currencies image

11 806,97 UZS

18,43

usd

currencies image

13 430,43 UZS

52,89

eur

currencies image

139,86 UZS

0,48

ru



АсосийЯнгиликларКредит – ҳуқуқдан воз кечиш деганими?

Кредит – ҳуқуқдан воз кечиш деганими?

Ҳуқуқ

calendar

28.10.2026

eye

12

Кредит – ҳуқуқдан воз кечиш деганими?

Ниҳоят, орзуингиздаги автомобилни харид қилдингиз. Кредитга. Ҳар ой тўловларни ўз вақтида амалга оширяпсиз. Аммо ой ўтмай автомобилда жиддий нуқсон аниқланди. Бундай ҳолатда нима қилиш керак? Автомобилни қайтариш мумкинми? Кредит тўловлари давом этаётган бўлса-чи?

Кўпчилик бундай вазиятда ўзини чорасиз ҳис қилади. Гўёки товар кредит асосида харид қилинганидан кейин унга нисбатан талаб қўйиш ҳуқуқи чеклангандек туюлади. Аслида эса бундай эмас. Кредитга харид қилиш истеъмолчининг қонун билан кафолатланган ҳуқуқини бекор қилмайди.

Товар нуқсонли бўлса...

«Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 13-моддасига мувофиқ, агар товарда нуқсон мавжуд бўлса ва бу ҳақда истеъмолчи шартнома тузиш вақтида огоҳлантирилмаган бўлса, у қонунда белгиланган тартибда ўз хоҳишига кўра қуйидаги талаблардан бирини қўйиш ҳуқуқига эга:

▪️товарни айнан шу маркадаги (моделдаги, артикулдаги) сифатли товарга алмаштириш;

▪️товарни бошқа маркадаги шундай товарга алмаштириб, нархлар фарқини қайта ҳисоб-китоб қилиш;

▪️товар нуқсонларини бепул бартараф этиш ёки уларни бартараф этиш учун қилинган харажатларни қоплаш;

▪️товар нархини нуқсонга мутаносиб равишда камайтириш;

▪️шартномани бекор қилиш ҳамда қонунчиликда назарда тутилган асосларда етказилган зарарни қоплашни талаб қилиш.

Демак, кредит асосида харид қилинган автомобиль ёки бошқа товарда нуқсон аниқланган тақдирда ҳам истеъмолчи тегишли қонуний талабларни илгари суриш ҳуқуқидан маҳрум бўлмайди. Бунда нуқсоннинг хусусияти, кафолат муддати ҳамда қонунда белгиланган бошқа шартлар муҳим аҳамият касб этади.

Товар қайтарилса, кредитга тўланган пуллар нима бўлади?

Айтайлик, харидор 250 миллион сўмлик техникани кредитга харид қилди ва бир неча ой мобайнида белгиланган тўловларни амалга оширди. Кейин товарда нуқсон аниқланиб, қонуний асосларда шартномани бекор қилиш ва товарни қайтариш масаласи кўтарилди.

Қонуннинг 17-моддасига кўра, товарни кредитга сотиш тўғрисидаги шартнома бекор қилиниб, товар қайтарилган тақдирда, истеъмолчига шартнома бўйича тўланган пул суммалари, шунингдек кредит олиш билан бевосита боғлиқ харажатлар ҳамда кредит бўйича ҳисобланган фоизлар қоплаб берилиши назарда тутилган.

Бироқ мазкур қоида ҳар қандай кредит ёки бўлиб-бўлиб тўлаш тизимига бир хил тарзда татбиқ этилмайди. Агар харид банк томонидан расмийлаштирилган алоҳида кредит шартномаси асосида амалга оширилган бўлса, товарни қайтариш ва кредит бўйича ҳисоб-китобларни юритиш масалалари тегишли шартномалар ҳамда амалдаги қонунчилик талаблари асосида алоҳида аниқлаштирилиши лозим.

Шу боис товарни қайтариш жараёнида фақат сотувчи билан тузилган шартномани эмас, балки кредит шартларини ҳам синчиклаб ўрганиш муҳимдир.

Нима қилмоқ керак?

Биринчидан, нуқсонни ҳужжатлаштириб қўйинг. Автомобил ёки бошқа товарда аниқланган носозликларни фото ва видео орқали қайд этинг. Харид чеки, кафолат талони, шартнома ва тўлов ҳужжатларини сақлаб қўйинг.

Иккинчидан, сотувчига ёзма талаб билан мурожаат қилинг. Аниқланган нуқсонни батафсил баён қилиб, қонунда назарда тутилган талаблардан қайси бирини қўяётганингизни аниқ кўрсатинг. Мурожаат қабул қилинганини тасдиқловчи ҳужжатни сақлаб қўйишни унутманг.

Учинчидан, кредит шартномасини текширинг. Кредитни ким бергани, тўловлар кимга амалга оширилиши ва шартномани бекор қилиш тартибини аниқланг. Зарур ҳолларда кредиторга ҳам ёзма мурожаат қилинг.

Тўртинчидан, тўловларни ўзбошимчалик билан тўхтатманг. Товар юзасидан низо келиб чиққанининг ўзи кредит шартномаси бўйича тўлов мажбуриятлари автоматик равишда бекор бўлишини англатмайди. Шу боис тўловларни тўхтатишдан олдин ҳуқуқий асослар ва шартнома шартларини аниқлаштиринг.

Бешинчидан, ҳуқуқингизни қатъият билан ҳимоя қилинг. Агар сотувчи талабингизни асоссиз рад этса, ҳуқуқингизни ҳимоя қилиш учун ваколатли органларга ёки судга мурожаат қилишингиз мумкин.

Унутманг, кредит мажбуриятлари ҳеч кимнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини эътиборсиз қолдириш учун асос бўла олмайди. Ҳуқуқингизни билинг, барча ҳужжатларни сақланг ва масалани қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал қилишга ҳаракат қилинг.

Ш.Ёдгоров тайёрлади

Улашиш: