Ҳуқуқ
04.06.2026
361

Солиқ қонунчилигига кўра, айрим ҳолатларда шахс солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этган бўлса ҳам, унинг айби мавжуд деб топилмайди ва у жавобгарликка тортилмайди. Бу ҳолатлар Солиқ кодексининг 215-моддасида белгиланган.
Агар солиққа оид ҳуқуқбузарлик табиий офат, техноген авария, фавқулодда ҳолат ёки бартараф этиб бўлмайдиган бошқа вазиятлар оқибатида содир этилган бўлса, шахснинг айби мавжуд деб ҳисобланмайди.
Бундай ҳолатлар оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган маълумотлар, ҳаммага маълум фактлар ёки қўшимча исбот талаб қилмайдиган бошқа усуллар орқали аниқланади.
Агар жисмоний шахс солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этган пайтда касаллик сабабли ўз ҳаракатларини англай олмаган ёки бошқара олмаган бўлса, у жавобгарликдан озод этилади.
Бунинг учун солиқ тўловчи тегишли тиббий ҳужжатларни тақдим этиши керак. Ушбу ҳужжатлар ҳуқуқбузарлик содир этилган солиқ даврига тааллуқли бўлиши лозим.
Солиқ органи ёки бошқа ваколатли орган томонидан солиқни ҳисоблаш ва тўлаш тартиби юзасидан берилган ёзма тушунтиришларга амал қилган солиқ тўловчи жавобгарликка тортилмайди.
Бунинг учун:
— ёзма тушунтириш ваколатли орган томонидан берилган бўлиши;
— солиқ тўловчи айнан шу тушунтиришга мувофиқ ҳаракат қилган бўлиши;
— тегишли ҳужжат мавжуд бўлиши зарур.
Солиқ мониторинги жараёнида солиқ органи томонидан юборилган асослантирилган фикр солиқ тўловчи томонидан бажарилган бўлса, кейинчалик шу масала бўйича жавобгарлик қўлланилмайди.
Агар солиқ органининг ёзма тушунтириши ёки асослантирилган фикри солиқ тўловчи тақдим этган нотўғри ёки тўлиқ бўлмаган маълумотларга асосланган бўлса, юқоридаги имтиёзлар қўлланилмайди.
Солиқ кодексининг 215-моддаси солиқ тўловчиларни уларнинг айби бўлмаган ҳолатларда жавобгарликка тортилишидан ҳимоя қилади. Табиий офатлар, соғлиқ билан боғлиқ жиддий муаммолар, ваколатли органларнинг ёзма тушунтиришлари ҳамда солиқ мониторинги доирасидаги асослантирилган фикрларга амал қилиш шахснинг айбини истисно қилувчи ҳолатлар сифатида эътироф этилади. Шу сабабли, бундай вазиятларда шахс солиққа оид ҳуқуқбузарлик учун жавобгар ҳисобланмайди.
Зиёвуддин Намозов,
"Адолат" МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Телефон сўзлашувларини қандай тартибда эшитиш мумкин?
Сўзлашувларни эшитиб туриш ва ахборот олиш бўйича тергов ҳаракатини ўтказиш учун суриштирувчи ёки терговчи тегишли илтимоснома киритади.
Миси чиққан уста
Ишонч – инсонлар ўртасидаги энг қимматли нарса.
Давлат қарори билан мулк ҳуқуқи қачон бекор қилиниши мумкин?
Фуқаролик кодексининг 206-моддасига кўра, давлат органлари мулкдорнинг мол-мулкини истаган вақтда ёки асоссиз равишда олиб қўйиши мумкин эмас.
Банк мижоз учун эмас(ми?)
Навоий вилоятидаги банклардан бирининг туман филиали мутассадиларининг лоқайдлиги туфайли бир оила бошпанасиз, сарсон-саргардон.