари учун фуқароларни жавобгарликка тортиш керак деб ҳисоблашади. Жамоатчилик фикрини ўрганиш учун ўтказилган сўровлар шуни кўрсатдики, аксарият британияликлар «нафрат тили» (hate speech) тарқалишидан хавотирда ва hate speech тарқалиши учун, шунингдек, тез-тез содир бўладиган зўравонлик учун ижтимоий тармоқ платформаларида жавобгарлик бўлиши керак, деб ҳисоблашади. Шу сабабли жаноб Маск сўнгги сўровларга кўра Буюк Британияда номақбул шахс бўлиб қолмоқда.

Ушбу масалалар бўйича икки мамлакат ўртасидаги тафовутлар узоқ тарихга эга. Буюк Британияда сўз эркинлигини муқаддаслаштирадиган Конституцияга биринчи тузатишнинг эквиваленти йўқ, гарчи у сўз эркинлигини кафолатлайдиган қоидани ўз ичига олган Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги Европа конвенцияси аъзоси бўлса ҳам. Британияда туҳмат учун жавобгарлик жиддий, бу тўғрисидаги қонунлар ноширларга ён босмайди, махфийлик тўғрисидаги қонунлар эса янада қатъийроқ.

«Сўз эркинлиги инсонларни зўравонликка ундаса, бу эркинлик эмас, жиноятдир»

Саутпортдаги қотилликлардан сўнг Ливерпул судьяси гумонланувчининг исмини (Аксел Рудакуба) эълон қилиб фавқулодда қадам ташлади. Кўпчилик судьяни айбсизлик презумпциясини бузишда ҳамда ҳали 18 га тўлмаган гумонланувчининг исмини ошкор этишда айблади. Бироқ судьянинг айтишича, у асли Буюк Британияда руандалик насроний оиласида туғилиб ўсган жаноб Рудакубан ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган нотўғри маълумотлар оқимини тўхтатиш учун шундай қилишга мажбур бўлган. Акс ҳолда фамилияси ўхшаш, аммо бегуноҳ бир инсон ҳаётига хавф туғилиши мумкин эди.

Буюк Британия ва Қўшма Штатлар ўртасидаги барча маданий фарқларга қарамай, ҳуқуқшунослар таъкидлашича, ҳеч бўлмаганда, Саутпортдан кейин кучга кирган сўз эркинлиги тамойиллари бир масалада якдил: бегуноҳ одамларнинг жабрланишига олиб келган материалларни тарқатганлар қонун олдида жавоб бериши керак.

«Ҳар икки давлатда умумий ҳуқуқ анъанаси шундан иборатки, сўз эркинлиги инсонларни зўравонликка ундаса, бу энди эркинлик эмас, жиноятдир», – деди Буюк Британия Олий судининг адвокати ва собиқ судьяси Жонатан Сампшн.

Бу тамойил, деди у, рақамли дунёда ҳам, реал дунёда ҳам қўлланилади. «Кимдир минбарда туриб одамларни тартибсизликка ундаши билан Интернет орқали шу ишни қилиши ўртасида фарқ кўрмаяпман», – деди Сампшн.

Аммо у маданий сабабларга кўра Америка судлари Британия судларига қараганда бошқача қарорга келиши мумкинлигини қўшимча қилди. «Буюк Британия судларидаги натижа Қўшма Штатлардагидан фарқ қилиши мумкин, бунда АҚШ судларидаги суд маслаҳатчилари психологиясига кўп нарса боғлиқ» – деди у.

Ўнг танқидчилар тартибсизликлар ҳукуматга сўз эркинлигини янада чеклаш учун дастак бериши мумкин дейишмоқда. Шунингдек, лейбористлар ўтган йили консерваторлар томонидан қабул қилинган Интернетда хавфсизлик тўғрисидаги қонуннинг кучайтирилиши мумкинлигини айтишмоқда. Ушбу қонун болалар ва катталар учун зарарли контентни олиб ташлаш бўйича ижтимоий тармоқ компанияларига янги мажбуриятлар юклади.

Шунингдек, қонун ҳукуматга IT-компанияларининг жаҳон даромадидан 10 фоизигача жарима ундириш, ҳатто уларнинг раҳбарларини қоидабузарлик учун қамоққа олиш ҳуқуқини беради.

«Қонунни буздингизми, жавоб берасиз!»

Танқидчилар август ойи бошида ҳибсга олинган 55 ёшли интернет-инфлюенсер ва уч фарзанднинг онаси Бернадетт Споффорд ҳодисасини алоҳида тилга олмоқдалар. У гаров эвазига озод қилинди ва айбланмади.

Дезинформация ва фейк хабарларни тадқиқ қилувчилар фикрига кўра, афтидан айнан у ҳужум қилган шахс номини нотўғри эълон қилган. Споффорд хоним жиноятчи Буюк Британиядан бошпана сўраган мусулмон бўлиб, исми Али-Ал-Шокати эканлигини тахмин қилувчи пост ёзган. Айнан шу пост суд томонидан биринчи фейк хабар деб топилди. Ўша куни у постни ўчириб ташлади, бироқ унгача пост деярли 1,5 миллион марта кўрилган ва таниқли фитна назариётчилари томонидан кўчириб олиб қайта жойланган эди.

Баъзилар Жули Суини учун белгиланган 15 ойлик қамоқ жазосига эътироз билдиришди. Суини хоним Саутпортдаги тартибсизликларда зарар етказилган масжидни таъмирлаётган одамларнинг суратини кўриб, Facebook да шундай ёзди: «Масжидни ҳимоя қилманг. Масжидни унда ибодат қилаётганлар билан бирга портлатиб юборинг». У одамларга жиддий зарар етказишга чақирганини тан олди. Аёлнинг адвокати Суини хоним оиланинг асосий боқувчиси эканини айтиб, суддан мурувват кўрсатишни сўради. Аммо судья Стивен Эверетт: «Ҳатто сизга ўхшаган одамлар ҳам қамоқда ўтириши керак», – деди.

Буюк Британия бош вазири 9 августдаги чиқишида шундай баёнот берди: «Бу тартибсизликдан кейин биз ижтимоий тармоқларга кенгроқ эътибор қаратишимизга тўғри келади». Шунингдек, у судларни нафақат кўчадаги тартибсизликларда иштирок этганлар, балки тармоқларда ноқонуний хатти-ҳаракатлар қилганлар учун ҳам ҳукм чиқарганини олқишлади.

«Бу ҳаммага эслатма, сиз тарибсизликларда бевосита ёки билвосита иштирок этганингиздан қатъи назар, иштирок этдингизми –  айбдорсиз. Қонунни буздингизми, суд олдида жавоб бероасиз», – деди Буюк Британия бош вазири Кир Стармер.

Шаҳноза Соатова

тайёрлади

Улашиш:

Бошқалар

19-сентябр 2024, 14:21
13 711

Уй-жой учун субсидия олиш тартиби: муҳим 7 саволга жавоб

23 сентябрдан субсидия учун аризалар қабул қилиш бошланади. Ариза берувчи ўзининг даромади етмаса, унинг хоҳишига кўра, даромадлари ҳисоб-китобига яқин қариндошларининг ҳам даромадларини киритиши мумкин.


24-сентябр 2024, 13:17
2 309

Иш вақти ҳақида муҳим 8 саволга жавоб

Ходимга қисқартирилган иш вақти қўлланилганда унинг иш ҳақи камайтирилмайди.


16-сентябр 2024, 13:10
1 491

«Самосуд» учун қандай жавобгарлик бор?

Ҳар бир жамиятда барқарорлик ва ривожланиш тартиб-интизом, ҳуқуқлар ва эркинликларнинг таъминланганлиги, умуман олганда ҳуқуқлиликнинг қарор топгани билан баҳоланади. Азалий қонуният шу.


20-сентябр 2024, 13:18
1 447

Меҳнат шартномаси бўйича нималарни билиш керак? Муҳим қоидалар

Мазмунан меҳнатга оид муносабатларни тартибга соладиган фуқаролик шартномаларини тузиш тақиқланади. Яъни фуқаролик шартномасида меҳнат муносабатларига оид шартлар кўзда тутилмаслиги лозим.