Life Style
27.05.2026
27

Баъзан қарз олиб, қайтариб бермаслик оқибатида яқин қариндошлар ва қадрдон дўстлар ўртасида низо келиб чиқади. Қарз бериб пулини қайтариб ололмаган юртдошларимиз судларга мурожаат қилишга мажбур бўлади. Аммо судга мурожаат қилиш учун қўлида юридик ҳужжат бўлиши кераклигини кўпчилик фуқароларимиз ҳалигача тушуниб етмаганлиги ачинарли ҳолдир.
Масалан, Ботиржон бир неча йилдан буён борди-келди қиладиган қадрдон дўстига машина олиш учун йиққан катта миқдордаги пулини қўли билан бериб, оёқдан қолгунча югуриб ҳам қайтариб ололмагач, фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судига мурожаат қилишга мажбур бўлди. Афсуски, қўлида ҳеч қандай ҳужжати бўлмагач, суд идорасидан умидсиз қайтди. Қарз бераётганда дўстидан на бир тилхат, на бир ҳужжат талаб қилмаганига минг пушаймон бўлди. Қарз олган «дўст» эса бошқа юртга кўчиб кетганидан кеч хабар топган Ботиржоннинг ҳамма дарди ичида... Аммо «Сўнгги пушаймон — ўзингга душман» дейди халқимиз. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Хўш, қарз беришнинг, қарз олишнинг қонуний асослари борми? Албатта. Қарз шартномаси айнан ана шу муносабатларни тартибга соладиган ҳужжат.
Фуқаролик кодексининг 733-моддасида қарз шартномасининг шакли кўрсатилган бўлиб, фуқаролар ўртасида қарз шартномаси, агар бу қарзнинг миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг ўн бараваридан ортиқ бўлса, оддий ёзма шаклда тузилиши, шартномадаги тарафлардан бири юридик шахс бўлганида эса, суммасидан қатъи назар, ёзма шаклда тузилиши шартлиги белгилаб қўйилган.
Амалда қарз шартномаси қарз олувчи томонидан қарз берувчига тилхат бериш орқали расмийлаштирилади. Бу қоида ҳам фақат фуқароларга нисбатан қўлланади. Чунки юридик шахснинг раҳбари ёки бош ҳисобчиси ва вакил сифатида бирор ходими юридик шахснинг муайян суммадаги пулни қарзга олганлиги хусусида тилхат бериш ҳуқуқига эга бўлолмайди. Қарз тилхати қарз олувчининг имзоси билан тасдиқланади ва процессуал жиҳатдан далилга тенглаштирилади.
Қарз шартномасининг нотариал тасдиқланиши тарафларнинг хоҳишига боғлиқ. У аксарият ҳолларда қарз берувчининг талаби билан нотариал тасдиқланади.
Юқоридагилардан кўриниб турибдики, биров билан олди-берди қилганда албатта қарз шартномасини тузиш шарт. Бу билан ўртада низо келиб чиққанда ҳақ-ҳуқуқингиз поймол қилинмаслиги кафолатланади.
Улуғбек Уролов,
"Адолат" МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Транспорт воситалари қандай ҳолларда жарима майдончасига олиб кирилади?
Жарима майдончаси — ҳайдовчиларни жазолаш эмас, балки йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чора ҳисобланади.
Иш вақтини ҳисобга олиш нима ва унинг қандай турлари мавжуд?
Меҳнат муносабатларида иш вақтини тўғри ҳисобга олиш муҳим аҳамиятга эга.
Ойлик иш ҳақи нима учун икки қисмга бўлинади?
Агар иш берувчи иш ҳақини ўз вақтида тўламаса, у ҳолда у ходим олдида моддий жавобгарликка тортилади.
Автомобилда газ баллонларидан фойдаланиш юзасидан тавсиялар
Мамлакатимизда мавжуд автотранспорт воситаларининг бугунги кундаги сонини бундан 10 йил аввалги сони билан таққосланганда, бир неча маротабага кўпайган.