currencies image

12 947,20 UZS

26,76

usd

currencies image

14 222,50 UZS

30,04

eur

currencies image

153,38 UZS

0,14

ru



АсосийЯнгиликларДавлат хизматчилари байрамларда совға олиши мумкинми? Муҳим 5 саволга жавоб

Давлат хизматчилари байрамларда совға олиши мумкинми? Муҳим 5 саволга жавоб

Ҳуқуқ

calendar

13.01.2024

eye

1 063

Давлат хизматчилари байрамларда совға олиши мумкинми? Муҳим 5 саволга жавоб

Аксарият учун байрам ва бошқа тадбирларнинг завқли жиҳатларидан бири совға бериш ва олиш бўлса керак. Оила аъзолари, дўсти ва яқинлар, ҳамкасблар бир-бирига, ташкилотлар ходимларига совғалар улашади. Аммо айрим ҳолатларда совғалар коррупциявий жиноятларни ниқоблаш учун восита ҳам бўлиб қолиши мумкин, айниқса, у мансабдор кишилар, жумладан, давлат хизматчиларига берилган бўлса. Шу боис, давлат хизматчиларига совға бериш билан боғлиқ махсус қоидалар белгиланган.

Совға деганда айнан нимани тушуниш керак? Давлат хизматчилари жисмоний ва юридик шахслардан совға олиши мумкинми? Совға ҳамкасблари томонидан берилса-чи? “Конверт”да берилган совға пора ҳисобланмайдими? Берилган совға носоз ёки сифатсиз бўлса, совға олган одам сотувчидан товарни алмаштириб бериш ёки тузатишни талаб қилиши мумкинми?

Hudud24.uz ушбу саволларга жавоб беради.​

1. Совға деганда айнан нимани тушуниш керак?

Совға турли кўриниш ва шаклда бўлиши мумкин. Масалан, моддий, номоддий, қандайдир ҳуқуқни бериш ёки мажбуриятдан озод қилиш ва бошқа.

Давлат хизматчиларига совға беришда қатор коррупциявий хатарлар бўлганлиги учун “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонунда совғага аниқ таъриф берилган. Жумладан, қонунга кўра давлат фуқаролик хизматчисига бепул берилган, моддий қимматга эга бўлган мол-мулк ёки унга беғараз кўрсатилган хизмат совға ҳисобланади.

Ушбу совға, хизматлар унинг оила аъзоларига кўрсатилган тақдирда ҳам давлат хизматчисига берилган совға ҳисобланади.

2. Давлат хизматчилари жисмоний ва юридик шахслардан совға олиши мумкинми?

Давлат хизматчиси ўз хизмат ваколатларини жисмоний ва юридик шахслар манфаатларини кўзлаб бажариш ёки бажармаслик эвазига улардан ҳар қандай совғалар олиши тақиқланган.

Аммо давлат хизматчиси томонидан алоҳида хизматлари учун давлат органининг тегишли қарори билан олинган совғалар, шунингдек, мусобақалар ва танловларда эришган ютуқлари, давлат байрамлари, нишонланадиган саналар ҳамда бошқа расмий тадбирлар муносабати билан мукофотлаш натижасида олинган совғаларга нисбатан ушбу тақиқ қўлланилмайди.

Шунингдек, давлат фуқаролик хизматчилари хизмат сафарлари вақтида, шунингдек халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан совғалар олиши мумкин. Фақат совғалар қуйидаги талабларига жавоб бериши керак:

• совға уни берувчи томонидан аниқ бир халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан ихтиёрий тақдим этилган бўлиши;

• давлат хизматчиси томонидан очиқ ва ошкора қабул қилиниши;

• давлат органининг обрўсига путур етказмаслиги;

• манфаатлар тўқнашуви ёки коррупциявий хавф-хатарларнинг келиб чиқишига сабаб бўлмаслиги.

Давлат хизматчиси томонидан олинган совғалар у ишлайдиган ташкилотнинг Совғалар реестрида рўйхатга олинади.

Совғанинг нархи базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 баравари, яъни 1,3 млн сўмдан ошмаса, совға давлат хизматчисида қолдирилади. Қолган ҳолатларда эса давлат органининг балансига ўтказилади.

3. Совға ҳамкасблари томонидан берилса-чи?

Аксарият ташкилотларда ходимлар бир-бирига Ватан ҳимоячилари куни, Хотин-қизлар куни, туғилган кун, юбилей, лавозимга тайинланиш, лавозимнинг ошиши ва бошқа сабаблар билан совғалар улашиш одат тусига кирган.

Бу ҳолат ташкилотларда одатий ва табиий ҳолат бўлиб, ихтиёрий амалга оширилади. Шунга қарамай, қонунчиликда ҳамкасбларнинг бир-бирига совға бериш муносабатлари ягона қоидалар белгиланмаган. Аммо айрим давлат органлари ўз ташкилоти доирасида совға олиш ва бериш сиёсатини белгилаган. Хусусан, совға берилиши мумкин бўлган ҳолатлар ва совғанинг миқдори, уни бериш тартиби (масалан, икки ва ундан ортиқ киши иштирокида) ва шу сингари бошқа масалалар тартибга солинган.

4. “Конверт”да берилган совға пора ҳисобланмайдими?

Юқорида айтилгандек, ҳамкасбларнинг бир-бирига совға бериш муносабатлари, шу жумладан, совғанинг шакли ягона қоидалар билан тартибга солинмаган. Шу боис, конвертда пул беришга нисбатан қонунчиликда ҳеч қандай тақиқ йўқ, агарда ташкилот совға сиёсатида бошқа қоидалар ўрнатилган бўлмаса.

Аммо шуни ҳам эътибордан қочирмаслик керакки, давлат хизматчисига у ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, совға берган шахснинг манфаатларини кўзлаб қандайдир ҳаракатни бажариши (масалан, лавозимни ошириш, “премия” ёзиш, бошқа ишга ўтказиш) учун совға берса, бу пора деб ҳисобланади ва жавобгарликка сабаб бўлади.

5. Берилган совға носоз ёки сифатсиз бўлса, совға олган одам сотувчидан товарни алмаштириб бериш ёки тузатишни талаб қилиши мумкинми?

Айтайлик, кишига унинг ҳамкасблари ўзаро пул йиғиб, компьютер совға қилди. Аммо орадан ҳеч қанча вақт ўтмай компьютер ишламай қолди. Шунда совға олган одам компьютерни алмаштириб бериш, пулни қайтариш ёки тузатиб беришни сотувчидан талаб қила оладими? Ахир совға қилинган товарни у сотиб олмаган.

Маълумки, товарни сотиб олганда олди-сотди шартномаси тузилган ҳисобланади, гарчи оғзаки шаклда келишилган бўлса-да. Келишув сотувчи сифатли товарни бериши, сотиб олувчи эса пул тўлаш мажбуриятини ўз ичига олади.

Фуқаролик кодексига кўра, сотиб олувчига сифатсиз товар сотилганида, агар унинг камчиликлари олдиндан айтилмаган бўлса, сотиб олувчи қуйидагиларни талаб қилиши мумкин:

• худди шу маркадаги (моделдаги, артикулдаги) сифати тегишли даражада бўлган товарга алмаштириш;

• харид нархини тегишинча қайта ҳисоблаган ҳолда бошқа маркадаги (моделдаги, артикулдаги) сифати тегишли даражада бўлган товарга алмаштириш;

• товарнинг камчиликларини текинга бартараф этишни ёки сотиб олувчи ёхуд учинчи шахс томонидан товарнинг камчиликларини бартараф этиш учун қилинган харажатлар қопланиш;

• харид нархини мутаносиб равишда камайтириш;

• кўрилган зарар ўрнини қоплаган ҳолда шартнома бекор қилиш.

Товар бошқага совға қилинганда, сотиб олувчининг бу ҳуқуқлари совға олган кишига ўтадими? 

Бировга совға бериш ҳуқуқий жиҳатдан ҳадя ҳисобланади. Ҳадянинг мазмуни шундан иборатки, ҳадя қилувчи ҳадя олувчига бирор бир мол-мулкни мулк ҳуқуқи билан беради. Яъни совға олган одам ушбу совғани сотиб олган киши қандай ҳуқуқларга эга бўлган бўлса, шу ҳуқуқларни ўзига олади. 

Шунга кўра, берилган совға носоз ёки сифатсиз бўлса, совға олган одам сотувчидан товарни алмаштириб бериш ёки тузатишни талаб қилиши мумкин.

Hudud24.uz сайти колумнисти
Муроджон Нажмиддинов

Улашиш:

Бошқалар

14-март 2025, 11:38
1 587

Мурожаатчи билиши лозим бўлган 5 та муҳим факт

Қонунчилигимизда мурожаатчининг мурожаати юзасидан хавфсизлигининг кафолатлари белгиланган бўлиб, мурожаатчини таъқиб этиш ман этилади.


17-март 2025, 13:00
1 408

Ҳомиладор ва уч ёшга тўлмаган фарзанди бор аёллар меҳнат ҳуқуқларини таъминлашинг ўзига хос жиҳатлари

БМТ маълумотларига кўра, ўртача меҳнат бозорида аёллар ҳали ҳам глобал миқёсда эркакларникига қараганда 23 фоизга кам даромад олишади. Бунда, хотин-қизларнинг таълим олишга бўлган ҳуқуқининг таъминланмаганлиги асосий сабаб сифатида кўрсатилади.


21-март 2025, 06:23
1 221

Давлат хизматчилари байрамларда совға олиши мумкинми? Муҳим 5 саволга жавоб

Аксарият учун байрам ва бошқа тадбирларнинг завқли жиҳатларидан бири совға бериш ва олиш бўлса керак.


17-март 2025, 11:17
1 181

Хотин қизларга таълим олишда яратилган имтиёзлар

Ўзбекистон 2024 йилда гендер тенглик ва бошқарув индекси бўйича 72,8 балл тўплаган ҳолда, 2022 йил қайд этилган 103-ўриндан 52-ўринга кўтарилганини кўрсатиш мумкин.

Мавзуга доир янгиликлар: