currencies image

12 837,10 UZS

24,06

usd

currencies image

13 516,18 UZS

58,64

eur

currencies image

124,62 UZS

2,02

ru



АсосийЯнгиликларБуюк тарихга эга халқнинг муқаддас байроғи ёки қадри баланд байроғим...

Буюк тарихга эга халқнинг муқаддас байроғи ёки қадри баланд байроғим...

Life Style

calendar

18.11.2024

eye

125

Буюк тарихга эга халқнинг муқаддас байроғи  ёки  қадри баланд байроғим...

Жорий йилда давлатимиз суверенитетининг рамзларидан бири — мустақил Ўзбекистон Республикасининг “Давлат байроғи тўғрисида”ги қонуни қабул қилинганлигига 33 йил тўлди.

Лекин  ўзбек давлатчилиги тарихи узоқ минг йилларга эга бўлганидек, тарихимизда ҳам байроқ тарихи ҳақида  манбалар  мавжудки,бугун  янги Ўзбекистонда яратилаётган  ёш олимлар, ёшлар учун  каттадан катта имкониятлар бу соҳадаги илмий тадқиқотларни талаб этади. Бу ҳақда ҳақли равишда давлатимиз раҳбарининг 100 минглаб қўлёзмалар  ўз тадқиқотчиларини кутаётганлиги ҳақида таъкидлари ҳам ўринлидир.

Жумладан, мен “Давлат ва ҳуқуқ тарихи”, “Сиёсий ва ҳуқуқий таълимотлар тарихи” каби фанлардан  ўқув машғулотлари  ўтганимда давлатларнинг вужудга келиши билан бирга улардаги тамға, туғ, ялов, байроқ каби  давлат  нишони ҳақида гапирар эканман, айнан мазкур давлат тамғаларини олиб юришга ҳақли мансаблар ҳам  вужудга келганини тарихий манбаларда ёшларга айтардим.  Масалан, илк ёзма манба “Авесто”да давлат ва уни бошқараишга оид маълумотлар ҳамда  давлатлар ҳақида маълумотлар келтирилган. “Авесто”да баён қилинган воқеалар асосан, “Арианам Вайжа” ёки Айранём Вайжа ҳам деб ёзилганки, айнан шу мамлакатда, яъни олимлар томонидан “Катта Хоразм” деб аталган давлатда рўй беради. Бу давлат Бақтрия, Марғиёна, Сўғдиёна, Хвайрезм (Хоразм)ни ўз ичига олган. «Авесто» маълумотларига кўра, уруғ-«вис» (айрим қишлоқ жамоаси 185 та катта оила аъзоларидан иборат бўлган (75-90 киши)и қайд этилган.

Шунингдек, қадимги давлат бирлашмаларидан бири бўлмиш Бақтрия (Бахди) “Авесто”нинг “Видевдот” қисми 1-фрагардида “минг туғли - минг байроқли (хазаҳра драфша)” деган таъриф билан тилга олинган. Бундан ташқари “Авесто”да “шамолда ҳилпираган байроқлар  ҳақида яъни “қонли ва кенг яловин баланд кўтарган қўшин”, “ёвнинг туғи”  яъни байроқ, туғ маъносида қўлланилган. Ватанпарварлик тимсоли сифатида байроқ тарихига эътибор берсак, байроқ – ҳамиша халқлар, давлатчилик  тарихини акс эттириб келганининг гувоҳи бўламиз. Масалан, тарихий манбаларда қайд этилишича, дастлаб байроқдан қабилаларни бир-биридан ажратиш, фарқлаб кўрсатувчи белги  қўлланилган. Жумладан, эрамиздан аввалги III-II минг йилликда пайдо бўлиб, кейинчалик улар ҳукмдорлар, лашкарбошиларнинг ҳукмронлигини билдирадиган рамзга айланган.

Вексиллология-байроқлар ва баннерларнинг барча турларини, уларнинг шаклларини, таркибий қисмларини, гералдик ёки махсус рамзий белгиларни, баннерлар ва байроқлардаги гул композицияларини ўрганадиган, уларнинг келиб чиқиши, ижтимоий ва мақсадли функцияларини, тарихий ролини, тимсол белгиларининг еволюцияси ва миграциясини белгилайдиган тарихий фан."

Замонавий байроқларнинг дастлабкиси -ҳарбий белгилар, баъзан рангли ленталар билан безатилган, тепаларида турли хил фигурали устунлар шаклида қилинган. Бундай белгилар қадим замонлардан бери маълум бўлган, уларнинг тасвирлари қадимги Миср ва Оссурия тимсолида топилган. Улар қўмондоннинг ҳам, аскарларнинг ҳам ёрдамчилари қўлида бўлиб, , улар ҳар қандай вақтда белги билан маълум бир бўлинма қаерда жойлашганлигини аниқлай олиб, ўзларининг қаердаликлари ҳақида хабар беришганлар.

Қадим Римда рангли матолар устунлар тепасига ўрнатилган. Бундай белгилар "вехиллум" (лотинча "вехиллум" - баннер) деб номланган, улар замонавий байроқларнинг дастлабки авлоди бўлган. Ва бу сўз байроқлар фанининг номига асос бўлиб - вексиллология байроқ фани-дейилган.

Биринчи мато байроқлари Хитой, Ҳиндистон, қадимги Римда пайдо бўлган. Матодан қилинган битта биринчи байроқни тарихчилар унинг пайдо бўлишининг тахминий санасини милоддан аввалги 1100 йилларда тахмин қилишади.

Фирдавсийнинг “Шоҳнома” асарида темирчи Кованинг байроғи “шоҳ байроқ аталиб, зардан безалгани, гавҳару олмосдан мунчоқ қадалгани, иқбол туғининг бир томони сариқ, кўк, бир ёғи қизил рангда” эканлиги қайд этилган.. Aбу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар ан-Наршахийнинг “Бухоро тарихи” асарида Сомонийлар давлатидаги  ҳокимият рамзи сифатида байроқ  тилга олинаган.

Кейинчалик қадимда қўлланилган туғлар давлат байроқларига, тамғаларда ўз ифодасини  топганини Амир Темур давлатидаги  тамғадаги уч халқа, доирада  кўрамиз. Чунончи асарда “Амр қилдимки, қайси бир амир бирон мамлакатни фатҳ этса, ё ғаним лашкарини енгса, унга уч нарса билан имтиёз берсинлар: фахрли хитоб, туғ ва ноғора топшириб, уни «баҳодир» деб атасинлар; уни давлат ва салтанат шериги (деб) билиб, кенгаш мажлисига киргизсинлар; унга чегара вилояти топширилсин ва ўша ерлик амирлар унга бўйсунсинлар. Агар амирлардан қайси бирови тўрани (хон ўғлини) енгса ёки бирон амирзодага шикаст етказса, ё бирор ўлка хонини мағлуб этса, уни юқоридаги тартибда мукофотласинлар. Чунончи, Дашти қипчоққа, Ўрусхонга қарши уруш учун юборган амирим Ийгу Темур уни енгиб қайтгач, амирни мукофотлаб, унга туман (лашкар), туғ, байроқ ва ноғора бердим. Уни давлатимга шерик билиб, ўзимга маслаҳатчи ва вазир қилдим. Кенгашларимга киритдим ва чегарадаги вилоятлардан бирини унга такдим этиб, у ерлик амирларни унга бўйсундирдим”-деб ёзилган. Тарихий манбаларда берилган маълумотларга кўра, Буюк Амир Темур давлат рамзларига жуда юксак сиёсий аҳамият берган. Амир Темур жанг майдонида бир лашкар омон қолса ҳам, у мамлакат байроғини баланд тутсин, деб фармон берган. Байроқнинг эгилиши мағлубият белгиси деб қабул қилинган.

Амир Темур давлатининг байроғи сингари герби ҳам бўлган. Жумладан, Амир Темур яратган марказлашган давлат ўзининг герби – уч халқа шаклидаги тамғаси билан танилган. Соҳибқироннинг юришларида лашкар олдида унинг туғи – байроғи олиб юрилган.

Амир Темур давлати байроғининг ҳам ранги мовий рангда бўлган.

Яна бир муҳим манба байроқ  тарихига эътибор берсак, байроқ  ёғоч ёки металл дастага, сим ёки қалинроқ қаттиқ тиркамага мустаҳкамланган, бир ёки бир неча рангли, давлат, қўшин, чегара, ҳудудни ажратувчи, давлатни ифодаловчи  белгилар, безаклар тасвири туширилган муайяан ўлчамдаги матода қўлланлган. Шу учун  айрим тарихий манбаларда АЛАМ (араб. — аломат, белги, нишона)  ялов, туғ (байроқ); туғ,  ялов каби номлар билан ҳам тилга олинган. Алихонтўра Соғунийнинг “Тарихи Муҳаммадий” асарида ҳам  туғ,  ялов каби маълумотлар бор. Жумладан, асарда шундай мисралар: “Агар рухсат қилсангиз, олдингизда байроқ кўтариб кирур эдим, - деди. Расулуллоҳ бу ишни маъқул кўриб ... Дарҳол Бурайда бошидаги дасторидин йиртиб, байроқ ясаб, кўтарган ҳолда Мадинага кирдилар”.

Бизнинг тарихий меросимиз бугунги кунда хорижий давлатлар музейида сақланар экан, тарихимизни ифода этган VI-VIII асрларга оид Хоразм кумуш идишидаги қасрни қамал қилаётган қўшин тасвирида турли байроқлар ва туғлар туширилган идишни  Эрмитажда сақланмоқда. Қувонарли томони  байроқлар тасвири сақланган.Тасвирдан англавш мумкинки,  байроқ ҳарбийларга куч ва ғурур бериши учун жанг чоғида баланд кўтарилган ва ғалаба қозонилиши билан  чодирга қадаб қўйилган. Ялов эса ҳилпирамоқ сўзини аглатиши билан бирга қўшинни, ҳудудни белгиси сифатида  калта таёққа мустаҳкамланиб, ўтовлар ва бинолар тепасига осиб қўйилган. Тарихда байроқлар энг кўп қўлланилган соҳа - ҳарбий ҳамда денгиз кемаларига хос қўлланлиган. Кема қайси давлатга  мансублигини англатган. Байроқ ёрдамида дўст-душмандан ажратилганган. Байроқ тарихдан  муқаддас ҳисобланган, уни йўқотиш, ёки ўғирланса, қўшинга руҳий таъсир этган ҳамда бу душманга қўл келгани боис ҳам, Амир Темур  байроқни фақат баҳодирларга ишонгани “Темур тузуклари”да қайд этилган.  Амир Темур 1370 й. Балх ҳокими амир Ҳусайнга қарши қўшин тортиб бораётганда, Термиз яқинидаги Биё қишлоғида маккалик шарифлардан Саййид Барака унга олий ҳокимият, салтанат рамзи катта ноғора — табл ва ялов — байроқ тортиқ қилади. Барокхон 1423— 27 й. ларда Улуғ Муҳаммад устидан ғалаба қилиб, Оқ Ўрдада ҳокимият тепасига келгач, Улуғбек унга қимматбаҳо совғалар, шунингдек, Ноғора ва байроқ ва юборганлиги маълум. Ҳарбий ҳаракатлар чоғида Ноғора ва байроқ олий бош қўмондоннинг баланд ерга ўрнатилган ҳиргоҳи олдидан жой олган, жангчиларни руҳлантирувчи куйларни тинмай ижро этиб турган. Ноғора ва байроқдан эшитилувчи мусиқа овозининг тиниши муайян даражада мағлубиятдан дарак берган. Саройларда Ноғора ва байроқ дарвоза устидаги хонага жойлашган.

 Мирзо Улуғбек ҳам Чингизхоннинг оқ туғи ҳақида  маълумот қолдирган.. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг дунёга машҳур “Бобурнома” асарида туғлар билан боғлиқ қизиқарли маълумотларни албатта ёшлар ўқиши лозим. Демак, тарихий манбаларда келтирилган  туғ ҳам  муқаддас ҳисобланиб, халқнинг ҳамда қўшининг ҳимоячиси сифатидаги аҳамиятини кўрсатади. Туғлар ҳарбий бўлинмаларда ҳам қўлланилиб, ҳар қайси ҳарбий қисмнинг махсус тамғалари билан ифодаланган. ТУҒ —қадимдан Шарқ мамлакатларида ҳукмдорлик, вазирлик, беклик ва  белгиси бўлиб, у ҳўкиз ёки от думидан ясалган. Туғ мозийда Осиёнинг бир қанча давлатларида (Хитой, Ҳиндистонқўтос ҳамда тибет ҳўкизи думидан ясалган бўлса, турклар уни, асосан, отдан тайёрлаганлар. «Туғ» атамаси илк марта бир уйғур хоқони шаънига битилган Шинеусу (8-а. ўртаси) ёдномасида кўзга ташланади. 1202 й. Чингизхон Ўнан (Онон) дарёси бўйида 8 туғни тиккан ҳолда салтанат ташкил топганлигини эълон қилади. Ислом дини қабул қилингандан кейин ҳам туркий давлатларда Туғ қўлланишда давом этди. Чингизхон салтанатида, Салжуқийлар, Мамлуклар, Қорахонийлар, Усмонийларда бўлгани каби, Туғ Темурийларда ҳам мавжуд эди. Туман беги «баҳодир» фахрий унвони қатори Туғ довул ҳамда тумантуғ ва чортуғлар билан шарафланган.

Усмонийлар салтанатида санжақбейлар битта, бейларбейлар 2 та, вазирлар 3 та, шайхулисломлар 2 та, қози аскарлар битта, яничери бошликдари битта, подшохлар эса 6 та Туғга эга бўлганлар. Подшоҳ Т. лари туғи шоҳий ёки туғи ҳумоюн деб юритилган. Ҳарбий сафарлар чоғида Туғларни кўтариб юрувчи шахслар туғчи атамаси билан ифодаланган;

Шунга кўра қуйидаги лавозимлар вужудга келган: туғлуқ- “туғ эгаси”, тўқсоба – “ўз туғига эга бўлган ҳарбий қисм бошлиғи” лавозимлари жорий этилган. Шу боис ҳам туғлар ҳокимият рамзи сифатида хизмат қилган. Бўри бошли туғлар бўрини ўз тотеми – илк аждоди деб ҳисоблаган кўплаб туркий давлатлар ва халқлар томонидан қўланилган. Жумладан. олтиндан ясалган бўри калласи тамғаси туркларнинг байроғида ўз аксини топган. Маҳмуд Қошғарийнинг маълумот беришича, Қорахоний ҳукмдорлар “тўққиз туғлиқ хон” ёки хоқон унвони билан улуғланган. Анъанавий қадимги туғлар узун таёққа маҳкамланган от думи ёки бир тутам от ёлидан иборат бўлган. Кейинчалик туғларга қўшимча равишда турли ҳажмдаги мато парчалари, тасмалар илинган. Бу туғлар ҳам баҳодирлар қўлида халқни, қўшинни эргаштирса, иккинчи томондан душман тарафга ғулғула, ваҳима солган. Туғга илинган мато эса ҳаво билан тўлганда осмондан учиб бораётган аждарнинг тасвирини берган.

Кейинчалик хонликлар даврида ҳам байроқлар янада ўз тасвирига эга бўлтб, Қўқон, Хива, Бухоро хонлигини ажратиб турган. Мантиқий тарихий ривожида Хожа Самандар Термизийнинг “Дастур ул-мулук” асарида ҳам мазкур даврга хос байроқ билан тегишли маълумотлар келтирилган. Низомулмулкнинг “Сиёсатномаси”да ҳам давлат  тамғаларининг аҳамияти баён этилган. Демак, янги Ўзбекистон ёшлари баёроғимизнинг тарихий-маънавий-ҳуқуқий асосларини тадқиқ ва таҳлил этишлари бугунги кун учун ўта муҳим деб ҳисоблар эканман, давлат байроғининг муқаддаслиги  ҳақида гапирганда, муқаддас сўзига эътибор бермоқ керак, яъни бу сўз қайси қандай  маънода ишлатилишига ҳам аҳамият беришни доиз деб хисобладим.  Муқаддас замин, муқаддас, она, аёл, ватан,  муқаддас-оила, муқаддас нон, каби  улуғлар эканмиз, байроқ ҳам  шундай бебаҳо ва муқаддасдир. , унда миллат, давлат, халқнинг,  юртнинг орзу-умиди,  манфаати ифода  этганини  мазкур Қонунда кўриш мумкин. Жумладан, Қонуннинг 2 — 3-моддаларида байроғимиз Ўзбекистон Республикаси давлат суверенитетининг рамзи эканлиги, халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикасининг тимсоли бўлиши белгилаб қўйилди. Бунга Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1991 йил 18 ноябрдаги навбатдан ташқари VII сессиясида тасдиқланган қонунга кўра, давлат байроғи – мамлакат давлат суверенитетининг рамзи ҳисобланиб, у ер юзининг шу сарҳадларида мустақил Ўзбекистон давлати борлигини англатади ва ўзида миллий-маданий анъаналаримизни мужассамлаштиради.

Зеро, бу кун халқимизнинг фахру-ғурурига айланган, қаддини баланд кўтарган спортчиларимизнинг ғалабаларида халқаро майдон узра қулоч очган байроғимиз ҳар қачонгидан ҳам янада қадрлироқ бўлди,десак айни ҳақиқат бўлади. Чунки давлат байроғи ва ундаги ҳар бир белги, ранг, жило  бугунги Ўзбекистон ҳудудида қадимда мавжуд бўлган тарихий жараёнларни, давлатларни мантиқан  боғлиқлигини ўзида мужассам этган ҳамда  миллий-маданий анъаналаримизни ҳам ифода этган ранглар билан ажралиб туради.

Конституяцимизнинг 5-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси қонун билан тасдиқланадиган ўз давлат рамзлари — байроғи, герби ва мадҳиясига эга.  Шунингдек, байроғимиз ўзида бутун Ўзбекистон халқининг асрий орзу-истаклари, ғайрати ва шижоатини, халқимизга хос меҳмондўстликни мужассам этган.

Жумладан, байроқдаги мовий ранг — унинг остида барча миллатлар турли хил хавф-хатарлардан холи, эмин-эркин ҳолда аҳил-иноқ яшаб келаётган мусаффо осмонимиз ҳамда оби ҳаёт рамзидир. Байроқдаги оқ ранг — давлатимиз фуқароларининг ўзаро ҳамжиҳатликда, бир-бирини ҳурмат қилиб, диний бағрикенглик тамойиллари асосида тинч-тотув яшаётганининг тимсоли. Яшил ранг эса табиатнинг янгиланиши ҳамда она-юртимизнинг бепоён еру серҳосил далаларининг рамзидир.Мана бугун “Яшил макон” лойиҳаси ҳам байроқдаги рангларнинг амалий ифодаси бўлса, қизил ҳошия юқоридаги манбаларда қайд этилган давлатимизнинг ҳимояси учун тўкилган қон, истоқлол орзусини ифода этади. Ярим ой ва 12 юлдуз эса, “Илму Нужум”ни акс эттирадики, ўқувчи ёшларимиз унинг моҳиятини албатта  ўқаб ўрганишади, деган умиддаман.

Давлат байроғи тасвири туширилган белгилардан Ўзбекистон Республикасига тегишлиликни белгилаш мақсадида предметларда,

ўқув-тарбия жараёнида (мавзуни тушунтириш, болаларга керакли тушунчаларни ҳосил ва шу кабилар), шунингдек Ўзбекистон Республикаси давлат мукофотларининг элементи сифатида фойдаланилиши мумкин.

Шунинг учун давлат байроғини ўрнатиш қай тартиби мавжуд бўлиб, унга кўра  давлат байроғи:

биноларнинг асосий кириш жойида ёки бунинг учун мақбул бўлган бошқа жойда;

тегишли тутқичи бўлган дастада;

флагштокда байроқнинг дастаси бинонинг олд томони билан кўпи билан 45 градусли бурчак ҳосил қиладиган тарзда ўрнатилади.

Ўрнатилган Давлат байроғининг матоси ер сатҳидан камида 2,5 метр баландликда бўлиши керак.

Давлат рамзи бўлмиш Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари, шунингдек Ўзбекистонда чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам Давлат байроғини ҳурмат қилишлари шарт. Шу боис ҳам қонунда давлат байроғи элементлари ва белгиларини нодавлат ташкилотлари ҳужжатларининг реквизитлари ёки реклама материалларига киритиш;

ишлаб чиқарилаётган ёки реализация қилинаётган товарлар, ишлар ёки хизматларни ўтказиш учун тижорат мақсадларида фойдаланиш мумкин эмас.

Нодавлат нотижорат ташкилотларининг рамзлари Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғига ўхшаш бўлиши мумкин эмас.

Давлат рамзларимизга бўлган эътибор ва ҳурмат нуқтаи назаридан 2010 йилнинг 24 декабрида “Ўзбекистон Республикасининг давлат рамзлари ҳақидаги айрим қонун ҳужжатларига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни имзоланди. Зеро, давр ўтиши билан қонунлар ҳам даврга моқ такомиллашиб бориши лозимлигини биламиз. Шу боис, ушбу Қонунга биноан, “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида”ги қонунлар ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қатор ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилди. Уларга асосан, “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонуннинг 4-моддаси тўртинчи қисмидаги “Янги ой ва юлдузларнинг” деган сўзлар “Оқ рангли янги ой ва ўн иккита оқ рангли беш қиррали юлдузларнинг” деган сўзлар билан алмаштирилган. Бу эса байроғимиз тасвири ҳақидаги ранглар мазмунини  аниқлаштирди. Энди энг асосийси, бугун давлат байроғимиз Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонуннинг 5-моддасида қайд этилганидек, давлат байроғи тасвири туширилган белгилардан Ўзбекистон Республикасига тегишлиликни белгилаш мақсадида предметлар, ўқув-тарбия жараёни, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси давлат мукофотларининг элементи сифатида фойдаланилиши мумкин. Шу боис ҳам, бугун миллий байроғимиз давлат идора ҳамда муассасалари, ўқув юртлари, Ўзбекистон аъзо бўлган халқаро ташкилотлар, чет эллардаги элчихона ва доимий ваколатхоналаримиз пештоқида ҳилпираб турибди. Қонуннинг 13-моддасига мувофиқ, фуқароларимиз, шунингдек, Ўзбекистонда турган бошқа шахслар давлатимиз байроғини ҳурмат қилишлари шарт ва унга беҳурматлик учун жазо муқаррар.

Байроғимиз давлат идора ва ташкилотлари, таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар — қўйингки, барча сарҳадларида ҳилпираб турибди. Қуролли кучларимиз сафига чақирилган, ҳарбий таълим муассасаларини тамомлаган ёшларимиз Давлатимиз байроғи пойида Ватанни кўз қорачиғидай асраш, уни ўз шаъни ва номусидай муносиб ҳимоя қилишга қасамёд қилади. Бугун турли байрам тантаналари, мамлакатимиз аъзолари қатнашаётган халқаро миқёсдаги сиёсий, маданий-маърифий тадбирлар, нуфузли спорт мусобақаларида ҳам байроғимиз Ватанимизнинг шаъни, халқимизнинг ғурурини ёрқин акс эттирмоқда. Масалан, ўзбекистонлик спортчилар ўзининг юксак спорт салоҳиятини бутун дунёга намойиш этган ҳолда нуфузли халқаро мусобақаларда юксак ғалабаларга эришиб 2024 йилда Парижда бўлиб ўтган Олимпия ўйинларида спортчиларимиз эришган тарихий натижалар давлат байроғимиз қаддини юксакларга кўтаргани диққатга сазовордир. Париж Олимпиадаси Ўзбекистон делегацияси учун омадли келди. Биринчидан, Ўзбекистон делегацияси биринчи бор ўз тарихидаги энг катта таркиб билан мусобақаларда иўтирок этиб, Ўзбекистон U-23 жамоаси Осиё чемпионатида финалга йўл олиб мамлакат тарихида илк бор Олимпиада йўлланмасини қўлга киритди.

Ўзбекистон ушбу Олимпиадада 13 та медалга эга чиқди. 8 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза медалини қўлга киритган Олимпиячилар умумжамоа ҳисобида 13-ўринни қайд этди. Ушбу натижа ҳам Олимпиадалар тарихидаги энг яхшиси ҳисобланади. Ҳозиргача ўзбек аёллари ҳеч қачон Олимпиада олтин медалини қўлга киритмаган эди. Диёра Келдиёрова бу нохуш анъанани йўққа чиқарди ва энг кучли спортчиларни мағлуб этиб, диёр учун олтин медални тақдим этган биринчи аёл спортчига айланди. Светлана Осипованинг таэквондо бўйича мусобақадаги кумуш медали эса ўзбек аёл спортчиларининг Олимпиадалар тарихидаги энг яхши натижасини қайд этиб, давлат байроғини кўтарилишига ҳисса қўшишди.

 Олимпия ўийнларида,  ҳаяжонли лаҳзаларда— она ютимиздан узоқ-узоқларда, чексиз уммонлар ортида Ватаннинг энг улуғ қўшиғини янгратган , кўксимизни тоғдек кўтарган давлат байроғимизнинг ҳилпирагани, мустақиллигимизнинг 33 йиллиги арафасида  Ўзбекистон байроғини қўлида кўтариб чиққан  спортчилар халқимизни тўлқинлантиргани кўз ўнгимда. Фахр туйғуси жўш урган пайтда ўзга элларда юртимиз байроғини баланд кўтарган музаффар спортчиларни номма-ном тилга олгинг келади.

Спортчиларимиз шарафига юртимиз байроғи баланд кўтарилгани унутилмас лаҳзаларни бахш этган онлардир. Қашқадарёда Ўзбекистондаги энг баланд чўққи — «Ҳазрати Султон»га юртимиз байроғи ўрнатилди. «Ҳазрати Султон» чўққисининг баландлиги 4643 метрни ташкил этади. 2021 йилнинг 13 январь куни Фарғона шаҳрида Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 30 йиллиги муносабати билан байрам тадбири ўтказилган. Унда рекорд даражадаги — 1 минг 100 квадрат метр бўлган байроқ ҳарбий аскарлар кўмагида кенг ёйилган.

 Мана, 33 йилдирки, у халқаро майдонда мамлакатимизнинг куч-қудрати, мустақиллигимизнинг жаҳонаро ифодаси, халқимиз ғурури ва ифтихори тимсоли бўлиб хизмат қилмоқда. Ўзбекистондаги энг баланд давлат байроқлари шунингдек, Тошкент шаҳрида 65 метр, Тошкент вилоятида 50 метр, Андижонда 64 метр, Бухорода 65 метр, Навоийда 62,5 метр, Наманганда 35-метр, Самарқандда 60 метр ва Ургутда 62 метр, Қашқадарёнинг Қарши шаҳрида 35 метр, Деҳқонобод туманида 40 метр баландликда ўрнатилган. Урганчда ўрнатилган Ўзбекистон байроғи 15-ўринни эгаллаган. Унинг флагштоги баландлиги 66 метрни ташкил қилади.

Рейтингда Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида ўрнатилган байроқ етакчилик қилмоқда. У 170 метр баландликда ҳилпираб туради. Етакчи учликдан Душанбедаги (165 метр) ва Бокудаги (162 метр) байроқлар ўрин олган. Таъкидлаш жоиз, Гиннесс рекордлар китобига кўра, энг катта ўлчамга эга миллий байроқ БААнинг Шаржа шаҳрида ўрнатилган. Унинг ўлчами 70 метрга 35 метрни ташкил қилади. Байроқ 123 метрлик флагштокда ўрнатилган. Жиддадаги байроқ эса 2-ўринни эгаллаб, унинг узунлиги 50 метрни, эни 33 метрни ташкил қилади. 

Бугина эмас, дунё мамлакатларидаги элчихоналаримиз бинолари, қатор халқаро ташкилотлар қароргоҳларида ҳам байроғимиз Ўзбекистон рамзи бўлиб турибди. Чет элларда юрганимизда ўша ерда ҳилпираб турган байроғимизга кўзимиз тушиши билан юрагимизда чексиз фахр уйғонади, руҳимиз кўтарилади. Байроғимиз тимсолида дунёнинг ҳар қайси нуқтасида ҳам Ўзбекистон деган ҳимоячимиз, суянчиғимиз борлигини ҳис қиламиз.

Куни –кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши саммитидаги нутқини тинглаб кузатар эканмиз, мазкур минбарда ҳам Ўзбекистон байроғининг ҳилпираб туриши: тенглар ичра тенглигимиз тимсолидир.

Давлат рамзлари муқаддас: уларни ҳурмат қилиш бурчимиз эканлигини эслатар эканман, шунинг қаторида Давлат байроғининг тасвири туширилган белгилардан қуйидаги:
биринчидан,  нодавлат ташкилотлари ҳужжатларининг реквизитлари ёки реклама материалларида шунингдек,  ишлаб чиқарилаётган ёки реализасия қилинаётган товарларни (ишларни, хизматларн) ўтказиш учун тижорат мақсадида фойдаланиш мумкин эмаслини  айтишим ҳам қарз, ҳам фарз деб биламан.
Шунингдек,  нодавлат нотижорат ташкилотларининг рамзлари Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғига ўхшаш бўлиши мумкин эмас.

Давлат байроғи тўғрисидаги Қонунчилик ижросини таъминлаш давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари зиммасига юклатилган.
Давлат рамзлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузиш фуқароларга БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 3 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Дарҳақиқат, давлат рамзлари ҳамиша муқаддас ва улуғ саналади. Ана шундай миллатимиз, давлатимиз рамзи байроқ қабул қилинган кун — 33 йиллик байрам халқимизга ярашади. Чунки у халқнинг,Ватаннинг ёрқин тимсоли бўлиб. Тенглар ичра тенг халқаро майдонда ҳилпираётган шараф-шонимиздир. Қувонарли томони вилоятларда, Тошкент шаҳрида, шаҳар ва туман марказларида осмонўпар баландликдаги байроғимизнинг ҳалпираб турганининг ўзи ёшларимизда ватанпарварлик руҳини оширса, самолётдаги фуқароларга байроқ ҳаяжон ва қувонч бахш этиши байроғимизнинг баландлиги юртимизнинг обрў-нуфузи юксаклигидан далолатдир.

                        Фируза Мухитдинова,
ТДЮУ профессори

Улашиш:

Бошқалар

26-ноябр 2024, 12:47
2 289

Пробация бўлинмалари ходимларининг ваколатлари кенгайтирилади

Президент томонидан имзоланган Қонун (ЎРҚ-999-сон, 15.11.2024 й.) билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг  айрим моддаларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритилди.


18-ноябр 2024, 05:34
1 958

Юқори барқарорлик рейтингига эга бўлган тадбиркорлик субъектлари рағбатлантирилади

Қонунга кўра, юқори барқарорлик рейтингига эга бўлган тадбиркорлик субъектларига нисбатан солиқлар бўйича (бундан ҚҚС мустасно) ортиқча тўланган суммани қайтариш 3 кунлик муддатда амалга оширилади.


19-ноябр 2024, 12:35
1 954

Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб

Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.


13-ноябр 2024, 12:35
1 779

Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб

Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.