currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларҲаёт ва соғлиққа етказилган зиён учун компенсация олиш тартиби қандай?

Ҳаёт ва соғлиққа етказилган зиён учун компенсация олиш тартиби қандай?

Ҳуқуқ

calendar

26.05.2026

eye

45

Ҳаёт ва соғлиққа етказилган зиён учун компенсация олиш тартиби қандай?

Меҳнат муносабатларида ходимнинг ҳаёти ёки соғлиғига зарар етказилиши энг жиддий ҳуқуқий масалалардан бири ҳисобланади. Бундай ҳолатларда ходим ёки унинг яқинлари қонун асосида етказилган зиённинг ўрни қопланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 336-моддаси айнан шу жараённи қандай тартибда амалга оширишни белгилаб беради.

Ушбу моддага кўра, ходимнинг ҳаётига ёки соғлиғига етказилган зиённинг ўрнини қоплаш ҳақидаги ариза бевосита иш берувчига тақдим этилади. Агар жабрланган ходим вафот этган бўлса, бундай аризани зиённинг ўрни қопланишига ҳуқуқи бўлган манфаатдор шахслар — масалан, оила аъзолари ёки қарамоғида бўлган шахслар бериш ҳуқуқига эга бўлади.

Қонунчиликда иш берувчи учун аниқ муддат ҳам белгиланган. Ариза келиб тушган кундан бошлаб ўн кун ичида иш берувчи мазкур мурожаатни кўриб чиқиши ва тегишли қарор қабул қилиши шарт. Бу норма ходимнинг ҳуқуқлари чўзилиб кетмаслиги ва масала тезкор ҳал қилиниши учун жорий этилган.

Шунингдек, иш берувчи қабул қилган қарорни яшириб қўйиши мумкин эмас. Агар компенсация тўлаш ҳақида буйруқ чиқарилса, унинг кўчирма нусхаси ходимга ёки манфаатдор шахсларга топширилиши лозим. Агар рад жавоби берилса, у ҳам асослантирилган ёзма шаклда бўлиши керак. Қонунга кўра, бу ҳужжатлар қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кун ичида етказилиши шарт.

Амалиётда айрим ҳолатларда иш берувчи мурожаатни ўз вақтида кўриб чиқмаслиги ёки рад жавоби бериши мумкин. Бундай вазиятда ходим ёки манфаатдор шахслар судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Яъни, иш берувчининг қарорига рози бўлмаслик ёки белгиланган муддатларда жавоб олмаслик суд орқали низони ҳал қилиш учун асос бўлади.

Мазкур модда ходимларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилишда муҳим аҳамиятга эга. Чунки иш жараёнида етказилган зарар бўйича компенсация масаласи қонун билан қатъий тартибга солинган бўлиб, иш берувчи ўз мажбуриятларини бажариши шарт ҳисобланади.

Хулоса қилиб айтганда, агар ходим меҳнат фаолияти жараёнида жароҳат олса ёки соғлиғига зарар етказилса, у ёки унинг яқинлари қонун асосида компенсация талаб қилиш ҳуқуқига эга. Иш берувчи эса мурожаатни белгиланган муддатларда кўриб чиқиши ва қонуний қарор қабул қилиши шарт. Акс ҳолда, масала суд орқали ҳал этилиши мумкин.

Зиёвуддин Намозов,
"Адолат" МҲАМ ходими

Улашиш: