Life Style
15.12.2025
22

Жамоат тартибини сақлаш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларини тизимлаштириш орқали тартибга солиш юкини камайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2025 йил 1 декабрда 754-сонли қарори қабул қилинди. Ушбу қарор билан Ички ишлар органлари патруль-пост хизмати саф бўлинмалари ходимлари томонидан жамоат жойларида фуқароларни электрон идентификация қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Мазкур низом билан фуқароларни электрон идентификация қилиш тартиби белгиланди.
Ички ишлар органилари ходимлари томонидан фуқароларнинг шахсини текшириш ва аниқлашдаги ҳозирги кунда мавжуд бўлган муаммоларни ҳал этишнинг замонавий тизими йўлга қўйилмоқда. Эндиликда фуқарларни шахсини аниқлаш учун ички ишлар органига олиб борилмайди, балки ҳудуднинг ўзида уларнинг шахси аниқланиб махсус тизимга электрон шаклда киритиб борилади.
Қуйида мазкур ҳаракатлар ички ишлар органи ходимлари томонидан қандай тартибда амалга оширилиш тартибини кўриб чиқамиз.
1. Фуқаронинг шахсга доир маълумотлари ҳамда ҳуқуқбузарлик ёки бошқа маълумотлари жойида текшириш имконини берувчи тизим ишга туширилади
Фуқаронинг шахсга доир маълумотлари бошқа маълумотлари жойида текшириш учун “Э-патруль” тизими йўлга қўйилмоқда. “Э-патруль” тизими — бу текширилаётган шахсни планшет орқали бармоқ изларини планшетнинг махсус сканери ёрдамида, агар бармоқ излари билан идентификация қилиш имкони бўлмаса, юз тузилиши (юзнинг олд томони)ни расмга олиш орқали реал вақт режимида текшириш, тегишли маълумотларни шакллантириш, тўплаш, умумлаштириш, сақлаш, шунингдек, ваколатли давлат органлари ўртасида идоралараро ахборот алмашишнинг марказлаштирилган электрон тизимидир. Ходим ушбу тизимга фуқаронинг маълумотларини киритишда махсус планшетлардан фойдаланади.
Ушбу планшетлар маълумотлар базаси ахборот тизимига интеграция қилинган бўлиб, шахсни биометрик идентификацияси (бармоқ изи ёки юз тузилиши)ни электрон равишда олиб, унинг шахсига оид тезкор маълумотларини (қидирувдалиги, профилактик, пробация ва маъмурий назорат ҳисобида туриши) мобил ҳолатда жойида текшириш имконини беради.
Шу билан бирга, “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ходимга бириктирилган планшет орқали маълум бўлган шахсга доир маълумотлар ошкор этилишига йўл қўйилмайди.
Шунингдек, ҳар бир патруль ходимининг хизмат жараёнини кузатиб бориш учун бодикамера қўлланилади. Бодикамера орқали аудио ва видео ёзувлар олинади, бу жамоат жойларида содир бўлиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва ходимларнинг хизмат сифатини назорат қилишда асосий восита ҳисобланади.
2. Қайси ҳолатларда ходим фуқароларни тўхтатиши ва шахсини тасдиқлашини учун тизимга киритилиши белгиланди
Ички ишлар органлари ходимлари қуйидаги ҳолларда фуқароларни тўхтатиши ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар ёки “Э-патруль” тизими орқали ички ишлар органига бормасдан уларнинг шахсини аниқлаши мумкин:
— шахс жиноят ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган ёхуд қидирувда деб гумон қилиш учун асослар мавжуд бўлганда;
— шахсни содир этилган жиноят ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақида маълумотга эга деб ҳисоблаш мумкин бўлганда;
— қонунга мувофиқ шахсни ушлаб туриш учун бошқа қонуний асослар мавжуд бўлганда.
Аммо ходим маълум бир шахсни тўхтатиб, ундан шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этишни ёки “Э-патруль” тизими орқали унинг шахсини аниқлашни талаб қилганда ушбу шахсга уни тўхтатганлик ҳамда ундан шахсини аниқлаш талаб этилаётгани сабаблари ва асосларини тушунтириб бериши шарт. Лекин хизмат доирасидаги маълумотлар талаб қилиш бундан мустасно ҳисобланди.
Шу билан бирга, ёнида шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган фуқаро қуйидаги ҳолларда шахсига аниқлик киритиш учун ички ишлар органларига олиб борилади:
— унинг шахсини планшет орқали аниқлаш имкони бўлмаган ҳолларда;
— қидирувда бўлган ёки бедарак йўқолган шахслар аниқланган ҳолларда;
— шахсига аниқлик киритиш жараёнида қаршилик кўрсатган ҳолларда;
— жамоат жойларида ҳуқуқбузарлик содир этаётганда ушланган ҳолларда (жойида маъмурий баённома тузиладиган ҳоллар бундан мустасно).
3. “Э-патруль” тизими орқали фуқароларнинг шахсини аниқлаш
Ходимлар томонидан “Э-патруль” тизими орқали фуқароларнинг шахси қуйидаги тартибда аниқланади:
1) ходим фуқаро билан суҳбатлашишдан олдин ўзини таништиради ва хизмат гувоҳномасини кўрсатиш талаб этилган ҳолларда, у томонидан хизмат гувоҳномаси фуқарога тўлиқ танишиб бўлгунга қадар кўрсатилади (бироқ гувоҳномани фуқарога бериш тақиқланади);
2) фуқаронинг шахсига аниқлик киритишда, муомала маданиятига риоя қилган ҳолда “Э-патруль” тизими орқали идентификация қилиш учун планшет ёрдамида шахснинг бармоқ излари планшетнинг махсус сканери ёрдамида, агар бармоқ изи билан идентификация қилиш имкони бўлмаса, унинг юз тузилиши (юзнинг олд томони) расмга олиш орқали текширилади;
3) мулоқотга киришаётганда ходим ҳушёрликни йўқотмасдан, ўзини оғир, вазмин тутиб, ҳар қандай кутилмаган ҳаракатга тайёр туриши лозим;
4) суҳбат жараёнида ходим шахсга нисбатан ҳурматсизлик деб қабул қилиниши мумкин бўлган ножўя хатти-ҳаракатларни содир этиши, шу жумладан, уяли алоқа воситаси орқали суҳбатлашиши мумкин эмас;
5) ходим тақдим этилган ҳужжатларни эҳтиёткорлик билан кўздан кечиради, ҳужжатларни текшираётганда унинг ичида ишга тааллуқлиги бўлмаган буюмлар бўлса, уларни эгасига қайтаради (муомалада бўлиши тақиқланган ёки чекланган нарсалар бундан мустасно).
Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида жорий этилган “Э-патруль” тизими хавфсизликнинг янги босқичини очди. Замонавий технологиялар — планшетлар ва бодикамералар ёрдамида патруль-пост хизмати ходимлари фуқароларнинг шахсини тез ва самарали аниқлай олади, ортиқча оворагарчиликка йўл қўймайди ва хизмат жараёнини шаффоф қилади.
Тизимнинг асосий афзаллиги шундаки, у нафақат жиноят ва ҳуқуқбузарликларни аниқлашда, балки профилактика тадбирларини самарали ташкил этишда ҳам муҳим восита ҳисобланади. Шунингдек, ходимларнинг масъулияти ва технологияларнинг ҳимояланган ишлаши шахсий маълумотларнинг хавфсизлигини кафолатлайди.
Улуғбек Уролов,
"Адолат" МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Давлат фуқаролик хизматчиси билиши лозим бўлган муҳим қоидалар
Давлат фуқаролик хизматчиси – бу қонунчиликка асосан давлат органларида доимий, профессионал асосда ишловчи, давлат вазифаларини амалга оширувчи шахсдир.
5 кунлик иш ҳафтаси, ярим млрд мукофот, ипотекага уй-жой: тиббиёт ходимлари учун янги рағбат ва имтиёзлар
2026 йилдан бошлаб ҳар бир давлат тиббиёт муассасаси ходими Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорида бир марталик рағбатлантириш олади.
Ер солиғи ставкаси қандай аниқланади?
Туманлар ва шаҳарлар халқ депутатлари Кенгашлари томонидан жорий солиқ даври учун солиқ ставкалари қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари жойлашган жойдаги солиқ органларига ҳар йили 10 январга қадар тақдим этилади.
Бир ватан, бир эл, бир байроқ
Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи ўзининг ранглари ва тимсоллари билан бой маъно-мазмунни ифода этади.