currencies image

12 724,84 UZS

15,11

usd

currencies image

14 223,83 UZS

32,80

eur

currencies image

137,11 UZS

2,03

ru



АсосийЯнгиликларДавлат хизматчиси асосий ишидан ташқари пул тўланадиган фаолият билан шуғуллана оладими? Ҳуқуқий таҳлил

Давлат хизматчиси асосий ишидан ташқари пул тўланадиган фаолият билан шуғуллана оладими? Ҳуқуқий таҳлил

Ҳуқуқ

calendar

29.07.2024

eye

346

Давлат хизматчиси асосий ишидан ташқари пул тўланадиган фаолият билан шуғуллана оладими? Ҳуқуқий таҳлил

Маълумки, давлат хизматчилари тадбиркорлик билан шуғуллана олмайди. Аммо аммо ҳақ тўланадиган бошқа ишлар биланчи? Масалан, рекламага суратга тушиш? Ушбу мақолада Hudud24.uz сайти колумнисти Муроджон Нажмиддинов мазкур масалага меҳнат, реклама, интеллектуал мулк, давлат фуқаролик хизматига оид қонунчилик ҳамда давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидаларига асосан жавоб беради.

Реклама қонунчилиги: давлат хизматчиси рекламада тушиши, умуман, реклама билан боғлиқ муносабатларга киришиши мумкинми?

Сўз бошида, таъкидлаш лозимки, «Реклама тўғрисида»ги қонунда давлат хизматчиси рекламада тушиши, умуман, реклама билан боғлиқ муносабатларга киришишига оид аниқ ва қатъий тақиқ йўқ.

Шунга қарамай, қонун давлат хизматчисига рекламага тушишни тақиқламаса, реклама берувчига улардан фойдаланишни тақиқлайди. Хусусан, «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 16-моддасига асосан рекламада товар (ёки хизмат) давлат хизматчиси томонидан маъқулланганлигини кўрсатиш тақиқланади.

Масалан, товар рекламасида Озодбек Назарбеков иштирок этган ҳолатда ҳам Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси тегишли тартибда иш қўзғатиб, корхона юқорида келтирилган реклама талабларига бузган деб топган. Қўмитага кўра, ушбу корхонага нисбатан белгиланган тартибда молиявий жарима қўллаш ҳақида қарор қабул қилинди ва қонунбузилиши ҳолатини бартараф этиш ва келгусида такрорламаслик юзасидан кўрсатма берилган.

Давлат фуқаролик хизматига оид қонунчилик: асосий ишидан ташқари бошқа фаолият билан шуғуллана оладими?

«Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонунда давлат фуқаролик хизматини ўташ билан боғлиқ айрим чекловлар белгиланган. Жумладан, қонуннинг 13-моддасига кўра, давлат фуқаролик хизматчиси тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга ҳақли эмас.

Хўш, тадбиркорлик фаолияти деганда айнан нимани тушунишимиз керак? «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунга асосан тадбиркорлик фаолияти деганда тадбиркорлик субъектлари томонидан қонунчиликка мувофиқ амалга ошириладиган, ўзи таваккал қилиб ва ўз мулкий жавобгарлиги остида даромад (фойда) олишга қаратилган ташаббускорлик фаолияти тушунилади.

Тадбиркорлик субъектлари эса давлат рўйхатидан ўтган ҳамда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган юридик ва жисмоний шахслар ҳисобланади. Қонунга кўра, давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари тадбиркорлик субъекти бўлиши мумкин эмас.

Шунга қарамай, айтиш керакки, реклама ролиги иштирок этиш тадбиркорлик фаолияти эмас. Хўш, бунга қонунан қандай баҳо бериш мумкин?

«Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонун давлат хизматчисига педагогик, илмий ва ижодий фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа фаолият билан шуғулланишни тақиқлайди.

Реклама ролигигида иштирок этиш буларнинг қай бирига киради? Шубҳасиз, педагогик ва илмий фаолият эмас. Бизда биргина вариант – ижодий фаолият қолмоқда.

«Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги қонунга асосан фан, адабиёт ва санъат асарлари ижодий фаолият натижаси ҳисобланади. Бунда уларнинг қандай мақсадда яратилганлигини умуман аҳамияти йўқ – маънавий руҳий эҳтиёжни қондириш ёки шунчаки пул топиш.

Реклама ролиги, ўз навбатида, аудиовизуал асар сифатида муаллифлик ҳуқуқи объекти саналади.

Бундан келиб чиқадики, реклама ролигида тушиш – ижодий фаолият ва давлат хизматчисига бу орқали пул топиш тақиқланмаган. Қонун бўйича шундай, аммо масаланинг яна бир нозик жиҳати бор – ҳамма реклама роликлари ҳам бадиий қийматга эга бўлмаслиги мумкин. Айтайлик, сюжет, диалоглар оддий «кўча гаплари», ижро ҳам ҳаминқадар, қисқача айтганда, реклама ролиги муаллифлик ҳуқуқи объекти эмас.

Бу ҳолатда давлат хизматчиси рекламага тушиши мумкин эмасми? Жавоб – рекламага тушиши мумкин, агарда бунинг учун давлат хизматчисига пул тўланмаса. Яъни агар давлат хизматчиси рекламага тушса ва бунинг учун пул олмаса ҳеч қандай тақиқ йўқ.

Истиснолар борми?

Сўз якунида таъкидлаш керакки, қонун давлат хизматчиси педагогик, илмий ва ижодий фаолиятдан ташқари бошқа ишдан пул топишини тақиқласада, айрим истиснолар бор.

Биринчиданқонун ва Президент қарорлари билан давлат хизматчиси шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари белгиланиши мумкин.

Иккинчидан, қонунга асосан давлат хизматчиси шуғулланиши мумкин бўлмаган ҳақ тўланадиган фаолият турлари рўйхати коррупцияга қарши курашиш ва давлат фуқаролик хизмати бўйича махсус ваколатли давлат органлари томонидан белгиланади.

Яъни рўйхатга киритилмаган исталган фаолият билан шуғулланиш мумкин. Аммо ҳозирча бундай рўйхатнинг ўзи йўқ.

Қонун жиҳатидан тўғри, аммо касбий маданиятга зид

Давлат хизматчиси пул олмаслик шарти билан исталган товар (хизмат)нинг рекламасида иштирок этаверадими? Юқорида таҳлил қилингандек, қонун бунга йўл қўяди. Аммо қонуний жиҳатдан тўғри бўлганлиги билан бу ерда яна бир нозик масала – давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидаларини инобатга олиш керак.

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 октябрдаги 595-сон қарори билан тасдиқланган Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидаларида ходимнинг хулқ-атворига нисбатан талаблар белгиланган.

Масалан, давлат хизматчилари иш давомида ва ишдан ташқари вақтида давлат хизматининг обрўсига путур етказиши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан тийилиш, ахлоқ нормаларига доимий риоя қилиши шарт.

Давлат хизматчиси ўзининг хатти-ҳаракати ва ахлоқи туфайли жамоатчиликнинг танқидига учрамаслик чораларини кўриши, танқид учун таъқибга йўл қўймаслиги лозим.

Шунингдек, ўзи фаолият юритган давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда давлат хизматига доғ туширувчи хатти-ҳаракатлардан тийилиши шарт.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, одоб-ахлоқ қоидалари ҳар бир давлат органининг ўзи томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади. Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши устидан назорат давлат органлари ва ташкилотларининг инсон ресурсларини бошқариш бўлинмалари ёки Одоб-ахлоқ комиссиялари, шунингдек махсус ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.

Давлат хизматчилари томонидан Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этмаганлик ҳолати уларга нисбатан ахлоқий ва интизомий таъсир чораларини қўллаш учун асос бўлиши мумкин.

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини назорат қилувчи таркибий бўлинма ташкилот раҳбарининг хатти-ҳаракатига баҳо беришда қай даражада холисликни таъминлай олади – буниси алоҳида масала.

Товар ва хизматлар рекламасига доир асосий талаблар билан ушбу ҳавола орқали танишинг.

Улашиш:

Бошқалар

19-сентябр 2024, 14:21
4 453

Уй-жой учун субсидия олиш тартиби: муҳим 7 саволга жавоб

23 сентябрдан субсидия учун аризалар қабул қилиш бошланади. Ариза берувчи ўзининг даромади етмаса, унинг хоҳишига кўра, даромадлари ҳисоб-китобига яқин қариндошларининг ҳам даромадларини киритиши мумкин.


11-сентябр 2024, 11:32
2 976

“Xotin-qizlar.uz” платформаси доирасида хотин-қизлар муаммоларни ҳал этиш тизими йўлга қўйилади

2024 йил октябрь ойидан бошлаб “Xotin-qizlar.uz” платформаси доирасида Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва тизимли ҳал этиш модули ишга туширилиб, муаммоларни ўрганиш модули орқали аниқланган муаммолар тегишлилиги бўйича “маҳалла - туман - вилоят - республика” даражасида ҳал этилиши тизими йўлга қўйилади.


21-август 2024, 12:46
1 469

Ўзбекистонда ресторан ва кафеларга ўзларига туташ майдонларда ёзги террасага рухсат берилади

ҚҚС тўлашга ўтган ресторан ва кафеларга фойда солиғи 2 карра камаяди. 1 декабрдан бу корхоналар нақд пулга сотиб олган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кирим қилишда ҳеч қандай ҳужжат талаб қилинмайди.


24-август 2024, 11:07
1 449

Президент Мустақиллик байрами муносабати билан қатор соҳа вакилларини мукофотлади

"Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз уч йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, адабиёт, маданият, санъат соҳалари ва оммавий ахборот воситалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги Президент фармони эълон қилинди.