Life Style
21.09.2026
287

Ўзбекистон Фанлар академияси Зоология институти ва Андижон давлат университети мутахассислари Россиянинг Томск давлат университети олимлари билан ҳамкорликда Сирдарёнинг йирик ирмоқлари – Чирчиқ ва Қорадарёда яшовчи балиқларни тадқиқ этди.
Тадқиқот натижалари ташвишланарли: текширилган 61 та балиқнинг 60,7 фоизи ошқозон-ичак йўлида микропластик заррачаларга эга бўлган. Ҳар бир балиқ организмида ўртача 2,61 та заррача, оғирлик жиҳатидан эса тахминан 11,5 микрограмм пластик қайд этилди.
Бир қарашда рақамлар катта эмасдек туюлиши мумкин. Аммо улар ортида жиддий экологик муаммо турибди: дарёдаги ҳар икки балиқдан бири цивилизациянинг кўринмас чиқиндиси – микропластикни ташиб юрибди.
Одатда, пластик ифлосланиш ҳақида гап кетганда, кўз олдимизга полиэтилен пакет ёки пластик идиш келади. Аммо Сирдарё ҳавзасидаги ҳолат бошқача: Қорадарёда аниқланган микропластикларнинг 89,7 фоизи, Чирчиқдаги заррачаларнинг эса 93 фоизи соч толасидан ҳам ингичка микротолалардан иборат. Бу тасодифий ҳолат эмас. Ўзбекистон жаҳоннинг пахтачилик ва тўқимачилик марказларидан бири ҳисобланади. Газлама ишлаб чиқариш ва синтетик кийимларни ювиш жараёнида миллионлаб микроскопик толалар ажралиб чиқади. Оқава сувларни тозалаш иншоотлари эса уларнинг барчасини ушлаб қола олмайди. Натижада бу толалар дарёларга етиб боради.
Олимлар балиқ тури ёки озиқ занжиридаги ўрни билан микропластик миқдори ўртасида аниқ боғлиқлик топмаган. Йиртқич балиқ ҳам, ўтхўр балиқ ҳам пластик заррачаларни ютиши мумкин. Катта балиқ кўпроқ сув ва озуқа истеъмол қилгани учун кўпроқ микропластик тўплайди.
Микропластикнинг таъсири икки йўналишда намоён бўлади:
Механик таъсир – ошқозон-ичак йўлининг шиллиқ пардасига зарар етказиши, ҳазм жараёнини бузиши, иштаҳани пасайтириши ва ўсишни секинлаштириши мумкин.
Кимёвий таъсир – айрим полимерлар ва қўшимча моддалар заҳарли ёки канцероген хусусиятга эга бўлиши мумкин.
Чикаго университети олимлари 1900 йилдан буён сақланаётган икки миллиондан ортиқ балиқ намунасини таҳлил қилиб, 1950-йилларгача микропластик деярли учрамаганини аниқлаган. Кейинги даврда эса унинг миқдори пластик ишлаб чиқариш ҳажми билан бирга ошиб борган. Демак, Сирдарёдаги ҳолат бутун дунёда кечаётган глобал экологик муаммонинг маҳаллий кўринишидир.
Россия Фанлар академияси олимлари микропластикнинг инсон организмига озиқ-овқат орқали ўтиши репродуктив тизим ва саратон хавфини ошириши мумкинлигини таъкидлаган. Илмий маълумотларга кўра, микропластик заррачалар инсон қони, ўпкаси, бачадон йўлдоши ва ҳатто мия тўқималарида ҳам аниқланган.
Ҳар бир истеъмолчи эҳтиёт чораларини кўриши лозим:
Балиқни тозалаш – ичак-чавоғидан тозалаб истеъмол қилиш.
Майда балиқдан сақланиш – бутунлигича ейиладиган майда балиқ ва моллюскалар хавфлироқ.
Манбаси номаълум маҳсулотларни истеъмол қилманг.
Бироқ асосий ечим давлат ва жамият миқёсидаги чораларга боғлиқ:
тўқимачилик корхоналарида микротолаларни ушлаб қолувчи замонавий фильтрларни жорий этиш;
оқава сувларни тозалаш тизимларини янгилаш;
бир марталик пластик маҳсулотлардан фойдаланишни камайтириш;
сув ҳавзаларининг экологик ҳолатини мунтазам назорат қилиш.
Ирода МАҲМУДОВА,
ЎзМУ талабаси
Улашиш:
Бошқалар
Қуёш панеллари ўрнатган фуқаролар август ойи учун қанча субсидия олади?
Ўтган ойда субсидиянинг энг катта қисми Бухоро вилояти ҳиссасига тўғри келган.
Шахсий расмларни интернетда тарқатганлик учун қандай жавобгарлик бор?
Оддий расм ҳам шахсга доир маълумот бўлиши мумкин
Тошкентда автобус ва метрода йўл ҳақини 2,5 минг сўмгача ошириш таклиф қилинмоқда
Узоқ муддатли тарифларда чегирмалар ҳам назарда тутилган.
Солиқ мажбуриятини қандай тартибда ва қайси муддатларда бажариш керак?
Солиқ кодексининг 86-моддаси солиқ мажбуриятини бажариш тартиби ва муддатларини белгилайди.