Ҳуқуқ
23.04.2024
9 615
Уч ой ўтгандан кейин жарима хабарномаси келиши қонунийми? Ҳайдовчи камерага тушса, жаримани ким тўлайди: машина эгасими ёки уни бошқарган одам? Қачон тезликни оширганлик учун жарима қўлланмайди? Маъмурий баённомани имзоламаслик мумкинми, имзоламаса, нима бўлади? Суд ҳуқуқбузар иштирокисиз унга жарима қўлласа ёки қарор унга кеч берилса, уни тўламаса ҳам бўладими? Умуман, агар қоидабузарга вақтида жазо берилмаса, кейинчалик жазолаш мумкинми?
Ушбу мақолада Hudud24.uz сайти колумнисти ҳуқуқшунос Муроджон Нажмиддинов шу сингари саволларга жавоб беради.
Манба: gazeta.uz
1. Ҳайдовчи камерага тушса, жаримани ким тўлайди? Машина эгаси ёки уни бошқарган одам?
МЖТКга кўра, ҳуқуқбузарлик камера (махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари) орқали аниқланса, маъмурий жавобгарликка транспорт воситасининг эгаси тортилади. Агар машина юридик шахсга тегишли бўлса, шу машина бириктирилган ходимга жавобгарлик қўлланилади.
Агарда қоидани машинани унинг эгаси эмас, балки бошқа киши, (масалан, ушбу машинадан фойдаланиш ҳуқуқи берилган ёки машинани унинг эгаси розилигисиз эгаллаб олган шахслар) бузган бўлсачи? Бундай ҳолда машина эгаси қарор устидан шикоят бериб, ўша пайтда машинани ўзи бошқармаганлигини исботлаб берса, жавобгарликка тортилмайди.
2. Қачон тезликни оширганлик учун жарима қўлланмайди?
Ички ишлар ходими тезликни оширганлик учун маъмурий баённома расмийлаштираётганда рухсат этилган тезлик ва ҳайдовчи ҳаракатланган тезликни аниқ кўрсатиши керак. Масалан, «ҳайдовчи 50 км/с тезлик чегараланган жойда 95 км/с тезликда ҳаракатланиб келди».
Таъкидлаш керакки, радар ва машина спидометрларидаги хатоларни ҳисобга олиб туриб, ҳайдовчи ҳаракатланган тезликдан соатига 5 км чегириб ташланган ҳолда маъмурий баённома тузилади (масалан, радар 85 км кўрсатса, 80 км ёзилади). Агарда ушбу талабга амалга қилинмаса, маъмурий жазо қўллаш мумкин эмас.
3. Маъмурий баённомани имзоламаслик мумкинми? Имзоламаса, нима бўлади?
Киши агар расмийлаштирилаётган маъмурий баённомага рози бўлмаса, унга имзо қўймаслиги мумкин. Шу билан бирга у баённомага нега имзо қўймаганлиги сабабларини ҳам ёзиб қўйишга ҳақли.
Шунга қарамай, бу маъмурий баённома расмийлаштирилмаслиги ва унга жазо қўлланилмаслигига сабаб бўлмайди. Бу ҳолатда ички ишлар органи ходими ҳуқуқбузар баённомани имзолашдан бош тортганини ёзиб қўяди ва гувоҳлар ва (ёки) холислар (2 та ёки ундан ортиқ) иштирокида расмийлаштирилади. Агарда ушбу талабга амалга қилинмаса, маъмурий жазо қўллаш мумкин эмас.
4. Маъмурий иш неча кунда кўриб чиқилиши керак? Қарор неча кунда ҳуқуқбузарга берилади?
Маъмурий иш маъмурий баённома ва ишга оид бошқа материаллар олинган кундан бошлаб 15 кун ичида кўриб чиқилади. Жарима солиш тўғрисидаги қарор 3 кун ичида буюртма почта орқали ҳуқуқбузарга юборилади.
5. Суд ҳуқуқбузар иштирокисиз унга жарима қўлласа, уни тўламаса ҳам бўладими?
Суд ҳуқуқбузар иштирокисиз унга жарима қўлласа бўлади. Фақатгина ҳуқуқбузарни иш қачон ва қаерда кўриб чиқилиши ҳақида ўз вақтида огоҳлантирилган ва огоҳлантирилганлигини тасдиқловчи маълумотлар бўлган тақдирда. Шунингдек, ҳуқуқбузар ишни кўриб чиқишни кечиктириш тўғрисида илтимоснома киритмаган бўлиши лозим.
Агар бу талабга риоя этилмаган тақдирда қарор бекор қилиш бўйича шикоят қилиш ва қарорни бекор қилдириш мумкин.
6. Жаримага тортиш ҳақидаги қарор кеч берилса, уни тўламаслик мумкинми?
Агар маъмурий жазо қўлланиш тўғрисидаги қарор чиқарилган кундан бошлаб 3 ой ижрога қаратилмаган бўлса (айтайлик, қарор нусхаси ҳуқуқбузарга топширилмаган, ҳуқуқбузарнинг ишлаш, яшаш жойига ёки давлат ижрочисига юборилмаган бўлса ва ҳ. к.), у ҳолда бундай қарор ижро этилмайди.
Ушбу ҳолат бўйича хизмат текшируви ўтказилади ва айбдор мансабдор шахсга нисбатан тегишли интизомий чора кўрилиб, у ҳақидаги маълумот маъмурий иш ҳужжатларига қўшиб қўйилади.
7. Умуман, агар қоидабузарга вақтида жазо берилмаса, кейинчалик жазолаш мумкинми?
Маъмурий жазо ҳуқуқбузарлик содир этилган кундан бошлаб (давом этаётган ҳуқуқбузарлик учун эса ҳуқуқбузарлик аниқланган кундан бошлаб) 1 йилдан кечиктирмай қўлланилиши мумкин.
Улашиш:
Бошқалар
Прокат шартномаси ва уни тузиш тартиби қандай?
Прокат шартномаси бир йилгача муддатга тузилади.
Опцион шартномаси нима учун керак?
Опцион шартномаси рисксиз қарорлар қабул қилиш имконини беради ва келажакдаги молиявий фойдани кўзлайди.
Уй-жой сотиб олишда “эскроу” тизими: муҳим 5 саволга жавоб
“Эскроу” тизими кўчмас мулк олди-сотдисида ишончли восита ҳисобланади. Уй сотиб олмоқчи бўлганлар қурувчи ҳисоб рақамига эмас банкка тўлов қилади, уй-жой қурувчининг маблағи ва кредити ҳисобига қурилади.
Олий суд пленуми мажлисида Lex.uz сайти фаолияти таништирилди
Lex.uz сайти ҳозирги вақтда республикада ягона электрон шаклдаги расмий манба ҳисобланади. Сайтга бир тилда 50 мингдан ортиқ ҳужжатлар жойлаштирилган.