Ҳуқуқ
05.10.2026
37

Хориждан Ўзбекистонга қайтиш ёки аксинча, мамлакатдан четга чиқиш вақтида фуқаролар божхона назоратидан ўтади. Айрим ҳолларда йўловчи ўз бағажидаги товарлар ҳақида божхона органига маълумот бериши, яъни декларация тўлдириши талаб этилади.
Бироқ амалиётда йўловчи божхона декларацияси, божхона декларацияси ва товарнинг божхона қиймати декларацияси тушунчалари аралаштириб юборилиши мумкин.
Хўш, йўловчи божхона декларацияси нима? Унда нималар кўрсатилади? Товарнинг божхона қиймати нима учун муҳим?
Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 259-моддасига кўра, йўловчи божхона декларацияси — нотижорат мақсадлар учун мўлжалланган, декларацияланадиган товарлар ва транспорт воситаларини божхона чегараси орқали олиб ўтаётган жисмоний шахс томонидан тўлдириладиган ва божхона органига тақдим этиладиган ҳужжат.
Яъни оддий қилиб айтганда, шахс ўзининг шахсий эҳтиёжлари учун мамлакатга олиб кираётган ёки олиб чиқаётган, қонунчиликка кўра декларация қилиниши керак бўлган товарлар ҳақида божхона органига маълумот беради.
Масалан, фуқаро хориждан қимматбаҳо техника, белгиланган меъёрдан ортиқ миқдордаги товар ёки декларация қилиниши шарт бўлган бошқа буюмларни олиб келаётган бўлса, тегишли тартибда уларни декларация қилиши лозим бўлиши мумкин.
Қонунчиликда товарларни декларациялашнинг турли шакллари назарда тутилган.
Жумладан, жисмоний шахснинг нотижорат мақсадларда олиб ўтаётган товарлари белгиланган божсиз олиб кириш нормаларидан ошмаса, айрим ҳолларда улар оғзаки шаклда декларацияланади.
Божсиз олиб кириш нормасидан ошадиган товарлар эса йўловчи божхона декларациясидан фойдаланган ҳолда декларацияланади. Шунингдек, шахс яшаш жойини ўзгартирганда олиб ўтаётган айрим шахсий мол-мулклари ва алоҳида кузатиб бориладиган багаждаги айрим товарлар ҳам йўловчи декларацияси орқали расмийлаштирилиши мумкин.
Аэропорт ёки чегарадаги божхона назоратида “яшил” ва “қизил” йўлаклардан фойдаланилиши мумкин.
“Яшил” йўлак — ёзма равишда декларация қилиниши лозим бўлган товарлари бўлмаган шахслар учун мўлжалланган. Шахснинг “яшил” йўлакдан ўтиши божхона мақсадлари учун унда ёзма декларация қилиниши лозим бўлган товарлар йўқлигини маълум қилиш деб қаралади.
“Қизил” йўлак эса ёзма шаклда декларация қилиниши лозим бўлган товарлар, шунингдек декларация қилиниши шахснинг ихтиёрига кўра амалга ошириладиган товарлар мавжуд бўлган ҳолатларда қўлланилади.
Шу билан бирга, “яшил” йўлакдан ўтиш божхона қонунчилиги талабларига риоя қилиш мажбуриятидан озод қилмайди.
Бу масалада Божхона кодексининг 164-моддаси муҳим аҳамиятга эга.
Унга кўра, жисмоний шахслар томонидан нотижорат мақсадларда олиб ўтиладиган товарларнинг қиймати уларни декларациялашда маълум қилинади.
Бундай товарларнинг божхона қиймати, аввало, фуқаро томонидан маълум қилинган ва чек, квитанция ёки бошқа тижорат ҳужжатлари билан тасдиқланган қийматдан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
Агар шахс маълум қилган қийматни тасдиқловчи ҳужжат ва маълумотлар бўлмаса, божхона органи товарнинг божхона қийматини Божхона кодексида белгиланган тартибда мустақил равишда белгилаши мумкин.
Демак, хориждан товар олиб келаётган фуқаро учун товарнинг ҳақиқий қийматини тасдиқловчи ҳужжатларни — масалан, харид чеки ёки бошқа ҳужжатларни сақлаб қўйиш муҳим.
Қандай ҳолда божхона қиймати декларацияси тўлдирилмайди?
Божхона қиймати декларацияси қуйидаги ҳолларда тўлдирилмайди ва божхона қиймати божхона юк декларациясида маълум қилинади, агар:
божхона ҳудудига олиб кирилаётган товарлар туркумининг божхона қиймати бир минг АҚШ долларига тенг эквивалент суммадан ошмаса;
олиб ўтиладиган товарлар божхона тўловларини тўлашдан озод этилган бўлса;
товарлар божхона транзити, вақтинча сақлаш, божхона омбори, йўқ қилиш, давлат фойдасига воз кечиш божхона режимларига жойлаштирилган бўлса.
Божхона кодексининг 319-моддасига мувофиқ, божхона органи декларант ёки божхона брокери маълум қилган товарнинг божхона қийматини аниқлаш усули ва унинг ҳисоб-китоби тўғрилигини текширади.
Бунда божхона органи тақдим этилган декларация, ҳужжатлар ва маълумотлардан, шунингдек товарнинг божхона қийматини аниқлашда ўзида мавжуд бўлган ахборотдан фойдаланиши мумкин.
Хусусан, божхона органи:
биринчидан, товарнинг маълум қилинган божхона қиймати тузилиши ва миқдорининг;
иккинчидан, товарнинг божхона қийматини аниқлаш усулини танлаш ва қўллашнинг;
учинчидан, маълум қилинган қиймат ҳақидаги маълумотлар ҳужжатлар билан тасдиқланганлигининг тўғрилигини текширади.
Агар тақдим этилган ҳужжатлар етарли бўлмаса, зарур қўшимча ҳужжатлар берилмаса ёки маълумотларнинг нотўғрилиги белгилари аниқланса, божхона органи бошқа усулдан фойдаланишни таклиф қилиши мумкин.
Божхона декларациясини тўлдириш шартми? Уни тўлдирмаганлик учун қандай жавобгарлик бор?
Агар товар қонунчиликка кўра ёзма, оғзаки ёки бошқа белгиланган шаклда декларация қилиниши лозим бўлса, уни декларация қилмасдан олиб ўтиш мумкин эмас.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 227²²-моддасида товарларни декларацияламаслик ёки нотўғри декларациялаш ҳуқуқбузарлик сифатида белгиланган.
Агар декларация қилиниши шарт бўлган товар декларация қилинмаса, МЖтК 227²²-моддаси биринчи қисмига кўра:
фуқарога — товарларни мусодара қилиб, БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача жарима;
мансабдор шахсга — товарларни мусодара қилиб, БҲМнинг 7 бараваридан 15 бараваригача жарима солиниши мумкин.
Хориждан Ўзбекистонга товар олиб кираётган фуқаро аввало товарнинг нима мақсадда олиб кирилаётгани, қиймати ва миқдори белгиланган меъёрдан ошган-ошмагани, шунингдек товарни декларация қилиш талаб этиладими-йўқмига эътибор қаратиши керак.
Агар товар декларация қилиниши лозим бўлса, унинг қийматини тасдиқловчи ҳужжатларни сақлаш мақсадга мувофиқ.
Айниқса, қимматбаҳо телефон, компьютер, фотоаппарат, заргарлик буюмлари ва бошқа қиммат товарларни олиб ўтишда харид чеки ёки электрон тўлов ҳужжати кейинчалик товар қийматини тасдиқлашда муҳим аҳамият касб этиши мумкин.
Қисқача айтганда, йўловчи божхона декларацияси — фуқаронинг божхона чегараси орқали олиб ўтаётган декларация қилиниши лозим бўлган товарлари ҳақида божхона органига маълумот берувчи ҳужжат.
Шунинг учун “декларация” деганда фақат битта ҳужжат тушунилмаслиги керак. Божхона қонунчилигида декларациянинг мақсади ва турига қараб турли шакллари мавжуд.
Энг муҳими, декларацияда кўрсатиладиган маълумотлар ҳаққоний, аниқ ва зарур ҳолларда тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлиши лозим. Бу нафақат божхона назоратини тўғри ташкил этиш, балки фуқаронинг ортиқча божхона тўловларига дуч келмаслиги учун ҳам муҳим.
Феруз Жўраев,
"Адолат" МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Қуёш панеллари ўрнатган фуқаролар август ойи учун қанча субсидия олади?
Ўтган ойда субсидиянинг энг катта қисми Бухоро вилояти ҳиссасига тўғри келган.
Профилактика инспектори янги ваколатлари нималардан иборат?
Бу орқали профилактика инспекторининг асосий вазифаси — ҳудудда хавфсизликни таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўпроқ эътибор қаратилиши кутилмоқда.
Шахсий расмларни интернетда тарқатганлик учун қандай жавобгарлик бор?
Оддий расм ҳам шахсга доир маълумот бўлиши мумкин
Тошкентда автобус ва метрода йўл ҳақини 2,5 минг сўмгача ошириш таклиф қилинмоқда
Узоқ муддатли тарифларда чегирмалар ҳам назарда тутилган.