currencies image

12 640,21 UZS

49,76

usd

currencies image

13 559,15 UZS

1,19

eur

currencies image

137,02 UZS

0,18

ru



АсосийЯнгиликларҚиш фаслида чоп этилган 10 та китоб

Қиш фаслида чоп этилган 10 та китоб

Life Style

calendar

28.02.2024

eye

428

Қиш фаслида чоп этилган 10 та китоб

Қиш билан хайрлашишимизга оз қолди. Бир нафас тин олиб, ортга назар ташласак, бу  фаслда бир қанча эътиборга молик китоблар чоп этилганлигига амин бўламиз. Уларнинг ичида илмий асарлар ҳам, бадиий асарлар ҳам бор. Hudud24.uz ўзбек китобсеварларининг жавонига салмоқли ҳисса қўшадиган мана шундай китоблардан 10 тасини эътиборингизга ҳавола этади.

Тавсиялар букблогер Маҳин Нурсаидова томонидан тақдим этилмоқда.

1. Уинстон Грум. Форрест Гамп

“Форрест Гамп”  - Уинстон Грумнинг 1986 йилдаги романи бўлиб, асарнинг бош қаҳрамони Савант синдроми билан туғилган меҳрибон ва содда киши Форрест Гамп ҳисобланади. Кўпчилик уни сўзларни бир-бирига улай олмагани учун ҳам аҳмоқ деб ҳисоблайди. Ёмон нутқ ва инфантилизмга қарамай, йигит иродасига, ҳаётий тажрибасига таянган ҳолда ҳамма қийинчиликларга бардош беради. Шунингдек, унга бошқалар эриша олмайдигандек туюладиган компьютер каби ҳисоблаш, мураккаб математик мисолларни ечиш, шахматни аъло даражада ўйнаш қобилиятлари, улкан жисмоний куч ва ғайриинсоний чидамлилик тортиқ этилган эди. Бош қаҳрамон томонидан ҳикоя қилинадиган мазкур асар нашр қилинганидан кейин 10 000 га яқин нусхада сотилган. Асарни ўзбек тилига истеъдодли таржимон Нодирабегим Иброҳимова таржима қилган.

2. Анна Достоевская. Хотиралар

Анна Достоевскаянинг Хотиралар асари улуғ рус ёзувчиси Фёдор Достоевскийга бағишланади. Унда Анна хоним ўз болалиги, турмуш ўртоғи билан танишув онлари, оила қуришлари, «Жиноят ва жазо», «Ака-ука Карамазовлар» ва бошқа асарларнинг ёзилиш жараёни, адибнинг руҳияти, кечинмалари, оғриқлари, қувончлари билан ўртоқлашади. Достоевскийнинг энг катта асари Ака-ука Карамазовларнинг кириш қисмига нима учун «А.Г.Достоевскаяга бағишланади» деб ёзиб қўйилганига ҳам ушбу асарни ўқиш давомида жавоб топасиз. Анна Фёдор билан танишганида адиб қарзга ботган, касал ва одамови эди. Аммо ундаги кучли тафаккур ва иқтидор қизни ўзига жалб этди. Достоевский Аннага уйлангандан сўнг ўзининг чин маънодаги бахтли, хотиржам, меҳр-муҳаббатга бой умрини яшай бошлади. Ёзувчининг истеъдоди аёлига ҳам кўчгани шубҳасиз, чунки китоб самимий, равон, қизиқарли ёзилган. Ушбу мемуар дунёнинг кўплаб тилларига ўгирилган ва севиб ўқиб келинмоқда. Бу қишда ўзбекзабон китобхонлар ҳам мазкур асарни ўқиш бахтига муяссар бўлишди.

3. Александр Дюма. Жаллод чангалидаги ошиқлар

Буюк Француз инқилобининг ўта чигал, ҳам умидбахш, ҳам қонли даврига мансуб Алекандр Дюманинг Жаллод чангалидаги ошиқлар асари эзгуликнинг ёвузлик устидан зафарини мадҳ этган. Романнинг мард қаҳрамонлари номардлик ва зулм остида бош эгмайдилар, ҳаётга ва бир-бирларига ёруғ юз билан боқиб, видо айтадилар. Асар дастлаб 2021 йилда Жаҳон адабиёти журналининг 2, 3, 4, 5-сонларида чоп этилган бўлса, мазкур қишда Янги аср авлоди нашриёти томонидан тўла китоб сифатида чоп этилди. Устоз таржимон Рустамжон Умматов томонидан маҳорат билан ўзбекчалаштирилган мазкур асарни дарҳол ўқишни тавсия этамиз.

4. Боймирза Ҳайит. Туркистон Россия ва Хитой оралиғида

Туркистоннинг ХV-ХХ асрлардаги ҳаёти ёритилган мазкур китоб кенг жамоатчилик учун мўлжалланган. Ўз эркимиз, динимиз, одатимиз ва еримизнинг эгаси бўламиз, деган умидда қўлига қурол олганларнинг номи босмачи бўлди. Оғриқли ўтмишимизнинг оғриқли даврлари тўғрисидаги мазкур китобда яқин-яқингача биз ишонтирилиб келинган тарих сохталиги, биз босмачи деб юрган одамлар аслида миллатнинг асл ўғлонлари эканлиги келтирилган, тарихий ҳужжатлар асосида исботлаб берилган. Боймирза Ҳайитнинг босмачилар ҳақидаги инкор қилиб бўлмайдиган фикрлари ҳозир Ўзбекистон бўйлаб тарқала бошлади. Мазкур қизиқарли асар ҳам бу йил, ниҳоят, чоп этилди.

5. Тадеуш Доленга-Мостович. Табиб

“Табиб”. Бу фильмни кўрмаган ўзбек томошабини бўлмаса керак. Шу фильмнинг асоси ҳисобланган Табиб романида ХХ аср бошларида Польшада яшаган ажойиб жарроҳ Рафал Вилчурнинг ҳаёти ҳикоя қилинади. Севикли рафиқаси ва қизи, севимли иши, атрофга донг таратаётган шон-шуҳратга эга табибнинг ҳаётини кутилмаган фожиа ўзгартириб юборади. Инсонийликни, муҳаббатни ва оғриқни ҳис эттирадиган мазкур асарда бугунги кунда тобора камайиб бораётган қадриятлар ва ахлоқий тамойиллар, жумладан, таълим, ахлоқ, ор-номус, қадр-қиммат, ҳурмат, кечиримлилик тараннум этилган. Айниқса, асар асосида яратилган кинони кўрган бўлсангиз, унда қолдирилган бўшлиқлар асарда тўлдирилганига гувоҳ бўласиз. Янги аср авлоди” нашриёти  томонидан чоп этилган мазкур асарни тезда ўқишни тавсия этамиз.

6. Мэй Маск. Режали аёл

Ушбу китобда машҳур миллиардер Илон Маскнинг онаси Мэй Маск ўзининг мураккаб, лекин мазмунли ҳаёти тўғрисида сўзлайди. Асарни ўқиб, Мэй Маск нақадар мустақил ва жасур аёл эканидан ҳайратланасиз. У ўзининг бой ҳаётий тажрибасидан келиб чиқиб, гўзаллик, соғлик, бахт ва фарзанд тарбияси сирларини биз билан баҳам кўради. Бой касбий ва ҳаётий тажрибага эга Мэй Маск нафақат аёллар, балки эркаклар учун ҳам муваффақиятли инсон намунасидир. Унинг ҳикояси бизни тўкис ва эркин яшашга, дунё кўришга ҳамда мудом янги имкониятлар излашга илҳомлантиради. Эҳтимол, турмушимиздаги айрим тўсиқларни енгишда, зерикарли бир хилликдан халос қилишда Мэй Маскнинг тажрибаси асқотар. Асар 2024 йил бошида Аsaxiyнашриёти томонидан ўзбек тилида чоп этилди.

7. Хулио Кортасар. Ишғол қилинган уй

 “Аргентинанинг биринчи рақамли адиби” дея таъриф берилган машҳур ёзувчи Хулио Кортасарнинг ҳикоялар тўплами Академнашр томонидан таржима қилиниб, чоп этилди. Мазкур тўпламдан адибнинг 20 га яқин энг сара ҳикоялари ўрин эгаллади. Кортасарнинг агенти ва ворисларидан ўзбек тили учун илк бор муаллифлик ҳуқуқи сотиб олинган мазкур китобдаги ҳикояларни испан тилидан Шарифжон Аҳмад ўзбек тилига ўгирди. Кортасар ҳикояларининг ҳаммасида мўжиза рўй беради, ташқи кучлар таъсирида одамларнинг ҳаётида катта ўзгаришлар содир бўлади. Шу сабаб ҳам ҳар бир ҳикоясини ўқиган одамнинг ҳаётга бўлган ишончи ошади, бошқача кўз билан қарай бошлайди.

8. Андрей Платонов. Жон

2020 йилда илк бора ўзбек тилида нашр этилган таниқли рус ёзувчиси Андрей Платоновнинг энг машҳур романи Жон мазкур қишда яна бир бора чоп этилди. Роман тил қурилиши, сюжет чизиқларининг оригиналлиги билан ажралиб туради. Ғайриоддий бу асар, айни пайтда, асосий сюжет қурилиши нуқтаи назаридан адибнинг кейинги кўплаб асарлари қатори Сталин даври сосиалистик реализм адабиётининг ташқи шаклига хосдек кўринади. Асар қаҳрамони – эндигина институтни тамомлаган иқтисодчи Назар Чиғатоев Москвадан ўз юрти – Ўрта Осиёга қайтади. Амударё мансабининг қай бир овлоқларида тентираб адашган, хўрланган-у таҳқирланган ўз элатини излаб топиб, муқаррар ажалдан омон сақлаш унинг бош маслагидир. Бу асарни турлича тарзда ўқиб англаш мумкин. Асар бугунги давр учун ҳам долзарб бўлган саволларни ўртага ташлайди.

