Содда талқин
23.02.2026
212

Соғлом рақобат кучайиб бораётган бозор иқтисодиёти шароитида ахборот муҳим стратегик ресурс сифатида намоён бўлмоқда.
Айниқса, корхона ва ташкилотлар фаолиятига оид айрим маълумотларнинг ошкор этилиши молиявий зарарга, рақобат устунлигининг йўқолишига ёки ишчанлик обрўсига путур етишига олиб келиши мумкин.
Шу боис, қонунчиликда маълумотларни хизмат сири ва тижорат сири сифатида муҳофаза қилиш институти шакллантирилган.
Хизмат ва тижорат сири тушунчаси, уларнинг мазмуни ҳамда ҳуқуқий мақоми ахборот хавфсизлигини таъминлаш, тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва иш муносабатларида адолатли мувозанатни сақлашда муҳим аҳамият касб этади. Бироқ амалиётда қайси маълумотлар хизмат ёки тижорат сири сифатида баҳоланиши, уларни махфий ахборотлар тоифасига киритиш мезонлари ва чекловлари масалалари доимо долзарб бўлиб қолмоқда.
Хизмат сирига оид маълумотлар, одатда, давлат органлари ва ташкилотларнинг ички фаолиятини ташкил этиш, бошқариш ва назорат қилиш жараёнлари билан бевосита боғлиқ бўлади.
Бундай маълумотлар қаторига:
— ички хизмат ҳужжатлари,
— хизмат ёзишмалари,
— кадрлар билан боғлиқ хизмат тавсифномалари,
— интизомий иш юритиш материаллари,
— текширув ва назорат тадбирларини режалаштиришга доир ахборотлар киради.
Шу билан бирга, ташкилотларнинг ахборот тизимлари, маълумотлар базалари ва техник инфратузилмасига оид маълумотлар ҳам хизмат сири сифатида баҳоланади, чунки уларнинг ошкор этилиши давлат ёки жамоат манфаатларига зарар етказиши, хизмат фаолияти самарадорлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Тижорат сирига оид маълумотлар эса, асосан, тадбиркорлик субъектларининг ишлаб чиқариш, молиявий ва ташкилий фаолияти билан боғлиқ бўлиб, улар ҳақиқий ёки эҳтимолий иқтисодий қийматга эга бўлади. Жумладан, ишлаб чиқариш технологиялари, ноу-хау, маҳсулот тайёрлаш усуллари, молиявий режалар, инвестиция стратегиялари, бизнес-режалар, бозор таҳлиллари ҳамда мижозлар ва контрагентларга оид маълумотлар тижорат сири сифатида муҳофаза қилинади.
Ушбу ахборотларнинг махфийлиги таъминланмаган тақдирда, корхона рақобатбардошлиги пасайиши, иқтисодий зарар етказилиши ёки тижорат манфаатларига путур етиши мумкин. Фуқаролик қонунчилиги хизмат ёки тижорат сири бўлган ахборотни, башарти бу ахборот учинчи шахсларга номаълумлиги сабабли ҳақиқий ёки нисбий тижорат қимматига эга бўлган, қонун йўли билан ундан эркин баҳраманд бўлиш мумкин бўлмаган ҳамда ахборот эгаси унинг махфийлигини сақлашга доир чоралар кўрган ҳолларда ҳимоя этади.
Бекжон Исмаилов,
"Адолат" МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Букмекерлик фаолиятини реклама қилганлик учун қандай жавобгарлик белгиланган?
Ўзбекистон қонунчилигида букмекерлик ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни реклама қилиш учун жавобгарлик белгиланган.
Номингизга кредит олишни чеклашда муҳим 5 жиҳат
Онлайн фирибгарликдан ҳимояланиш — фақат эҳтиёткорлик эмас, олдиндан кўрилган чоралар билан бошланади.
Кредит тўлови муддатини кечиктириш ёки узайтириш имкониятлари
Кредит шартномаси амал қилиш даврида тўловлар биринчи маротаба кечиктирилган ёки узайтирилган тақдирда, муайян ҳолатлар мавжуд бўлса, кредит таснифи ўзгартирилмайди ва у шартлари қайта кўриб чиқилган актив сифатида баҳоланмайди.
«Рақамли прокуратура — 2030»: прокуратура фаолиятини рақамлаштириш орқали шаффофлик, тезкорлик ва қонунийликни таъминлаш
Прокуратура органларини 2030 йилга қадар рақамли трансформация қилишга қаратилган «Рақамли прокуратура — 2030» стратегияси ишлаб чиқилди.