currencies image

12 589,35 UZS

83,46

usd

currencies image

14 656,52 UZS

97,17

eur

currencies image

157,64 UZS

1,25

ru



АсосийЯнгиликларЯнги Ўзбекистон – маънавият ва маърифат камолоти сари

Янги Ўзбекистон – маънавият ва маърифат камолоти сари

Ўзбекистон

calendar

24.02.2024

eye

881

Янги Ўзбекистон – маънавият ва маърифат камолоти сари

Маънавият – инсон ахлоқи ва одоби, билимлари, қобилияти, амалий малакалари, виждони, иймони, эътиқоди, дунёқараши, мафкуравий қарашларнинг бир-бири билан узвий боғланган, жамият тараққиётига ижобий таъсир этадиган муштарак тизимидир. Зеро, инсоннинг жамиятдаги ўрни унинг моддий бойликлари билан эмас, балки юксак маънавий қиёфаси билан белгиланади. Мустақиллигимизнинг дастлабки йиллариданоқ маънавият, ёшлар тарбияси, баркамол авлод, комил инсонни шакллантириш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишлари қилиб белгиланди.

Чунки ҳар қандай давлатнинг, ҳар қандай жамиятнинг келажаги, унинг тараққиёти, жаҳонда ўз ўрнига эга бўлиши масалалари мамлакат ёшларининг билими, салоҳияти, дунёқараши, маънавиятига тўғридан-тўғри боғлиқдир. Маънавиятнинг инқирозга юз тутиши, албатта, мамлакатнинг тараққиётдан орқада қолишига, бошқа давлатларнинг измида бўлишига олиб келади. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, маънавиятнинг моҳияти ва амалий аҳамияти, айниқса, жамият тараққиётининг бурилиш даврларида яққол кўзга ташланади.

Сўнгги йилларда юртимизда миллий маънавиятни янада ривожлантириш бўйича қатор қарорлар қабул қилиниб, янги Ўзбекистоннинг янги маънавий қиёфасини яратиш йўлида изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бу ўзгаришлар маънавий-маърифий ишларни давлатимиз сиёсатида янада юксак ўринга кўтарди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси президентининг 2021 йил 26 мартдаги “Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармасини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-5039-сон Қарорини келтириш мумкин. Қарорда маънавиятнинг барча соҳаларини такомиллаштириш ижросига қаратилган чора-тадбирлар белгиланган.

2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида 7 та асосий йўналишнинг бешинчиси “Маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқиш” масаласи 8 та мақсаддан иборат бўлиб, маънавий таълим тарбия масаласи алоҳида устувор йўналиш сифатида белгиланди ва бу орада мамлакатимизда кенг миқёсдаги ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Келажакда ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш ва халқимиз учун муносиб турмуш тарзини яратиш олий мақсадимиздир. Бу мақсадларга эришишимиз халқимиз, айниқса ёшларимизга, уларнинг маънавий-ахлоқий тарбиясига бевосита боғлиқ. Жамиятимизни ислоҳ қилиш, миллий қадриятларимиз ва ҳақиқий тарихимизни тиклаш, миллий ғоямизга эга бўлиш жараёнида ёшларни маънавий-ахлоқий руҳда тарбиялаш долзарб масалалардан бўлиб, у тарбиявий ишлар мажмуида асосий ўринни эгаллайди. Сўнгги йилларда ёшларнинг маънавий-мафкуравий тафаккурини ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, 2018 йилнинг 14 августида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида, ёш авлоднинг ватанга содиқликка эътибор бериш ва ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш, миллий ва умуминсоний қадриятлар, диний бағрикенглик ва тотувлик руҳида тарбиялашнинг бугунги кун зарурияти эканлиги асослаб берилган.

2023 йилнинг 22 декабрь куни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилиш жараёнида президентимиз маънавият ва маданият соҳаси учун методик асос бўлиб хизмат қиладиган миллий ғоямизни ривожлантириш бўйича алоҳида дастурий ҳужжат ишлаб чиқиш лозимлиги таъкидланди.