9. Фурқат Алимардон. Пичирланган сирлар

Ёш ва умидли ёзувчи Фурқат Алимардоннинг “Академнашр” нашриёти томонидан чоп этилган Пичирланган сирлар китобида юртимиз ва бутун инсоният қаршисида турган улкан хавф – қурғоқчилик турли тақдирлар ҳамда шахслар воситасида кўрсатиб берилган. Асарда  сув муаммоси ҳаётнинг ҳар турли жабҳалари ва шахслари тақдирига боғланган ҳолда баён этилган. Воқеалар ва тақдирларнинг кескин ҳолатлари бир зум хаёлингизни фаромуш этса-да, лекин асосий муаммо билан боғлиқ ўй сизни барибир таъқиб этаверади. Асар қаҳрамони 2030 йилга бориб, Ўзбекистонда 7 куб километр сув танқислиги кузатилиши ҳақидаги хабарни ўқиб қоладию, кўксига ғулғула тушади. Бутун асар давомида сув муаммосини ечиш бўйича изланади.

10. Эрнест Ҳемингуэй. Йўқчилик ва тўқчилик

Молиявий муаммолар инсон хулқ-атворини қай даражада ўзгартириши бадиий бўёқларда тасвирлаб берилган мазкур асарда инсонийлик чегараси қаерда бошланиб, қаерда тугаши белгиланган. 1957 йилда Эрнест Ҳемингуеҳэй томонидан ёзилган мазкур шедевр ниҳоят ўзбек тилига таржима қилиниб, китобхонларга тақдим этилди. Буюк депрессия давридаги умидсизликни акс эттирувчи кучли ва шиддатли роман контрабанда билан шуғулланувчи кема капитани ҳақида ҳикоя қилади. Мағрур ва меҳнаткаш бўлса-да, ўз даврининг қурбони саналган бу инсоннинг Америка орзусидан ҳафсаласи пир бўлади.

Улашиш:

Бошқалар

25-апрел 2024, 12:32
5 144

Жўраевлар иши: Ботир Қодиров Шерали Жўраевнинг қўшиқларини куйлаши мумкинми? Интеллектуал мулк ҳуқуқини мерос қолдириш бўйича муҳим жиҳатлар

Хонанда Ботир Қодиров оталикни белгилаш юзасидан судга даъво аризаси киритиши ортидан ижтимоий тармоқларда муҳокамалар бошланди. Муҳокамаларнинг бир йўналиши Шерали Жўраевнинг интеллектуал мулкини мерос қилиб олиш йўналишида бўлмоқда. Жумладан, Ботир Қодиров Шерали Жўраевнинг қўшиқларини айтиши мумкинми? Интеллектуал мулк ҳуқуқи мерос бўлиб ўтадими? Агар Шерали Жўраев муаллифлик ҳуқуқи бўйича васиятнома қолдирган бўлса, оталикни белгиланган тақдирда Ботир Қодиров унга даъво қилиши мумкинми? Hudud24.uz ушбу мақолада интеллектуал мулк ҳуқуқини мерос қолдиришдаги муҳим жиҳатлар хусусида сўз юритади.


3-апрел 2024, 12:01
2 249

Алимент учун чет элга чиқишга қўйилган тақиқни олиб ташлаш тартиби: муҳим 6 та қоида

Алимент тўловчи айрим шахсларнинг бевосита даромад манбаи чет элга чиқиш, миграция билан боғлиқ. Бундай ҳолларда чет элга чиқишга қўйилган тақиқни алиментни олдиндан тўлаш ёки алимент бўйича гаров шартномасини тузиш орқали олиб ташлаш мумкин.


23-апрел 2024, 12:43
1 462

Жаримага тортиш ҳақидаги қарор кеч берилса, уни тўламаслик мумкинми? Йўл-ҳаракати қоидалари бўйича ишларни кўриб чиқишдаги 7 муҳим жиҳат

Уч ой ўтгандан кейин жарима хабарномаси келиши қонунийми? Ҳайдовчи камерага тушса, жаримани ким тўлайди: машина эгасими ёки уни бошқарган одам? Қачон тезликни оширганлик учун жарима қўлланмайди? Маъмурий баённомани имзоламаслик мумкинми, имзоламаса, нима бўлади? Суд ҳуқуқбузар иштирокисиз унга жарима қўлласа ёки қарор унга кеч берилса, уни тўламаса ҳам бўладими? Умуман, агар қоидабузарга вақтида жазо берилмаса, кейинчалик жазолаш мумкинми?


24-апрел 2024, 14:07
1 320

Вафот этган шахсни ота сифатида белгилаш мумкинми? Оталикни белгилаш бўйича муҳим 6 қоида

Никоҳда туғилган боланинг ота-онасига оид маълумотлар никоҳ гувоҳномаси асосида ёзилади. Никоҳда туғилмаган боланинг ота-онасига оид маълумотлар-чи? Оталикни белгилашда фарзанд розилиги олинадими? Hudud24.uz мазкур мақолада оталикни белгилашнинг айрим ҳуқуқий асослари ҳақида маълумот беради.