Life Style
20.10.2025
377

Маълумки, 2017 йил 29 мартда Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинган. Унга мувофиқ, жиноий жазо тизимига “мажбурий жамоат ишлари” жорий этилиб, “қамоқ” тариқасидаги жиноий жазо тури бекор қилинган.
Бироқ, жиноят қонунчилигимизда “қамоқ” жазоси бекор қилингани билан маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун “қамоқ” жазоси қонунчилигимизда сақланиб қолинган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 23-моддасида маъмурий жазо турларида “маъмурий қамоққа олиш” жазоси ҳам мавжуд бўлиб, мазкур Кодекснинг 29-моддасига биноан, маъмурий қамоққа олиш уч суткадан ўн беш суткагача муддатга, фавқулодда ҳолат тартиби шароитида эса, жамоат тартибига тажовуз қилганлиги учун — ўттиз суткагача муддатга қўлланилиши, шунингдек маъмурий қамоққа олиш жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди томонидан, фавқулодда ҳолат тартиби шароитида эса, ҳарбий комендант ёки ички ишлар органи бошлиғи томонидан белгиланиши кўрсатиб ўтилган.
Кимларга нисбатан “маъмурий қамоққа олиш” жазоси қўлланилиши мумкин эмас?
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 29-моддасига асосан, қуйидагиларга “маъмурий қамоққа олиш” жазоси қўлланилмайди:
◾️ ҳомиладор аёлларга;
◾️ уч ёшгача боласи бўлган аёлларга;
◾️ўн тўрт ёшгача бўлган боласини якка ўзи тарбиялаётган шахсларга;
◾️ ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга;
◾️биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга.
Маъмурий қамоқ жазосини ўташ тартиби қандай?
Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида”ги Қонунига кўра, маъмурий қамоққа олинган шахслар махсус қабулхоналарда сақланади ва умумий камераларга ёки бир кишилик камераларга жойлаштирилади. Камераларда бир кишига тўғри келадиган майдоннинг нормаси камида 2,5 квадрат метр, аёллар учун эса камида 3 квадрат метрни ташкил этади.
Маъмурий қамоққа олинган шахсларга алоҳида ётоқ жойи, кўрпа-тўшак, идиш-товоқ ҳамда овқатланиш анжомлари берилади. Маъмурий қамоққа олинган шахслар ўзининг кийим-боши, пойабзали ва шахсий гигиена воситаларидан фойдаланади. Маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг шахсий хавфсизлиги таъминланади.
Қамоққа олинган шахсга жисмоний куч ва махсус воситалар (тинчлантириш кўйлаклари, резина таёқлар, қўлкишанлар ёки бошқа боғлаш воситалари, кўздан ёш оқизувчи моддалар, чалғитма таъсир кўрсатувчи нур-товуш мосламалари, хоналарни очиш мосламалари) қўлланилиши мумкин. Бироқ бундай чоралар фақатгина махсус қабулхона ходимларига, маъмурий қамоққа олинган бошқа шахсларга ва ўзга шахсларга ҳужумини даф этишда, оммавий тартибсизликларга, жамоат тартибини гуруҳ бўлиб бузишларга барҳам беришда, махсус қабулхона ходимларига ашаддий тарзда бўйсунмаётган ёки қаршилик кўрсатаётган ҳуқуқбузарларни ушлашда, махсус қабулхонадан қочган маъмурий қамоққа олинган шахсларни ушлашда, маъмурий қамоққа олинган шахсларни махсус қабулхонадан қочишининг олдини олиш учун қўриқлаб туришда қўлланилиши мумкин.
Қамоққа олинганлар ёзма розилиги билан ҳақ тўланадиган меҳнатга жалб қилинишлари мумкин. Улар меҳнатига ҳақ тўлаш қонун ҳужжатларида белгиланган миқдордан – Меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасининг биринчи разрядидан кам бўлмаслиги лозим. Махсус қабулхона хоналаридаги санитария-гигиена, маиший шароитларни яхшилаш, шунингдек ички ишлар органи ёки махсус қабулхона ҳудудини ободонлаштириш билан боғлиқ бўлган юмушлар ҳақ тўланмайдиган ишлар ҳисобланади. Бундай ишлар давомийлиги суткасига икки соатдан кўп бўлмаслиги ва жисмоний ишларга ўз розилигига кўра амалга оширилиши лозим.
Маъмурий қамоққа олинган шахслардан жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди судьясининг, фавқулодда ҳолат режими шароитларида эса, ҳарбий комендантнинг ёки ички ишлар органи бошлиғининг қарорига кўра, махсус қабулхонада сақлаш билан боғлиқ харажатлар суткасига базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 фоизи миқдорида ундирилади. Айрим ҳолларда муайян ҳолатлар, маъмурий қамоққа олинган шахснинг моддий аҳволи ва шахси ҳисобга олинган ҳолда у махсус қабулхонада сақлаш билан боғлиқ харажатлар ундирилишидан суднинг қарорига асосан озод қилиниши мумкин.
Оғабек Жўраев,
"Адолат" МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Имтиёз олган беморларга давлат бюджети ҳисобдан тиббий хизмат қандай тартибда кўрсатилади?
Ҳужжатга кўра, Низом беморларни тиббиёт ташкилотларига қабул қилиш тартибини белгилайди.
Банк сирига нималар киради ва қачон ошкор қилиниши мумкин? Муҳим 5 саволга жавоб
Банк, унинг мижози (вакили) ва Марказий банкидан ташқари бошқа барча шахслар учинчи шахслар ҳисобланади.
Наркожиноятлар учун жиноий жавобгарлик кескин оғирлаштирилади
Миллий дастурга кўра, Интернетдаги наркожиноятларга қарши курашишга ёшлар кенг жалб қилинади.
Вояга етмаган ва муомала лаёқати чекланган шахслар иштирокида битимларни тасдиқлашнинг ҳуқуқий асослари
Фуқаролик ҳуқуқининг муҳим институтларидан бири бу — муомала лаёқати тушунчасидир.