currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларДавлат ҳисобидан юридик ёрдам: фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашнинг муҳим кафолати

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам: фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашнинг муҳим кафолати

Содда талқин

calendar

25.03.2026

eye

35

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам: фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашнинг муҳим кафолати

Ҳуқуқий демократик давлат барпо этишда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш муҳим аҳамият касб этади. Бунда шахснинг ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун малакали юридик ёрдам олиш имконияти алоҳида ўрин тутади. Шу сабабли қонунчиликда фуқароларга нафақат юридик ёрдам олиш ҳуқуқи, балки айрим ҳолларда ушбу ёрдамни давлат ҳисобидан олиш имконияти ҳам кафолатланган.

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам деганда нима тушунилади?

2023 йил 16 июнда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги ЎРҚ-848-сон Қонуни қабул қилинган. Мазкур Қонуннинг 3-моддасига асосан “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги Қонунда белгиланган тартиб-таомиллар ва шартларга мувофиқ тўлиқ ёки қисман давлат ҳисобидан кўрсатиладиган, жисмоний шахсларнинг ҳуқуқларини, эркинликларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган малакали юридик ёрдам давлат ҳисобидан юридик ёрдам деб ҳисобланади. Яъни давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш бу шахснинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун адвокат ёки бошқа малакали юридик мутахассис хизматларининг давлат маблағлари ҳисобидан таъминланишидир.

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кимлар томонидан кўрсатилади?

Қонунга мувофиқ давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар реестри шакллантирилади. Мазкур реестр давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида шартнома тузган адвокатлар ҳақидаги маълумотлар базаси ҳисобланади. Ушбу реестрга киритилган адвокатларгина давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатади.

Кимлар давлат ҳисобидан юридик ёрдам хизматидан фойдаланади?

“Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги Қонунининг 9-моддасида давлат ҳисобида юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахслар рўйхати берилган. Унга кўра:

1) кам таъминланган шахслар, агар улар фуқаролик ишлари бўйича даъвогарлар ёки жавобгарлар, маъмурий ишлар бўйича аризачилар, маъмурий қамоқ тарзидаги маъмурий жазо назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган шахслар ва жиноят ишлари бўйича гумон қилинувчилар, айбланувчилар, судланувчилар, шунингдек маҳкумлар бўлса;

2) руҳий ҳолати бузилган жисмоний шахслар, уларга “Психиатрия ёрдами тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ психиатрия ёрдами кўрсатилаётганда;

3) ўз ҳуқуқлари бузилган, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида назарда тутилган хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги бузилганлиги муносабати билан судга мурожаат қилган жисмоний шахслар;

4) Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига мувофиқ жиноят иши бўйича адвокат иштирок этиши шарт бўлган тақдирда, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчилар давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахслар ҳисобланади.

Қандай йўналишларда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилади?

“Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги Қонунининг 11-моддаси талабларидан келиб чиқиб давлат ҳисобидан юридик ёрдам қонунчиликда белгиланган айрим тоифадаги жисмоний шахсларга фуқаролик ва маъмурий ишлар бўйича кўрсатилади. Жумладан, бундай ёрдам ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш, ишга тиклаш, иш ҳақини ундириш, алимент ундириш, уй-жойга киритиш ёки кўчириш, меҳнатда майиб бўлиш ёки боқувчининг вафоти туфайли етказилган зарарни қоплаш, шунингдек тергов ва суд органларининг ноқонуний ҳаракатлари оқибатида етказилган зарарни ундириш билан боғлиқ ишлар юзасидан тақдим этилади. Шунингдек, маъмурий қамоқ жазоси назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган кам таъминланган шахсларга ҳам давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилади. Руҳий ҳолати бузилган шахсларга психиатрия ёрдами кўрсатилаётганда, жумладан ташхис қўйиш, даволаш, реабилитация, тиббий мажбурлов чораларини қўллаш ҳамда суд-психиатрия экспертизаси ўтказишда ҳам бундай ёрдам берилади. Бундан ташқари, хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги бузилиши билан боғлиқ ишларни судларда кўришда, давлат фуқаролик хизмати, сайлов ҳуқуқлари, иқтисодий фаолият, меҳнат муносабатлари, ижтимоий ҳимоя, оилавий муносабатлар, таълим ва соғлиқни сақлаш каби соҳаларда ҳам давлат ҳисобидан юридик ёрдам тақдим этилади. Агар шахс гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи бўлса, бундай ёрдам Жиноят-процессуал кодексида белгиланган тартибда, кам таъминланган маҳкумларга эса қонунчиликда назарда тутилган тартибда кўрсатилади.

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тизими фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутади. Ушбу тизим орқали моддий имконияти чекланган шахслар ҳам малакали юридик ёрдам олиш имкониятига эга бўлади. Келгусида бепул юридик ёрдам тизимини янада ривожлантириш, фуқароларнинг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш ва юридик хизматлар сифатини яхшилаш орқали жамиятда қонун устуворлигини мустаҳкамлаш мумкин. Бундай ёрдам фуқароларнинг ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш, суд жараёнларида тенгликни таъминлаш ҳамда адолатли судловни қарор топтиришга хизмат қилади.

Зулайхо Носирова,

“Адолат” МҲАМ масъул ходими

Улашиш: