currencies image

11 806,97 UZS

18,43

usd

currencies image

13 430,43 UZS

52,89

eur

currencies image

139,86 UZS

0,48

ru



АсосийЯнгиликларҲаракат — бу ҳаёт демак

Ҳаракат — бу ҳаёт демак

Life Style

calendar

31.10.2026

eye

21

Ҳаракат — бу ҳаёт демак

Тийрамоҳ. Ҳаво салқинлашиб, кунлар қисқарди. Бу ҳол бизни кўпроқ уйда бўлишга, жисмоний фаолликни камайтиришга ундайди. Айнан шу даврда организмнинг ҳимоя кучини асраш ва саломатликка эътиборни кучайтириш муҳим.

Ҳаракат ҳаёт, ҳаётнинг ўзи эса ҳаракатдир. Буюк юнон файласуфи Арастунинг ҳаракат ҳақидаги қарашлари орадан асрлар ўтса-да, ўз аҳамиятини йўқотмаган. Албатта, файласуф ҳаракат тушунчасини фақат физиологик жараёнлар билан чекламайди, аммо у ҳаракатни ҳаётнинг ажралмас қисми сифатида теран англаган. Зеро, ҳаракат нафақат инсон ҳаётининг, балки тирикликнинг асосий белгисидир.

Инсон танасида кечадиган нафас олиш, юрак уриши, қон айланиши каби жараёнларнинг барчаси узлуксиз ҳаракат билан боғлиқ. Шу маънода ҳаракат инсоннинг жисмоний, руҳий ва маънавий бардамлигини таъминловчи муҳим омиллардан бири бўлиб келган.

Ҳаракатнинг танага таъсири

Жисмоний фаоллик юрак фаолиятини яхшилайди, мушакларни мустаҳкамлайди, бўғимларнинг ҳаракатчанлигини оширади ва моддалар алмашинувини фаоллаштиради. Ҳаракат пайтида қон айланиши яхшиланиб, ҳужайраларга кислород ва озуқа моддалари самаралироқ етиб боради.

Мунтазам жисмоний фаоллик организмнинг ҳимоя кучини сақлашга ёрдам беради, хасталиклар хавфини камайтиради. Энг муҳими, фаол турмуш тарзи инсоннинг кундалик ҳаётда ўзини бардам ҳис қилишига, ҳаракатчанлигини сақлашига ва қариш жараёнини соғлом кечиришга хизмат қилади.

Руҳий осойишталик манбаи

Ҳаракат фақат танага эмас, руҳиятга ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Спорт билан шуғулланиш, тоза ҳавода сайр қилиш каби фаолиятлар организмда “бахт гормонлари” деб аталувчи эндорфинлар ажралишига туртки беради. Бу эса асабий зўриқиш ва безовталикни енгишга кўмаклашади.

Кўплаб руҳшунослар жисмоний фаолликни чарчоқ ва руҳий зўриқишни енгишнинг самарали усулларидан бири сифатида тавсия этади. Фаол турмуш тарзи кайфиятни кўтаради, ўзига ишончни мустаҳкамлайди ва ҳаётнинг ижобий жиҳатларига эътибор қаратишга ёрдам беради.

Кам ҳаракатлик даврининг синовлари

Афсуски, замонавий ҳаёт тарзи тобора кам ҳаракат қилишга олиб келмоқда. Технологияларнинг кенг қўлланилиши, компьютер қаршисида узоқ вақт ишлаш ва шаҳар ҳаётининг шиддати кундалик жисмоний фаоллигимизни чеклаши мумкин.

Бироқ соғлом бўлиш учун албатта оғир машқлар бажариш ёки узоқ масофаларга югуриш шарт эмас. Мунтазам сайр қилиш, эрталабки бадантарбия билан шуғулланиш, спортнинг енгил турларига вақт ажратиш ҳам куч-қувват ва яхши кайфият манбаига айланиши мумкин.

Муҳими, ҳаракатни кундалик ҳаётнинг оддий ва табиий қисмига айлантириш. Боғда сайр қилиш, уйда мушакларни чўзиш ёки узоқ вақт ўтириб қолганда бироз ҳаракатланишнинг ўзи ҳам организм ва кайфиятга ижобий таъсир кўрсатади.

Нималарга эътибор қаратиш керак?

Кузни соғлом ва бардам ўтказиш учун мураккаб қоидалар шарт эмас. Кундалик ҳаётда бир нечта оддий тавсияларга амал қилишнинг ўзи кифоя:

— кундалик сайр қилишни, имкони бўлса, тоза ҳавода юришни одатга айлантиринг;

— мавсумий неъматлардан оқилона фойдаланинг, таомномани хилма-хил қилинг ва овқатланишда меъёрга амал қилинг;

— етарли дам олинг, ухлаш ва уйғониш вақтини имкон қадар бир хилда сақланг;

— мавсумга мос кийининг, ҳаво салқин кунларда совуқ қотишдан эҳтиёт бўлинг;

— узоқ вақт ўтириб ишласангиз, вақти-вақти билан ўрнингиздан туриб, танангизни ҳаракатлантиринг.

Саломатликка эътибор бир мавсумлик вазифа эмас. У ҳар куни амал қилишни талаб қиладиган ҳаёт тарзидир. Ҳаракат эса ана шу тарзнинг энг оддий, аммо муҳим шартларидан бири.

Улашиш: