#NoComment
23.07.2024
978
Айни кунларда АҚШ президентлик сайловларида иштирок этиши маълум қилинган вице-президент Камала Харриснинг турмуш ўртоғи кимлиги кўчиликка қизиқ бўлмоқда. Мамлакат тарихида биринчи аёл вице-президентнинг эри Дуглас Эмхофф ҳуқуқшунос ўлароқ юқори сиёсатга кириб келар экан, аввало юридик ёрдамдан фойдаланишни кенгайтиришга эътибор қаратди.
Агар амалдаги вице-президент Камала Харрис ноябр ойида бўладиган сайловларда ғалаба қозониб, президентликни қўлга киритса, ҳозирда иккинчи жентльмен саналадиган Дуглас Эмхофф мамлакатнинг биринчи жентльмени бўлади.
У ким ўзи?
Сўнгги уч ярим йил давомида жаноб Эмхофф вице-президентнинг турмуш ўртоғи ва ҳуқуқшунос сифатидаги 30 йиллик фаолиятини акс эттирувчи кичик сиёсат портфолиосини яратди.
АҚШ тарихида вице-президент бўлган биринчи аёлнинг эри сифатида жаноб Эмхофф оилада қўллаб-қувватловчи ролини ҳеч бир малолсиз қабул қилди. Шу билан бирга давлат хизматида мазмунли ва жамиятга фойдали иш қилиш йўлларини қидирди.
59 ёшли жаноб Эмхофф Бруклинда туғилган ва Нью-Жерси штатининг Матаван шаҳрида вояга етган. Ўсмирлигида оиласи Калифорнияга кўчиб ўтган. У Лос-Анжелесдаги коллежда ва университетнинг ҳуқуқ факультетида ўқиган. Фаолиятини Venable ва DLA Piper каби йирик юридик фирмаларда амалиётчи сифатида бошлаб, ҳамкор даражасигача кўтарилган. 2020 йилда турмуш ўртоғи вице-президент бўлгач, манфаатлар тўқнашувидан қочиш учун ишдан кетган. Ўша пайтда у йилига 1,2 миллион доллар топар эди.
Эмхофф ва Харрис хоним 2014 йилда турмуш қуришди. Жаноб Эмхофф бўлажак турмуш ўртоғи билан танишувлари ва романтик муносабатлари ҳақидаги ҳикояларни завқ билан ҳикоя қилар экан, сиёсатчи аёлнинг турмуш ўртоғи бўлиш ортидан кутиладиган ўз карьерасини тўхтатиш ва давлат хизмати орқали жараёнларга таъсир кўрсатиш йўлларини излаш ҳақидаги иккиланишларини ҳам тасвирлаб берди.
“Биз вице-президент билан никоҳни ва нормал оилавий муносабатларни сақлаб қолиш ҳақида кўп гаплашдик, мен фирма билан ҳамкорлигимдан воз кечдим ва унинг ёнида турмуш ўртоғи сифатида очиқ ва оммавий қўллаб-қувватлашни танладим”, – деди Дуглас Эмхофф интервьюсида.
У сўзида туриб келмоқда: 2020 йилги Демократик партиянинг праймеризи ва Харрис хонимнинг бу йилги президентлик курашига қўшилганлиги сабабли кўпайиши аниқ бўлган ахборот ҳужумлари пайтида рафиқасини қўллаб-қувватламоқда.
Эмхоффнинг олдинги турмушидан икки нафар вояга етган фарзанди бор, уларни тарбиялаб вояга етказишда Харрис хоним ёрдам берган.
“Ҳаётда муҳим вазифа зиммасига тушган илғор аёлларни қўллаш ва уларнинг ортида суянган тоғ бўлиб туриб бериш – ҳақиқий эркакликдир”, деди у Жанубий Кореянинг бир газетасига 2022 йилда берган интервьюсида.
“Никоҳ – бу одамларни имкониятлардан маҳрум қилиш эмас, балки уларни кўпайтиришдир. Аминманки, вице-президент Харрис ҳам менинг инжиқликларимни кўтаради ва фаолиятимда доим менга ёрдам беради. Биз бир-биримизга ёрдам берамиз”.
Расмий роллари
Биринчи хоним Жилл Байден сингари, жаноб Эмхофф ҳам турмуш ўртоғи Президент маъмуриятида ишлай бошлагач, юқорида айтилганидек, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик учун юридик фирмадан ишдан кетди ва Жоржтаун университетида ҳуқуқ фанидан дарс бера бошлади.
Шунингдек, расмий лавозимидаги аёлнинг турмуш ўртоғи сифатида бир қатор вазифаларни, жумладан, вице-президент қароргоҳини назорат қилиш ва ёрдамчилар контингентини бошқариш вазифаларини ўз зиммасига олган.
Унинг Оқ уй ёнидаги Эйзенхауэр Ижроия идораси биносида офиси бор. Иккинчи жентльмен Жанубий Корея ва Филиппинда президентлик инаугурациясида иштирок этувчи делегацияларни бошқарган.
Жаноб Эмхофф, шунингдек, ўзининг ҳуқуқшунослик фаолияти, хусусан, “pro bono” тажрибасини Президент маъмуриятнинг юридик ёрдамни кенгайтириш сиёсатини бошқаришда ҳамда АҚШ Адлия вазирлигининг Фуқаролик ҳуқуқлари ва юридик ёрдам бўлимида қўллашга ҳаракат қилди.
Умумий ва қарама-қарши жиҳатлар
Оилада эр-хотининнг қарашлари баъзи нуқталарда умумий бўлса, айрим ўринларда ҳатто бир-бирига зид. Масалан, Дуглас Эмхофф яҳудий миллатига мансуб, у антисемитизмга қарши ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, худди апартеидга қарши курашган ва қора танлилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келган фаол Камала Харрис каби.
Бироқ Ғазо масаласида эр-хотиннинг позициялари умумий эмас. Эмхофф ўтган йилнинг 7 октябр куни ХАМАСнинг Исроилга ҳужумидан сўнг у ердаги яҳудий жамоатчилигини қўллашини айтиб чиқди.
Камала Харрис эса ушбу масалада Жо Байден маъмуриятини ва Бенямин Нетаняху ҳукуматини қаттиқ танқид қилиб келади.
Улашиш:
Бошқалар
Боғча директорлари учун ўринбосарлар, 20 фоизлик устама, мобил малака ошириш хизматлари ва имтиёзлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мактабгача таълим сифати ва самарадорлигини янада ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони қабул қилинди.
Меҳнат муносабатларида камситилиш ҳолати нима ва ундан шикоят қилиш тартиби қандай?
Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари меҳнат ҳуқуқларига эга бўлиш ва улардан фойдаланишда тенг имкониятларга эгадирлар. Бу Меҳнат кодексининг 4-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган.
Транспорт воситаларини бошқаришни ўргатиш
Транспорт воситасини бошқаришни ўргатаётган вақтда ўргатувчида тегишли тоифадаги транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлиши шарт.
Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордерини бериш
Ҳимоя ордери ички ишлар органларининг таянч пункти профилактика (катта) инспектори томонидан белгиланган схемага мувофиқ берилади.