Ҳуқуқ
01.11.2024
486

Алимент тўловчилар вояга етмаган болалари таъминоти учун алиментларни улар 18 ёшга тўлгунига қадар бўлган давр учун олдиндан тўлашга рухсат берилади. Шунингдек, вояга етмаган болалар, эр-хотинлар, собиқ эр-хотинлар, ёки бошқа меҳнатга лаёқатсиз шахсларга алимент тўловлари тўланиши кафолати сифатида кўчмас ёки кўчар мулк ёхуд бошқа қимматли ашёни бериш мумкин. Бунда гаров қиймати БҲМ 250 бараваридан кам бўлмаслиги керак.
Алимент олдиндан тўланганда, ёхуд уларни тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров тақдим этилганда қарздордан республика ташқарисига чиқишга вақтинча чекловлар олиб ташланади ва унга алимент олувчи билан уларни тўлаш тўғрисида келишув тузмаслик имкони берилади. Эслатиб ўтамиз, доимий яшаш учун ёки 3 ойдан ортиқ муддатга чет давлатга кетаётганда келишув тузилади.
Тўловчида алимент бўйича қарздорлик мавжуд бўлмаганда алиментларни олдиндан тўлаш ёки уларни тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров тақдим этиш мумкин. Яъни тўловчининг чиқишига чеклов белгиланган бўлса, уни олиб ташлаш учун аввал қарзни сўндириш, кейин эса алиментни олдиндан тўлаш ёки алимент тўлаш мажбуриятларини таъминлаш бўйича гаров тақдим этиш масаласини ҳал қилиш лозим.
Қуйида ушбу тартиб-таомилларни амалга ошириш ҳақида батафсил сўз юритамиз.
Айни пайтда «алиментчиларда» республика ташқарисига чиқишга чекловни олиб ташлашнинг 2 та усули мавжуд.
Биринчиси. Алимент олувчи билан уларни тўлаш тўғрисида нотариал тартибда тасдиқланган келишув тузиш. Бундай келишувга эришилмаган тақдирда – судга даъво аризаси билан мурожаат қилиш, у қарздорга:
— алиментларнинг пул билан тўланадиган қатъий суммадаги миқдорини белгилаш йўли билан уларни бир йўла тўлашига;
— алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича муайян мол-мулкни тақдим этишига;
— алимент тўлаш мажбуриятларини бошқа усулда бажаришига рухсат бериши мумкин.
Тўланадиган алимент миқдори ва у тўланадиган муддат суд томонидан белгиланади.
Иккинчиси. Ижро ҳужжатини ижро этиш тартибини ўзгартириш тўғрисидаги ариза билан бевосита судга мурожаат қилиб, у ерда келгусида алимент тўлаш мажбуриятлари масаласини ҳал этиш. Бу ҳолда ўз танловига кўра:
— камида 5 йиллик давр учун алиментни олдиндан пул билан тўлаши ёки алимент олувчига мол-мулк ёхуд қимматли ашёни бериши мумкин. Тўлаш даврларини қарздорнинг ўзи танлайди, бироқ олдиндан тўланадиган алиментлар суммасини давлат ижрочиси ҳисоблайди;
— алимент тўлаш мажбуриятларини таъминлаш гарови сифатида ўз мол-мулкини тақдим этиши мумкин.
Ишни судда кўришнинг биринчи тартибидан (биринчи усулда) фарқли равишда, бундай ариза қисқароқ муддатда – ариза қабул қилинган кундан эътиборан 10 кундан ошмаган муддатда кўриб чиқилади.
Улашиш:
Бошқалар
Транспорт воситалари қандай ҳолларда жарима майдончасига олиб кирилади?
Жарима майдончаси — ҳайдовчиларни жазолаш эмас, балки йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чора ҳисобланади.
Иш вақтини ҳисобга олиш нима ва унинг қандай турлари мавжуд?
Меҳнат муносабатларида иш вақтини тўғри ҳисобга олиш муҳим аҳамиятга эга.
Халқаро оила куни
1994 йилдан бошлаб 15 май кунини - Халқаро оила куни деб белгиланган.
Автомобилда газ баллонларидан фойдаланиш юзасидан тавсиялар
Мамлакатимизда мавжуд автотранспорт воситаларининг бугунги кундаги сонини бундан 10 йил аввалги сони билан таққосланганда, бир неча маротабага кўпайган.