currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликлар“Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳисобидан ходимларни мақсадли стажировкага юбориш тартиби қандай? 7 муҳим саволга жавоб

“Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳисобидан ходимларни мақсадли стажировкага юбориш тартиби қандай? 7 муҳим саволга жавоб

#NoComment

calendar

01.12.2025

eye

53

“Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳисобидан ходимларни мақсадли стажировкага юбориш тартиби қандай? 7 муҳим саволга жавоб

 

1. Қайси ташкилотларда ишлайдиган ходимлар мақсадли стажировкага юборилиши мумкин?

2025 йил 26 ноябрда қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг 743-сон қарорига асосан, “Истиқболли мутахассисларнинг “Эл-юрт умиди” жамғармаси маблағлари ҳисобидан мақсадли стажировкасини ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланган. Мазкур низомга асосан, қуйидагилар буюртмачи ташкилот сифатида ўз ходимларини мақсадли стажировкага юбориш учун тавсия этиши мумкин:

— вазирлик;

— идора;

— иқтисодиёт тармоқларининг стратегик корхоналари;

— етакчи олий таълим муассасалари;

— тадқиқот ва таҳлилий марказлар;

Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар.

2. Стажировкага ходимларни юбориш қай тартибда ташкил этилади?

 

Юқорида келтирилган буюртмачи ташкилотлар ҳар йили 10 ноябргача кадрлар тайёрлашга бўлган эҳтиёжлар тўғрисида лавозим ва йўналишлар кесимида, танланган номзодларнинг стажировкасини ташкил қилиш мумкин бўлган хорижий ташкилотлар ва стажировка муддати бўйича асослантирилган маълумотларни Бошқарув самарадорлиги агентлиги (Агентлик) га тақдим этади.

Агентлик эса, юқоридаги маълумотларни умумлаштирган ҳолатда хорижий мамлакатлар кесимидаги квоталарини белгилаш учун асослантирилган таклифларни 10 декабргача “Эл-юрт умиди” жамғармасига тақдим этади.

“Эл-юрт умиди” жамғармаси Бошқарув кенгаши ҳар йили 15 январгача тармоқ йўналишлари бўйича стажировка дастурининг хорижий мамлакатлар кесимидаги квоталарини тасдиқлайди.

Буюртмачи ташкилотлар 1 февралгача мақсадли стажировкага юбориладиган номзодлар рўйхатини шакллантириб, расмий хат асосида Агентликка тақдим этади.

3. Номзодлар рўйхатини шакллантиришда нималарга аҳамият берилади?

 

Буюртмачи ташкилотлар, биринчи навбатда, Миллий кадрлар захираси таркибига киритилган номзодларни рўйхатга киритиши лозим.

Шунингдек, номзодлар рўйхатини шакллантиришда қуйидагилар инобатга олинади:

— стажировка дастурига мос мутахассислиги бўйича камида 3 йиллик иш тажрибаси, шу жумладан охирги 12 ой давомида ушбу соҳада ишлаган бўлиши;

— давлат тилини билиши;

— стажировка ўташ режалаштирилган хорижий ташкилотнинг шартсиз таклифномаси мавжудлиги (буюртмачи томонидан тавсия этилган номзодлар учун).

4. Кимлар мақсадли стажировкада иштирок эта олмайди?

Қуйидагилар мақсадли стажировкада иштирок эта олмайди:

— 25 ёшдан кичик бўлганлар;

— аввал айни ёки турдош йўналиш бўйича хорижда мақсадли стажировка ўтаб, узлуксиз ишлаб бериш мажбурияти муддати тугамаганлар;

— коррупцияга оид жиноятларни содир этишда суд томонидан айбдор деб топилган шахслар;

— оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этганлик учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки олиб ташланмаган шахслар.

5. Номзодларни саралаш тартиби қандай?

Саралаш тартиби қуйидагича:

тест синовлари;

номзодлар билан суҳбат.

Тест синовлари интеллект даражаси (IQ-тест), психологик барқарорлик, давлат тилини билиш, рақамли технологиялар ҳамда сиёсий-ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар соҳасидаги билим даражасини аниқлаш юзасидан онлайн режимида ташкил этилади.

Бунда 71 фоиз ва ундан юқори кўрсаткичга эга номзодлар суҳбатга чақирилади.

Суҳбат натижалари 100 баллик тизимда баҳоланади. Унда қуйидаги компетенциялар баҳоланади:

давлат сиёсатини тушуниш ва таҳлил қилиш, сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий соҳалари бўйича билими;

стажировка ўташда зарур бўладиган хорижий тилни билиш даражаси;

стратегик фикрлаш ва қарор қабул қилиш қобилияти;

эмоционал барқарорлик ва стрессга чидамлилик;

лидерлик қобилиятлари ва жамоа билан ишлаш салоҳияти;

ижтимоий фаоллик, ташаббускорлик ва масъулият ҳисси.

Суҳбатдан энг юқори балл тўплаган номзодлар баллар рейтинги асосида тасдиқланадиган квота доирасида мақсадли стажировкага тавсия этилади.

6. Мақсадли стажировка доирасида қандай харажатлар қопланади?

 

Мақсадли стажировка ўташ бўйича хорижий ташкилотга тўланадиган стажировка учун тўлов;

виза харажатлари;

мақсадли стажировка даврида тиббий суғурталаш харажатлари;

барча турдаги транспорт воситалари билан стажировкадан ўтиш жойигача бўлган йўлкира харажатлари (иккала томонга, кўпи билан бир марта);

мақсадли стажировка дастури билан боғлиқ турар-жой, кунлик харажатлар.

7. Мақсадли стажировкадан қайтгач ходимларга қандай мажбуриятлар юклатилади?

 

“Эл-юрт умиди” жамғармаси Бошқарув кенгаши қарорига асосан ғолиб деб топилган мутахассислар, “Эл-юрт умиди” жамғармаси, Агентлик,
буюртмачи ташкилот ва молиявий (қўшимча) кафил ўртасида
шартнома тузилади.

Мутахассисларнинг хорижда мақсадли стажировкани ўташи, яшаш ва юриш-туриш тартиб-қоидалари ҳамда томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ушбу шартномада белгилаб қўйилади.

Шунингдек, мақсадли стажировкани ўтаган мутахассисларга тўлиқ бандлик режимида 2 йил буюртмачи ташкилотда узлуксиз ишлаб бериш мажбурияти юкланади.

 

Наргиза Шарипова,
"Адолат" МҲАМ ходими

Улашиш: