Ўзбекистон
21.10.2022
480
21 октябрь – ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун Тилсиз миллат бўлмайди. Давлат ҳам. Бу уч тушунчанинг бирини бошқасидан айро тасаввур қилиш мумкинмас. Абдулла Авлоний бежиз «Миллий тилни йўқатмак – миллат руҳини йўқатмакдир», демаган. Шунинг учун юксаламан деган мамлакат борки, миллатининг руҳини, орини кўтаради, давлат тилининг обрўсини оширади. Шунда у ҳақиқий тараққиёт чуққисини забт эта олади. Миллатнинг бош белгиси – тил. У халқнинг энг энг катта бойлиги. Аксарият миллат номи шу тил номи билан аталади. Давлатга ҳам шу мамлакатда аҳолининг асосий қисмини ташкил этадиган миллатнинг номи берилади. Шу тил давлат тили ҳисобланади ҳам. Бугун ўзбек тили байрами юртимизда кенг нишонланмоқда. Тилнинг нуфузини янада ошириш мақсадида барча таълим муассасалари ва ташкилотларда тадбирлар уюштирилди. Она тилимизнинг нуфузи ва қадрини ошириш мақсадида самарали меҳнат қилиб келаётган фидойи зиёлиларнинг давлат тилимиз борасидаги фикрлари билан қизиқдик. Шаҳноза СОАТОВА, Адлия вазирининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси: —Тил тафаккурга доир эҳтиёжларни қондира олмаса, таъсирини йўқотиб бораверади. Сифатли маърифатга манба бўла олмаган тил маиший даражада қўлланиб юравериши, камбағаллашиши ва кун келиб унда гаплашадиган одамлар бошқа тиллардан фаолроқ, ундан камроқ фойдаланишни бошлашлари мумкин. Яъни глобал тиллар рақобати даврида ўзбек тилимиз ҳам рақобатлашишига ё чекинишга мажбур. Хўш, бизда ўзбек тилида сифатли манбалар кўпми? Фарзандларимиз замонавий илм-фан, санъат, спорт ва бошқа соҳалардаги янгиликларни, атамалар, тушунчалар, хабарлар, умуман маърифатнинг қаймоғини ўзбек тилида олишлари шароити қанчалик бор? Ўзбекистонда ўзбек тилининг нафақат давлат тили, балки бирлаштирувчи ва кенг фойдаланувчи манба сифатида ривожлантириш ишларида муаммолар мавжуд. Хусусан, амалдаги қўшалифболик, лотин алифбосининг ноқулайлиги, лотин алифбосида манбаларнинг камлиги ёшларнинг бошқа тиллардаги турли манбаларга мурожаат қилиши ва дунёни ўша тиллар призмаси орқали англашини кучайтирмоқда. Бу, ўз навбатида, миллий хослик ва мансублик ҳисларининг заифлашувига олиб келади. Шунингдек, ўзбек тилида саводлилик даражасининг пасайиб бораётгани, ушбу тилда оригинал босма ва интернет манбалари танқислиги кузатилади. Маълумот учун, интернетдаги жами маълумотларнинг 0,1 фоиздан ҳам камроғини ўзбек тилидаги контентлар ташкил этиб, бу борада жаҳонда 51-ўринни эгаллаб турибди. Қардош турк тили 4-ўрин (3,2 фоиз), собиқ шўро давлатларидан украин тили 18-ўрин (0,5 фоиз), эстон, озарбайжон, латиш, грузин тиллари тегишли равишда 36, 37, 38, 39-ўринларни, қозоқ тили эса 46-ўринни эгаллаган. Википедияда ўзбек тилидаги мақолалар сонини 100 мингтага етказиш ва хорижий тилларда ҳам Ўзбекистон ҳақидаги маълумотларни жойлаштириш мақсадлари учун 10 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши эълон қилинди. Кўриниб турибдики, бизда ўзбек тилини модернизация қилиш, уни бошқа тиллар билан манба сифатида рақобатбардошлигини таъминлаш борасида ҳали кўп ишлар қилиниши керак. Айнан нималар қилиниши керак? Узоққа бормайлик, қўшнилар тажрибасига қарайлик. Қозоғистон Республикасида 2020-2025 йилларга мўлжалланган тил сиёсатини амалга ошириш бўйича давлат дастури тасдиқланган бўлиб, дастурдан қуйидаги натижалар кўзда тутилган: 1) лотин алифбосидан фойдаланган ҳолда ёзма мулоқот иштирокчилари улушини 2022 йилда — 10%, 2023 йилда — 20%, 2024 йилда — 30%, 2025 йилда — 50%га етказиш; 2) давлат тилида сўзлашувчи аҳоли улушини 2020 йилда – 90,5 фоиз, 2021 йилда – 91 фоиз, 2022 йилда – 92 фоиз, 2023 йилда – 93 фоиз,2024 йилда – 94 фоиз, 2025 йилда – 95 фоизга етказиш; 3) давлат оммавий ахборот воситаларида қозоқ тилидаги контентнинг улушини 2020 йилда – 74 фоиз, 2021 йилда – 75 фоиз, 2022 йилда – 76 фоиз, 2023 йилда – 77 фоиз, 2024 йилда – 78 фоиз, 2025 йилда – 79 фоизга етказиш; 4) уч тилни (қозоқ, рус ва инглиз) биладиган аҳоли улушини 2020 йилда — 26%, 2021 йилда — 27%, 2022 йилда — 28%, 2023 йилда — 29%, 2024 йилда — 30% , 2025 йилда — 31%га етказиш. Ушбу Дастурни амалга ошириш натижалари Қозоғистон Республикасида тил қурилишининг янада ривожланишини таъминлади: 1) давлат тилини ўқитиш инфратузилмаси сезиларли даражада кенгайтирилди: таълим ва тарбия қозоқ тилида олиб бориладиган ташкилотлар – 5644 та, мактаблар – 3798 та, давлат тилини ўқитиш марказлари – 90 та; 2) иш юритишни давлат тилига ўтказиш фаол амалга оширилмоқда (давлат органларида қозоқ тилидаги чиқувчи ҳужжатлар улуши қарийб 93 фоизни ташкил этади); 3) 246 та нашриёт лойиҳаси, жумладан, 72 та ўқув-услубий қўлланма, 49 та болалар учун китоблар, 46 та тармоқ луғатлари ва 70 та ўқув, илмий, публицистик китоблар амалга оширилди. Қозоқ тилининг бир жилдлик йирик изоҳли луғати «Қозоқ сўздиғи» ва инновацион асосда ишлаб чиқилган «Даналик алиппеси» ўқув мажмуаси чиқарилди; 4) қатор телелойиҳалар амалга оширилди: реалити-шоу, қозоқ тилини ўрганиш дарслари, анимацион фильмлар ва бошқалар; 5) IELTS (Буюк Британия) ва TOEFL (Америка Қўшма Штатлари) ўхшашлиги бўйича «Казтест» тили бўйича билимларни баҳолашнинг кўп босқичли тизимини ишлаб чиқди. Ушбу тизим доирасида ўқувчининг қозоқ тилини билиш даражасини белгиловчи миллий стандарт ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилган. Миллий стандарт давлат тилини билиш даражасига қўйиладиган талаблар белгиланган лавозимлар, касблар ва мутахассисликлар рўйхатини белгилайди. Миллий стандарт асосида катталарга қозоқ тилини ўргатишнинг намунавий дастури ишлаб чиқилди ва амалиётга татбиқ этилди, тилни ўқитиш жараёни ва ўқув қуроллари мазмуни тизимлаштирилди, ҳар бир тил даражаси учун лексик минимум ишлаб чиқилди; 6) давлат тили марказларини аккредитация қилиш тизимининг методологияси ишлаб чиқилди; 7) хориждаги қозоқ диаспораси вакилларининг она тилини ўрганишини тизимли равишда услубий ва ташкилий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, Европа қозоқларининг анъанавий кичик қурултойи ва санъат фестивалини ўтказиш, шунингдек, унинг ҳаётига оид социологик ва таҳлилий тадқиқотлар ўтказиш; чет элдаги ватандошлар; 8) Интернет-ресурслар доимий равишда янгиланади, қозоқ тилидаги интернет ресурсларини, контентини (20 дан ортиқ хизмат турларини) ривожлантириш мақсадида яратилади. Масалан, Tilalemi.kz portali, Atau.kz ягона ономастик маълумотлар базаси, Emle.kz имло маълумотлар базаси, Termincom.kz терминологик маълумотлар базаси кенг қўлланилди; 9) давлат тилини ўқитиш жараёнига янги ахборот технологияларини жорий этиш мақсадида тилларни масофавий ўқитиш курслари кўпайтирилди; 10) давлат тилининг коммуникатив функцияси кучайтирилди, давлат оммавий ахборот воситалари таркибидаги қозоқ тилидаги электрон оммавий ахборот воситаларида эшиттиришлар ҳажми, шунингдек, давлат тилининг улуши кучайтирилди. 11) Қозоғистонда яшовчи этник гуруҳлар тилларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг самарали тизими яратилди[1]. Кўриниб турганидек, қозоқ бовурларимиз тилни тараннум этувчи мақолаю тадбирлар, байраму эҳтиросли чиқишлардан ташқари катта амалий ишларни бошлаб юборишган. Энди ўзимиздаги аҳволдан бир шингил. Ўзбек тилини хорижий тил сифатида ўқитиш билан шуғулланиб келаётган педагог Саида Рашидова дейди: “CEFR халқаро тил билиш стандартлари бор. Унга кўра исталган тилни билиш даражаси 6 та (А1, А2, B1, B2, C1, C2). Ўзбек тили ҳамон шу стандартларга мослаштирилмаган. Яъни мен ўқувчиларимга ўзбек тилини билиши А1 даражаси қаерда тугайдию, А2 қаердан бошланишини аниқ илмий асосланган тамойилларга таяниб айта олмайман. Ўзим субъектив кузатувларимга кўра белгилаб олганман. Шарқшунослик университети ва Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университети масъуллари бу тамойиллар ишлаб чиқилганини айтишмоқда. Бироқ қаерда улар? Нега очиқланмайди? Улар халқаро стандартларга мосми? Тестлари қани? Мендек ўқитувчилар уни қаердан билсак бўлади? Бу саволларга жавоб йўқ. Бутун дунё тил ўрганишда “1-қатор сўзлар”, “2-қатор сўзлар” ва ҳоказо материалларга таянади. Масалан, инглиз тилини ўрганмоқчи бўлсангиз, энг фаол қўлланадиган 50 та феълни билсангиз, қайсидир даражада гаплаша оласиз – бу стандарт. Ўзбек тилида шундай стандартлар йўқ. Мен ўқувчиларим учун ўзим тузиб чиқяпман шундай стандартларни. Аслида бу тил учун умумий ва аллақачон белгиланган стандартлар бўлиши керак. Duo-lingvo га ўхшаш тил ўргатиш платформалари, аудиоматериаллар, субтитрлар керак бизга. Субтитрлар тил ўрганувчиларнинг ҳам тилни ўрганиш, ҳам ўша тилдаги саводлилик даражасига жуда яхши таъсир қилади. Инстаграмда, масалан, субтитр билан қўйилган контентларнинг статистикаси анча юқори, чунки одам овозни ҳар доим ҳам эшитолмаслиги мумкин, овозсиз ҳолда кўриб ҳам контентни тушуниши учун субтитр муҳим. Бироқ бизда субтитрларни умуман ишлатишмайди. Бизнинг буюк дубляж мактабимиз ва дубляж хазинамиз бор. Мен ўқувчиларимга “Ы операцияси”, “Иван Васильевич касбини ўзгартиради” каби фильмлардан фойдаланиб тилимизни ўргатяпман. “Олаверинглар, олаверинглар, камайиб қолмайди” ёки “Бизгача ўғирлаб бўлишган” каби машҳур иборалар тилимизнинг жозиба ва ширасини кўрсатади. Бу жонли тил ва ўрганувчилар учун таъсирли усулдир. Нима учун шу усуллардан самарали фойдаланишмайди? Ёки ўзбек тилини исталган ёшдаги инсонга ўргатиш учун универсал грамматикамиз борми? Ёш болаларга ўзбек тилини хорижий тил сифатида ўргатиш учунчи? Тушунаман, бу кунгача ўзбек тилини ўрганишга талаб кам деб саналган ишлар амалга оширилмагандир. Бироқ энди замон бошқа, тилни ўрганамиз дейдиганлар кўп. Тилнинг амалий жиҳатларига кўпроқ эътибор қаратиш керак”. Фозил Фарҳод, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг матбуот котиби, ёзувчи: —Тил бор – миллат бор. Тил йўқ – миллат йўқ. Чунки ҳар бир сўзда миллатнинг биттадан руҳи бор. Руҳ бутунлиги учун ҳам уни асраш керак. Авар шоири Расул Ҳамзатовнинг “Менинг Доғистоним” бадиасида узоқ йиллар Францияда яшаган рассом йигит ва унинг авар онаси ҳақида ҳикоя бор. Ҳар сафар ўқиганимда аллатовур бўлиб кетаман. Муаллиф Париждан қайтгач, мусаввирнинг қондошларини қидириб топади. Бахтни қарангки, унинг онаси ҳали ҳаёт бўлади. Кампирнинг уйига йиғилган қариндошлари Ватанини ўзга ерларга алмашган ўғил ҳақидаги ғамгин ҳикояни тинглашди, адашган ўғилни кечиргандай бўлишди, тирик эканидан суюнишди. Она эса кутилмаганда сўраб қолади: “Сизлар аварча сўзлашдингларми?” Расул Ҳамзатов жавоб қайтаради: “Йўқ, биз таржимон ёрдамида гаплашдик. Мен русча гапирдим, у французча”. Шунда кампир юзига қора чодрасини туширади, аварларда ўз ўғлининг ўлганини эшитган оналар шундай қилишар экан. Узоқ жимликдан кейин муштипар: “Расул, сен янглишибсан, менинг ўғлим аллақачон ўлган экан. Агар у ҳаёт бўлганида, авар онаси ўргатган тилни унутмаган бўларди!” дея суҳбатга нуқта қўяди. Мана, миллий ғурур, она тилига бўлган садоқат! Бу йўлда ҳатто ўғлидан ҳам воз кечган муштипар ва миллатсевар аёл. Уни, ҳеч иккиланмай, миллат онаси, миллат қаҳрамони, десак бўлади. Аёл аллақачон оламдан ўтиб кетган бўлса керак. Ўз она тилига бўлган садоқати учун мен унинг руҳи олдида бош эгаман. Дунёдаги ҳамма оналар унга ўхшашини истайман. Ўзбекистонда ҳам шундай оналар кўпайсин. Бундай ғурур, аслида, миллатини яхши кўрган ҳар бир инсонда бўлмоғи лозим. Бизнинг ҳам ҳар бир онамиз фарзандлари қалбида ўзбек тилини яхши кўриши учун ўша аёлнинг юрагида ёниб турган оловдай ўт ёқа олсин! Қайсики давлатнинг тилини ҳурмат қилсанг, ўша мамлакатни ҳурмат қилган бўласан. Аксинча бўлса, ўша мамлакатни писанд қилмаган бўласан. Шу боис, Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир фуқаро давлат тилимизни ҳурматини жойига қўйиб қўйиши керак. Миллатидан қатъи назар. Ўзбек тили ўзбекистонлик ҳар бир инсонни руҳан боғловчи кўприкка айланиши учун нима зарур бўлса, давлатимиз ҳам, халқимиз ҳам ҳамма чораларни кўриши керак. Бу учун маблағу бошқа ресурсларни аямаслик лозим. Бу йўлда, назаримда, ўзбекнинг ҳар бир зиёлиси ҳар қандай эзгу ишга тайёр. Шахсан мен ҳам. Бутун кучимни ҳам, истеъдодимни ҳам, умримни ҳам шу ишга сарф этишга розиман. Феруза Раҳимова суҳбатлашди.
Улашиш:
Бошқалар
Айрим фуқароларга электр энергияси ва табиий газ учун компенсация берилади
Қарорга кўра, иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ўтказиб берилади.
Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб
Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.
Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб
Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.
Меҳнат шартномасини ўзгартириш ва бошқа ишга ўтказиш тартиби қандай
Ўзбекистон Меҳнат кодексига кўра ходим меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақлидир ва бундай ариза 3 кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши шарт.
Давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидалари белгиланди: раҳбарлар жазоланадими?
“Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга қуйидаги ёрдам турлари кўрсатилади: моддий аҳволи оғир ёшларга бир марталик моддий ёрдам (БҲМнинг 4 бараваригача – 1,2 млн сўмгача) берилади; ёшларни тадбиркорликка ва касб-ҳунарга ўқитиш учун сарфланган харажатларнинг 75 фоизигача қисми (бир ойгача БҲМнинг 4, бир ойдан икки ойгача БҲМнинг 8, икки ойдан ортиқ муддатли ўқув курслари учун БҲМнинг 12 бараваридан кўп бўлмаган қисми) қоплаб берилади; тадбиркор ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтган ёшларга фаолиятини амалга ошираётган нотурар жойнинг 12 ойгача ижара харажатларининг бир йилда 30 фоизи, бироқ БҲМнинг 25 бараваригача (7,5 млн сўмгача) бўлган қисми қоплаб берилади; Республикадаги профессионал таълим ташкилотларида ўқиётган, шунингдек, Ўзбекистондаги барча олий таълим ташкилотларида бакалавриатнинг кундузги, сиртқи ва кечки шаклида, магистратуранинг кундузги йўналишида таълим олаётган ўқувчи-талабаларга тўлов-контракт асосида ўқиш бўйича йиллик харажатларинниг бир қисми қоплаб берилади; Ёшларга таълим, маданият ва санъат, спорт, ахборот технологиялар соҳасига ва фанларни ўқитишга ихтисослашган нодавлат таълим ташкилотининг 3 ой муддатгача нотурар жой ижара харажатлари учун БҲМнинг 50 бараваригача (15 млн сўмгача) миқдорда қоплаб берилади.
Бой давлатлар нега кўп қарз олади? Ўзбекистонда ҳолат қандай? Хавфсиз чегара қаерда?
Наманганда аҳолига сайёр хизматлар кўрсатилди