currencies image

12 955,26 UZS

6,75

usd

currencies image

13 327,08 UZS

38,05

eur

currencies image

126,44 UZS

0,42

ru



АсосийЯнгиликлар“Ҳаж” ва “Умра”га бормоқчи бўлганлар нималарни билиши керак? 5 та маълумот

“Ҳаж” ва “Умра”га бормоқчи бўлганлар нималарни билиши керак? 5 та маълумот

Ҳуқуқ

calendar

22.01.2024

eye

1 342

“Ҳаж” ва “Умра”га бормоқчи бўлганлар нималарни билиши керак? 5 та маълумот© Фото: Hudud24.uz

Ҳар йили кўплаб Ўзбекистон фуқаролари “Ҳаж” ва “Умра” зиёрати учун йўл олади. Зиёратга боришнинг қонуний тартиби қандай? Номзодлар учун қандай талаблар бор? Навбати келган, бироқ зиёратга бора олмайдиганларнинг навбати сақлаб қолинадими? Тўлов қилинган бўлса-чи, пул қайтариладими? Hudud24.uz қуйида шу каби муҳим саволларга жавоб беради.

1. “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ким ташкил қилади?

Ўзбекистон фуқаролари учун “Ҳаж” Дин ишлари бўйича қўмита ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва умра вазирлиги ўртасида ҳар йили имзоланадиган шартнома асосида Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан амалга оширилади. Бу фаолият билан бошқа ташкилотларнинг шуғулланишига йўл қўйилмайди.

“Умра” эса Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва тегишли лицензияга эга маҳаллий туроператорлар томонидан ҳам амалга оширилиши мумкин.

“Ҳаж” ва “Умра” билан боғлиқ ташкилий ишларни, зиёратчиларга сифатли хизмат кўрсатилишини мувофиқлаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъулдир.

Фуқароларнинг ҳаж ва умра сафарларига навбати, сафар учун ажратилган ўринлар, тўловларнинг миқдори ва бошқалар мунтазам Мусулмонлар идораси расмий веб-сайтида эълон қилиб борилади.

Ҳар йилги “Ҳаж” ва “Умра”:

  • республика миқёсида Жамоатчилик кенгаши;
  • Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳузуридаги ҳайъатлар;
  • туман (шаҳар)лар миқёсида ҳокимликлар ҳузуридаги ташкилий гуруҳлар томонидан ташкил этилади.

“Ҳаж”га боришга номзодларни МФЙ миқёсида саралаб олиш учун фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида туман (шаҳар) ҳокими томонидан 7 кишидан иборат таркибда ишчи гуруҳ тузилади.

Ишчи гуруҳ таркибига туман бош имоми, маҳаллага бириктирилган имом, маҳалла раиси, маҳалладаги хотин-қизлар фаоли, фуқаролар йиғини раисининг Кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчиси киритилади.

2. Зиёратчиларни рўйхатга олишда қандай тартиб бўлади?

“Ҳаж” ва “Умра”га борадиган фуқаролар квоталари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрига — Жамоатчилик кенгаши томонидан, туманларга — Ҳайъатлар томонидан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига — Ташкилий гуруҳлар томонидан рўйхатда турган фуқароларнинг умумий сонидан келиб чиқиб мутаносиб равишда тақсимланади.

Жамоатчилик кенгаши, ҳайъатлар ва ташкилий гуруҳлар квоталарни белгилашни зиёратчиларнинг онлайн навбат тизимига мувофиқ амалга оширадилар.

Ариза берувчи доимий яшаш ёки вақтинча турган жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига ариза ҳамда паспорти нусхасини тақдим этиши лозим. Аризалар уларнинг доимий яшаш ёки вақтинча турган жойларидаги МФЙлар томонидан йил давомида қабул қилиниб, навбатга қўйиб борилади.

“Ҳаж”га боришга номзодлар навбатга қўйилишидан аввал ҳар ойнинг 5-санасидан кеч бўлмаган муддатда ишчи гуруҳ томонидан суҳбатдан ўтказилади ва сараланади. Бунинг учун МФЙ раиси номзодларнинг алоҳида рўйхатини шакллантиради. У номзодларга улар суҳбатдан ўтказиш ва саралаш учун рўйхатга қўшилганлиги, суҳбатдан ўтказиш санаси ва жойи тўғрисида хабар беради.

3. Навбатга қўйиладиган номзодлар учун қандай талаблар бор?

“Ҳаж”га бориш учун навбатга қўйиладиган номзодлар қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:

а) моддий ва жисмоний жиҳатдан “Ҳаж” тадбирига қодир бўлиши;

б) “Ҳаж” амалларини тўғри ва тўла-тўкис адо этиши учун етарли диний билимга эга бўлиши;

в) маънавияти, маърифати ва одоб-ахлоқи билан маҳаллада обрў-эътиборга эга бўлиши;

г) оиласидаги муҳитнинг соғломлиги ва фарзандларининг ижобий тавсифланиши, маҳалла фуқаролар йиғинидаги ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилашда ибрат бўла олиши;

д) йўлдан адашганларни соғлом турмуш тарзига қайтариш, уларнинг ижтимоий мослашувига ёрдам бериши, маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказиладиган хайрия тадбирларида иштирок этиши;

е) вояга етган бўлиши;

з) 45 ёшгача бўлган аёллар учун маҳрамлари (эри, отаси, ўғли, акаси, укаси ва ҳ.к.)нинг ҳам бирга бориши ҳамда маҳрам эканлигини тасдиқловчи ҳужжат (паспорт, туғилганлик ҳақида гувоҳнома ва никоҳ тузилганлиги ҳақида гувоҳнома) нусхаси тақдим этилганлиги.

Саралаш натижасига кўра “Ҳаж”га боришга навбатга қўйиладиган номзодлар рўйхати тегишли ҳудуддаги масжид ва МФЙ биноларида эълон қилинади ҳамда 15 кун мобайнида улар бўйича жамоатчилик фикри ўрганилади.

Жамоатчилик томонидан билдирилган таклиф ёки эътирозлар ишчи гуруҳ томонидан 5 кун муддатда кўриб чиқилади ва текширилади.

Ишчи гуруҳ жамоатчилик фикри асосида фуқарони “Ҳаж”га борадиган заёратчи сифатида навбатга қўйиш учун МФЙга 1 кун муддатда тавсия беради.

МФЙ ҳар ойнинг 5-санасига қадар ўзининг ҳудудидан “Ҳаж” ва “Умра”га борадиган зиёратчилар рўйхатини зиёратчиларнинг онлайн навбат тизимида рўйхатга олиш учун ташкилий гуруҳга тақдим этиб боради.

Ташкилий гуруҳлар МФЙлар томонидан тақдим этилган зиёратчиларнинг рўйхати асосида уларни ягона онлайн навбат тизимида рўйхатдан ўтказиб борадилар.

Ташкилий гуруҳлар МФЙлардан олинган рўйхатлар асосида квотага мувофиқ туман (шаҳар) миқёсида зиёратчилар рўйхатини ҳайъатлар квотани тасдиқлагандан кейин 10 кун мобайнида умумлаштиради.

Зиёратчиларни зиёратга юборишдан камида 10 кун олдин Жамоатчилик кенгаши ҳайъатлардан олинган рўйхатлар асосида республика миқёсида зиёратчилар рўйхатини умумлаштиради, уларни гуруҳларга ажратади, гуруҳ раҳбарларини тайинлайди, авиақатновларга тақсимлайди, уларни Саудия Арабистонига олиб бориш ва олиб келиш билан боғлиқ барча ишларни амалга оширади.

Зиёрат билан боғлиқ барча шарт-шароитлар (зиёрат тўловлари, шартлари ва муддати) ҳақида зиёратчиларга “Ҳаж” тадбири бошланишидан камида 1 ой, “Умра” тадбири бошланишидан камида 14 кун олдин маълум қилинади.

4. Навбати келган, бироқ зиёратга бора олмайдиганларнинг навбати сақлаб қолинадими?

Рўйхат бўйича навбати келган фуқаролар ташкилий гуруҳ томонидан Саудия Арабистонига жўнашдан камида 1 ой олдин ёзма шаклда почта орқали хабардор қилинади. Рўйхат бўйича навбати келган, бироқ зиёратга бормайдиган ёки боришга имкони бўлмаганлардан бу ҳақда ариза олинади. бундай ҳолда фуқаро ариза билан навбатини 1 йилгача муддатга орқага суриши мумкин.

Бир йилдан сўнг ҳам фуқаронинг муайян сабабларга кўра зиёратга бориш имкони бўлмаса унинг навбати бекор қилинади.

Навбатда турган фуқароларнинг навбатини ўзаро алмаштиришга ёки уни рўйхатда турмаган фуқароларга беришига йўл қўйилмайди.

Зиёратчиларнинг доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи ўзгарган тақдирда уларнинг аввалги манзили бўйича навбати сақлаб қолинади.

5. “Ҳаж ва Умра тадбирлари қандай молиялаштирилади?

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг Қорақалпоғистон Республикасидаги қозиёти ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳри вакиллиги томонидан банкларда “Ҳаж” ва “Умра” тадбирлари учун зиёратчилардан йиғиладиган маблағларнинг мақсадли ишлатилишини таъминлаш мақсадида депозит ҳисобварақлар очилади.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги зиёратчилардан олинадиган тўловлар белгиланган мавсумдан камида 2 ой олдин, бир йўла умумий суммани тўлиқ нақд пул ёки нақд пулсиз тартибида амалга оширилади.

“Ҳаж” ва “Умра” тадбирлари билан боғлиқ барча сарф-харажатлар ҳар бир зиёратчи учун сафар харажатлари сметаси асосида Ўзбекистон мусулмонлари идораси депозитига йиғилган маблағлар ҳисобидан қопланади.

Зиёратчиларнинг Тошкент шаҳрига келиш-кетиши, яшаши, овқатланиши, транспорт харажатлари зиёратчилар ҳисобидан, ҳайъатлар томонидан тасдиқланадиган алоҳида сметалар асосида қопланади.

Тўлов қилган, бироқ маълум сабабларга кўра бора олмаган ёки бора олмайдиган фуқарога шахсан ўзининг аризаси ёки у томонидан ишончнома берилган шахснинг аризасига мувофиқ тўланган тўловлар тўлалигича 10 иш кунида фуқаронинг махсус ҳисобварағига ўтказиб берилади.

Агар тўлов қилган фуқаро вафот этса пуллар қонуний меросхўрнинг аризасига асосан меросхўр тақдим қилган махсус ҳисобвараққа ўтказиб берилади.

Мақсуд Мустафоев,

Hudud24.uz колумнисти

Улашиш:

Бошқалар

21-декабр 2024, 10:30
1 211

Президент барча тадбиркорларга мурожаат қилди

Тадбиркорларимиз қанча бой бўлса, халқимиз шунча фаровон яшайди, давлатимиз шунча қудратли бўлади. Тадбиркорнинг ютуғи – бу бутун халқимизнинг ютуғи, – деди президент.


21-декабр 2024, 05:28
911

Ишдан бўшатиш нафақаси 200 фоизгача тўланади

Ишдан бўшатиш нафақасининг миқдори мазкур иш берувчидаги иш стажига боғлиқ бўлади.


23-декабр 2024, 05:47
879

Ҳудудларда юқори иқтисодий ўсишни таъминлашнинг янги тизими йўлга қўйилади

Фармонга кўра, маҳаллий ҳокимликлар масъулияти ва ҳисобдорлигини ошириш ҳамда уларнинг ташаббускорлиги, ислоҳот ва ўзгаришларга “эгалик қилиш” ролини кучайтиришга қаратилган тизим жорий этилади.


23-декабр 2024, 12:25
824

Ёнғин хавфсизлиги қоидалари: ҳамма билиши керак бўлган 5 қоида

Вақтинчалик қурилмалар, дўконлар, киосклар ва шу кабиларни бошқа бино ва иншоотлардан камида 15 m масофада ёки ёнғинга қарши деворлар олдига жойлаштириш лозим.