Ҳуқуқ
11.03.2025
106
Аксар марказий шаҳарлар, жумладан, Тошкентда фаолият юритувчи умумий овқатланиш корхоналарида баъзида ходимларнинг давлат тилини билмаслиги, мижозга хизмат ва маҳсулот тўғрисида зарур маълумотларни тўлиқ ва тушунарли тарзда етказа олмаслиги кузатилади. Уларнинг айримида ҳатто давлат тилида таомнома (меню) ҳам йўқ.
Hudud24.uz ушбу мақолада масаланинг ҳуқуқий жиҳатлари тўғрисида сўз юритади.
Хусусий кафе-ресторанларда хизмат кўрсатишда давлат тилига оид қандай талаблар мавжуд?
Сўз бошида таъкидлаш лозимки, қонунчиликда умумий овқатланиш корхоналари давлат тилида хизмат кўрсатиши, жумладан, мижоз, истеъмолчилар билан муносабатларда давлат тилидан фойдаланиши шартлигига оид қатъий талаб мавжуд эмас. Шунга қарамай бир қатор қоидалар бор.
Аввало, Конституцияга асосан давлат ўз ҳудудида истиқомат қилувчи миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, бугунги кунда Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари яшаб келмоқда.
“Давлат тили ҳақида”ги қонунга асосан ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши республика ҳудудида яшовчи миллат ва элатларнинг ўз она тилини қўллашдан иборат конституциявий ҳуқуқларига монелик қилмайди.
Шу жиҳатдан, қонунчилик официант, кассир ва кафе-ресторанларнинг бошқа ходимларини давлат тилида гапиришга мажбурламайди: ўз тилида гапириш – уларнинг Конституциявий ҳуқуқи.
Аммо шунга қарамай, умумий овқатланиш корхоналари фаолиятида давлат тилидан фойдаланишга оид қатор мажбурий талаблар белгиланган.
Масалан, “Давлат тили ҳақида”ги қонунга кўра, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва жамоат бирлашмаларида иш юритиш, ҳисоб-китоб, статистика ва молия ҳужжатлари давлат тилида юритилади, ишловчиларининг кўпчилиги ўзбек тилини билмайдиган жамоаларда давлат тили билан бир қаторда бошқа тилларда ҳам амалга оширилиши мумкин.
Қисқача айтганда, умумий овқатланиш корхоналарида иш ҳужжатлари давлат тилида юритилиши шарт, агар ходимлар давлат тилини яхши билмаса, унга қўшимча равишда улар ўзлари тушунадиган тилда ҳам ҳужжатларни расмийлаштиришига йўл қўйилади.
Юқоридагилардан хулоса қилиш мумкинки, официант ўз тилида мулоқот қилиши мумкин ва бу унинг конституциявий ҳуқуқи. Хўш, бу ҳуқуқнинг чегараси қаергача? Конституцияга кўра, инсон ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, жамият ҳамда давлатнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига путур етказмаслиги шарт.
Савол туғилиши табиий – официант мижоз билан у тушунмайдиган тилда сўзлашиши қандай ҳуқуқларига путур етказиши мумкин? Албатта – истеъмолчи ҳуқуқларига.
Хусусан, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга асосан кўрсатилаётган хизмат, ушбу хизматларни кўрсатувчи ва хизмат кўрсатиш қоидалари тўғрисидаги маълумот истеъмолчига давлат тилида тақдим этилади. Бунга қўшимча равишда бошқа тилларда ҳам ахборот берилиши мумкин.
Айтайлик, кафе ходимлари давлат тилини билмайди, мижоз эса уларнинг тилини. Мижоз таом сифати, таркиби, тайёраланиш усули, хизмат кўрсатиш шартлари ёки бошқа масалада маълумот олмоқчи. Шу ҳолатда хизмат ва маҳсулотлар тўғрисида мижозга маълумот берилмаслиги (тил тўсиқлари туфайли бера олинмаслиги) истеъмолчи ҳуқуқларини бузмай қолмайди.
Шу жиҳатдан олиб қараганда, официант, кассир ёки бошқа кафе-ресторан ходимининг ўз она тилида сўзлаш ҳуқуқи чегараси истеъмолчи ҳуқуқлари бошланган нуқтада тугайди.
Қўшимча қилиш мумкинки, кафе-ресторанларда бошқа тилларни билувчи ходимларни ёллаш тўғрисида нормалар мавжуд.
Хусусан, 2003 йил 13 февралдаги 75-сон Ҳукумат қарори билан тасдиқланган Умумий овқатланиш маҳсулотларини (хизматларни) ишлаб чиқариш ва сотиш қоидаларига асосан хорижий сайёҳларга хизмат кўрсатувчи умумий овқатланиш корхоналари штатида ўз вазифаларини бажариши учун зарур бўлган ҳажмда камида битта хорижий тилни (инглиз, немис, француз тилини) биладиган ходимлар (метрдотеллар, официантлар) бўлиши керак.
Худди шунингдек, кафе-ресторанлар давлат тилидан бошқа тилни билмайдиган мижозларнинг ҳам истеъмолчи ҳуқуқларини таъминлаш нуқтаи назаридан ходимлар орасида давлат тилида мулоқот қила оладиганлар бўлишини эътиборга олиши лозим.
Таомнома қайси тилда бўлиши лозим?
Жавоб – аввало давлат тилида. Таомнома, яъни меню исталган тилга таржима қилиниши мумкин, аммо улар дунёнинг нечта тилига таржима қилинишидан қатъи назар давлат тилида бўлиши шарт.
Биринчидан, “Давлат тили ҳақида”ги қонунга асосан лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилади ва эълон қилинади ҳамда бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкин.
Иккинчидан, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга асосан товар (иш, хизмат) тўғрисидаги маълумот истеъмолчига давлат тилида тақдим этилади. Ушбу маълумот қўшимча равишда бошқа тилларда ҳам тақдим этилиши мумкин.
Учинчидан, 2003 йил 13 февралдаги 75-сон Ҳукумат қарори билан тасдиқланган Умумий овқатланиш маҳсулотларини (хизматларни) ишлаб чиқариш ва сотиш қоидаларига асосан умумий овқатланиш корхоналарида фирма жилдларида, давлат тилида ёзилган таомнома бўлиши керак. Таомнома бошқа тилларга таржима қилинишига ҳеч қандай чеклов йўқ.
Шу ўринда айтиш лозимки, қатъий қоидалар ўрнатилган бўлса-да, кўпгина кафе-ресторанларда ҳанузгача давлат тилидаги таомномалар йўқ. Бунинг сабаблари турлича бўлиши мумкин. Масалан, бирор тилни устувор кўриш, қонун талабларини билмаслик ва бошқалар. Шу билан бирга, айрим объектив сабаблар ҳам мавжуд – кўплаб овқат, салат ва ширинлик номларининг ўзбек тилидаги таржималари йўқ, борларига ҳам қулоқ ўрганмаган (масалан, “Мужской каприз” – “Эркак инжиқлиги/нози”).
Шу боисдан, таомномаларнинг давлат тилида бўлиши талаб этилар экан, овқат, салат ва ширинлик номларини таржима қилиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилиши лозим.
Кафе-рестораннинг рекламаси қайси тилда бўлиши керак?
Ижтимоий тармоқларда ва бошқа платформаларда хизмат кўрсатишнинг бошқа соҳалари сингари умумий овқатланиш корхоналарининг рекламалари ҳам тез-тез кўзга тушади. Уларнинг баъзилари давлат тилида бўлса, бошқалари турк, рус, инглиз ёки бошқа тилларда. Хўш, бу борадаги қонунчилик қандай?
“Реклама тўғрисида”ги қонунга асосан республика ҳудудида реклама давлат тилида тарқатилади.
Реклама мазмунининг таржимаси қуйидаги талабларга риоя этган ҳолда бошқа тилларда такрор берилиши мумкин:
реклама мазмунининг бошқа тиллардаги таржимаси матни унинг давлат тилидаги асосий маъносини бузиб кўрсатмаслиги керак;
ташқи реклама орқали жойлаштириладиган рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси матни давлат тилидаги реклама матнининг пастки қисмида горизонтал ҳолда жойлаштирилиши ва умумий реклама майдонининг қирқ фоизидан ошмаслиги керак;
рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси матни ҳарфининг ўлчами давлат тилидаги реклама матни ҳарфининг ўлчамидан кичик бўлиши керак;
теле- ва радиоканалларда, шунингдек босма нашрларда тарқатиладиган рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси ҳар кунги умумий реклама ҳажмининг йигирма фоизидан ошмаслиги керак.
Хулоса қиламиз, умумий овқатланиш корхоналарида иш ҳужжатлари давлат тилида юритилса-да, унинг ходимлари ўзаро ва мижозлар билан улар ўзлари танлаган тилда мулоқот қилиши мумкин, агарда истеъмолчи ҳуқуқлари бузилмаса. Жумладан, товар (иш, хизмат) тўғрисидаги маълумот истеъмолчига давлат тилида тақдим этилиши шарт. Таомнома (меню), хизмат кўрсатиш қоидалари, бошқа кўргазмали материаллар ҳамда реклама материаллари давлат тилида бўлиши лозим. Уларни бошқа тилларга таржима қилиш ҳам мумкин. Мижоз умумий овқатланиш корхонаси ходимлари гаплашаётган тилни билмаса-да, хизматлардан тўла ҳажмда фойдаланиш ҳуқуқига эга ва умумий овқатланиш корхонаси унинг ушбу ҳуқуқини таъминлаши шарт.
Муроджон Нажмиддинов,
Hudud24.uz колумнисти
Улашиш:
Бошқалар
“Бир миллион яшил оила” умуммиллий ҳаракати йўлга қўйилади
2025 йил 1 мартгача тўғри овқатланиш, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишнинг инсон саломатлигига фойдасини тарғиб қилишни кучайтириш дастури ишлаб чиқилади.
Ипотека кредитлари учун субсидия олишга аризалар қабули бошланади
Ипотека кредитлари бўйича субсидиялар тўлашнинг тасдиқланган мақсадли кўрсаткичлари доирасида аризаларни 3 март куни соат 09:00дан бошлаб жўнатиш мумкин.
Рўйхатдан ўтган такси ҳайдовчилари учун қулайлик
Солиқ қўмитаси маълум қилишича, ўзини ўзи банд қилган таксистларнинг 2024 йилда даромади 100 миллион сўмдан ошган бўлса ҳам, 2025 йилда ҳисоб-китоб қайтадан бошланади. 2025 йил давомида 100 миллион сўмгача бўлган даромад солиққа тортилмайди.
Ишланмайдиган байрам ва дам олиш кунларида ходимларни ишга жалб қилиш тартиби қандай?
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 209-моддасига асосан дам олиш кунларида ва ишланмайдиган байрам кунларида ишлаш таъқиқланади.