“Тарихдан маълум: Ватан ва халқ тақдирига нисбатан таҳдидлар кучайган вазиятда айнан миллат фидойилари – уйғоқ қалбли зиёлилар, шоир ва адиблар, санъат намояндалари, маънавият ва маърифат соҳаси ходимлари жасорат билан майдонга чиққанлар. Мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги, юксак босқичига кираётган ҳозирги пайтда бизга жадид боболаримиз каби ғарб илм-фан ютуқлари билан бирга, миллий қадриятлар руҳида тарбия топган етук кадрлар сув билан ҳаводек зарур”, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Тарихга назар солсак, буюк соҳибқирон Амир Темур мислсиз ёрқин тарихий шахс сифатида ўзини тарбиялаган, ўзига маънавий озиқ берган, буюк ишларга чорлаган эл-юртининг илмий-фалсафий таълимотларига катта қизиқиш билан қараган. Айниқса, Шарқ донишмандлари – Ал-Хоразмий, Абу Наср Форобий, Абу Али Ибн Сино, Абу Райҳон Беруний сингари буюк мутафаккирларнинг табиий-илмий, ижтимоий-сиёсий, фалсафий таълимотларидан тўла хабардорлиги бугун ҳеч ким учун сир эмас.

Маънавият ва маърифат, дин, одоб-ахлоқ ҳақидаги Амир Темур таълимотининг моҳиятини чуқур ва мукаммалроқ билиб олиш учун унинг ўзлари томонидан яратилган одоб-ахлоққа оид дастурлар, панд-насиҳатларни ҳамда бошқа олимларнинг у ҳақда ёзган асарларини кўздан кечириш кифоядир. “Темур тузуклари”, “Амир Темур ўгитлари”, “Амир Темур васияти”, Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома”, Ибн Арабшоҳнинг “Амир Темур тарихи”, Салоҳиддин Тошкандийнинг “Темурнома”, B.Ahmedovning “Тарихдан сабоқлар” ва “Амир Темур”, Эвгений Березиковнинг “Буюк Темур”, Ашраф Аҳмедовнинг соҳибқирон таржимаи ҳолига оид асарлари ва бошқалар шулар жумласидандир.

Шу ўринда Нелсон Маделланинг “Ахлатни ахлат қутисига ташлашни билмайдиган халқдан, керакли шахсни керакли мансабга қўйишни кутма” деган сўзларига назар солсак, авваламбор ҳар бир шахс ўзини ислоҳ қилишни билиши ва атрофдаги ёшларга ўрнак бўла олиши лозимдир. Агар инсон ўзини халқнинг бир заррачаси деб ҳисобласа, халқни ўйласа ва унинг манфаати йўлида меҳнат қилсагина, маънавий ахлоққа алоқадор бўлади. Ёшларни оилада даврасидан то балоғат ёшига етгунича тарбиялаш, уларни ватанпарвар, маданиятли, маърифатли этиб тарбиялаш нафақат ота-оналар, устозларнинг балки тенгдош ёшларнинг ҳам вазифасидир.

Мамлакатимиз-ёшларининг келажакда ўз соҳасининг етук мутахассиси бўлиб етишишларида, жамият тараққиётига муносиб ҳиссаларини қўшишларида, биринчи навбатда, уларнинг маънавий камолоти, ҳар жиҳатдан мукаммал инсонлар бўлиб шаклланишлари борасида Тошкент давлат юридик университети томонидан ҳам бир қатор ислоҳотлар олиб борилмоқда. Шу жумладан, университет профессор-ўқитувчилари ва талаба ёшлар томонидан “Ислоҳотларга дахлдорман” шиори остида Тошкент шаҳар мактаблари бўйлаб тарғибот лойиҳаси олиб борилди.

Тарғибот лойиҳаси “тенгдош тенгдошга” рукни остида олиб борилиб, унда университет талаба ёшлари 2023 йилнинг 22 декабрь кунги Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг нутқи ҳамда мамлакатимизда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг мазмун моҳиятини мактаб ўқувчиларига етказишди.

Умуман олганда, маънавият – энг муҳим ва ҳамма шуғулланиши керак бўлган масала ҳисобланади. Шундай экан, жамиятга янги нур, янги зиё кириб бориши ҳар бир жамият аъзосининг ҳам асосий ишига айланиши лозим. Зотан, ҳар қайси давлат, ҳар қайси халқ интеллектуал салоҳияти, юксак маънавияти билан қудратлидир.

 

Мустафоева Ноила

Тошкент давлат юридик университети Хорижий тиллар кафедраси катта ўқитувчиси

Улашиш: