currencies image

12 692,42 UZS

100,85

usd

currencies image

14 511,24 UZS

34,54

eur

currencies image

158,44 UZS

4,62

ru



АсосийЯнгиликларЕр қаъридан фойдаланишда оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берганлар рағбатлантирилади

Ер қаъридан фойдаланишда оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берганлар рағбатлантирилади

Ҳуқуқ

calendar

30.07.2025

eye

74

Ер қаъридан фойдаланишда оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берганлар рағбатлантирилади

Вазирлар Маҳкамасининг “Ер қаъридан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган жисмоний шахсларни пул мукофоти билан рағбатлантириш тартиби тўғрисида”ги низоми тасдиқланди.

Ҳужжат “Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги Тоғ-кон саноати ва геология соҳасида назорат қилиш инспекцияси фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-187-сонли қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган.

Ер қаъридан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган жисмоний шахсларни пул мукофоти билан рағбатлантириш тартиби қуйидаги тартибда аниқланади:

ер қаъридан фойдаланиш соҳасида ҳуқуқбузарликларни аниқлаш;

ер қаъридан фойдаланишда видеотехника воситалари орқали қайд этилган ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш;

ер қаъридан фойдаланиш соҳасида ҳуқуқбузарликлар қайд этилган видеоёзувларни юборган шахсларни рағбатлантириш тартиби.

2025 йил 1 августдан бошлаб Геомониторинг ахборот тизими орқали ер қаъридан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳолатлари қайд этилган фото ва видео материаллар кўриб чиқилади ҳамда уларни тақдим этган шахсларга пул мукофоти тўланади.

 Бунда видеотехника воситаларидан фойдаланган ҳолда қайд этилган жиноят ҳақидаги фото ва видео материалларда қуйидагилар аниқ акс эттирилиши лозим:

- содир этилган ҳуқуқбузарлик;

- ҳуқуқбузарлик содир этган шахс тўғрисидаги маълумотлар (мавжуд бўлганда);

- манзили, санаси ва вақти.

Ҳуқуқбузарликлар акс эттирилган фото ва видео материалларга ҳар қандай тарзда ўзгартиришлар киритиш тақиқланади. Ўзгартириш киритилган фото ва видео материаллар кўриб чиқилмайди, ҳажмини қисқартириш мақсадида видеоёзувнинг бевосита ҳуқуқбузарлик акс эттирилган қисмини кесиб олиш бундан мустасно (қоида тариқасида, видеоёзувнинг давомийлиги 120 сониядан ошмаслиги лозим).

 15 иш куни ичида материаллар масъул инспектор томонидан кўриб чиқилиши, қоидабузарлик ҳолатлари бўйича ўрганишлар ўтказилиши, фото ва видеоматериаллар қоидабузарнинг шахсини аниқлаш учун ИИВга юборилиши лозим.

 Ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги фото ва видео материалларни юборган шахсларга қуйидагилар тўланади:

- кенг очиқ майдонда фойдали қазилмаларни ноқонуний қазиб олганлик ёки ташиганлик учун - ҳуқуқбузардан ундирилган маблағлардан БҲМнинг 1 баравари миқдорида;

- фойдали қазилмаларни (шу жумладан чучук, минерал, термал ва саноат ер ости сувларини) қазиб олиш, минерал хомашёни қайта ишлаш соҳасидаги бошқа ҳуқуқбузарликлар учун  ҳуқуқбузардан ундирилган жарима суммасининг 5 фоизи.

Рағбатлантириш:

ҳуқуқбузарлик бўйича биринчи хабар берган шахсга нисбатан қўлланади;

ҳуқуқбузарлик тегишли органлар томонидан бевосита аниқлангандан сўнг келиб тушган хабарлар бўйича амалга оширилмайди;

жарима ундирилган пайтдан эътиборан ўн беш кун муддатда унинг тегишли органлар ҳисобида қолдириладиган қисмидан амалга оширилади.

Рағбатлантириш ҳуқуқбузардан жарима ундирилгандан сўнг фуқаронинг уяли телефон рақами ҳисобига ёки банк пластик картасига тегишлилиги бўйича жарималар ҳисобидан автоматик тарзда пул ўтказиш йўли билан амалга оширилади.

Улашиш: