currencies image

12 720,00 UZS

7,96

usd

currencies image

13 827,91 UZS

46,07

eur

currencies image

140,04 UZS

0,58

ru



АсосийЯнгиликларҚандай ахборотларни тарқатиш тақиқланган? Билиш керак бўлган муҳим маълумотлар

Қандай ахборотларни тарқатиш тақиқланган? Билиш керак бўлган муҳим маълумотлар

Ҳуқуқ

calendar

15.03.2024

eye

744

Қандай ахборотларни тарқатиш тақиқланган? Билиш керак бўлган муҳим маълумотлар© Фото: Hudud24.uz

Конституцияга асосан ҳар ким фикрлаш, сўз ҳамда исталган ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга. Аммо бунда бошқа шахсларнинг, жамият ҳамда давлатнинг ҳуқуқ, эркинлик ва қонуний манфаатларига путур етказмаслик шарт.

Хўш, қонунчилигимизда миллий қадриятлар ва ижтимоий ахлоққа зид ахборотни тарқатиш масаласи қандай тартибга солинган? Қандай тоифадаги ахборотни тарқатиш тақиқланган? Ушбу чекловга риоя этилмаса, нима бўлади? Hudud24.uz шу каби муҳим масалаларда сўз юритади.

Қандай тоифадаги ахборот бошқа кишилар, жамият ҳамда давлатнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига путур етказади?

Конституцияга кўра, ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқини фақат конституциявий тузум, аҳоли соғлиғи, ижтимоий ахлоқ, кишиларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлиги ва тартибини таъминлаш, шунингдек давлат сирлари ёки бошқа сирлар тарқашининг олдини олиш учун чеклашга йўл қўйилади.

Шу ўринда айтиш керакки, “ижтимоий ахлоқ” тушунчаси мавҳум бўлиб, ижтимоий ахлоқ меъёр, мезон ва асослари ҳеч бир ҳужжатда белгиланмаган.

Жумладан, қонунчиликка кўра, фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи, уларнинг шахсий ҳаётига аралашишга йўл қўювчи ахборот ёки жамиятга, давлатга ҳурматсизликни намоён этувчи, шу жумладан, беодоблик билан ифодаланган ахборотни тарқатиш ҳам тақиқланган.

Таъкидлаш лозимки, бундай тоифадаги ахборотлар одатда миллатга хос қадрият, удум ва анъаналар билан бевосита боғлиқ бўлади.

Хўш, қадрият, удум ва анъана деганда нимани тушуниш керак? Изоҳли ва энциклопедик луғатларга кўра:

Қадрият – воқеликдаги муайян ҳодисаларнинг умуминсоний, ижтимоий-ахлоқий, маданий, маънавий аҳамиятини кўрсатиш учун қўлланадиган тушунча. Инсон ва инсоният учун аҳамиятли бўлган барча нарсалар, масалан, эркинлик, тинчлик, адолат, маърифат, ҳақиқат, яхшилик, моддий ва маънавий бойликлар ва бошқалар қадрият ҳисобланади.

Анъана – ўтмишдан келажакка мерос қоладиган, авлоддан авлодга ўтадиган, жамият ҳаётининг турли соҳаларида намоён бўладиган моддий ва маънавий қадрият. Миллий, маданий, маиший, ижтимоий-сиёсий, диний ва бошқа анъаналар бор. Масалан, Наврўз, Мустақиллик куни, Конституция куни, Рўза ҳайити, Қурбон ҳайити ва бошқа халқ байрамлари.

Удум – умум томонидан қабул қилинган ва амал қилинадиган тартиб, расм, шунингдек, айрим шахсга хос иш-машғулот, одат ҳисобланади.

Кишилар миллий қадрият, анъана ва удумларни сақлашга, ҳурмат қилишга мажбурми?

Масалан, оила Шарқ жамиятидаги энг асосий қадриятлардан бири ҳисобланади. Шунинг учун ҳамма оила қуришга мажбурми? Жавоб – йўқ. Конституцияга асосан ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга.

Яъни инсон истаса, оила қуради, истамаса тоқ ўтади ва бу кишининг муҳокама қилиниши керак ҳам бўлмаган фундаментал ҳуқуқи ҳисобланади, худди шундай, бокиралик, болали бўлиши ёки бўлмаслик ва шу сингари бошқа нозик масалалар ҳам.

Аммо бу ерда эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳат – бундай қарорга кишини ўзининг ва бошқаларнинг муносабати.

Масалан, блогер (умуман, исталган шахс) ўз саҳифасида “Наврўз оташпарастларнинг байрами эканлиги ҳамда уни нишонловчи ҳар қандай киши кофир ва хоин эканлиги” тўғрисида материал жойлаштириб, ушбу байрамни нишонлаётган кишилар, жамият ва давлат тўғрисидаги фикрини беодоблик билан ифодалади. Ёки “замонавий қиз идеалини тавсифлай туриб, никоҳга қадар бокиралигини сақлаб келадиган қизлар қолоқ”ликда айбланди.

Ҳуқуқий жиҳатдан айтадиган бўлса, кишилар ўзгаларнинг ахлоқий қарашлари, қадриятлари ва ҳаёт тарзини маъқуллаши, қўшилиши шарт эмас, бироқ уни ҳурмат қилишга мажбур. Бунда ҳурмат қилиш кишининг қарашларини одатий ва табиий қабул қилишни эмас, балки қарама-қарши фикрларга нисбатан толерант бўлишни ва бундай қарашдаги кишилар шаъни ва қадр-қимматини ерга урмаслик кераклигини англатади.

Юқорида келтирилгандек, ҳар бири эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга. Аммо Конституцияга кўра, кишилар ҳуқуқ ва эркинлигини амалга оширишда бошқа кишилар, жамият ва давлатнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига путур етмазмаслиги керак. Яъни бошқанинг ҳуқуқи бошланган жойда кишининг ҳуқуқлари, шу жумладан, ахборот тарқатиш ҳуқуқи тугайди. Кишилар бошқаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбур.

Шу нуқтаи назардан айтиш мумкинки, фуқаролар миллий қадрият, анъана ва удумларни сақлаш ва риоя қилишни ўзлари учун ўзлари ҳал қилсалар-да, уларни ҳурмат қилишга мажбурдирлар.

Бу мажбурият, ўз навбатида, фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи, уларнинг шахсий ҳаётига аралашишга йўл қўювчи ахборот ёки жамиятга, давлатга ҳурматсизликни намоён этувчи, шу жумладан, беодоблик билан ифодаланган ахборотни тарқатишни ҳам тақиқлайди.

Яна шуни ҳам қўшимча қилиш керакки, жамият кайфиятидаги ўзгаришлар, жумладан, аёллар ва эркаклар ўртасидаги ижтимоий муносабатларга нисбатан радикал қарашларни юмшатиш ва кишиларнинг шаъни ва қадр-қимматига тажовузларнинг олдини олиш мақсадида айрим тоифадаги ахборотни тарқатиш учун жавобгарлик белгиланган.

Масалан, қонунчиликка киритилган сўнгги ўзгаришларга кўра, икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшашни тарғиб қилиш, ушбу мазмундаги қарашларни, ғояларни ёки чақириқларни тарқатиш, жинс бўйича камситишни тарғиб қилиш, шу жумладан, хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилигини очиқдан-очиқ инкор этиш, ушбу мазмундаги қарашларни тарқатиш эндиликда маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.

Шунга қарамай, қонун конструктив танқидни тақиқламайди. Жамики, масалалар юзасидан фикр билдириш мумкин, фақатгина фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказмаслик, жамият ва давлатга ҳурматсизлик қилмаслик шарти билан.

 Муроджон Нажмиддинов,

Hudud24.uz колумнисти

Улашиш:

Бошқалар

29-апрел 2024, 13:31
13 443

«Жаннат оналар оёғи остида» фильми тармоқларда тарқалди. Интернет-қароқчилик учун қандай жавобгарлик бор?

Фильмни тарқатиш қай даражада қонуний? Агар кишилар бир-бирига шахсий хабарлар орқали жўнатишсачи? Фильмни рухсатсиз тарқатганлик учун қандай жавобгарлик бор ва уни кино ижодкорларнинг аризасисиз ҳам қўллаш мумкинми? Hudud24.uz қуйидаги мақола орқали шу саволларга жавоб беради.


25-апрел 2024, 12:32
7 007

Жўраевлар иши: Ботир Қодиров Шерали Жўраевнинг қўшиқларини куйлаши мумкинми? Интеллектуал мулк ҳуқуқини мерос қолдириш бўйича муҳим жиҳатлар

Хонанда Ботир Қодиров оталикни белгилаш юзасидан судга даъво аризаси киритиши ортидан ижтимоий тармоқларда муҳокамалар бошланди. Муҳокамаларнинг бир йўналиши Шерали Жўраевнинг интеллектуал мулкини мерос қилиб олиш йўналишида бўлмоқда. Жумладан, Ботир Қодиров Шерали Жўраевнинг қўшиқларини айтиши мумкинми? Интеллектуал мулк ҳуқуқи мерос бўлиб ўтадими? Агар Шерали Жўраев муаллифлик ҳуқуқи бўйича васиятнома қолдирган бўлса, оталикни белгиланган тақдирда Ботир Қодиров унга даъво қилиши мумкинми? Hudud24.uz ушбу мақолада интеллектуал мулк ҳуқуқини мерос қолдиришдаги муҳим жиҳатлар хусусида сўз юритади.


23-апрел 2024, 12:43
3 592

Жаримага тортиш ҳақидаги қарор кеч берилса, уни тўламаслик мумкинми? Йўл-ҳаракати қоидалари бўйича ишларни кўриб чиқишдаги 7 муҳим жиҳат

Уч ой ўтгандан кейин жарима хабарномаси келиши қонунийми? Ҳайдовчи камерага тушса, жаримани ким тўлайди: машина эгасими ёки уни бошқарган одам? Қачон тезликни оширганлик учун жарима қўлланмайди? Маъмурий баённомани имзоламаслик мумкинми, имзоламаса, нима бўлади? Суд ҳуқуқбузар иштирокисиз унга жарима қўлласа ёки қарор унга кеч берилса, уни тўламаса ҳам бўладими? Умуман, агар қоидабузарга вақтида жазо берилмаса, кейинчалик жазолаш мумкинми?


16-май 2024, 04:11
1 756

Блогер товламачилик қилаётганда ушланди

Агар ҳаётда инсоннинг бўйни меҳнатга ёр бермаса, у бировнинг ҳақига кўз олайтира бошлайди. Яъни осон пул топишга уринади. Оқибатда ўғирлик, талончилик, фирибгарлик ёки товламачилик сингари оғир ва ўта оғир жиноятларга қўл уради.