currencies image

12 937,93 UZS

45,02

usd

currencies image

14 665,14 UZS

152,88

eur

currencies image

161,10 UZS

0,76

ru



АсосийЯнгиликларҲайдовчи ва ЙПХ ходими: қонун доирасидаги ўзаро муносабатлар

Ҳайдовчи ва ЙПХ ходими: қонун доирасидаги ўзаро муносабатлар

#NoComment

calendar

19.05.2025

eye

126

Ҳайдовчи ва ЙПХ ходими: қонун доирасидаги ўзаро муносабатлар

Йўл-патрул хизмати ходими ҳайдовчини қай ҳолатларда тўхтатиши мумкин? Ундан ҳужжат сўраш, транспортни кўздан кечириш ёки транспорт кабинасидан тушириш ҳуқуқига эгамикан? Бундай саволлар ҳар бир ҳайдовчи учун муҳим. Қуйида ЙПХ ходимлари ва ҳайдовчилар ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи ҳуқуқий нормалар билан таништирамиз.

1. ЙПХ ходими қандай ҳолатларда ҳайдовчини тўхтатиши мумкин?

ЙПХ ходими транспортни фақат қуйидаги асослар билан тўхтатиши мумкин:

— йўл ҳаракати қоидалари бузилиши визуал кузатув ёки махсус мослама ёрдамида аниқланганда;

— Махсус мосламалар аудио, фото ва видео техникалари ёки кўчма фоторадар ва мобил комплекслар, алкотестер, наркотестер, планшет ҳамда “тонировка”ни ўлчовчи воситалар;

— транспорт, ҳайдовчи ёки йўловчи қидирувда эканлиги, ҳуқуқбузарликка алоқаcи бор бўлса;

— ҳайдовчи ёки йўловчи йўл транспорт ҳодисаси, ҳуқуқбузарликни кўрган бўлса, улардан ҳодисага оид маълумот олиш керак бўлганида;

— ҳаракатни чеклаш ёки тақиқлаш бўйича қонуний кўрсатмаларни бажаришда;

— ЙПХ ходими ҳайдовчининг транспортидан фойдаланиш зарурати бўлганда;

— махсус тадбирлар вақтида;

— Махсус тадбирлар — йўл транспорт ҳодисалари ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга доир, комплекс вазифаларни бажаришга қаратилган ЙПХ ходимлари, бошқа органларнинг вакиллари билан ҳамкорликда ўтказиладиган ҳаракатлар мажмуи;

— ҳайдовчилик гувоҳномаси ва бошқа ҳужжатларни текшириш учун.

ЙПХ ходими бошқа асосларга кўра транспортни тўхтатиши мумкин эмас. ЙПХ ходимининг ишоралари тушунарли ва ўз вақтида берилиши лозим.

Қоидабузарлик аниқланганда ЙПХ ходими ҳайдовчига аввал айнан содир этган қоидабузарликни тушунтириб, шундан сўнг ҳужжатларни текшириб, чора кўриши керак.

Махсус тадбирлар вақтида транспорт тўхтатилганда ЙПХ ходими махсус тадбирнинг мақсади ҳамда тўхтатиш сабаби ҳақида тушунтириш бериши керак.

2. ЙПХ ходими ҳайдовчини транспорт кабинасидан тушишини талаб қилиши мумкинми?

Ҳа, мумкин. ЙПХ ходими ҳайдовчи ёки йўловчиларни қуйидаги ҳолатларда транспорт кабинасидан чиқишини талаб қилиши мумкин:

— транспорт носозлигини ва юк ташиш қоидаси бузилганлигини бартараф этиш учун;

— ҳайдовчи транспортни маст ҳолда бошқараётганда;

— транспортнинг двигатель ва агрегат қисмлари рақамларини рўйхатлаш ҳужжатларида ёзилган рақамлар билан фарқ аниқланганда;

— транспортга тегишли ҳужжатлар ёки юк ҳужжатлари мавжудлигини текширишда;

— ҳайдовчи ёки йўловчи жиноят содир этганликда гумон қилинаётганда;

— ҳайдовчининг транспорт кабинасида бўлиши йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга таҳдид солиши мумкин бўлганда (ҳайдовчининг руҳий ҳолатига, ёшига, сезгирлик ва эътиборни сусайтирадиган дори воситалари таъсирида, йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид соладиган даражадаги чарчоқлик ва бетоблик ҳолатида, транспортни бошқара олишига шубҳа бўлганда).

Жисмоний нуқсони сабабли ҳайдовчи транспорт кабинасидан чиқа олмаса, ЙПХ ходими уни кабинадан тушишини талаб қилиши мумкин эмас.

3. ЙПХ ходими транспортни кўздан кечириши мумкинми?

Ҳа, мумкин. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритиш жараёнида ички ишлар органлари ходимлари, шу жумладан ЙПХ ходими шахсни маъмурий йўл билан ушлаб туриши, шахсан кўрикдан ўтказиши, унинг ашёлари, транспорт воситаларини кўздан кечириши ва ашё ҳамда ҳужжатларни олиб қўйиши мумкин.

Шунингдек, шахс, жамият ва давлат манфаатларини жиноий тажовузлардан ҳимоя қилиш учун ҳақиқий маълумотларни бошқа йўл билан олиш имкони бўлмаса, тезкор-қидирув тадбирларида транспорт воситаларини текшириш амалга оширилиши мумкин.

4. Ҳайдовчи ЙПХ ходими билан гаплашганини ўзининг телефонига ёзиб олса бўладими?

Ҳайдовчи ЙПХ ходими билан ўзаро муносабатини ўзига тегишли аудио, фото ва видео қурилмага қайд қилиши мумкин.

Шунингдек, ҳайдовчилар хизматни мобиль видеокамерасиз олиб бораётган ЙПХ ходимига ҳужжатларни тақдим этмаслик ҳуқуқига эга.

5. ЙПХ ходими ўзининг дислокациясидан ташқарида фаолият олиб бориши мумкинми?

ЙПХ ходими ўзига бириктирилган ҳудуд дислокациясидан ташқарида фаолият олиб бориши мумкин эмас.

ЙПХ ходими ўзига бириктирилган дислокациядан ташқарида расмийлаштирган баённомалари юридик кучга эга бўлмайди ва ҳуқуқий оқибатлар келтириб чиқармайди.

Бироқ авария ҳолатини юзага келтириши мумкин бўлган қоидабузарликлар аниқланганда, ЙПХ ходими дислокациясидан ташқарида ҳам маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённомалар расмийлаштириши мумкин.

Hudud24.uz сайти колумнисти
Дилмурод Ражабоев

Улашиш: