currencies image

12 913,19 UZS

4,00

usd

currencies image

13 908,80 UZS

26,67

eur

currencies image

154,17 UZS

0,87

ru



АсосийЯнгиликларҲомиладор ва уч ёшга тўлмаган фарзанди бор аёллар меҳнат ҳуқуқларини таъминлашинг ўзига хос жиҳатлари

Ҳомиладор ва уч ёшга тўлмаган фарзанди бор аёллар меҳнат ҳуқуқларини таъминлашинг ўзига хос жиҳатлари

Ҳуқуқ

calendar

17.03.2025

eye

989

Ҳомиладор ва уч ёшга тўлмаган фарзанди бор аёллар меҳнат ҳуқуқларини таъминлашинг ўзига хос жиҳатлари

Аёллар ва қизлар дунё аҳолисининг ярмини ва шунга мос равишда унинг салоҳиятининг ҳам ярмини ташкил қилади. Аммо, барча жабҳаларда сақланиб қолаётган гендер тенгсизлиги ижтимоий тараққиётни турғунлаштиради.

БМТ маълумотларига кўра, ўртача меҳнат бозорида аёллар ҳали ҳам глобал миқёсда эркакларникига қараганда 23 фоизга кам даромад олишади. Бунда, хотин-қизларнинг таълим олишга бўлган ҳуқуқининг таъминланмаганлиги асосий сабаб сифатида кўрсатилади.

Жаҳон статистик маълумотларига кўра, қишлоқ қизларининг атиги 39 фоизи ўрта мактабда ўқийди. Бу қишлоқ ўғилларига (45 фоиз), шаҳар қизларига (59 фоиз) ва шаҳар ўғилларига (60 фоиз) қараганда анча кам.

Бошланғич мактабнинг ҳар бир қўшимча йили қизларнинг иш ҳақини 10-20 фоизга оширади.

Аёлларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш уларни ҳар жабҳада фаол бўлишига замин яратади, шу сабабли ҳар бир аёл касбий фаолияти давомида билиши шарт бўлган ҳуқуқларни таҳлил қилиш ва аҳолига етказиш муҳим аҳамият касб этади.

Меҳнат кодексининг 392-моддасига кўра, ҳомиладорлиги ёки фарзандлари борлиги билан боғлиқ сабабга кўра ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ёки иш ҳақини камайтириш тақиқланади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 майдаги 314-сон қарори билан тасдиқланган Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақаларни ҳамда янги туғилган болани фарзандликка олган ёки унга васий қилиб белгиланган ходимга нафақани тайинлаш ҳамда тўлаш тартиби тўғрисида Низомга мувофиқ, аёлга туғруққача етмиш календарь кун ҳамда туғруқдан кейин эллик олти календарь кун (туғиш қийин кечган ёхуд икки ёки ундан ортиқ бола туғилган тақдирда, етмиш календарь кун) давомида таътил даврида меҳнат мажбуриятларини бажара олмаганлиги учун иш берувчилар томонидан тўланадиган кафолатли қўшимча тўлов - ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўланади.

Буджет ташкилотларида ҳомиладорлик ва туғиш бўйича ҳамда янги туғилган болани фарзандликка олган ёки унга васий қилиб белгиланган ходимга бериладиган нафақалар ходим:

➖ишга қабул қилинган кундан 12 ойгача иш стажига эга бўлганда — ўртача ойлик иш ҳақининг 75 фоизи;

➖ ишга қабул қилинган кундан 12 ой ортиқ иш стажига эга бўлганда — ўртача ойлик иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида тўланади.

Буджет ташкилотларидан ташқари барча юридик шахсларда ва якка тартибдаги тадбиркорларда ишловчи аёлларга давлат ижтимоий суғуртаси бўйича ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини ҳамда янги туғилган болани фарзандликка олган ёки унга васий қилиб белгиланган ходимга бериладиган нафақани тайинлаш ва тўлаш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат ижтимоий суғурта тизимини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2022-йил 20-сентябрьдаги 515-сон қарорига мувофиқ амалга оширилади. Иш берувчиларнинг нафақа тўлаш бўйича мажбуриятлари Ижтимоий суғурта жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўланган нафақа миқдорида камайтирилади.

Низомнинг 4-бандига кўра, нафақа ходимнинг фарзанди туғулгунига қадар минимал истеъмол харажатларининг 4 баравари миқдорида тўланади.

2025 йил учун ҳисобланган минимал истеъмол харажатлари қиймати бир ойда киши бошига 669 минг сўмни ташкил этди. Демак, буджет ташкилотларидан ташқари барча юридик шахсларда ва якка тартибдаги тадбиркорларда ишловчи аёлларга 2 676 000 сўм миқдорида ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўланади.

Агар ходим бола парвариши таътилида бўлган вақтида яна хомиладор бўлса, яъни “Декрет декретга уланса ҳам” ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўланади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 18 октябрдаги 297-сон қарори билан тасдиқланган “Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисида” Низомнинг 18-бандига кўра, ўриндошлар ўриндошлик асосидаги иш жойи бўйича вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси олиш, аёллар эса, бундан ташқари, ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари олиш ҳуқуқига эгадир. Низомнинг 19-бандига кўра, соғлиқни сақлаш муассасаси томонидан берилган меҳнатга лаёқатсизлик варақасининг белгиланган тартибда тасдиқланган нусхаси ушбу Низомнинг 18-бандида назарда тутилган ўриндошлик асосидаги иш жойидан нафақа олиш учун асос ҳисобланади.

Демак, агар ходим ички ёки ташқи ўриндошлик асосида бир нечта вазифани бажарса, ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси ҳар бири учун алоҳида тўланади.

Меҳнат фаолиятида аёллар дуч келаётган муаммолардан бири бу ходимларнинг “декрет таътили”дан ишга чиқишда дуч келётган муаммолардир. Айрим иш берувчилар штат қисқарганлиги, “декрет таътили”да бўлган ходимнинг ўрнига бошқа ходим олинганлигини асос қилиб, “декрет”даги ходимнинг ишга қайтишига тўсқинлик қилмоқда.

Меҳнат кодексининг 158-моддага асосан вақтинча бўлмаган ходимнинг ўрнига муддатли асосда ишга олинган ходим билан меҳнат шартномаси асосий ходим ишга қайтган кундан бекор қилинади.

Кодекснинг 405-моддасига кўра, ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан кейин, аёлнинг хоҳишига кўра, унга боласи икки ёшга тўлгунига қадар болани парваришлаш таътили берилади, Аёлга унинг хоҳишига кўра, боласи уч ёшга тўлгунига қадар уни парваришлаш учун иш ҳақи сақланмаган ҳолда қўшимча таътил ҳам берилади.

Ушбу нормада “аёлнинг хошишига кўра” жумласи аёл хоҳлаган вақтида меҳнат фаолиятига қайтиши мумкинлигини бидиради ва унинг ўрнига олинган ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниши лозим.

Уч ёшгача боласи бор аёл ёхуд уч ёшгача бўлган болани ёлғиз тарбиялаётган ота (васий) билан меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилишга фақат қуйидагилар асос бўлиши мумкин:

1. Ташкилот (унинг алоҳида бўлинмаси) ўз муассисларининг (иштирокчиларининг) ёки таъсис ҳужжатлари билан бунга ваколат берилган юридик шахс органининг қарори билан тугатилганлиги ёхуд якка тартибдаги тадбиркор томонидан фаолиятнинг тугатилганлиги;

2. Ходимнинг ўз меҳнат мажбуриятларини мунтазам равишда бузганлиги;

3. Ходимнинг ўз меҳнат мажбуриятларини бир марта қўпол равишда бузганлиги.

Ушбу асослардан бошқа ҳолларда ходим билан меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилинишига йўл қўйилмайди.

Технологиянинг, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишнинг ўзгаришига, ишлар (маҳсулот, хизматлар) ҳажмининг қисқаришига боғлиқ бўлган ташкилот ходимларининг сони ёки штати ўзгарган ҳолларда уч ёшгача боласи бор аёл ўз лавозимига тенг лавозимга ўтказилиши лозим.

Ҳурматли аёллар, фарзанд дунёга келтириш, парваришлаш ва вояга етказиш энг улуғ бахт, меҳнат ҳуқуқларини билмайдиган ёки билишни истамайдиган айрим иш берувчилар сабабли ўзингизни айбдор ҳис қилманг. Ўз ҳуқуқларингизни ўрганинг ва уларни бузишга ҳаракат қилишса,  ҳудудингиздаги меҳнат инспекциясига мурожаат қилинг.

Саида Абдималикова,

Адлия вазирлиги ходими

Улашиш: