currencies image

12 724,84 UZS

15,11

usd

currencies image

14 223,83 UZS

32,80

eur

currencies image

137,11 UZS

2,03

ru



АсосийЯнгиликларҒурбату ғийбатга муккамиздан кетмаяпмизми?

Ғурбату ғийбатга муккамиздан кетмаяпмизми?

Ўзбекистон

calendar

07.12.2021

eye

231

Ғурбату ғийбатга муккамиздан кетмаяпмизми?

Ёхуд босма нашр ҳақида ва адлия тизими ходимларига ҳам кўнглимиздаги гаплар

Замбарак билан чумчуқ отмайдилар. Танкка қарши тўппонча кўтариб чиқиб бўлмайди, албатта! Бугун босма нашрлар ўлаяпти, газета чўкаяпти ва ҳоказо гапларни айтган айрим иддаоси итнинг ғашини келтираётганларга гапимиз шу: “Имлога, тилга, маънавиятга хизмат қиладиган ўчоқларнинг ўти ўчмайди.”. Биз блогерлик дейсизми, “билонғирлик” дейсизми, виртуал олам ё интернет дейсизми, қарши эмасмиз. Сўзи ва дунёқараши юксак, имлоси рисоладагидай, муддаоси маърифатли блогерларимиз қаршисида таъзим қиламиз, лекин босма нашр томон тош ютиб, ундай қилинг, бундай қилинг, дегувчиларга ҳам жавобимиз бор: босма нашрлар шаллақилик қилиб, шашти келса шамолга ҳам шапати тортавермайди. Босма нашрнинг икки қаноти бор: бири маънавият, иккинчиси воқеийликка муносабат. Воқеийликка маънавият ва маърифат, одоб доирасида муносабатга киришади. Зеро,  бугун одоб анқонинг уруғига айланмоқда. Одам уялади: интернетда имловий жиҳатдан ғиж-ғиж хато матнлар, шевадаги жумлалар билан ҳатто ўз она тилимизда гап тузолмаган кимсалар босма нашрларнинг ўлимини башорат қилиши, билмадик, қайси ақлга тўғри келаркан?.. Ахир, босма нашрлар ҳеч бўлмаса ёшларимизга тўғри ёзишни ўргатади-ку. Айрим “каттакон раҳбарвойлар” энди мажбурий обуна шартмас, газет-журналнинг ўрнини интернет бемалол босади, деб мактаб ва кутубхоналарни ҳатто болалар адабий нашрларидан мосуво қилишувди. Афсус, уларнинг бу калтабинлик билан қилган “кўр башорати” тескари реакция берди. Бугун кўринг томошани, яхшиям — ёмонам, соғ ҳам — носоғ ҳам, доно ҳам — тентак ҳам, мулойим ҳам — сўконғич ҳам интернетда! Одамларда оломонизм қутқуси олов олишига интернетнинг ҳиссаси ошиб бораётганини кўриб турибмиз, айтгулик дегулиги йўқ, уятдан илон пўст ташлайдиган гап-сўзларга кўзимиз тушаяпти. Шармнинг юзи йиртилди, ҳаёнинг оғзи қақради, эшитмаган гапларингни эшитаяпсан… Интернетни ёмон демаймиз, интернетдан ақл ва маърифат билан фойдалансак самара беради. Биз шундай халқмидик? Бизга нима бўлаяпти? Наҳотки, ўқишдан шунчалар безганмидик? Боламизнинг қўлига китоб беришга ярамайдиган миллатга айландик. Боламизнинг қўлидан қўлтелефонни олишга қурби етмайдиган ота-онага айландик. Очиғи, биз қўлтелефон тутишга, интернетдан фойдаланишга тайёр эмас эканмиз, биз кўпроқ ғурбату ғийбатларга муккасидан кетган оломонга айланиб қолдик, бизни кўпроқ шундай икир-чикир, ғийбату ғурбатлар қизиқтиар экан! Афсус! Ҳалиги, биз виртуал олам ва электрон мутолаа билан “дўст тутинамиз”, деган “алломача раҳбарвойлар” бугун мактабларда қўлтелефон ичига кириб, йўқ бўлиб кетаётган миллионлаб болаларимизнинг уволидан қўрқмайдиларми? Беринг, мажбурлаб бўлса ҳам, ҳеч бўлмаса, уларнинг мактабларига бир донадан болалар адабий нашрларини беринг. Ҳар бир синфга беринг. Ҳар бир боланинг қўлига беринг! Босма нашрлар болаларнинг қалбида китоб ўқишга иштиёқ уйғотади, ахир, уларнинг қалби музлаб бормоқда. Шундан қўрқмайсизми? Сўзимиз охирида яна бир гап келди: халқимизда “Қизим, сенга айтаман, келиним сен эшит!” деган гап бор! “Инсон ва қонун” ҳам босма нашр! Адлия тизимининг газетаси. Ёмон газета эмас. Адлия тизимида ишлаб турган бўлсангиз-да,  ўқисангиз биласиз, бу нашрни. Ўқимасангиз қаердан биласиз? Ўз нашрингизга обуна бўлмасангиз, болангизнинг мактаб нашрига обуна бўлиш эътиборингиздан қолган бўлса, Сизга бу гапларни айтишнинг фойдаси йўқдир, эҳтимол. Майли, қўлтелефоннинг ичига кириб кетиб, чиқолмаётган авомнинг сафига қўшилаверинг. Фақат бир нарсани ёдда тутинг; ходим билан зиёли ходимнинг фарқи бор! Инсонни инсон қилиб турган куч бу зиёлилик белгисидир. Адлия тизимида 7000 нафарга яқин одам ишлайди. Биз ҳар бир ходим адлия шаъни учун ҳам ўз газетасига обуна бўлади, деб ўйлаймиз. Бир йилга бор-йўғи 300 минг сўм, яъни, уйимизга бир йилда 52 маротаба “Инсон ва қонун” кириб боради. Шу пулингизни шунчаки, бизга хайрия-садақа қилаётганингиз, биз ҳам Сиздан тиланчилик қилаётганимиз йўқ. Уйингизга тизим ва ҳуқуқий янгиликлар борасида ишончли, бехато, она тилимиз қонун-қоидаларига мосу хос тарзда битилган мақолалар кириб боради. Сиз ўқимасангиз, ҳеч бўлмаса, оила аъзоларингиз, фарзандларингиз ўқийди. Тўғрисини айтинг, уйингизга газета кириб борадими ўзи? Очиғи, газетангизни зўр чиқарсангиз, обуна бўламиз, деган гапни айтишингиз ҳам табиий. Майли, биз ўзимизнинг ишимизни мақтамаганмиз, мақтанмаймиз ҳам, фақат бугунги нашримиз ҳақида қисқа маълумот бериб ўтсак. “Раҳмат, таҳририят, Сизда чоп этилган танқидий мақоладан сўнг йўлимиз таъмирланди…”, деб ёзади Пайариқ тумани, “Накурт” маҳалласидан Олтибой ҳожи Деҳқонов. “Газетангизга мурожаат қилдим. Мақола чоп этилди. Машинам ўзимда қолди, раҳмат сизларга…”, деб миннатдор бўлади Чуст туманидан Тоҳиржон Холиқчаев. “Танқиддан тўғри хулоса қилдик, мактаб аҳволи яхшиланди”, дейди  Каттақўрғон тумани Халқ таълими бўлими мудири ўринбосари Ҳайитбой Очилов. “Газетага раҳмат! Мақола чоп этилгач, бузиб ташланган боғим учун компенсация тўлови олдим”, деб ёзади Салим Ҳазратов Навоий шаҳридан. Ҳа, бундай одамлар, бундай миннатдор бўлган, босма нашримиз ёрдам берган одамлар жуда кўп. Бу миннатдорликлар бугунги сонимизда босилган. Бундан ташқари, адлия бўлимларининг оддий одамларнинг муаммоларини ечишда бераётган ёрдамлари ҳақида ўнлаб мақолалар чоп этилган. “Адлия ёрдам берди”, “Собиқ юрисконсультга мукофот пули ундириб берилди”, “Яна бир юрисконсульт ҳам ўз пулини ололмаганди”, “Савдо дўконини-ку, буздингиз, уларнинг пулини тўламайсизми?”, “Бошлиқнинг баҳонаси ўтмади, ходимга 38 миллион сўм тўланди”, “Аросатда қолган спорт тарғиботчилари” каби қатор танқидий мақолалар берилган. Битта соннинг ўзида шунча танқидий мақола. “Аёлнинг сингани — эркакнинг ўлгани!”, “Биз шу даражага етдик: беҳаёлик ва ваҳшийлик одатий ҳолга айланмоқда”, “Инсоф “Қизил китоб”га кирганига анча бўлди…ми?” каби таҳлилий мақолаларни ўқинг, ён атрофга жиддийроқ назар солишга ундайди. Хуллас, биргина сонимизда шунча жиддий мақолалар берилмоқда. Албатта, газета уйингизга кириб бормаса, шунча гапирганимиз билан фойдаси йўқ. Лекин, оддий одамларни қўятурайлик, адлия ходими бўлатуриб ўзимиз ўз нашримизга обуна бўлмасак, асосий ишимиз ҳуқуқий тарғибот, деган гапни қайси оғиз билан айтамиз? Ҳа, майли, бугунги сонимизни ўқиб кўринг! Таҳририят

Улашиш:

Бошқалар

19-сентябр 2024, 14:21
4 418

Уй-жой учун субсидия олиш тартиби: муҳим 7 саволга жавоб

23 сентябрдан субсидия учун аризалар қабул қилиш бошланади. Ариза берувчи ўзининг даромади етмаса, унинг хоҳишига кўра, даромадлари ҳисоб-китобига яқин қариндошларининг ҳам даромадларини киритиши мумкин.


11-сентябр 2024, 11:32
2 974

“Xotin-qizlar.uz” платформаси доирасида хотин-қизлар муаммоларни ҳал этиш тизими йўлга қўйилади

2024 йил октябрь ойидан бошлаб “Xotin-qizlar.uz” платформаси доирасида Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва тизимли ҳал этиш модули ишга туширилиб, муаммоларни ўрганиш модули орқали аниқланган муаммолар тегишлилиги бўйича “маҳалла - туман - вилоят - республика” даражасида ҳал этилиши тизими йўлга қўйилади.


21-август 2024, 12:46
1 469

Ўзбекистонда ресторан ва кафеларга ўзларига туташ майдонларда ёзги террасага рухсат берилади

ҚҚС тўлашга ўтган ресторан ва кафеларга фойда солиғи 2 карра камаяди. 1 декабрдан бу корхоналар нақд пулга сотиб олган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кирим қилишда ҳеч қандай ҳужжат талаб қилинмайди.


24-август 2024, 11:07
1 448

Президент Мустақиллик байрами муносабати билан қатор соҳа вакилларини мукофотлади

"Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз уч йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, адабиёт, маданият, санъат соҳалари ва оммавий ахборот воситалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги Президент фармони эълон қилинди.