currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларLex.uz ва норма ижодкорлиги шаффофлиги: фуқаролар НҲҲ лойиҳалари муҳокамасида қандай иштирок этади – 5 муҳим савол

Lex.uz ва норма ижодкорлиги шаффофлиги: фуқаролар НҲҲ лойиҳалари муҳокамасида қандай иштирок этади – 5 муҳим савол

Ҳуқуқ

calendar

23.02.2026

eye

49

Lex.uz ва норма ижодкорлиги шаффофлиги: фуқаролар НҲҲ лойиҳалари муҳокамасида қандай иштирок этади – 5 муҳим савол

Замонавий демократик жамиятда қонунчилик жараёнининг шаффофлиги ҳамда фуқароларнинг ушбу жараёнда фаол иштироки устувор аҳамият касб этади. Аҳолининг норма ижодкорлигидаги иштирокини кенгайтириш ишлаб чиқилаётган ҳужжатлар сифатини оширишга, давлат ҳокимияти органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш имкониятларини кучайтиришга, шунингдек фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган.

Ушбу мақсадларга эришишда Қонунчилик маълумотлари миллий базаси – Lex.uz, шунингдек норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини жамоатчилик муҳокамаси тизими муҳим ўрин тутади. Улар биргаликда қонунчилик жараёни очиқлигини таъминлаш ва фуқароларнинг қонун ижодкорлигидаги иштирокини кенгайтиришга хизмат қилади.

1. Lex.uz нима ва тизим қайси ҳуқуқий асосда фаолият юритади?

Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси Lex.uz – мамлакатдаги барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнларига жамоатчиликнинг кенг киришини таъминлайдиган электрон ахборот-ҳуқуқий тизимдир. Мазкур тизим Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 5 августдаги 304-сон қарори – “Қонун ҳужжатларини туркумлашни такомиллаштириш ва ҳуқуқий ахборотларни тарқатишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган.

2. Нега Lex.uz шаффофлик ва ҳуқуқий маданият учун муҳим?

Lex.uzнинг асосий мақсади – жисмоний ва юридик шахсларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан эркин ва қулай фойдаланишини таъминлаш орқали аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, шунингдек жамиятнинг ҳуқуқий ахборотлашув тизимини такомиллаштиришдан иборат. Ҳужжатларни базага киритиш ва матнларни янгилаб бориш ваколатли орган – Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Адолат” Миллий ҳуқуқий ахборот маркази томонидан амалга оширилади. Бу жойлаштирилаётган маълумотларнинг ишончлилиги ҳамда расмийлигини кафолатлайди. Бундан ташқари, қонунчиликда Lex.uz базасида ҳужжат эълон қилиниши расмий эълон қилишга тенглаштирилганлиги эътироф этилган.

3. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари қаерда муҳокама қилинади ва нималар мажбурий жойлаштирилади?

2021 йилда “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги янги Қонун қабул қилиниб, унда алоҳида модда (24-модда) норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш институтига бағишланган. Мазкур норма норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқувчиларга ҳар бир лойиҳани жамоатчилик муҳокамаси учун махсус порталдаги (Regulation.gov.uz) саҳифага жойлаштириш ва барча манфаатдор шахсларга лойиҳа билан танишиш ҳамда таклиф киритиш имкониятини яратиш мажбуриятини юклайди. Қонунга кўра, НҲҲ лойиҳаси ваколатли органга киритилишидан олдин муҳокама порталида жойлаштирилиши ва очиқ фойдаланишда камида 15 кун сақланиши шарт; зарурат бўлса, тартибга солинаётган муносабатлар хусусиятидан келиб чиқиб, муҳокама муддати узайтирилиши мумкин.

4. Давлат органлари фуқароларнинг таклифларини кўриб чиқишга мажбурми ва натижа қандай расмийлаштирилади?

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали – бу интерактив онлайн платформа бўлиб, унда ҳар бир фуқаро, тадбиркор ёки ташкилот эълон қилинган лойиҳа бўйича изоҳ ёки таклиф қолдириши мумкин. Бундай муҳокаманинг ҳуқуқий аҳамияти қонунда мустаҳкамланган: ҳар бир таклиф лойиҳа ишлаб чиқувчи томонидан кўриб чиқилиши лозим. Таклифлар тавсиявий хусусиятга эга бўлса-да, ишлаб чиқувчи қабул қилинган таклифлар асосида лойиҳани қайта ишлаши, айрим таклифлар рад этилган тақдирда эса рад этиш сабабларини асослаб бериши шарт. Бошқача айтганда, давлат органи – лойиҳа муаллифи – жамоатчилик фикрларини таҳлил қилиб, асосли таклифларни лойиҳа матнига интеграция қилиши керак. Агар фуқаро таклфи инобатга олинмаса, нима сабабдан уни ҳисобга олиш имкони йўқлиги бўйича тушунтириш тайёрланади. Жамоатчилик муҳокамаси натижалари якунда алоҳида ҳужжатда расмийлаштирилиб, унда келиб тушган эътироз ва таклифлар рўйхати, шунингдек қайси таклифлар қабул қилингани ёки рад этилгани кўрсатилади. Қонунга мувофиқ, ушбу ҳужжат қайта ишланган лойиҳа билан бирга Адлия вазирлигига ҳуқуқий экспертиза ўтказиш учун, шунингдек мазкур ҳужжатни қабул қилиш ваколатига эга органга кейинги кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун юборилади. Демак, жамоатчилик муҳокамаси тартиби норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш жараёнига бевосита интеграция қилинган бўлиб, ишлаб чиқувчи ушбу босқичнинг сифатли ўтказилиши учун масъул ҳисобланади.

5. Фуқароларнинг иштирокини ҳимоя қиладиган ҳуқуқий кафолатлар нималардан иборат ва ҳар бир фуқаро нима қила олади?

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, 2000 йилдан буён Ўзбекистонда “Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси тўғрисида”ги Қонун амал қилиб келади. Мазкур ҳужжат энг муҳим қонун лойиҳаларини умумхалқ муҳокамасига чиқариш имкониятини назарда тутади.

Норматив ҳужжатлар лойиҳаларига изоҳ бериш имконияти билан бир қаторда, Ўзбекистон фуқароларида қонунчилик жараёнига таъсир кўрсатишнинг бошқа механизмлари ҳам мавжуд. Хусусан, 2023 йилда конституциявий ислоҳотлар доирасида Асосий Қонунга фуқароларнинг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи тўғрисидаги қоида киритилди. Конституциянинг янгиланган 98-моддасига кўра, сайлов ҳуқуқига эга бўлган камида юз минг нафар фуқаро ўз қонунчилик таклифини парламентга – Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиши мумкин. Ушбу норма фуқароларнинг янги қонунларни ташаббус қилишдаги бевосита иштирокига ҳуқуқий йўл очиб, қонун ижодкорлигида халқ овозини институционал жиҳатдан мустаҳкамлайди. Шу билан бирга, 2018 йилда “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниб, унда жамоатчилик муҳокамаси жамоатчилик назоратининг шаклларидан бири сифатида белгиланган (жумладан нодавлат ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан ўтказиладиган муҳокамалар). Мазкур қонунга кўра, давлат органлари очиқ йиғилишлар, муҳокамалар ва фаолиятнинг бошқа шаклларида жамоатчилик назорати субъектларининг иштироки учун зарур шарт-шароитларни яратиши лозим. Умуман олганда, бу нормалар жамиятнинг қарорлар ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнидаги иштирокини таъминловчи ҳуқуқий кафолатлар тизимини шакллантиради.

Ирода Низамова,
Aдлия вазирлиги ҳузуридаги Қонунчиликни таҳлил қилиш ва тартибга солиш таъсирини баҳолаш институти етакчи маслаҳатчиси

.

Улашиш: