currencies image

12 739,95 UZS

7,39

usd

currencies image

14 191,03 UZS

9,50

eur

currencies image

139,14 UZS

0,23

ru



АсосийЯнгиликларКонституциясини энг кўп ўзгартирган дунё давлатлари

Конституциясини энг кўп ўзгартирган дунё давлатлари

Ўзбекистон

calendar

26.07.2022

eye

255

Конституциясини энг кўп ўзгартирган дунё давлатлари

Кўплаб давлатлар давлат Конституциясига тез-тез ўзгартиришлар киритиб боради. Бу борада энг илғор давлатлар Мексика, Янги Зеландия, Бразилия, Швейцария, Австрия, Исроил, Чили, Колумбия, Грузия и Ҳиндистон кабилардир. Бироқ қонунчиликка киритилиши керак бўлган ўзгартириш ва қўшимчалар пухта ўйланган, халқ манфаатлари илгари сурилган ҳамда ижтимоий ва давлат бошқаруви етук даражада бўлган давлатлар тажрибасига таққослаган ҳолда киритилганлиги мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Даставвал ҳуқуқни қўллаш институтлари миллий қонунчилигимизга нисбатан яқин бўлган давлатлар Конституцияларида таълим олиш ва эркин меҳнат қилиш бўйича кафолатларни кўриб чиқсак. Германия Конституцияси 12-модда. Барча немец миллатига мансуб бўлганлар ўз касбини, иш жойини ва таълим олиш жойини эркин танлаш ҳуқуқига эга. Профессионал таълим қонун ёки қонун ҳужжатлари асосида тартибга солиниши мумкин. Мажбурий меҳнатга фақат суд ҳукми билан озодликдан маҳрум қилиш ҳолатларида йўл қўйилади. Голландия Конституцияси 19-модда. Давлат органлари аҳолининг етарли даражада иш билан бандлигини таъминлашга кўмаклашишлари лозим. Ишчиларнинг ҳуқуқий мақоми ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишни тартибга солувчи қоидалар Парламент қарори билан белгиланади. 23-модда. Ҳукумат таълимга мунтазам равишда эътибор бериб бориши керак. Давлат таълим муассасаларида бериладиган таълимга қўйиладиган талаблар Парламент қарори билан ҳар бир талабанинг диний мансублиги ва диний эътиқодидан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Давлат органлари ҳар бир муниципалитетда етарли миқдордаги давлат мактабларини ташкил этиш орқали бошланғич таълимни кафолатланишини таъминлаши керак. Қисман ёки тўлиқ давлат маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган мактабларда таълим стандартлари Парламент қарори билан, хусусий мактабларга эса, диний ёки бошқа эътиқодларга мувофиқ таълим олиш эркинлиги кафолатларини ҳисобга олган ҳолда белгиланади. Бошланғич таълимга қўйиладиган талаблар давлат маблағлари ҳисобидан тўлиқ молиялаштириладиган хусусий мактаблар давлат мактабларидаги каби таълим стандартларига мос келадиган тарзда белгиланиши керак. Тегишли қоидалар хусусий мактабларнинг таълим воситаларини эркин танлаш ва ўқитувчилар таркибини ўз хоҳишига кўра танлаш ҳуқуқини таъминлаши керак. Парламент қарорида белгиланган талабларга жавоб берадиган хусусий бошланғич мактаблар давлат мактаблари билан бир хил асосда давлат маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. Ўрта ва тўлиқ ўрта таълим муассасаларининг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши шартлари Парламент қарори билан белгиланади. Ҳукумат таълим ҳолати тўғрисида йиллик ҳисоботларни Бош Штатларга тақдим этади. Италия Конституцияси 33-модда. Санъат ва илм-фан ҳамда уларни ўқитиш ҳам эркин. Республика таълимга оид умумий қоидаларни белгилайди ва барча турдаги ва даражадаги давлат мактабларини ташкил этади. Хусусий ташкилотлар ва шахслар давлат ҳисобидан ташқари бўлган хусусий мактаблар ва таълим муассасалари ташкил этиш ҳуқуқига эга. Давлат мактаблари билан тенглашиши талаб этиладиган нодавлат мактабларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини аниқлашда қонун уларга тўлиқ эркинлик ва уларнинг ўқувчиларига давлат мактаблари режимига тенг мактаб режимини таъминлаши керак. Давлат имтиҳонлари барча даражадаги мактабларга ўқишга кириш, битириш, шунингдек касбий фаолиятга киришиш учун мажбурийдир. Юқори маданиятли муассасалар, университетлар ва академиялар давлат қонунларида белгиланган қоидалар доирасида автоном ташкил этилиш ҳуқуқига эга. 34-модда. Таълим ҳамма учун очиқ. Қобилиятли ва лаёқатли ўқувчилар, моилавий таъминотдан маҳрум бўлсалар ҳам, таълимнинг юқори даражаларига ўтиш ҳуқуқига эгадирлар. Республика ушбу ҳуқуқни стипендиялар, оилавий нафақалар ва танлов асосида берилиши керак бўлган бошқа ёрдам пуллари орқали таъминлайди. III бўлим. Иқтисодий муносабатлар 35-модда. Республика меҳнатни барча шакл ва босқичларида ҳимоя қилади. У (Давлат) ишчиларни тайёрлаш ва малакасини оширишга ғамхўрлик қилади. У (Давлат) меҳнат ҳуқуқларини мустаҳкамлаш ва тартибга солишга қаратилган халқаро ташкилотлар ва шартномаларни қўллаб-қувватлайди ва уларни ривожланишга ёрдам беради. У (Давлат) қонунда умумий манфаатларни кўзлаган ҳолда белгиланган мажбуриятларга бўйсуниш шарти билан эмиграция эркинлигини тан олади ва хорижда меҳнат қилаётган Италия ишчиларини ҳимоя қилади. 37-модда. Ишлайдиган аёл ишлайдиган эркак билан бир хил ҳуқуқларга эга ва у меҳнат учун бир хил ҳақ олади. Меҳнат шароитлари аёллар учун асосий оилавий функцияни бажаришга имкон бериши ва она ва бола манфаатларини тўғри ҳимоя қилинишни иш берувчи томонидан таъминлаши керак. Қонунда иш учун минимал ёш белгиланган. Махсус низомлар чиқариш орқали республика вояга етмаганлар меҳнатини ҳимоя қилади ва уларга меҳнатга тенг ҳақ тўлаш ҳуқуқини кафолатлайди. 38-модда. Таълим олмаган шахслар ва ўсмирлар таълим олиш ва касбий тайёргарлик ҳуқуқига эга. Ушбу модданинг қоидалари Давлат томонидан ташкил этилган ёки қўллаб-қувватлайдиган органлар ва муассасалар томонидан амалга оширилади. Хусусий хайрия эркин. Испания Конституцияси 27-модда. Таълим биргаликда яшашнинг демократик тамойиллари ва асосий ҳуқуқ ва эркинликларни ҳурмат қилишга асосланган инсон шахсини ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилгандир. Давлат органлари ота-оналарга фарзандларига диний ва ахлоқий тарбияни ўз эътиқодларига мувофиқ танлаш ҳуқуқини кафолатлайди. Бошланғич таълим мажбурий ва бепул. Ўқитувчилар, ота-оналар ва керак бўлса талабалар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат маблағлари ҳисобидан маъмурият томонидан олиб бориладиган барча таълим марказларини назорат қилиш ва бошқаришда қатнашадилар. Давлат органлари қонунларга риоя этилишини таъминлаш мақсадида таълим тизимини тасдиқлайди ва назорат қилади. Давлат органлари фаолияти қонун талабларига жавоб берадиган таълим марказларига ёрдам кўрсатади. Университетларнинг автономлиги қонун доирасида тан олинади. Португалия Конституцияси 3-боб. Ишчиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва кафолатлари 53-модда. Меҳнат хавфсизлиги Ишчиларга иш билан таъминлаш соҳасида хавфсизлик кафолатланади ва шунчаки сабабсиз ёки сиёсий ёки мафкуравий сабабларга кўра ишдан бўшатиш тақиқланади. 54-модда. Ишчилар комиссиялари Иқтисодиётни қайта қуришда тўлиқ иштирок этиш ва ишчилар манфаатларини кафолатлаш мақсадида мувофиқлаштирувчи комиссиялар тузилиши мумкин. Комиссия аъзолари касаба уюшма делегатлари сингари қонун ҳимоясидан фойдаланадилар. 58-модда. Меҳнат қилиш ҳуқуқи Ҳар бир инсон меҳнат қилиш ҳуқуқига эга. Давлат меҳнат қилиш ҳуқуқини таъминлаши ва кафолатлаши лозим, бунда: а) тўла бандлик сиёсатини амалга ошириш; б) ҳар қандай лавозим, иш ва касбларга кириш учун жинс асосида тақиқ ва чекловларсиз касб ёки иш турини танлашда имкониятларнинг тенглиги таъминлаш; c) ишчиларнинг маданий, техник ва касбий тайёргарлигини таъминлаш. Бундан ташқари, Португалия конституциясида меҳнат, маданият ва таълим соҳалари учун алоҳида моддалар ажратилган. 74-модда. Таълим Бунда давлат: а) узлуксиз таълимни кафолатлаш ва саводсизликни йўқ қилиш; б) аста-секин барча даражаларда бепул таълимга ўтиш; с) ногиронлар учун махсус таълимни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш; д) хорижлик болаларга португал тилини ўрганиш ва португал маданиятига кириш имкониятини бериш; е) хорижлик болаларни таълим олиш ҳуқуқини амалга ошириш учун тегишли кафолатларни таъминлаш каби мажбуриятларни олади. Барча давлатларнинг Конститутцияси ўзига хос жиҳатларга эга бўлиб, баъзиларида таълим, илм-фан ва маданиятга кўпроқ эътибор қаратилган бўлса, яна баъзи бирларида мулкчилик ҳуқуқлари алоҳида кафолатланган. Мисол учун Францияда хусусий мулк ўзига хос икки томонлама маънога эга. Биринчи тарафдан, бу конституциявий тушунча бўлиб, у ҳар қандай мулк шакли сингари дахлсиздир, бошқа томондан, давлат мулки хусусий мулкдан устундир. Ҳозирги кунда кўпгина ривожланган мамлакатлар глобал иқлим ўзгаришларини ҳисобга олиб, ўз конституцияларига махсус экологик жараёнлар билан боғлиқ моддаларни ҳам қўшмоқдалар. Бу борада Франция, Россия ва бошқа Европа мамлакатларининг тажрибаси етакчи бўлиб турибди. Шахзода Абдуллаева, Юристлар малакасини ошириш маркази Халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи

Улашиш:

Бошқалар

19-сентябр 2024, 14:21
3 332

Уй-жой учун субсидия олиш тартиби: муҳим 7 саволга жавоб

23 сентябрдан субсидия учун аризалар қабул қилиш бошланади. Ариза берувчи ўзининг даромади етмаса, унинг хоҳишига кўра, даромадлари ҳисоб-китобига яқин қариндошларининг ҳам даромадларини киритиши мумкин.


11-сентябр 2024, 11:32
2 915

“Xotin-qizlar.uz” платформаси доирасида хотин-қизлар муаммоларни ҳал этиш тизими йўлга қўйилади

2024 йил октябрь ойидан бошлаб “Xotin-qizlar.uz” платформаси доирасида Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва тизимли ҳал этиш модули ишга туширилиб, муаммоларни ўрганиш модули орқали аниқланган муаммолар тегишлилиги бўйича “маҳалла - туман - вилоят - республика” даражасида ҳал этилиши тизими йўлга қўйилади.


21-август 2024, 12:46
1 455

Ўзбекистонда ресторан ва кафеларга ўзларига туташ майдонларда ёзги террасага рухсат берилади

ҚҚС тўлашга ўтган ресторан ва кафеларга фойда солиғи 2 карра камаяди. 1 декабрдан бу корхоналар нақд пулга сотиб олган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кирим қилишда ҳеч қандай ҳужжат талаб қилинмайди.


24-август 2024, 11:07
1 432

Президент Мустақиллик байрами муносабати билан қатор соҳа вакилларини мукофотлади

"Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз уч йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, адабиёт, маданият, санъат соҳалари ва оммавий ахборот воситалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги Президент фармони эълон қилинди.