Ҳуқуқ
13.05.2025
67
Иш берувчи меҳнат шартномаси бўйича ишдан ажралмаган ҳолда таълим ташкилотларида ўқитилаётган, қайта тайёрлашдан ёки малака оширишдан ўтаётган, шунингдек ишлаб чиқариш таълимини ўтаётган ходимларга иш ва ўқишни бирга олиб бориш учун зарур шарт-шароитларни яратиши шарт.
Меҳнат шартномаси бўйича ишдан ажралмаган ҳолда таълим ташкилотларида таҳсил олиб, ўқув режасини бажараётган ходимларга иш жойи бўйича ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда ўқув таътили, қисқартирилган иш ҳафтаси ҳамда меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган ўзга кафолатлар берилади.
Меҳнат шартномаси бўйича таълим ташкилотларида ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ўқиётганларга йиллик меҳнат таътилларини иш берувчи, уларнинг хоҳишига кўра, бакалавриат талабалари учун давлат аттестацияси ва битирув малака ишини ҳимоя қилиш, магистратура талабалари учун магистрлик диссертациясини ҳимоя қилиш вақтига ёхуд имтиҳонлар ва лаборатория-имтиҳон сессиялари вақтига тўғрилаб бериши шарт.
Умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал, олий таълим ташкилотларида, кадрларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтларида (курсларида) меҳнат шартномаси бўйича ишдан ажралмаган ҳолда ўқиётган, ишга янги қабул қилинган ходимлар учун, агар улар ўз йиллик меҳнат таътилларини бакалавриат талабалари учун давлат аттестацияси ва битирув малака ишини ҳимоя қилиш, магистратура талабалари учун магистрлик диссертациясини ҳимоя қилиш вақтига ёхуд имтиҳонлар ва лаборатория-имтиҳон сессиялари вақтига мослаштиришмоқчи бўлса, уларнинг хоҳишига кўра, йиллик меҳнат таътили мазкур иш берувчидаги меҳнат фаолиятининг олти ойи тугагунига қадар берилади.
Кириш имтиҳонларида иштирок этишга рухсат берилган ходимларга олий таълим ташкилотларига кириш имтиҳонларини топшириш учун камида ўн беш календарь кун муддатга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилади, таълим ташкилотлари жойлашган ерга бориш ва қайтиб келиш вақти бу ҳисобга кирмайди.
Олий, ўрта профессионал ва ўрта махсус профессионал таълим ташкилотларида кечки ёки сиртқи таълим шакли бўйича ўқиётган ходимларга ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда лаборатория-имтиҳон сессияларида иштирок этган давр учун ўқув таътиллари:
биринчи ва иккинчи курсларда кечки таълим шаклида ўқиётганлар учун олий таълим ташкилотларида — камида йигирма календарь кун, ўрта профессионал ва ўрта махсус профессионал таълим ташкилотларида — камида ўн календарь кун, олий, ўрта профессионал ва ўрта махсус профессионал таълим ташкилотларидаги сиртқи таълим шакли бўйича эса — камида ўттиз календарь кун;
учинчи ва ундан юқори курсларда кечки таълим шаклида ўқиётганлар учун олий таълим ташкилотларида — камида ўттиз календарь кун, ўрта профессионал ва ўрта махсус профессионал таълим ташкилотларида — камида йигирма календарь кун, олий, ўрта профессионал ва ўрта махсус профессионал таълим ташкилотларидаги сиртқи таълим шакли бўйича эса — камида қирқ календарь кун муддатга ҳар йили берилади.
Бекжон Исмоилов,
"Адолат" МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Прокат шартномаси ва уни тузиш тартиби қандай?
Прокат шартномаси бир йилгача муддатга тузилади.
Шу йилнинг 1 сентябридан ҳар бир қурилаётган объектнинг QR-кодли паспорти бўлади
Бу орқали шаҳарсозлик субъектлари, қурилиш муддатлари, шаҳарсозлик ҳужжатлари ва тасдиқланган экспертиза хулосалари ҳақидаги маълумотларни олиш имконияти яратилади.
Опцион шартномаси нима учун керак?
Опцион шартномаси рисксиз қарорлар қабул қилиш имконини беради ва келажакдаги молиявий фойдани кўзлайди.
Уй-жой сотиб олишда “эскроу” тизими: муҳим 5 саволга жавоб
“Эскроу” тизими кўчмас мулк олди-сотдисида ишончли восита ҳисобланади. Уй сотиб олмоқчи бўлганлар қурувчи ҳисоб рақамига эмас банкка тўлов қилади, уй-жой қурувчининг маблағи ва кредити ҳисобига қурилади.