Ҳуқуқ
22.05.2024
253
Қонунчиликда касаначи тадбиркорлар ишсиз ва иш қидираётган шахсларни ёллаганида уларга 10 млн сўмдан ортиқ субсидия берилиши белгиланган. Hudud24.uz ушбу мақола орқали субсидия олишга оид муҳим саволларга жавоб беради.
Касаначилик нима?
Касаначилик деганда ҳунармандлар, ишчилар ва бошқа шахсларнинг ёлланиб ўз уйида ишлаши ёки хизмат кўрсатиши тушунилади. Касаначиликда тадбиркорлар, ташкилот ва корхоналар билан келишув, шартнома асосида буюртмалар бажарилади.
Масалан, тадбиркор А. ширинликлар тайёрлаб сотиш билан шуғулланади, фуқаро Б. эса ишсиз, бунда тадбиркор А. фуқаро Б.га зарур асбоб-ускуналар, керакли масаллиқларни сотиб олиб беради ва фуқаро Б. ўз уйида туриб тадбиркор учун маҳсулот тайёрлайди.
1. Субсидия нима мақсад учун ажратилади?
Тадбиркорларга ишсиз ва иш қидираётган «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» ёки «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган фуқаролар (касаначилар) билан касаначи сифатида ҳамкорлик қилганида, улар учун асбоб-ускуналар ва хом ашё харид қилиш бўйича харажатларини қоплашга субсидия ажратилади.
2. Субсидия миқдори қанча?
Субсидия тадбиркорларга ҳар бир касаначига асбоб-ускуналар ва хом ашё харид қилиш бўйича харажатларини қоплаш учун БҲМнинг 30 бараваригача миқдорда ажратилади.
3. Кимга мурожаат қилиш керак?
Тадбиркор субсидия олиш учун маҳалладаги ҳоким ёрдамчиларининг тавсияси асосида туман (шаҳар) камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлимига ёзма равишда ёки my.gov.uz тизими орқали орқали мурожаат қилади.
Мурожаатда касаначининг фамилияси, исми, отасининг исми, тадбиркорнинг субсидия тўлаб берилиши лозим бўлган ҳисобварағи ва манзили кўрсатилади.
Мурожаатга касаначи билан тузилган меҳнат шартномаси ёки ишларни бажариш ҳақидаги фуқаролик ёки пудрат шартномаси илова қилиниши шарт.
Тадбиркор мурожаатда субсидия ҳисобидан харид қилинадиган асбоб-ускуналар ва хом ашё номи ва тури, аниқ харид нархини кўрсатиши лозим.
4. Мурожаат қанча вақтда ҳал бўлади?
Мурожаат 3 иш кунида кўриб чиқилади. Ҳужжатлар тўғри ва тўлиқ бўлганида камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими ҳамда тадбиркор ўртасида ижтимоий шартнома тузилади.
Шундан сўнг, тадбиркорга субсидия ажратиш (ёки ажратишни рад этиш) тўғрисида уч иш кунида қарор қабул қилинади. Қарорда субсидия миқдори ва уни ажратиш муддати кўрсатилиши лозим.
Субсидия ажратиш тўғрисидаги қарор қабул қилингандан сўнг 5 иш кунида тадбиркорга субсидия ажратилади.
Субсидия ажратилгандан сўнг 10 кунда талабгор ҳар бир касаначи учун асбоб-ускуналар ва хом ашё харид қилинганлиги ва касаначига бепул берилганлиги ҳамда асбоб-ускуналар ва хом ашёнинг хусусиятидан келиб чиқиб номи, тури, маркаси, кафолат муддатини кўрсатган ҳолда ижтимоий контракт тузилган камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлимини ёзма равишда хабардор қилиши шарт.
5. Қандай асослар рад этиш учун сабаб бўлади?
Субсидия ажратиш қуйидагиларга кўра рад этилади:
ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаганда;
касаначи билан тузилган меҳнат шартномаси, фуқаролик ёки пудрат шартномаси Ягона электрон шартномалар ахборот порталида рўйхатдан ўтказилмаганда;
касаначилик билан шуғулланаётган ишсиз ва иш қидираётган фуқаролар, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» ёки «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилмаганлиги тасдиқланганда;
харид қилинадиган асбоб-ускуна ва хом ашёнинг нархи қасддан юқори қилиб кўрсатилганлиги аниқланса.
Мурожаат рад этилганида тадбиркор юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилиши мумкин.
6. Субсидия ўз мақсадида фойдаланилмаса қандай чора кўрилади?
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими ва ҳоким ёрдамчиси ажратилган субсидия ҳисобидан харид қилинган асбоб-ускуна асосида ишлаётган касаначининг фаолияти самарадорлигини бир ойда бир маротаба 6 ой давомида мониторинг қилиб боради.
Мониторинг натижаларига кўра ижтимоий контрактда белгиланган мажбуриятлар бажарилмаганлиги ҳамда субсидия асосида харид қилинган асбоб-ускуналар ва хом ашёдан фойдаланилмаётганлиги аниқланса, далолатнома расмийлаштирилади ва ушбу камчиликларни бартараф этиш бўйича субсидия ажратилган тадбиркорга хабарнома юборилади.
Тадбиркор хабарнома олинган кундан 1 ойда кўрсатилган камчиликларни бартараф этиш чораларини кўриши ва амалга оширилган ишлар юзасидан камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлимига хабарнома юбориши керак.
Шундан сўнг 3 иш кунида касаначилар фаолиятининг самарадорлиги қайта мониторинг қилинади.
Мониторингда аввалги кўрсатилган камчиликлар бартараф этилмаганлиги аниқланса, камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими ажратилган субсидияни қайтариш бўйича қарор қабул қилади, ижтимоий контрактни бир томонлама бекор қилади ва субсидия ажратилган тадбиркорга хабарнома юборади. Тадбиркор эса 5 иш кунида ажратилган субсидияни қайтариши шарт.
Дилмурод Ражабоев
Hudud24.uz колумнисти
Улашиш:
Бошқалар
Айрим фуқароларга электр энергияси ва табиий газ учун компенсация берилади
Қарорга кўра, иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ўтказиб берилади.
Ишончнома тушунчаси, шакли ва уни расмийлаштириш тартиби
Ишончнома — бир шахс (ишонч билдирувчи) томонидан иккинчи шахсга (ишончли вакилга) учинчи шахслар олдида вакиллик қилиш учун берилган ёзма ваколат ишончнома ҳисобланади. Ишончли вакил ўзига ишончнома билан берилган ваколатлар доирасида иш олиб боради.
Меҳнат шартномасини ўзгартириш ва бошқа ишга ўтказиш тартиби қандай
Ўзбекистон Меҳнат кодексига кўра ходим меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақлидир ва бундай ариза 3 кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши шарт.
Иситиш мавсумида қандай оилаларга компенсация тўлаб берилади?
Иситиш мавсумида (ноябрь — февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга қуйидаги компенсация турлари тақдим этилади.