Ҳуқуқ
07.10.2026
60

Иш жойида ходимнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳурмат қилиш, унинг шаъни ва қадр-қимматини муҳофаза қилиш, хавфсиз ҳамда муносиб меҳнат шароитларини яратиш меҳнат муносабатларининг муҳим талабларидан бири ҳисобланади. 2026 йил 21 сентябрда қабул қилинган Президентнинг ПҚ-345-сон қарори билан меҳнат соҳасида хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳитини таъминлаш бўйича янги механизмлар белгиланди. Ҳужжатнинг асосий мақсади ходимларни тазйиқ, зўравонлик, камситиш, руҳий босим, таъқиб ва хизмат мавқеини суиистеъмол қилишдан ҳимоя қилишдан иборат.
Янги ёндашувга кўра, иш жойида ходимни камситиш, унинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ёки ҳақоратловчи муҳит яратишга йўл қўйилмаслиги керак. Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 28 сентябрдаги 518-сон қарорида давлат органлари ва ташкилотларида ходимга нисбатан бир марта ёки такроран содир этилган, жисмоний, руҳий, жинсий ёки иқтисодий зарар етказишга қаратилган номақбул ҳаракатлар тазйиқ ва зўравонлик сифатида белгиланган. Бундай ҳаракатлар қўрқитувчи, душманона, шахснинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи муҳитни ҳам қамраб олади.
Иш жойида соғлом муҳитни таъминлаш фақат ходимларнинг ўзаро муносабатига боғлиқ эмас. Вазирлар Маҳкамасининг 518-сон қарорига мувофиқ, давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳитини шакллантириш, тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш учун зарур чораларни кўриш, мурожаатларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш механизмининг доимий ишлашини таъминлаш учун шахсан жавобгар ҳисобланади.
Президент қарорида давлат органлари ва ташкилотларининг ички меҳнат тартиби қоидаларида ходим тарафидан ёки ходимга нисбатан содир этилган тазйиқ, руҳий босим, камситиш ҳамда мурожаат муносабати билан таъқиб қилиш ҳолатларини меҳнат интизомини бузиш сифатида баҳолашни белгилаш тавсия этилган. Жинсий ёки жисмоний зўравонлик, шаҳвоний шилқимлик ҳолатлари эса қонунчиликда белгиланган тартибда меҳнат мажбуриятларини бир марта қўпол бузиш сифатида баҳоланиши мумкин.
Ходим иш жойидаги тазйиқ ёки зўравонлик ҳолати бўйича мурожаат қилганида унинг ҳуқуқлари қўшимча ҳимоя қилинади. Мурожаат кўриб чиқилаётган даврда, қонунда назарда тутилган асосларсиз, уни ишдан бўшатиш, лавозимини пасайтириш ёки бошқа лавозимга ўтказиш, меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорини пасайтириш, лойиҳа, ўқиш ёки стажировкалардан четлатиш, унга босим ўтказиш, таъқиб қилиш ёки яккалаб қўйиш каби ҳаракатларга йўл қўйилмайди.
Янги механизмда ходимнинг мурожаати шунчаки қоғозда қолиб кетмаслигига алоҳида эътибор қаратилган. Раҳбарлар масъул ходимларга мурожаатларни мустақил, холис, адолатли ва тўлиқ кўриб чиқиши учун зарур шароит яратиши, жараёнга аралашиш ва мурожаат қилган шахсни таъқиб қилиш каби ҳолатларнинг олдини олиши шарт. Шунингдек, мурожаатларни яшириш ёки эътиборсиз қолдиришга йўл қўйилмайди.
ПҚ-345-сон қарор билан «Хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳити» ахборот порталини жорий этиш белгиланган. У орқали тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари бўйича мурожаатларни онлайн қабул қилиш, уларни кўриб чиқиш, далилларни тўплаш, текширув жараёнини қайд этиш ва тегишли чораларни мониторинг қилиш имконияти яратилади. Давлат органлари ва ташкилотларида портал 2027 йил 1 январга қадар белгиланган рўйхат асосида жорий этилади, кейинчалик қамрови кенгайтирилади.
Хавфсиз иш муҳитини шакллантириш фақат ҳуқуқбузарлик содир бўлганидан кейин чора кўриш билан чекланмайди. Давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари ҳамда мансабдор шахсларини тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш бўйича қисқа онлайн тренингларда ўқитиш белгиланган. Бундан ташқари, ташкилотларда ички меҳнат тартиб-қоидалари ҳам ушбу талабларни ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқилади.
Ходим ўзини ҳимояланган, ҳурмат қилинган ва қадрланган деб ҳис қилган муҳитдагина ўз вазифаларини самарали бажара олади. Шу маънода, муносиб иш шароити деганда фақат иш жойининг моддий-техник ҳолати эмас, балки ходимга нисбатан ҳурматли муносабат, тазйиқ ва камситишдан холи муҳит, мурожаат қилиш имконияти ҳамда унинг ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилиниши ҳам тушунилади.
Янги тартибларнинг асосий мазмуни ҳам шунда: иш берувчи ва раҳбар ходимдан фақат натижа талаб қилмасдан, унинг шаъни, қадр-қиммати ва хавфсизлигини ҳимоя қиладиган иш муҳитини яратиши лозим. Бу эса меҳнат муносабатларида ўзаро ҳурмат ва инсон қадрини устувор қўйишга хизмат қилади.
Феруз Жўраев,
"Адолат" МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Қуёш панеллари ўрнатган фуқаролар август ойи учун қанча субсидия олади?
Ўтган ойда субсидиянинг энг катта қисми Бухоро вилояти ҳиссасига тўғри келган.
Шахсий расмларни интернетда тарқатганлик учун қандай жавобгарлик бор?
Оддий расм ҳам шахсга доир маълумот бўлиши мумкин
Тошкентда автобус ва метрода йўл ҳақини 2,5 минг сўмгача ошириш таклиф қилинмоқда
Узоқ муддатли тарифларда чегирмалар ҳам назарда тутилган.
Солиқ мажбуриятини қандай тартибда ва қайси муддатларда бажариш керак?
Солиқ кодексининг 86-моддаси солиқ мажбуриятини бажариш тартиби ва муддатларини белгилайди.