currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларХорижий илмий даражаларни тан олиш: рақамли давлат хизматлари орқали янги имкониятлар

Хорижий илмий даражаларни тан олиш: рақамли давлат хизматлари орқали янги имкониятлар

Ҳуқуқ

calendar

25.04.2026

eye

31

Хорижий илмий даражаларни тан олиш: рақамли давлат хизматлари орқали янги имкониятлар

Сўнгги йилларда Ўзбекистон жаҳон илмий-таълим маконига интеграциялашув йўлида жиддий қадамлар ташламоқда. Шу билан бирга, хорижий давлатларда илмий даража олган мутахассисларнинг Ўзбекистондаги фаолиятини тартибга солиш ва уларнинг малакасини тан олиш жараёнлари самарадорлигини ошириш долзарб масала бўлиб қолаётган эди. Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 9 апрелдаги “Хорижий давлатларда илмий даража олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш ҳақида”ги қарори айнан шу йўналишдаги давлат хизматларини тубдан такомиллаштиришга қаратилган бўлиб, хорижий давлатларда олинган илмий даража ҳужжатларини тан олиш бўйича янги Маъмурий регламентни тасдиқлади. Ушбу ҳужжат рақамли технологияларни жорий этиш орқали жараённи янада шаффоф, қулай ва тезкор қилишни мақсад қилган.

Хорижий давлатларда илмий даража олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш бўйича давлат хизмати Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шунингдек, мамлакатда доимий яшаб ва ишлаб турган чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларга PhD (фалсафа доктори) ёки DSc (фан доктори) ёхуд уларга тенглаштирилган илмий даражаларни тан олиш имконини беради. Мазкур регламент талабгорларга ушбу хизматдан Давлат хизматлари марказлари орқали ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (ЯИДХП) рўйхатдан ўтиш орқали фойдаланиш ҳуқуқини тақдим этади.

Ариза бериш жараёнини соддалаштириш мақсадида, сўровномага фақат қуйидаги ҳужжатлар илова қилиниши белгиланди:

  • илмий даража олганлик тўғрисидаги нотариал тасдиқланган ҳужжат;
  •  
  • диссертациянинг нусхаси (мавжуд бўлса, унинг автореферати нусхаси).

Талабгордан ушбу рўйхатда кўрсатилмаган бошқа маълумотлар ёки ҳужжатларни талаб қилиш қатъиян ман этилади. Хизмат учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида йиғим ундирилади. ЯИДХП орқали мурожаат этилганда бу миқдорнинг 90 фоизи, ижтимоий реестрга киритилган ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар учун эса 50 фоизи ундирилади.

Ҳужжатларни кўриб чиқиш жараёни ўзида бир неча босқични қамраб олади. Ваколатли орган ҳужжатлар тақдим этилгандан бошлаб икки иш куни ичида илмий даража олганлик тўғрисидаги ҳужжатнинг ҳақиқийлигини аниқлаш мақсадида Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилади. Ташқи ишлар вазирлиги эса икки иш куни ичида хорижий давлат муассасасига сўровнома юбориб, олинган жавобни яна икки иш куни ичида ваколатли органга тақдим этади. Агар қўшимча ўрганиш талаб этилса, кўриб чиқиш муддати ўттиз кунгача узайтирилиши мумкин. Ҳужжатнинг сохталиги аниқланган тақдирда, ваколатли орган бир иш куни ичида тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга чора кўриш учун мурожаат қилади.

Алоҳида эътиборга молик жиҳати шундаки, баъзи ҳолатларда хорижий давлатларда илмий даража олганлик тўғрисидаги ҳужжатлар тўғридан-тўғри тан олинади ва нострификация қилинади. Бундай ҳолатлар жумласига Ўзбекистон Республикасининг халқаро битимлари ва шартномаларида назарда тутилган илмий даражалар, халқаро рейтингларда фан тармоқлари кесимида биринчи 300 та ўриндан бирини эгаллаган олий таълим ташкилотларида олинган фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (DSc) даражалари, шунингдек, вазирлик ва идоралар йўлланмалари асосида, “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали мақсадли тайёргарликдан ўтган муассасалар томонидан берилган ҳужжатлар киради. Бундай ҳолларда, ваколатли орган томонидан тегишли қарор қабул қилинган кундан бошлаб бир иш куни ичида гувоҳнома расмийлаштирилади.

Регламентда илмий даража олганлик тўғрисидаги ҳужжатни қайта расмийлаштириш ва апелляция бериш тартиблари ҳам аниқ белгилаб берилган. Агар гувоҳнома эгасининг фамилияси, исми ёки отасининг исми ўзгарган бўлса, ваколатли орган беш иш куни ичида ҳужжатни қайта расмийлаштириб беради ва бунинг учун йиғим ундирилмайди. Қарордан норози бўлган талабгорлар икки ой ичида ваколатли органга ЯИДХП орқали ёки суд органларига апелляция шикояти билан мурожаат қилишлари мумкин бўлиб, апелляция бир ой муддатда кўриб чиқилади. Апелляция учун ҳам йиғим ундирилмайди.

Ушбу қарор хорижий давлатларда илмий даража олган мутахассисларга Ўзбекистон ҳудудида олий таълимдан кейинги босқичларда ўқишни давом эттириш, касбий фаолият юритиш ҳамда олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларга берилган имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқини тақдим этади. Шунингдек, регламентда давлат хизматларини кўрсатиш жараёнида олинган маълумотларнинг сир сақланиши ҳамда илмий даража тан олиниши ёки рад этилиши тўғрисидаги маълумотларнинг ваколатли орган веб-сайтида ҳар чорак якуни бўйича эълон қилиб борилиши белгиланган. Бу эса жараённинг шаффофлигини оширишга хизмат қилади.

Жасур Тожибоев

Улашиш: