currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларИжтимоий таътиллар бўйича ходимларга меҳнат қонунчилигида қандай кафолатлар белгиланган?

Ижтимоий таътиллар бўйича ходимларга меҳнат қонунчилигида қандай кафолатлар белгиланган?

Life Style

calendar

20.11.2025

eye

39

Ижтимоий таътиллар бўйича ходимларга меҳнат қонунчилигида қандай кафолатлар белгиланган?

Бугунги кунда, мамлакатимизда меҳнат муносабатларида ходимларга алоҳида имтиёз ҳамда кафолатлар белгиланган ва ходимларнинг ижтимоий муҳофаза қилиш ва уларга қулай меҳнат шароитларини яратиш бўйича бир қатор қонун ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 42-моддасида ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган.

Шу ўринда айтиш жоизки, ходим ва иш берувчилар ўртасидаги меҳнат муносабатларида иш берувчилар томонидан ходимларга бериладиган ҳар йилги меҳнат таътили дам олиш ва ишлаш қобилиятини тиклаш учун иш ўрни (лавозими) ҳамда ўртача иш ҳақи сақлаб қолинган ҳолда ходимларни ишдан озод этиш, ходимларга ҳар йили иш йили давомида бериладиган вақт даври англашилади ва ушбу давр мобайнида ходимларга айрим ҳолатларда ва вазиятларда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун ижтимоий таътиллар беришни ҳам қонунчилигимиз назарда тутади.

Авваламбор, ижтимоий таътиллар нима ва уларнинг турлари ва хусусиятларига тўхталсак.

Ижтимоий таътиллар – бу оналик, бола парваришлаш, иш жойида ўқиш ва бошқа ижтимоий мақсадлар учун қулай шарт-шароитларни яратиш мақсадида ходимни маълум муддатга ишдан бўшатиш каби имтиёзлар мажмуаси ҳисобланади, бу ходимларнинг шахсий ва оилавий ҳаётини қўллаб-қувватлаш, уларнинг малакасини ошириш ва ижодий фаолият билан шуғулланишига имконият яратиш учун мўлжалланган таътиллар ҳисобланади ва ижтимоий таътиллар ҳар йилги меҳнат таътилидан алоҳида ажратиб туради. Ушбу таътилларни бошқа муддатларга кўчириш, жамлаб ҳисоблаш ёки пул компенсацияси билан алмаштиришга йўл қўйилмаслиги қонунчилигимизда назарда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 237-моддасида ходимлар қуйидаги ижтимоий таътилларни олиш ҳуқуқидан фойдаланади:

— ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари;

— бола парваришлаш таътили;

— ўқув таътили;

— ижодий таътиллар.

Ходимларга ушбу ижтимоий таътилларни бериш ходимнинг меҳнат стажига, у бажарадиган ишнинг жойи ва хусусиятига, иш берувчининг ташкилий-ҳуқуқий шаклига боғлиқ эмас.

Яъниким, корхона, муассаса, ташкилотларнинг тури, фаолияти, келиб чиқиш турига қараб чекловлар қилиниши мумкин эмас.

Ҳомиладорлик ва туғиш таътили - бу аёлнинг фарзанд кўришдан олдин ва кейин иш жойидан четда бўлиши учун қонуний таътили ҳисобланиб, аёлларга айрим имтиёзлар беришни кафолатлайди.

Меҳнат кодексининг 404-моддасига асосан аёлларга туғруққача етмиш календарь кун ҳамда туғруқдан кейин эллик олти календарь кун (туғиш қийин кечган ёхуд икки ёки ундан ортиқ бола туғилган тақдирда етмиш календарь кун) ҳомиладорлик ва туғиш таътили берилиб, қонунчиликда белгиланган, лекин ўртача ойлик иш ҳақининг етмиш беш фоизидан кам бўлмаган миқдорда нафақа тўланиши белгиланган.

Шунингдек, ҳомиладорлик ва туғиш таътили аёлларга жамланган ҳолда ҳисоблаб чиқарилиб, туғруққача ҳақиқатда фойдаланилган кунлар сонидан қатъи назар, тўлиқ берилиши ҳам қайд этилган.

Ҳомиладорлик ва туғиш таътили бола туғиладиган тахминий санасидан 70 кун олдин бошланиб, аёлга касаллик варақаси асосида берилади. Бу ҳужжат ҳомиладорликнинг 30-ҳафтасида аёл кузатилаётган тиббиёт муассаса томонидан берилади.

Бола парваришлаш таътили – бу ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан кейин, аёлнинг хоҳишига кўра, унга боласи икки ёшга тўлгунига қадар иш ҳақи сақланмаган ҳолда болани парваришлаш ёки аёлга унинг хоҳишига кўра, боласи уч ёшга тўлгунига қадар уни парваришлаш учун иш ҳақи сақланмаган ҳолда қўшимча таътил ҳисобланади.

Болани парваришлаш таътиллари даврида ходимнинг иш жойи (лавозими) сақланади. Бу таътилларнинг кўпи билан олти йили меҳнат стажига қўшилади, шу жумладан мутахассислиги бўйича иш стажига ҳам қўшиб ҳисобланади.

Келгусидаги йиллик меҳнат таътилини олиш ҳуқуқини берувчи иш стажига, агар жамоа шартномасида, шунингдек ташкилотнинг ички ҳужжатида ёхуд меҳнат шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, болани парваришлаш таътиллари вақти киритилмайди.

Болани парваришлаш таътилларидан боланинг отаси, бувиси, буваси ёки болани ҳақиқатда парваришлаётган бошқа қариндошлари ҳам, шунингдек васийси ҳам тўлиқ ёки қисмларга бўлиб фойдаланиши мумкин.

Болани парваришлаш таътилларининг кўпи билан олти йили меҳнат стажига қўшилади, шу жумладан мутахассислиги бўйича иш стажига ҳам қўшиб ҳисобланади.

Ўқув таътили – бу ходимнинг олий, ўрта профессионал ва ўрта махсус профессионал таълим ташкилотларида таҳсил олиши ва меҳнат фаолиятини амалга ошириши учун мўлжалланган таътил ҳисобланиб, кечки ёки сиртқи таълим шакли бўйича ўқиётган ходимларга ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда берилиши назарда тутилган.

Меҳнат кодексининг 385-моддасида қайд қилинишича, олий, ўрта профессионал ва ўрта махсус профессионал таълим ташкилотларида кечки ёки сиртқи таълим шакли бўйича ўқиётган ходимларга ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда лаборатория-имтиҳон сессияларида иштирок этган давр учун ўқув таътиллари биринчи ва иккинчи курсларда кечки таълим шаклида ўқиётганлар учун олий таълим ташкилотларида — камида йигирма календарь кун, ўрта профессионал ва ўрта махсус профессионал таълим ташкилотларида — камида ўн календарь кун, олий, ўрта профессионал ва ўрта махсус профессионал таълим ташкилотларидаги сиртқи таълим шакли бўйича эса — камида ўттиз календарь кун берилиши қайд этилган.

Ижодий таътил – бу ходимнинг меҳнат фаолиятини амалга ошириши билан бирга унинг интелектуал салоҳиятини ошириш, ақлий идрокини кенгайтириш ва илмий иш билан шуғулланиш учун бериладиган таътил ҳисобланади.

Мазкур таътил Меҳнат кодексининг 387-моддасига мувофиқ меҳнат фаолиятини ёки педагогик фаолиятни илмий иш билан бирга олиб бораётган шахсларга асосий иш жойида ўртача иш ҳақи ва лавозими сақланган ҳолда қуйидаги а) фалсафа доктори (Doctor of Philosophy (PhD) илмий даражасини олишга доир диссертацияни якунлаш учун ҳамда дарсликлар ва ўқув-услубий қўлланмалар қўлёзмаларининг муаллифларига — уч ойгача; б) фан доктори (Doctor of Science (DSc) илмий даражасини олишга доир докторлик диссертатсияцни якунлаш учун — олти ойгача муддатларга ижодий таътиллар берилиши белгиланган.

Илмий даража олишга даъвогарларга, шунингдек дарсликларнинг ёки ўқув-услубий қўлланмаларининг муаллифларига навбатдаги йиллик меҳнат таътиллари улар ижодий таътиллардан фойдаланганлигидан қатъи назар берилади.

Хулоса қилиб шуни айтишимиз мумкинки, мамлакатимизда ходимларнинг имконияти ҳамда шароитидан келиб чиққан ҳолда уларга қўшимча шарт-шароит ва имтиёзлар яратиш, жамиятнинг ривожланиши ва тараққий этишида давлатнинг ўз фуқароларига яратаётган имкониятлари муҳим аҳамият касб этади.

Зебиниса Хакимова,
Мирзо Улуғбек тумани адлия бўлими давлат хизматлари маркази директори

Улашиш: